Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Тасалли бахш этувчи Аллоҳ Яҳовага тақлид қилинг

Тасалли бахш этувчи Аллоҳ Яҳовага тақлид қилинг

Ҳамдлар бўлсин... У [Тангри] барча қайғуларимизда бизга тасалли беради. 2 КОР. 1:3, 4

ҚЎШИҚЛАР: 23, 49

1. Адан боғида исён кўтарилганда Яҳова қандай далдали сўзларни айтган?

ИНСОНИЯТ гуноҳ ва номукаммалликка учраганидан бери, Яҳова тасалли берувчи Тангри эканини исботлаб келмоқда. Адан боғида исён кўтарилганидаёқ, Худо Одаматонинг авлодларига далда бахш этувчи сўзларни айтган. Ҳа, инсоният учун умид бор эди. Бу ҳақида Ибтидо 3:15 да ёзилган бўлиб, инсонларга «алмисоқ илон», яъни Шайтон Иблис ва унинг ёвуз ишлари йўқ қилинишига ишонч бахш этади. (Ваҳ. 12:9; 1 Юҳан. 3:8)

ЯҲОВА ҚАДИМГИ ХИЗМАТЧИЛАРИГА ТАСАЛЛИ БЕРГАН

2. Қай йўсин Яҳова Нуҳга тасалли берган?

2 Нуҳ худосиз инсонлар орасида яшаган ва фақатгина унинг оила аъзолари Яҳовага топинган. Зўравонлик ва жинсий ахлоқсизликка тўла даврда яшаб, Нуҳ тушкунликка тушиши ҳеч гап эмас эди. (Ибт. 6:4, 5, 11; Яҳд. 6) Аммо Яҳова унга далда берувчи сўзларни айтган ва Нуҳ сабот ила «Худога ҳамроҳ бўлиб яшай» олган. (Ибт. 6:9) Яҳова Нуҳга ўша ёвуз дунёни йўқ қилмоқчи эканини айтиб, у оиласи билан омон қолиши учун нима қилиши зарурлиги борасида йўл-йўриқ берган. (Ибт. 6:13–18) Ҳа, Яҳова тасалли берувчи Аллоҳ эканини кўрсатган.

3. Қандай қилиб Яҳова Ёшуага далда берди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

3 Ёшуага эса Худонинг халқини ваъда қилинган юртга олиб кириш каби мушкул вазифа топширилган эди. Бу ўша ҳудудни эгаллаб олган кучли қўшинлар билан жанг қилишни ўз ичига олган. Ёшуа қўрққани ажабланарли эмас эди. Яҳова буни биларди, шу боис, Мусога Ёшуага далда беришни буюрди. Худо шундай деди: «Ёшуани ўзингнинг ўрнингга тайинла ва унга далда бериб, қўллаб-қувватла. Чунки фақат у халқнинг олдида бориб, дарёнинг нариги томонига ўтади ва сен кўрадиган юртни мерос қилиб олишларига ёрдам беради». (Қонун. 3:28) Ёшуа ишга киришишдан аввал, Яҳова унга қуйидаги сўзлар билан тасалли бахш этди: «Мен сенга: “Жасоратли ва маҳкам бўл”,— деб айтган эдим. Шундай экан, даҳшатга тушма ва қўрқма, чунки қаерга борсанг ҳам, Аллоҳинг Яҳова сен билан бўлади». (Ёшуа 1:1, 9) Нақадар далдали сўзлар!

4, 5. а) Қай йўсин Яҳова қадимги хизматчиларига далда берган? б) Қандай қилиб Яҳова Ўғлига далда бахш этган?

4 Яҳова фақатгина муайян инсонларга эмас, балки бутун халқига ҳам далда берган. Бобил сургунлигида бўлган яҳудий халқига Яҳова тасалли бериб, қуйидаги башоратни айтган: «Ҳеч қўрқма, Мен сен биланман. Даҳшатга тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч ато этаман, ёрдам бераман. Сени адолатли ўнг қўлим билан маҳкам ушлайман». (Ишаё 41:10) Аллоҳ кейинчалик илк масиҳийларга далда берган ва бизга ҳам худди шундай тасалли бермоқда. (2 Коринфликларга 1:3, 4 ни ўқинг.)

5 Исо ҳам Отаси Яҳовадан далда олган. У сувга чўмганда осмондан: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман»,— деган садо келди. (Мат. 3:17) Мазкур сўзлар Исога ердаги хизмати давомида тасалли бахш этгани шубҳасиздир.

ИСО БОШҚАЛАРГА ДАЛДА БЕРГАН

6. Қай йўсин талантлар ҳақидаги масал бизга далда бахш этади?

6 Исо Отасининг ўрнагига тақлид қилган. Талантлар ҳақидаги замонанинг охирига тегишли башоратли масалида Исо садоқатли қолишга ундаган. Хўжайин ҳар бир ишончли қулини қуйидагича мақтаган: «Баракалла, сен яхши, ишончли қул экансан. Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун сенга катта ишларни ҳам топшираман. Кел, энди хўжайининг билан бирга қувонгин». (Мат. 25:21, 23) Бу сўзлар шогирдларни Яҳовага садоқат ила хизмат қилишга ундаган.

7. Исо ҳаворийларига ва айниқса Бутрусга қандай далда берган?

7 Ҳаворийлар ораларида ким буюк экани борасида қайта-қайта баҳслашган. Лекин Исо сабр ила уларни камтарин ва бошқарувчи эмас, хизматкор бўлишга ундаган. (Луқо 22:24–26) Айниқса, Бутрус бир неча марта Исонинг ишончини оқлай олмаган. (Мат. 16:21–23; 26:31–35, 75) Аммо Исо ундан воз кечмаган, аксинча, у Бутрусга далда берган ва имондошларни мустаҳкамлашни топширган. (Юҳан. 21:16)

ҚАДИМДА БЕРИЛГАН ДАЛДА

8. Қай йўсин шоҳ Ҳизқиё саркардаларга ва Яҳудо халқига далда берган?

8 Ҳатто Исо ерга келиб, далда бериш борасида мукаммал ўрнак кўрсатганидан аввал, Яҳованинг садоқатли хизматчилари тасалли бериш муҳим эканини тушунган. Масалан, оссурияликлар ҳужум қилмоқчи бўлганда, шоҳ Ҳизқиё саркардаларни ва Яҳудо халқини йиғиб, уларга далда берган. «[Унинг] сўзлари халқни руҳлантирган». (2 Солномалар 32:6–8 ни ўқинг.)

9. Аюб китобидан далда бериш борасида нимага ўрганяпмиз?

9 Аюб китобидан ҳам далда бериш борасида сабоқ олишимиз мумкин. Гарчи унинг ўзи далдага муҳтож бўлган бўлса-да, «азобига азоб қўшадиган юпатувчилари»га тасалли беришни ўргатган. Аюб агар уларнинг ўринларида бўлганида, оғриқ келтирадиган сўзларни эмас, балки далдали ва мустаҳкамлайдиган сўзлар билан юпатишини айтган. (Аюб 16:1–5) Охири, Элиху ҳамда Яҳова Аюбга далда берган. (Аюб 33:24, 25; 36:1, 11; 42:7, 10)

10, 11. а) Нега Йифтохнинг қизи далдага муҳтож эди? б) Бугунги кунда кимлар худди шундай далдага муҳтож?

10 Қадимда тасаллига муҳтож бўлган инсонлардан бири Йифтохнинг қизи эди. Оммонликларга қарши жангга боришдан аввал, ҳакам бўлган Йифтох Яҳова унга ғалаба қозонишга ёрдам берса, уни кутиб олишга чиққан биринчи инсон Яҳовага бағишланиб, муқаддас чодирда хизмат қилишига ваъда беради. Уни ғалаба билан табриклашга яккаю ягона фарзанди — қизи пешвоз чиқади. Йифтохнинг юрак-бағри қон бўлади. Лекин у ваъдасида туриб, бокира қизини Шилўга умрининг охиригача муқаддас чодирда хизмат қилишга юборади. (Ҳак. 11:30–35)

11 Тўғри, Йифтохга оғир бўлган, аммо унинг қарорини қўллаб-қувватлаган қизига ундан ҳам оғирроқ бўлган. (Ҳак. 11:36, 37) У турмушга чиқиш, фарзандли бўлиш, насл қолдириш ва мерос олиш каби ҳуқуқларидан воз кечган. Ўшанда, айниқса, у тасалли ва далдага муҳтож эди. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Исроилда эса бир одат пайдо бўлди: ҳар йили Исроилдаги қизлар гиладлик Йифтохнинг қизини васф этгани бориб, йилида тўрт кун унинг ёнида бўлишарди». (Ҳак. 11:39, 40) Оила қурмаган ва эркинлигидан фойдаланиб, «Ҳазратимизга хизмат қилиш билан боғлиқ нарсалар» пайида бўлган масиҳийлар ҳам мақтов ва далдага лойиқдир. (1 Кор. 7:32–35)

ҲАВОРИЙЛАР ИМОНДОШЛАРИГА ДАЛДА БЕРГАН

12, 13. Қай йўсин Бутрус биродарларини қўллаб-қувватлаган?

12 Ўлимидан олдинги кечада Исо ҳаворий Бутрусга қуйидагича деган: «Симун, Симун! Шайтон ҳаммангизни буғдой каби ғалвирдан ўтказишни талаб қилди. Лекин мен сиз учун ёлвориб, имонингиз сусаймаслигини Худодан тиладим. Сиз эса тавба қилганингиздан кейин, биродарларингизни қўллаб-қувватланг». (Луқо 22:31, 32)

Ҳаворийларнинг мактублари биринчи асрдаги жамоатларга далда бахш этганидек, биз учун ҳам далдали (12–17- хатбошиларига қаранг.)

13 Бутрус чиндан ҳам илк жамоатларнинг устуни эканини исботлади. (Галат. 2:9) Ҳосил байрамида ва ундан кейин у ўз жасорати билан имондошларига далда берган. Кўп йиллар давомида хизмат қилгач, у имондошларига қуйидагича ёзган: «Мана, сизларга далда бериш ҳамда Тангрининг чинакам инояти ҳақида шаҳодат бериш учун... қисқача ёздим. Худонинг иноятидан ҳечам айрилманглар». (1 Бутр. 5:12) Бутруснинг мактуби илк масиҳийларга далда берган ва бу ҳозирга қадар шундай бўлиб келяпти. Бу, Яҳованинг ваъдалари амалга ошишини кутаётган бизлар учун далдалидир! (2 Бутр. 3:13)

14, 15. Қандай қилиб Юҳанно илоҳий илҳом остида ёзган китоблар бизга далда бахш этади?

14 Бундан ташқари, ҳаворий Юҳанно илк жамоатларнинг устуни бўлган. У Исонинг хизмати ҳақида ёзган баёнот асрлар мобайнида масиҳийлар учун далда манбаи бўлиб келмоқда. Фақатгина унинг баёнотида Исонинг ҳақиқий шогирдлари меҳр-муҳаббати орқали танилиши тўғрисида айтилган. (Юҳанно 13:34, 35 ни ўқинг.)

15 Юҳаннонинг учта мактуби ҳақиқат марваридларидир. Гуноҳкорлигимиз туфайли қайғуга ботганимизда, «Исонинг қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади» деган сўзларни ўқиб, наҳот тасалли олмасак? (1 Юҳан. 1:7) Шунингдек, айбдорлик ҳисси бизни тарк этмаса, «Худо қалбимиздан улуғ» деган сўзларни ўқиймиз ва йиғимиз томоққа келиб, кўзларимизга миннатдорчилик ёшлари қалқийди, шундай эмасми?! (1 Юҳан. 3:20) Фақатгина Юҳанно: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб ёзган. (1 Юҳан. 4:8, 16) Иккинчи ва учинчи мактубларида у «ҳақиқат йўлида юришда» давом этаётган масиҳийларни мақтаган. (2 Юҳан. 4; 3 Юҳан. 3, 4)

16, 17. Ҳаворий Павлус илк масиҳийларга қандай далда берган?

16 Имондошларга далда беришда ҳаворий Павлус аъло ўрнак қолдирган. Исонинг ўлимидан кўп ўтмай ҳаворийларнинг аксарияти етакчи кенгаш жойлашган Қуддус шаҳрида қолган. (Ҳавор. 8:14; 15:2) Яҳудиядаги масиҳийлар ягона Худога ишонган кишиларга Масиҳ ҳақида айтишган. Ҳаворий Павлус эса муқаддас руҳ орқали ёт халқларга жўнатилган. Улар юнонлар ва римликлар бўлиб, кўпгина худоларга сажда қилган. (Галат. 2:7–9; 1 Тим. 2:7)

17 Павлус кўп саёҳат қилиб, яҳудий бўлмаган кишиларга ваъз қилган ҳамда жамоатлар пайдо бўлишига ҳисса қўшган. Бу ҳудудлар ҳозирги Туркия, Греция ва Италияни ўз ичига олади. Ўша масиҳийлар ўз юртдошларидан азият чекиб, далдага муҳтож эди. (1 Салон. 2:14) Тахминан мил. 50 йилда Павлус Салоникадаги жамоатга қуйидагича ёзган: «Ҳар сафар ибодатларимизда сизларни тилга олганимизда, доим Аллоҳга шукроналар айтамиз. Чунки имон билан қилаётган ишларингиз, севгига асосланган меҳнатингиз ҳамда... намоён этаётган сабр-бардошингиз ҳамиша ёдимиздадир». (1 Салон. 1:2, 3) Қолаверса, Павлус уларни ўзаро мустаҳкам бўлишга ундаб: «Бир-бирингизга далда бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар»,— деб айтган. (1 Салон. 5:11)

ДАЛДА БЕРУВЧИ ЕТАКЧИ КЕНГАШ

18. Қай йўсин биринчи асрдаги етакчи кенгаш аъзолари Филипга далда берган?

18 Биринчи асрдаги етакчи кенгаш бошчиликни ўз зиммасига олганлар ва масиҳийлар учун далда манбаи бўлган. Масалан, Филип самарияликларга Масиҳ ҳақида ваъз қилганда, етакчи кенгаш аъзолари уни қўллаб-қувватлаган. Имонга келганлар муқаддас руҳга эга бўлсин деб, улар иккита аъзосини, яъни Бутрус ва Юҳаннони ибодат қилиш учун юборган. (Ҳавор. 8:5, 14–17) Филип ва энди масиҳий бўлган инсонлар етакчи кенгаш шу йўсин уларни қўллаб-қувватлаганидан роса далда олган бўлса керак!

19. Биринчи асрдаги етакчи кенгаш йўллаган мактуб илк жамоатларга қандай таъсир қилган?

19 Кейинчалик эса, етакчи кенгаш бошқа халқлардан бўлган масиҳийлар Тавротда талаб этилганидай, суннат қилиниши-қилинмаслиги борасида қарор чиқариши зарур эди. (Ҳавор. 15:1, 2) Муқаддас руҳ сўраб ибодат қилгач, Муқаддас Ёзувлар устида мулоҳаза юритгач, масъулиятли биродарлар бундан буёғига суннат қилинишга ҳожат йўқ деган қарорга келишди ва бу ҳақда жамоатларга мактуб ёзишди. Етакчи кенгаш вакиллари эса мактубни жамоатларга етказишди. Хўш, натижаси қандай бўлди? «Биродарлар хатни ўқиб, ундаги далда берувчи сўзлардан севинишди». (Ҳавор. 15:27–32)

20. а) Бугунги кунда Етакчи кенгаш барчамизга қандай далда беряпти? б) Навбатдаги мақолада қайси саволга жавоб топамиз?

20 Бугунги кунда ҳам Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаш аъзолари Байтил оиласига, тўла вақтли махсус хизматда бўлганларга ва дунё бўйлаб имондошларимизга далда бахш этади. Биринчи асрда бўлганидек, биз ҳам далда берувчи сўзлардан севиняпмиз. Шунингдек, 2015 йили Етакчи кенгаш «Яҳовага қайтинг» номли рисолани тақдим этди ва у бутун дунё бўйлаб кўплар учун ҳақиқий далда манбаига айланди. Хўш, далда беришда фақатгина бошчиликни зиммасига олганлар Яҳовага тақлид қилиши керакми? Мазкур саволнинг жавобини навбатдаги мақоладан билиб оламиз.