Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Нега Яҳова Шоҳидларининг адабиётларини шахсий веб-сайт ёки ижтимоий тармоқларда жойлаштириш мумкин эмас?

Баъзилар, Муқаддас Китобга асосланган маълумотларни бепул таклиф этаётганимиз боис, уларни бошқа веб-сайт ёки ижтимоий тармоқларда жойлаштириш мумкин деб ўйлайди. Бироқ бундай йўл тутиш веб-сайтимиз учун кўзланган «Фойдаланиш шартлари»га * зид бўлиб, жиддий муаммоларни юзага келтиради. Мазкур шартларга кўра, «ушбу сайтдаги расмлар, электрон адабиётлар, савдо белгилари, мусиқа, суратлар, видеолар ёки мақолаларни Интернетда (турли сайтларда, файл ва видео-алмашув тизимларида ёки ижтимоий тармоқларда) жойлаштириш» ман этилади. Нега шу қадар жиддий шарт қўйилган?

Муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган адабиётларимизни бошқа сайтларда жойлаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Веб-сайтимиздаги барча маълумот муаллифлик ҳуқуқига эга. Муртад ва бизга қарши чиқаётганлар адабиётларимизни ўз веб-сайтларида қўллаб, Яҳованинг Шоҳидларини ҳамда бошқа одамларни тузоққа илинтиришга интилишади. Уларнинг мақсади ўқувчиларда шубҳа уйғотишдан иборат. (Заб. 26:4; Ҳик. 22:5) Баъзилар эса бирон нимани сотиш ниятида ва электрон қурилмалар учун мўлжалланган иловаларда адабиётларимиздаги маълумотни ёки jw.org сайтимизнинг белгисини реклама сифатида қўллайди. Муаллифлик ҳуқуқи ва савдо белгилари бузилмаслиги учун, маълумотлардан нотўғри фойдаланишнинг олдини олишга ҳуқуқий асосимиз бор. (Ҳик. 27:12) Аммо биз била туриб бошқаларга, ҳатто имондошларимизга ҳам сайтимиздаги маълумотни бошқа сайтларда жойлаштиришига ёки jw.org сайтимизнинг белгисидан савдо-сотиқ қилишда фойдаланишига йўл қўйсак, суд бизни қаршилик кўрсатаётганлар ва савдо-сотиқ муассасаларидан ҳимоя қила олмайди.

Маънавий озуқа учун ишончли онлайн манбалар рўйхати қуйидагичадир:

Адабиётларимизни jw.org сайтимиздан ташқари, бошқа сайтлардан юклаш хавфлидир. Яҳова маънавий озуқани тақдим этиш учун фақат «ишончли ва ақлли хизматкор»ни тайинлаган. (Мат. 24:45) Бу «хизматкор» маънавий ризқ-рўзни етказиш учун фақат расмий веб-сайтлардан, яъни www.pr418.com, tv.pr418.com ва wol.pr418.com сайтларидан фойдаланади. Электрон қурилмалар учун эса фақат учта расмий илова, яъни JW Language®, JW Library® ва JW Library Sign Language® бор. Буларнинг бари рекламадан холи бўлиб, Шайтоннинг дунёси томонидан зарарланмаган. Агар маънавий озуқани бошқа манбалардан олсак, у ўзгартирилган ёки заҳарланган бўлиши мумкин. (Заб. 18:26; 19:8)

Бундан ташқари, адабиётларимизни бошқа сайтларда жойлаштирсак, муртад ва танқидчилар ўз шарҳларини келтиришига ва бу туфайли Яҳованинг ташкилотига ишонч йўқолишига замин яратамиз. Баъзи биродарлар онлайн баҳс-мунозараларга илинди ва шу йўсин Яҳованинг исми булғанди. Ваҳоланки, онлайн форумлар «исёнкорларни мулойимлик билан йўлга солиш» учун тўғри келмайди. (2 Тим. 2:23–25; 1 Тим. 6:3–5) Шунингдек, ижтимоий тармоқлару веб-сайтларда ташкилотимиз, Етакчи кенгаш ва унинг аъзолари номидан ёлғон аккаунтлар очилганига гувоҳ бўлдик. Лекин Етакчи кенгашнинг ҳеч бир аъзосида шахсий веб-саҳифаси ёки ижтимоий тармоқларда саҳифаси йўқ.

Одамларнинг эътиборини jw.org сайтимизга қаратиш «хушхабар» тарқалишига кўмаклашади. (Мат. 24:14) Хизматимизда қўллашимиз мумкин бўлган электрон манбалар тобора яхшиланиб боряпти. Ҳар бир киши улардан фойда олишини хоҳлаймиз. «Фойдаланиш шартлари»га биноан, jw.org сайтимиздаги адабиёт нусхасини e-mail орқали юборишимиз ёки унинг манзили билан бўлишишимиз мумкин. Самимий кишиларни расмий веб-сайтимизга йўналтириш орқали уларнинг эътиборини маънавий озуқанинг чин манбаи бўлмиш «ишончли ва ақлли хизматкор»га қаратамиз.

^ абз. 1 Jw.org сайтимизнинг бош саҳифасида келтирилган «Фойдаланиш шартлари» тугмачаси остидаги шартлар сайтимиздаги барча маълумотларга тегишлидир.