Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

36-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

89-ҚЎШИҚ Тингла, қулоқ сол ва ол барака

Худо Каломининг бажарувчилари бўлинглар

Худо Каломининг бажарувчилари бўлинглар

Худо каломининг тингловчиларигина эмас, балки бажарувчилари ҳам бўлинглар. (ЁҚБ. 1:22)

АСОСИЙ ФИКР

Ушбу мақола нафақат Худонинг Каломини кунда ўқиш, балки устида мулоҳаза юритиш ва уни амалда қўллаш истагини кучайтиришимизга кўмаклашади.

1, 2. Худонинг хизматчиларини нима бахтиёр қилади? (Ёқуб 1:22–25)

 ЯҲОВА ва Унинг севикли Ўғли бахтиёр бўлишимизни истайди. Забур 119:2 ни ёзган киши шундай деган: «Унинг эслатмаларига риоя этадиган, бутун қалби билан Уни излайдиган кишилар саодатлидир!» Исо эса қуйидагича айтган: «Тангрининг каломини тинглаб, уни бажо келтирганлар бахтлидир!» (Луқо 11:28)

2 Яҳованинг топинувчилари сифатида биз бахтиёр халқмиз. Нега? Бунинг сабаблари кўп. Улардан бири Каломни мунтазам ўқиймиз ва билиб олганларимизни амалда қўллашга жон куйдирамиз. (Ёқуб 1:22–25 ни ўқинг.)

3. Каломдан билиб олганларимизга амал қилганда қандай фойда оламиз?

3 Каломнинг бажарувчилари бўлганимизда турли йўллар орқали фойда оламиз. Бу Яҳовани мамнун қилишнинг энг асосий йўли эканини биламиз. Буни тушуниш бизни бахтиёр қилади. (Воиз 12:13) Худонинг Каломида ўқиганларимизни амалда қўллаганимизда, оилавий ҳаётимиз яхшиланади, имондошлар билан қалин дўстларга айланамиз. Эҳтимол, ҳаётингизда ҳам буни кўргандирсиз. Шунингдек, Яҳованинг амрларига итоат қилмайдиганлар дуч келаётган кўп муаммолардан қочган бўламиз. Дарҳақиқат, шоҳ Довуднинг сўзларига қўшилсак керак. У ҳамду саносида Яҳованинг қонунлари, буйруқлари ва ҳукмлари ҳақида айтиб ўтгач, қуйидагича хулосага келган: «Уларга риоя қилган киши буюк мукофотга эга бўлади». (Заб. 19:7–11)

4. Нега Муқаддас Китобдан билиб олганларимизга амал қилиш доим ҳам осон эмас?

4 Аслини олганда, Худо Каломининг бажарувчилари бўлиш доим ҳам осон эмас. Яҳова биздан нимани исташини тушуниш мақсадида тиғиз жадвалимизга қарамай, Муқаддас Китобни ўқиш ва тадқиқ қилиш учун вақт ажратишимиз керак. Шундай экан, келинг, уни мунтазам ўқишимизга ёрдам берадиган баъзи тавсияларни кўриб чиқайлик. Шунингдек, ўқиганларимиз устида мулоҳаза юритишга ва билиб олганларимизни ҳаётимизда қўллашга нима ёрдам беришига диққат қаратайлик.

ХУДОНИНГ КАЛОМИНИ ЎҚИШ УЧУН ВАҚТ АЖРАТИНГ

5. Қайси баъзи ишлар туфайли банд бўламиз?

5 Яҳованинг аксар хизматчилари жуда банд. Муқаддас Китобда муҳим ҳисобланган вазифаларни бажариш анчагина вақт олади. Масалан, аксариятимиз ўзимизни ва оиламизни таъминлаш учун ишлаймиз. (1 Тим. 5:8) Кўпгина масиҳийлар кекса ёки касал қариндошларига ғамхўрлик қилади. Қолаверса, барчамиз соғлигимизга эътиборли бўлишимиз керак. Бу ҳам вақт олади. Бундай масъулиятлардан ташқари, жамоатда вазифаларимиз бор. Ваъзгўйлик ишида ҳам ғайрат ила қатнашиш масъулиятига эгамиз. Хўш, эга бўлган барча масъулиятларингизга қарамай, Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш, устида мулоҳаза юритиш ва билиб олганларингизни амалда қўллаш учун қандай қилиб вақт топа оласиз?

6. Муқаддас Китобни ўқиш биринчи ўринда бўлиши учун нима қила оласиз? (Расмга ҳам қаранг.)

6 Масиҳийлар сифатида биз учун «муҳимроқ» нарсалардан бири Муқаддас Китобни ўқишдир. Шунинг учун буни биринчи навбатда қилишимиз лозим. (Филип. 1:10) Бахтли инсон борасида Забурнинг илк саносида шундай дейилган: «У Яҳованинг қонунидан завқ олиб, қонуни устида туну кун фикр юритади». (Заб. 1:1, 2) Шубҳасизки, бу ўқиш учун вақт ажратишни ўз ичига олади. Хўш, Муқаддас Китобни ўқишга қайси пайт мос келади? Ҳар биримиз учун бунинг жавоби ҳар хил. Аммо оддий қилиб айтганда, бу мунтазам бўлиши даркор. Виктор биродар шундай деди: «Мен Муқаддас Китобни эрталаблари ўқишни ёқтираман. Ўзи вақтли туриш мен учун осонмас, аммо бу пайт камроқ чалғийман ва фикр-хаёлларимни жамлай оламан». Балки бу сиз учун ҳам айни муддаодир? Ўзингизга қуйидагича савол беринг: «Муқаддас Китобни ўқиш учун менга қайси пайт кўпроқ тўғри келади?»

Қайси пайтда Муқаддас Китобни ўқиш сиз учун энг яхши? Буни қай йўсин мунтазам равишда қила оласиз? (6-хатбошига қаранг)


ЎҚИГАНЛАРИНГИЗ УСТИДА МУЛОҲАЗА ЮРИТИНГ

7, 8. Ўқиганларимиздан тўлиқ фойда олишимизга нима халақит бериши мумкин? Мисол келтиринг.

7 Ҳақиқат шуки, мунтазам равишда жуда кўп маълумот олишимиз, аммо у бизга тўлиқ сингмаслиги мумкин. Бирон нарсани ўқиб, кўп ўтмай уни эслай олмаган пайтингиз бўлганми? Бу барчамиз билан юз берган. Афсуски, Муқаддас Китобни ўқиш билан ҳам худди шундай бўлиши мумкин. Эҳтимол, ҳар куни бир нечта бобни ўқишни мақсад қилгандирсиз. Бу мақтовга сазовор. Биз мақсадлар қўйишимиз ва уларга эришиш учун жон куйдиришимиз лозим. (1 Кор. 9:26) Аммо уни ўқиш бу бошланиш — яхши бошланиш, лекин бу фақатгина бошланиш. Каломни ўқишдан тўлиқ фойда олиш учун бундан кўпроғини қилиш кутилади.

8 Бир мисолга эътибор беринг. Ҳосил ўсиши учун кўпинча ёмғир суви муҳимдир. Лекин қисқа вақт ичида жуда кўп ёмғир ёғса, ер ҳаддан ошиқ ивиб кетади. Бунинг оқибатида кўп ёққан ёмғир фойда келтирмайди. Ер ёмғир сувларини шимиши ва ҳосил ўсишига яроқли бўлиши учун вақт керак. Шунга ўхшаб Муқаддас Китобни тез ўқишдан қочишимиз лозим. Чунки бу маълумот сингишига ва уни эслаб қолишимизга тўсқинлик қилади. (Ёқб. 1:24)

Ер ёмғир сувларини шимиши ва ҳосил ўсишига яроқли бўлиши учун вақт керак. Шунга ўхшаб Худонинг Каломида ўқиганларимиз устида мулоҳаза юритишимиз ва уларни амалда қўллашимиз учун вақт керак (8-хатбошига қаранг)


9. Муқаддас Китобни жуда тез ўқиётганимизни пайқасак, нима қилишимиз лозим?

9 Муқаддас Китобни шунчаки тез ўқиган пайтларингиз бўлганми? Нима қилишингиз керак? Шошилманг. Ўқиётганларингиз ёки ўқиб бўлганларингиз устида фикр юритишга ҳаракат қилинг. Маълумот қийин бўлиши шарт эмас. Балки фикр ё мулоҳаза юритиш учун вақт ажратиб, тадқиқингизни узайтиришга қарор қиларсиз ёки бир нечта оят ўқиб, қолган вақтни эса улар устида мулоҳаза юритишга ажратарсиз. Юқорида тилга олинган Виктор шундай деди: «Одатда битта боб ўқийман. Буни эрталаб қилганим учун ўқиганларим устида кун давомида мулоҳаза юрита оламан». Қайси услубни танласангиз ҳам ўқишингиздан кўпроқ фойда олишингизга ёрдам берадиган тезликда қироат қилиш муҳимдир. (Заб. 119:97; « Мулоҳаза учун саволлар» номли рамкага қаранг.)

10. Қай йўсин билиб олаётганларингизни амалда қўллай оласиз? Мисол келтиринг. (1 Салоникаликларга 5:17, 18)

10 Муқаддас Китобни қачон ва қанча вақт ўқишдан қатъи назар, ўқиганларингизни амалда қўллаш йўлларини изланг. Бир парча ўқигач, ўзингизга: «Бу маълумотни ҳозир ёки яқин келажакда қандай қўллай оламан?» — деб савол беринг. Айтайлик, 1 Салоникаликларга 5:17, 18 ни ўқидингиз. (Ўқинг.) Бу иккита оятни ўқигач, тўхтаб, қанчалик тез-тез ва чуқур ибодат қилишингиз тўғрисида ўйлаб кўрарсиз. Бундан ташқари, нималар учун миннатдор эканингиз ҳақида мулоҳаза юритарсиз. Балки Яҳовага учта нарса учун раҳмат айтишга қарор қиларсиз. Бир неча дақиқа давомида диққатингизни бунга қаратиб, Худо Каломининг ҳам тингловчиси, ҳам бажарувчиси бўласиз. Муқаддас Китобдан ҳар куни бир парча ўқиганингизда, бу жараённи қайтариб, қанчалик фойда олишингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг. Ҳа, сиз тобора Каломнинг бажарувчисига айланасиз. Хўш, яхшиланишингиз керак бўлган соҳалар кўпдай туйилса-чи, нима қилишингиз мумкин?

МУЛОҲАЗАКОРЛИК ИЛА МАҚСАДЛАР ҚЎЙИНГ

11. Нега гоҳида руҳингиз тушиши мумкин? Мисол келтиринг.

11 Муқаддас Китобни ўқиганингизда, баъзида жуда кўп нарсалар устида ишлашингиз кераклигини англаб, руҳингиз тушар. Масалан, бугун Муқаддас Китобдан одам ажратмаслик ҳақидаги маслаҳатни ўқидингиз. (Ёқб. 2:1–8) Шунда бошқаларга қилаётган муомалангизда яхшиланишингиз кераклигини кўрасиз ва айрим ўзгаришлар киритишга қарор қиласиз. Жуда соз! Эртаси куни эса гап-сўзларни назорат қилиш муҳим экани таъкидланган парчани ўқийсиз. (Ёқб. 3:1–12) Айрим пайтлари салбий гапиришингизни тушунасиз. Шунда сўзларингизни ижобийроқ ва далдалироқ қилишга бел боғлайсиз. Кейинги куни эса дунё билан дўстлик ҳақидаги огоҳлантирувни ўқийсиз. (Ёқб. 4:4–12) Сўнг ўйин-кулги соҳасида эътиборли бўлишингиз кераклигини тушунасиз. Тўртинчи кунга келиб эса нималар устида ишлашингиз кераклигини кўриб, «Бу жуда қийин» деган фикрга борасиз.

12. Каломни ўқигач, ўзгаришингиз кераклигини тушунсангиз, нега руҳингиз тушмаслиги керак? (Изоҳга ҳам қаранг.)

12 Бир нечта соҳада яхшиланишингиз кераклигини пайқасангиз, руҳингиз тушмасин. Буни тушунаётганингиз камтарин ва нияти тўғри инсон эканингизни кўрсатяпти. Боиси камтарин ва ўзи билан ростгўй бўлган одам Муқаддас Ёзувларни ўқиганида яхшиланиш йўлларини излайди a. Шуни унутмангки, янги ўзликни кийиб олиш тўхтовсиз жараёндир. (Колос. 3:10) Каломнинг бажарувчилари бўлиб қолишингизга нима ёрдам беради?

13. Билиб олганларингизга амал қилишнинг энг яхши йўли қандай? (Расмларга ҳам қаранг.)

13 Барча нарсанинг устида бирданига ишлашнинг ўрнига, ўз ҳаддингизни билиб бир нечта мақсад қўйинг. (Ҳик. 11:2) Балки қуйидаги услуб сизга мос келар: нималар борасида ишламоқчи эканингизнинг рўйхатини тузинг, кейин сиз учун муҳимроқ бўлган бир ё иккитасини танланг, қолганларини эса вақт ўтиб қилинг. Хўш, нимадан бошласангиз бўлади?

Муқаддас Китобда ўқиганларингизнинг бари устида бирданига ишлашнинг ўрнига, мулоҳазакорлик ила мақсад қўйса бўлади. Эҳтимол, буни бир ё иккита нарсадан бошларсиз (13-, 14-хатбошиларига қаранг)


14. Қандай мақсадлардан бошлашингиз мумкин?

14 Балки эришиш осонроқ бўлган мақсаддан ёки, айниқса, қайси соҳада яхшиланишингиз керак бўлса, ўшанисидан бошларсиз. Мақсадингизни аниқлагач, «Онлайн кутубхона» ёки «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»дан фойдаланиб изланиш ўтказинг. Яҳовадан «истак уйғотиб, куч ато эт»ишини сўраб, мақсадингиз ҳақида ибодат қилинг. (Филип. 2:13) Билиб олганларингизни амалда қўлланг. Биринчи мақсадингизга эришгач, кейингиси сари интилишга туртки ҳис қилишингиз мумкин. Масиҳий сифатида ҳаётингизнинг қайсидир соҳасида муваффақиятга эришсангиз ёки қандайдир фазилатни ривожлантирсангиз, бошқа ўзгаришларни қилиш, эҳтимол, енгилроқ кечади.

АЛЛОҲНИНГ ҚАЛОМИ СИЗГА ТАЪСИР ҚИЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИНГ

15. Яҳованинг халқи Каломни ўқийдиган кўплардан нимаси билан фарқ қилади? (1 Салоникаликларга 2:13)

15 Баъзилар Муқаддас Китобни кўп марта ўқиб чиққанини айтади. Аммо улар унга чиндан ҳам ишонадими ёки у ерда ёзилганларни амалда қўллаб, ҳаётига таъсир қилишига йўл қўядими? Афсуски, кўпинча бу саволнинг жавоби «Йўқ». Лекин Яҳованинг хизматчилари Муқаддас Китоб ҳақида бошқача фикрда. Биз биринчи асрдаги масиҳийлар каби уни «ҳақиқатан ҳам... Аллоҳнинг каломи» деб биламиз. Бундан ташқари, у ерда ёзилганларни ҳаётимизда қўллаш учун жон куйдирамиз. (1 Салоникаликларга 2:13 ни ўқинг.)

16. Каломнинг бажарувчилари бўлишимизга нима ёрдам бериши мумкин?

16 Худонинг Каломини ўқиб, у ерда ёзилганларни амалда қўллаш доим ҳам осон эмас. Баъзида вақт топишга қийналармиз ёки жуда тез ўқиб маълумотни сингдиришга улгурмасмиз ё нималарнинг устида яхшиланишимиз кераклигини кўриб, руҳимиз тушар. Қийинчилик қандай бўлмасин, уни енга оласиз. Яҳованинг ёрдами билан буни уддалайсиз. Келинг, ёрдамни қабул қилиб, Худо Каломининг унутувчан тингловчилари эмас, балки бажарувчилари бўлиш қароримиз қатъий бўлсин. Шубҳасизки, уни ўқиб, билганларимизни ҳаётимизда қўллаганимиз сайин бахтлироқ бўламиз. (Ёқб. 1:25)

94-ҚЎШИҚ Аллоҳнинг Каломи учун миннатдормиз

a «Тенгдошларингизнинг фикри — Муқаддас Китобни ўқиш» номли видеони jw.org сайтида томоша қилинг.