Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

37-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

118-ҚЎШИҚ «Имонимизга имон қўш»

Охиригача садоқат ила сабр қилишимизга ёрдам берадиган мактуб

Охиригача садоқат ила сабр қилишимизга ёрдам берадиган мактуб

Бошида эга бўлган ишончимизда охиригача маҳкам [турайлик]. (ИБРОН. 3:14)

АСОСИЙ ФИКР

Ибронийларга йўлланган мактубдаги маслаҳатлар ёрдамида ушбу замонанинг охиригача қай йўсин садоқат ила сабр-бардош қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1, 2. а) Ҳаворий Павлус ибронийларга мактуб йўллаганида вазият қандай эди? б) Нега ўша хат ўз вақтида бўлган?

 ИСОНИНГ ўлимидан кейинги йиллар давомида Қуддус ва Яҳудиядаги иброний масиҳийлар оғир пайтларни бошдан кечирди. Масиҳийлар жамоати ташкил топганидан кўп ўтмай улар кучли таъқибларга дуч келди. (Ҳавор. 8:1) Сўнг тахминан 20 йил ўтгач, улар очарчилик ва камбағалликдан азоб чекди. (Ҳавор. 11:27–30) Аммо тахминан мил. 61 йили масиҳийлар нисбатан тинч пайтда яшади. Чунки олдинда уларни кучли таъқиблар кутаётганди. Ўша пайтда Яҳова ҳаворий Павлусни уларга мактуб жўнатишга илҳомлантирди. Мактубдаги маслаҳатлар олдинда уларни кутаётган қийинчиликларга тайёрланиш учун айни муддао эди.

2 Ибронийларга йўлланган мактуб ўз вақтида эди. Чунки масиҳийлар яшаган тинч пайт узоқ давом этмади. Ҳаворий Павлус ўша масиҳийларга тез орада юз берадиган мусибат пайтида сабр-бардошли бўлиб қолишларига ёрдам берадиган амалий маслаҳатларни ёзди. Исо башорат қилганидай, Қуддуснинг вайрон бўлиши яқинлашиб келаётганди. (Луқо 21:20) Албатта, на Павлус, на Яҳудиядаги масиҳийлар бу вайронагарчилик айнан қачон юз беришини биларди. Лекин шунга қарамай, масиҳийлар қолган вақтдан унумли фойдаланиб, имонини мустаҳкамлашга ва сабр-бардошли бўлишга ўргана оларди. (Иброн. 10:25; 12:1, 2)

3. Нима учун Ибронийларга йўлланган мактуб бугунги масиҳийлар учун ўзгача аҳамиятга эга?

3 Биз иброний масиҳийлар дуч келганидан анча буюкроқ мусибатни бошдан кечириш арафасидамиз. (Мат. 24:21; Ваҳ. 16:14, 16) Шундай экан, келинг, Яҳова ўша масиҳийларга берган амалий маслаҳатларнинг баъзиларини кўриб чиқайлик. Улар биз учун ҳам фойдали бўлади.

«КАМОЛОТ САРИ ИНТИЛАЙЛИК»

4. Яҳудий масиҳийлар қандай қийинчиликларга дуч келишди? (Расмга ҳам қаранг.)

4 Яҳудий масиҳийлар катта қийинчиликка дуч келган. Бир пайтлари улар Яҳованинг танланган халқи эди. Қуддус ўзгача муҳим жой ҳисобланган. У ердаги шоҳ Яҳованинг номидан бошқарган. Яҳовага топинишни истаганлар эса Қуддусдаги маъбадга келиши керак эди. Барча садоқатли яҳудийлар Мусонинг Қонунига ва дин раҳбарларининг қоидаларига амал қилган. Ўша таълимотлар улар нима ейишига, суннат қилинишга бўлган нуқтаи назарига ва ҳатто бошқа халқларга қандай муомала қилишига таъсир қилган. Аммо Исонинг ўлимидан кейин Яҳова яҳудийларнинг қурбонликларини қабул қилмаган. Бу Мусонинг Қонунига амал қилган яҳудий масиҳийлар учун қийинчилик туғдирган. (Иброн. 10:1, 4, 10) Ҳаворий Бутрус каби ҳатто маънан етук масиҳийлар бу ўзгаришларнинг баъзиларига мослашишга қийналган. (Ҳавор. 10:9–14; Галат. 2:11–14) Янги эътиқоди туфайли ўша масиҳийлар яҳудий дин раҳбарлари томонидан таъқиб қилинган.

Масиҳийлар яҳудий дин раҳбарларининг сохта таълимотларини рад этиб, ҳақиқатда маҳкам туришлари керак эди (4-, 5-хатбошиларига қаранг)


5. Масиҳийлар нимадан эҳтиёт бўлишлари керак?

5 Яҳудий масиҳийлар иккита тарафдан қаршиликларга дуч келган. Биринчиси, яҳудий дин раҳбарлари уларга муртадлардай муомала қилган. Бунинг устига, жамоатдаги баъзилар масиҳийлар Мусонинг қонунига амал қилишда давом этиши керак, деб таъкидлаган. Эҳтимол, улар таъқиблардан қочиш ниятида бундай деган. (Галат. 6:12) Хўш, садоқатли масиҳийларга ҳақиқатда маҳкам туришга нима ёрдам берган?

6. Павлус имондошларини нима қилишга ундаган? (Ибронийларга 5:14–6:1)

6 Ибронийларга йўллаган мактубида Павлус имондошларини Худонинг Каломини чуқурроқ тадқиқ қилишга ундаган. (Ибронийларга 5:14–6:1 ни ўқинг.) Павлус Ибронийча ёзувлардан иқтибос келтирган ва масиҳийлар Яҳовага топинаётган усул нега яҳудийларникидан анча устун эканини тушунтирган a. Павлус шуни билганки, ўша масиҳийларнинг билими ошгани ва ҳақиқатни чуқурроқ тушунгани сайин улар сохта таълимотларни фарқлаб, уларни рад эта олади.

7. Бугунги кунда қандай қийинчиликларга дуч келяпмиз?

7 Иброний масиҳийлар каби биз ҳам Яҳованинг адолатли меъёрларига зид бўлган маълумот ва нуқтаи назарга дуч келяпмиз. Бизга қарши бўлганлар ахлоқий масалалар борасида Муқаддас Китобга асосланган эътиқодимизни қоралайди ва бизни фанатик ҳамда бешафқат деб атайди. Ҳа, одамлар тобора Яҳованинг фикрлаш тарзидан узоқлашиб кетяпти. (Ҳик. 17:15) Шу боис нотўғри фикрлаш тарзини фарқлай олишимиз ва уни рад этишимиз жуда муҳим. Ҳеч нарса жасоратимизни йўқотишимизга ва Яҳовага хизмат қилишни тўхтатишимизга сабаб бўлишига йўл қўймаслигимиз керак. (Иброн. 13:9)

8. Маънан ўсишда давом этишимизга нима ёрдам беради?

8 Павлус иброний масиҳийларга камолот сари интилинглар, деб маслаҳат берган. Биз ҳам шундай қилишимиз керак. Бу ҳақиқатни чуқурроқ ўрганишни ва Яҳованинг фикрлаш тарзини ўзлаштиришни ўз ичига олади. Мазкур жараён ҳатто ўзимизни бағишлаб, сувга чўмганимиздан кейин ҳам давом этади. Ҳақиқатда қанча вақтдан бери бўлмайлик, Муқаддас Китобни мунтазам равишда ўқишимиз ва тадқиқ қилишимиз керак. (Заб. 1:2) Каломни мунтазам тадқиқ қилиш Павлус ибронийларга йўллаган мактубида алоҳида урғу бериб ўтган имон фазилатини кучайтиришимизга ёрдам беради. (Иброн. 11:1, 6)

«ЖОНИМИЗНИ САҚЛАШ НИЯТИДА ИМОНГА ЭГА БЎЛГАНЛАРДАНМИЗ»

9. Нима учун иброний масиҳийлар кучли имонга эга бўлишлари керак эди?

9 Яҳудияга яқинлашиб келаётган мусибатда омон қолиш учун иброний масиҳийларга кучли имон керак эди. (Иброн. 10:37–39) Исо издошларига Қуддус ҳарбийлар томонидан ўраб олинганини кўришганда у ердан қочишлари кераклигини айтган. Бу маслаҳат Қуддусда, Яҳудиянинг теварак-атрофида яшаган барча масиҳийларга тегишли бўлган. (Луқо 21:20–24) Аскарлар ҳужум қилганида, теварак-атрофда яшайдиган одамлар шаҳар деворлари уларни ҳимоя қилишларига умид қилиб, у ерга қочган. Тоғларга қочиш эса мантиққа зиддай кўринган ва бундай қилиш учун кучли имон керак бўлган.

10. Кучли имон масиҳийларни нима қилишга ундайди? (Ибронийларга 13:17)

10 Иброний масиҳийлар Исо жамоатни йўналтириш учун фойдаланаётган кишиларга ҳам ишонишлари керак эди. Раҳбарликни ўз зиммасига олган биродарлар қачон қочиш ва буни қандай қилиш борасида муайян йўл-йўриқлар берганга ўхшайди. (Ибронийларга 13:17 ни ўқинг.) Ибронийларга 13:17 даги «итоаткор бўлиш» деб ўгирилган юнонча ибора киши йўл-йўриқ бераётган одамга ишонгани туфайли унга амал қилишини англатади. Бу шунчаки масъулиятли одам йўл-йўриқ бергани учун бўйсунишни билдирмайди. Шундай экан, иброний масиҳийлар раҳбарликни ўз зиммасига олган биродарларга мусибат келишидан аввал ишонишлари лозим эди. Агар масиҳийлар тинчлик пайтида уларнинг йўл-йўриқларига итоаткор бўлишса, қийинчилик пайтида бу янаям осон кечарди.

11. Нега бугунги кунда масиҳийлар кучли имонга эга бўлишлари муҳим?

11 Иброний масиҳийлар каби бизга ҳам кучли имон керак. Ҳозирда аксарият одамлар ушбу замонанинг охири келиши билан боғлиқ Муқаддас Китобдаги огоҳлантирувни рад этаётган ёки масхара қилаётган пайтда яшаяпмиз. (2 Бутр. 3:3, 4) Бундан ташқари, буюк мусибат пайтида нималар юз бериши борасида Муқаддас Китобда бир қанча тафсилотлар ёзилган бўлса-да, кўп нарса бизга номаълум. Ушбу замонанинг охири ўз вақтида келишига ҳамда Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига ишониш учун кучли имонга эга бўлишимиз керак. (Хаб. 2:3)

12. Буюк мусибатда омон қолишимизга нима ёрдам беради?

12 Бугунги кунда Яҳова бизни йўналтириш учун фойдаланаётган ишончли ва ақлли хизматкорга бўлган ишончимизни ҳам мустаҳкамлашимиз лозим. (Мат. 24:45) Римликлар бостириб келганида, эҳтимол, иброний масиҳийлар билан бўлганидек, биз ҳам буюк мусибат бошланганида ҳаёт-мамот масаласи билан боғлиқ муайян йўл-йўриқлар олармиз. Ҳозир ташкилотимизда раҳбарликни ўз зиммасига олганлардан келаётган йўл-йўриқларга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаш пайтидир. Агар бугунги кунда уларга амал қилишга қийналаётган бўлсак, буюк мусибат пайтида бундай қилиш янада қийинроқ кечади.

13. Нима сабабдан Ибронийларга 13:5 даги маслаҳат ўринли бўлган?

13 Иброний масиҳийлар қочишга тегишли белгини кутиш билан бирга пулпарастликни рад этиб, содда ҳаёт кечиришлари керак эди. (Ибронийларга 13:5 ни ўқинг.) Уларнинг баъзилари очарчилик ва камбағалликни бошдан ўтказганди. (Иброн. 10:32–34) Хушхабар учун улар бундай қийинчиликларда сабр-бардош қилишга тайёр бўлишган бўлса-да, улардан баъзилари меҳр қўйиб, уларнинг ҳимоясига таянган бўлиши мумкин. Ҳеч қандай бойлик уларни яқинлашиб келаётган вайронагарчиликдан қутқара олмасди. (Ёқб. 5:3) Аксинча, моддий нарсаларга меҳр қўйганлар учун қочиш ҳамда уйинию бор-будини ортда қолдириш, ҳойнаҳой, қийин кечгандир.

14. Кучли имон моддий нарсалар борасидаги қароримизга қандай таъсир қилиши мумкин?

14 Ушбу замонанинг охири яқин эканига қаттиқ ишонсак, молпарастликни рад этиш осонроқ бўлади. Ўшанда одамлар «кумушу олтинларини кўчаларга улоқтиришади, тиллаларидан ҳазар қилишади». Боиси «Яҳованинг қаҳр кунида, уларни на кумуш, на олтин қутқара олишини тушуниб етади». (Ҳиз. 7:19) Ҳаддан ортиқ кўп пул ишлашнинг ўрнига, ўзимизга ҳамда оила аъзоларимизга ғамхўрлик қилишга ва Яҳовага хизмат қилишга кўмаклашадиган қарорлар чиқарайлик. Бу заруратсиз қарз олиш ёки моддий нарсаларимизга ҳаддан ошиқ ғамхўрлик қилиш васвасасига қарши туришни ўз ичига олади. Қолаверса, ўзимизда бор нарсаларга қаттиқ боғланиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. (Мат. 6:19, 24) Ушбу замонанинг охири келишини кутар эканмиз, моддий нарсалар ва бошқа масалаларда имонимиз синалиши мумкин.

САБР-БАРДОШЛИ БЎЛИШИНГИЗ КЕРАК

15. Нега иброний масиҳийлар айниқса сабр-бардошли бўлишлари керак эди?

15 Яҳудиядаги вазият оғирлашар экан, иброний масиҳийлар имон синовларида сабр-бардошли бўлишлари керак эди. (Иброн. 10:36) Гарчи улар шиддатли таъқибларни бошдан кечирган бўлса-да, кўплари нисбатан тинчлик пайтида масиҳий бўлганди. Шу боис, Павлус уларни бундан ҳам кўпроқ таъқибларга тайёр бўлишга ва Исо Масиҳ каби ўлимгача садоқатли қолишга ундаганди. (Иброн. 12:4) Кўплар Масиҳнинг издоши бўлгани сайин яҳудийлар ғазабга берилиб зўравонлик қилишган. Бундан атиги бир неча йил олдин Павлус Қуддусга келганида улар исён кўтарган. Ўшанда 40 дан ошиқ яҳудий «Павлусни ўлдирмагунча бирор нарса еб-ичсак лаънати бўлайлик, деб қасам» ичган. (Ҳавор. 22:22; 23:12–14) Гарчи масиҳийлар нафрат ва таъқибларга дуч келган бўлса-да, топиниш учун бирга йиғилишда, хушхабарни ваъз қилишда ва имонни мустаҳкам сақлашда давом этишлари керак эди.

16. Ибронийларга йўлланган мактуб таъқибларга тўғри нуқтаи назарда бўлишимизга қай йўсин ёрдам бериши мумкин? (Ибронийларга 12:7)

16 Иброний масиҳийларга улар дуч келган таъқибларга сабр-бардошли бўлишга нима кўмаклашган? Павлус улар бошдан кечирган қийинчиликларга тўғри нуқтаи назарда бўлиши кераклигини айтган. Масиҳийлар қийинчиликни бошдан кечирганида Худо уларни тарбиялаш учун бундан фойдаланиши мумкинлигини тушунтирган. (Ибронийларга 12:7 ни ўқинг.) Бундай тарбия туфайли улар Яҳовани мамнун қиладиган фазилатларни намоён этишни ўрганиши ёки яхшилаши мумкин. Бундай қийинчиликларни самарасига диққат қаратиш туфайли иброний масиҳийларга сабр-бардош қилиш осонроқ бўларди. (Иброн. 12:11)

17. Павлус таъқибларда сабр-бардошли бўлиш борасида нималарни билиб олган?

17 Павлус иброний масиҳийларни қийинчиликларда қатъийлик билан сабр-бардошли бўлишга ундаган. У таъқибларда қай йўсин сабр-бардошли бўлиш борасида яхши маслаҳатлар бера олган. Павлус Исонинг издоши бўлишдан аввал масиҳийларни таъқиб қилган ва уларга шафқатсизлик ила муомала қилинганини кўрган. Қолаверса, у таъқибларда қандай қилиб сабр-бардошли бўлиш кераклигини билган. Ахир унинг ўзи ҳам масиҳий бўлгач, турли қийинчиликларни бошдан кечирган. (2 Кор. 11:23–25) Шу боис, Павлус аминлик билан сабр-бардош қилиш нимани ўз ичига олишини айта олган. У ўша масиҳийларга қийинчиликларда сабр-бардош қилганларида ўзларига эмас, балки Яҳовага таянишлари кераклигини эслатган ҳамда жасорат ила қуйидаги сўзларни айтган: «Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман». (Иброн. 13:6)

18. Келажак борасида нимани билиш таъқибларда сабр-бардошли бўлишимизга кўмаклашади?

18 Бугунги кунда ҳам баъзи биродару опа-сингиллар таъқибларда сабр-бардошли бўлишяпти. Биз улар учун ибодат қилиб, баъзида амалий ёрдам кўрсатиб уларни қўллаб-қувватлашимиз мумкин. (Иброн. 10:33) Муқаддас Китобда: «Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча таъқибларга дучор бўлади»,— деб аниқ айтилган. (2 Тим. 3:12) Шу сабабдан барчамиз олдинда бизни кутаётган қийинчиликларга тайёрланишимиз лозим. Шундай экан, келинг, бундан буёғига ҳам Яҳовага тўлиқ таянишда давом этайлик. У дуч келишимиз мумкин бўлган ҳар қандай қийинчиликда сабр-бардошли бўлишимизга кўмаклашишига амин бўлайлик. Яҳова садоқатли топинувчиларини ўз вақтида озодликка эриштиради. (2 Салон. 1:7, 8)

19. Қайси амалий қадамлар ёрдамида буюк мусибатга тайёрлана оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

19 Шубҳасизки, Павлуснинг ибронийларга йўллаган мактуби биринчи асрдаги масиҳийларга олдинда уларни кутган мусибатга тайёрланишга ёрдам берган. Павлус имондошларини Муқаддас Ёзувларни чуқурроқ ўрганишга ва тушунишга ундаган. Бундай қилиб улар имонларини заифлаштирадиган таълимотларни аниқлай олиши ва уларни рад этиши мумкин эди. Қолаверса, у имондошларини Масиҳнинг ҳамда жамоатда раҳбарликни зиммасига олганларнинг йўл-йўриқларига тезда амал қилиш учун кучли имонни ривожлантиришга ундаган. Шунингдек, Павлус масиҳийларга қийинчиликларга тўғри нуқтаи назарда бўлиш ва уларни севувчи Отамиздан таълим олиш имконияти, деб билиш орқали сабр-бардош қилишга ундаган. Биз ҳам илоҳий илҳом остидаги ўша маслаҳатларни амалда қўллайлик. Шунда охиригача садоқат ила сабр бардош қила оламиз. (Иброн. 3:14)

Садоқатли масиҳийлар сабр-бардоши учун мукофотланди. Яҳудиядан қочгач, улар бирга йиғилишда давом этди. Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? (19-хатбошига қаранг)

126-ҚЎШИҚ Мустаҳкам, ҳушёр ва мард бўлинг

a Биринчи бобнинг ўзидаёқ Павлус Ибронийча ёзувлардан етти марта иқтибос келтириб, Масиҳийларнинг топиниш тарзи Яҳудийларникидан устунроқ эканини тушунтирган. (Ибронийларга 1:5–13)