ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Яҳованинг хизматида баракаларга тўла саёҳат
1951 ЙИЛ Канаданинг Квебек провинциясидаги Руэн шаҳарчасига эндигина етиб келгандим. Менга берилган манзил бўйича бордим ва эшикни тақиллатдим. Эшикни Гилад мактабини битирган Марсель Фильто a исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй очди. У 23 ёшда бўлиб, бўйи узун эди. Мен эса 16 ёшда ва ундан анча пастроқ эдим. Унга кашшоф этиб тайинланганим тўғрисидаги хатни кўрсатдим. У хатни ўқиб, менга қаради-да: «Бу ердалигингдан онангнинг хабари борми?» — деб сўради.
МЕНИНГ ОИЛАМ
Мен 1934 йили туғилганман. Ота-онам Швейцариядан Онтариодаги (Канада) кончилар шаҳри Тимминсга кўчиб ўтган. Тахминан 1939 йили онам «Қўриқчи минораси» журналини ўқишни ва Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига қатнашни бошлади. У мени ва олтита ака-укаю опа-синглимни ҳам олиб борарди. Кўп ўтмай онам Яҳованинг Шоҳиди бўлди.
Дадамга бу ёқмасди. Лекин онам ҳақиқатни яхши кўрарди ва унда қолиш қарори қатъий эди. У ҳатто 1940 йилларнинг бошида, Канадада Яҳова Шоҳидларининг фаолияти тақиқланганда ҳам, ҳақиқатда маҳкам турди. Дадамнинг ҳақоратларига қарамай, онам доим мулойимлик ва ҳурмат ила гапирарди. Унинг ажойиб ўрнаги менга ва туғишган жигарларимга ҳақиқатни қабул қилишга ёрдам берди. Вақт ўтиб дадамнинг муносабати анча ўзгарди ва у биз билан мулойимроқ гаплашадиган бўлди.
ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТНИ БОШЛАШ
1950 йили ёзда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган анжуманга бордим. Дунёнинг турли жойларидан келган биродару опа-сингиллар билан танишиш ва Гилад битирувчиларининг ажойиб интервьюларини тинглаш мени Яҳовага кўпроқ хизмат қилишга ундади. Тўла вақтли хизматни бошлаш қарорим ҳар қачонгидан ҳам қатъий бўлди. Уйга қайтишим биланоқ доимий кашшофликка ариза топширдим. Канада филиалидан аввал сувга чўмишим кераклиги ҳақида хат келди. 1950 йили 1 октябрда сувга чўмдим. Бир ой ўтгач, доимий кашшоф бўлдим ва биринчи бўлиб Капускейсингга тайинландим. Бу шаҳарча мен ўша пайтда яшаган жойдан анча узоқда жойлашганди.
1951 йилнинг баҳорида филиал француз тилида гапира оладиган Шоҳидларга бу тилда гапирадиган
Квебек провинциясига кўчишни таклиф қилди. У ерда эҳтиёж катта эди. Мен француз ва инглиз тилларида гапириб катта бўлганман. Шунга бу таклифни қабул қилдим ва Руэнга тайинландим. Ҳали айтганимдек, менда манзил бор эди, холос. Лекин ҳаммаси хамирдан қил суғургандай осон кечди. Марсель билан яхши дўстларга айландик. Квебекда 4 йил давомида маза қилиб хизмат қилдим. Кейинчалик махсус кашшоф бўлдим.ГИЛАД МАКТАБИ ВА УЗОҚ УШАЛМАГАН УМИДЛАР
Квебекда бўлганимда Саут-Лансингда (Нью-Йорк) бўлиб ўтган Гилад мактабининг 26- синфига таклиф қилинганимдан бошим кўкка етди. 1956 йили 12 февралда битирув маросими бўлди ва мени ҳозирги Ганага b (Ғарбий Африка) тайинлашди. У ерга бора олишимдан аввал ҳужжатларим тайёр бўлгунига қадар Канадага «бир неча ҳафтага» қайтишим керак эди.
Ҳужжатларим тайёр бўлгунига қадар Торонтода 7 ой кутишимга тўғри келди. Бу вақт давомида Криппс оиласи билан бирга турдим ва у ерда уларнинг қизи Шейла билан танишдим. Биз бир-биримизни ёқтириб қолдик. Эндигина Шейланинг қўлини сўрайман деганимда визам чиқиб қолди. Шейла билан бу ҳақда ибодат қилдик ва мен вазифам бўйича кетадиган бўлдим. Бу осон бўлмади. Лекин вақт ўтиб бу тўғри қарор бўлганини тушундим.
Поезд, юк кемаси ва самолётдан фойдаланиб, бир ой деганда Гананинг Аккра шаҳрига етиб келдим. Бу ерда вилоят нозири сифатида хизмат қилишга тайинландим. Бу Гана, шунингдек, унга қўшни бўлган Кот-д’Ивуар ҳамда Тоголенд (ҳозир Того) мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилишни ўз ичига олган. Кўпинча ташкилотимиз тақдим этган жипдан фойдаланиб сафарга ёлғиз чиқардим. Ўшанда хизматимнинг ҳар бир дақиқасидан завқ олардим.
Дам олиш кунларида туман анжуманларида хизмат қилардим. Бизда Анжуман заллари йўқ эди. Шунинг учун биродарлар бамбукдан
вақтинчалик том ясашди ва пальма новдалари билан ёпишди. Бу қуёшдан сақланишга ёрдам берди. Ошхонада совиткич йўқлиги туфайли ҳайвонларни тирик сақлардик ва келганларни овқатлантириш учун эҳтиёжга қараб уларни сўярдик.Баъзида ўша анжуманларда кулгили вазиятлар ҳам бўлиб турарди. Бир сафар тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган Херберт Женингс c биродар нутқ айтаётганди. Бирдан сигир ошхонадан қочиб кетди. У минбар ва тингловчилар ўртасига югуриб келди. Херберт биродар нутқ айтишни тўхтатиб турди. Сигир ҳам ўзини йўқотиб қўйди. Лекин тўртта бақувват биродар уни яна ошхонага қайтарди. Тингловчилар хандон отиб кулди.
Ҳафта давомида мен яқин қишлоқларда «Янги дунё жамияти» номли фильмни кўрсатдим. Бунинг учун иккита устун ёки дарахтга қоқилган оқ матога прожекторни йўналтирардим. Бу қишлоқдагиларга жуда ёқди. Чунки кўплар умрида биринчи марта фильм томоша қилди. Улар одамлар сувга чўмаётган саҳнани томоша қилганда гулдурос қарсак чалди. Фильмни томоша қилган кўпчиликлар биз якдил умумжаҳон ташкилот эканимизни тушунди.
Африкада тахминан 2 йил хизмат қилгач, 1958 йили Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманга боришдан роса хурсанд бўлдим. У ерда Шейла билан кўришиш қувончимга қувонч қўшди. Ўшанда у Квебекда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилаётганди. Биз хат орқали мулоқот қилиб келгандик ва энди яна бирга эдик. Мен ундан қўлини сўрадим. Шейла рози бўлди. Кейин эса биродар Норрга d ёзиб: «Шейла ҳам Гилад мактабида ўқиши ва кейин Африкада менга қўшилиши мумкинми?» — деб сўрадим. Охири Шейла Ганага келди. Биз 1959 йили 3 октябрда Аккра шаҳрида турмуш қурдик. Яҳовани ҳаётимизда биринчи ўринга қўйганимиз учун у бизга чинакам баракалар ёғдирганини ҳис қилардик.
КАМЕРУНДА БИРГА ХИЗМАТ ҚИЛГАНИМИЗ
1961 йили биз Камерунга тайинландик. Бу ерда янги филиал ташкиллаштиришга кўмаклашиш керак эди. Шунинг учун жуда банд эдим. Мен Камерундаги фаолиятимизни назорат қилиш учун тайинлангандим. Шунга ўрганишим
керак бўлган нарсалар жуда кўп эди. 1965 йили Шейла ҳомиладор бўлиб қолди. Шуни тан олишим керакки, ота-она бўлиш ҳақидаги фикрга кўникиш учун бироз вақт керак бўлди. Бироқ биз бу масъулиятдан эндигина қувонч топа бошлаганимизда ва Канадага қайтишни режалаштираётганимизда даҳшатли воқеа юз берди.Шейланинг ҳомиласи нобуд бўлди. Шифокор туғилмаган фарзандимиз ўғил бўлганини айтди. Бу воқеага 50 йилдан ошган бўлса-да, уни ҳеч қачон унутмаганмиз. Бўлиб ўтган вазият туфайли бизга оғир бўлганига қарамай, севимли вазифамизда қолдик.
Камерундаги биродарларимиз сиёсий бетарафликни сақлагани учун тез-тез таъқибларга дуч келарди. Айниқса, президент сайлови пайтида вазият янада чигаллашди. 1970 йили 13 майда бизни қаттиқ хавотирга солган нарса юз берди. Яҳова Шоҳидларининг фаолияти расман тақиқланди. Кўркам янги филиалимиз ҳукумат томонидан мусодара қилинди. У ерга кўчганимизга эндигина 5 ой бўлганди. Бир ҳафта ичида барча тўла вақтли махсус ваъзгўйлар, жумладан, мен ва Шейла ҳам ушбу мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилдик. Биродару опа-сингилларни қолдириб кетиш осон бўлмади. Олдинда уларни нималар кутаётгани ҳақида ўйлаб роса ташвишландик.
Кейинги олти ой мобайнида Франция филиалида бўлдик. У ерда Камерундаги биродарларнинг эҳтиёжларига қўлимдан келганча ғамхўрлик қилишда давом этдим. Ўша йилнинг декабрида Нигерия филиалига тайинландик. Бу филиал Камерундаги филиалимиз учун масъул эди. Нигериядаги биродару опа-сингиллар бизни илиқ қарши олди. У ерда бир неча йил давомида маза қилиб хизмат қилдик.
ҚИЙИН ВАЗИЯТ
1973 йили жуда қийин қарор олдида тургандик. Шейла жуда жиддий соғлиқ муаммолари билан курашаётганди. Нью-Йоркда ҳудудий анжуманда бўлганимизда у кўз ёш билан шундай деди: «Бошқа чидолмайман, ҳолдан тойдим, анчадан бери касалман». Шейла билан Ғарбий Африкада 14 йилдан ошиқ хизмат қилдик. Унинг садоқат билан хизмат қилганидан фахрланаман. Бироқ ҳаётимизга баъзи ўзгаришлар киритишимиз керак эди. Вазиятимизни муҳокама қилиб узоқ ва қаттиқ ибодат қилгач, Канадага қайтишга қарор қилдик. У ерда Шейланинг соғлигига яхшироқ ғамхўрлик қила олардик. Тўла вақтли махсус ваъзгўйликни ҳамда тўла вақтли хизматни қолдириш чиқаришимиз керак бўлган энг қийин ва ҳиссан оғриқли қарор бўлди.
Канадага келгандан кейин Торонтонинг шимолидаги шаҳрида машина савдоси билан шуғулланган дўстимнинг олдига ишга кирдим. Ижарага уй олдик, ишлатилган мебелни харид қилдик. Бу туфайли қарз олишимизга ҳожат қолмади. Куни келиб яна тўла вақтли хизматни бошлашга умид қилардик ва содда ҳаёт кечирардик. Бу кун биз ўйлаганимиздан ҳам тезроқ келгани кутилмаган совға бўлди.
Шанба кунлари Норвалдаги (Онтарио) Анжуман залининг қурилишида ихтиёрий хизматчи
бўлиб ёрдам бера бошладим. Вақт ўтиб, Анжуман залида нозир этиб тайинландим. Шунга 1974 йилнинг июнь ойида Анжуман залидаги яшаш жойига кўчиб ўтдик. Тўла вақтли хизматга қайтганимиздан жуда бахтли эдик.Қувонарлиси шуки, Шейланинг соғлиғи яхшиланиб борарди. Икки йил ўтгач, туман нозирлик хизматини бошлай олдик. Туманимиз Канаданинг қаҳратон қиши билан танилган Манитоба провинцияси эди. Лекин биродару опа-сингиллар бизни илиқ қарши олди. Шуни англаб етдикки, қаерда хизмат қилишимиз аҳамиятли эмас. Қаерда бўлсак ҳам асосийси Яҳовага хизмат қилишда давом этишимиз керак.
МУҲИМ САБОҚ ОЛДИМ
Туман нозирлик хизматида бир неча йил иштирок этгач, 1978 йили Канададаги Байтилга таклиф қилишди. Кўп ўтмай мен оғриқли, лекин муҳим сабоқ олдим. Менга Монреалда махсус учрашувда француз тилида бир ярим соатлик нутқ билан чиқиш вазифаси топширилди. Афсуски, нутқим тингловчилар учун зерикарли бўлди ва Хизмат бўлимидаги бир биродар менга маслаҳат берди. Очиғини айтганда, мен маҳоратли нотиқ эмасман, буни тушунишим керак эди. Маслаҳатни тўғри қабул қилмагандим. Биз бир-биримизни тушунмадик. Мен бу биродар ҳақида «Мақташни билмайдиган танқидчи» деб ўйладим. Мен уни маслаҳатни қай йўсин бергани ва у ҳақдаги фикрим асосида нотўғри ҳукм қилдим.
Бир неча ҳафта ўтгач, Филиал қўмитаси мен билан бу ҳақда гаплашди. Мен маслаҳатга салбий муносабат билдирганимни тан олиб, пушаймон бўлдим ва афсусда эканимни айтдим. Кейин эса менга маслаҳат берган биродар билан гаплашдим. У узримни қабул қилди. Ўша воқеадан камтар бўлиш борасида ажойиб сабоқ олдим. Буни ҳеч ҳам унутмайман. (Ҳик. 16:18) Бу ҳақда Яҳовага кўп марта ибодат қилганман ва бошқа ҳеч қачон маслаҳатга салбий муносабат билдирмасликка қатъий қарор қилганман.
Ҳозир Канада филиалида хизмат қилаётганимга 40 йилдан ошди ва 1985 йилдан бери Филиал қўмитаси аъзоси сифатида хизмат қилиш шарафига эга бўлдим. 2021 йилнинг февралида азизам Шейла ҳаётдан кўз юмди. Уни қаттиқ соғинаман. Бунинг устига, ҳозир соғлик муаммолари билан курашяпман. Аммо Яҳованинг хизматида банд бўлиш қувончни сақлашимга ва кунлар тез ўтишига ёрдам беряпти. (Воиз 5:20) Гарчи баъзи қийинчиликларга дуч келсам-да, қувонишимга сабаблар кўпроқ. Яҳовани ҳаётимда биринчи ўринга қўйиш ва 70 йил давомида тўла вақтли хизматда бўлиш чинакам мамнуният бахш этяпти. Ёш биродару опа-сингилларимиз ҳам Яҳовани биринчи ўринга қўйиб хизмат қилишда давом этиши ҳақида ибодат қиламан. Чунки шунга аминманки, улар бундай йўл тутиб ҳам баракаларга эга бўлади, ҳам Яҳовага хизмат қилиш туфайли мамнуният ҳис этади.
a Марсель Фильтонинг таржимаи ҳолини ўқиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2000 йил 1 февраль (рус) сонидаги «Яҳова менинг Қўрғоним ва кучим» номли мақолага қаранг.
b 1957 йилгача Африканинг бу ҳудуди Британия мустамлакаси ҳисобланган ва Голд-Кост деб аталган.
c Херберт Женингснинг таржимаи ҳолини ўқиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2000 йил 1 декабрь (рус) сонидаги «Эртага нима бўлиши билмайсиз» номли мақолага қаранг.
d Ўша пайтда Нейтан Норр раҳбарликни зиммасига олган эди.