Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Чинакам эркинлик йўли

Чинакам эркинлик йўли

Агар Ўғил сизларни озод этса, чиндан ҳам эркин бўласизлар. ЮҲАН. 8:36

ҚЎШИҚЛАР: 32, 52

1, 2. а) Қайси ишлар одамлар эркинлик илинжида кураш олиб бораётганини кўрсатяпти? б) Бундай кураш нималарга олиб келяпти?

БУГУН кўпчилик тенглик, озодлик ва эркинлик ҳақида гап юритади. Дунёдаги аксарият инсонлар жабр-зулм, камситилиш ва қашшоқликдан халос бўлишни истайди. Яна бошқалар сўз ва танлов эркинлигига эга бўлиш, мустақилликка эришиш пайидадир. Одамлар қаерда яшашидан қатъи назар, хоҳлаганча ёки истаганини қилиб яшамоқчи бўлганларнинг сони ортиб боряпти.

2 Бироқ ушбу истакларнинг қандай қондирилиши умуман бошқа масала. Ижтимоий ёки сиёсий соҳаларга келсак, кўплар эътироз ва норозилик билдириб, ҳатто қўзғолонлар уюштиряпти. Хўш, бундай норозиликлар кўзланган натижаларга олиб келяптими? Кўп ҳолларда улар фожиаларга ва ўлимга етаклаяпти. Буларнинг бари шоҳ Сулаймон илоҳий илҳом остида ёзган мана шу сўзларни тасдиқлаяпти: «Инсон инсоннинг устидан қилаётган ҳукмронлиги фақат зиён келтиради». (Воиз 8:9)

3. Ҳақиқий бахт ва мамнуният ҳис этиш учун нима қилсак бўлади?

3 Исонинг шогирди Ёқуб ҳақиқий бахт ва мамнуният топиш сирига урғу берган. У қуйидагича ёзган: «Ким эркинлик бахш этувчи мукаммал қонунга диққат билан қараб, унга амал қилишни давом эттирса... қилган ишидан бахтиёр бўлади». (Ёқб. 1:25) Мукаммал қонунни ато этган Тангри Яҳова инсоният мутлақ бахт ва мамнуният ҳис этиши учун нима кераклигини ҳаммадан яхши билади. У илк жуфтликка бахтли бўлиши учун зарурий барча нарсани, жумладан, чинакам эркинликни ҳам берган.

ИНСОНЛАР ЧИНАКАМ ЭРКИН БЎЛГАНДА

4. Одамато ва Момоҳаво қандай эркинликка эга эди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

4 Ибтидо китобининг илк иккита бобини ўқисак, Одамато ва Момоҳаво биз орзу қилаётган озодликдан, яъни етишмовчилик, қўрқув ва жабр-зулмсиз эркинликдан роҳатланиб яшаганини кўрамиз. Илк жуфтлик озиқ-овқат, иш, касаллик ва ўлим борасида умуман ташвишланмай яшарди. (Ибт. 1:27–29; 2:8, 9, 15) Қизиқ, бу улар мутлақ мустақил бўлганини англатадими? Келинг, буни билиб олайлик.

5. Аслида одамлар чинакам озодликка эга бўлиши учун нима керак?

5 Аксарият кишиларнинг фикрича, чинакам озодлик бу — оқибатлари қандай бўлишидан қатъи назар хоҳлаганини қилиш дегани. Бир энциклопедияда айтилишича, эркинлик «танлаш қобилиятини ва бунинг оқибатлари учун масъулиятли бўлишни» англатади. («The World Book Encyclopedia») Аммо у ерда яна шундай дейилган: «Қонуний жиҳатдан, агар жамият томонидан одамлар учун адолатсиз, кераксиз ёки асоссиз чекловлар ўрнатилмаса улар эркин ҳисобланади». Амалда эса, муайян чекловлар зарурдир. Бу орқали ҳар бир инсон ўша жамият тақдим этаётган нарсалардан фойда кўради. Шундай экан: «Адолатли, керакли ва асосли чекловларни ўрнатишга кимнинг ҳаққи бор?» — деган савол юзага келяпти.

6. а) Нега фақат Яҳова мутлақ эркинликка эга? б) Инсонлар қандай эркинликка эга ва нима учун?

6 Эркинлик ҳақида гап кетганда, фақат Худованд Яҳова мутлақ ва чекланмаган эркинликка эга эканини ёдда тутамиз. Нега? Сабаби, У барча нарсани яратган ва коинотнинг қодир Сарваридир. (1 Тим. 1:17; Ваҳ. 4:11) Шоҳ Довуд фақатгина Тангри Яҳова лойиқ бўлган ўзгача ва юксак ўрнини ажойиб сўзлар билан ифодалаганини эслайлик. (1 Солномалар 29:11, 12 ни ўқинг.) Бунга мувофиқ, осмону ердаги барча ижодлар нисбий эркинликка эгадир. Улар Аллоҳ Яҳова адолатли, керакли ва асосли чекловлар ўрнатишга тўла ҳақли эканини тан олиши муҳим. Шу боис ҳам Худованд Яҳова энг бошидаёқ ижодлари учун чекловлар ўрнатди.

7. Инсонга қувонч бахш этадиган айрим табиий нарсаларни айтиб ўтинг.

7 Гарчи Одамато билан Момоҳаво бошида кўп жиҳатдан эркин бўлган бўлса-да, чекловлари ҳам бор эди. Айримлари табиий эди. Масалан, улар нафас олиш, овқатланиш, ухлаш ва ҳоказоларни қилиш орқали умр кечира олишини билган. Хўш, улар бундай қилиб ўзларини эркинликдан маҳрум этилгандай ҳис қилганми? Йўқ. Зеро Яҳова улар ҳатто шу каби ҳар кунги нарсалар орқали ҳам қониқишни ҳис этиб, завқ ила яшай олишини билган. (Заб. 104:14, 15; Воиз 3:12, 13) Қай биримиз тоза ҳаводан баҳраманд бўлишни, ёқтирган озиқ-овқатларни ейишни ёки мароқли дам олиб уйғонишни хоҳламаймиз?! Буларнинг барини чеклов ҳисси ёки мажбуриятсиз қувонч ила қиламиз. Шубҳасизки, Одамато билан Момоҳаво ўзларини худди шундай ҳис этган.

8. Худо илк жуфтликка қандай вазифа топширган ва қай мақсадда?

8 Яҳова Одамато билан Момоҳавога ер юзини тўлдириб, унга ғамхўрлик қилишдай ўзгача вазифани топширган. (Ибт. 1:28) Бу вазифа уларни озодликдан маҳрум этганми? Албатта йўқ! Бу туфайли, уларда Парвардигорнинг ниятига, яъни ер юзида абадий яшайдиган мукаммал инсоният учун жаннатни барпо этишга ҳисса қўшиш имкони бор эди. (Ишаё 45:18) Бугунги кунда одамлар турмуш қурмаса ёки оилали бўлиб фарзанд кўрмаса, улар Яҳованинг иродасига қарши йўл тутган ҳисобланмайди. Лекин кўп одамлар турли қийинчиликларга қарамай, оилали бўлишни ёки бола тарбиялашни танлаяпти. (1 Кор. 7:36–38) Нима учун? Чунки яхши шароитларда одамлар бундай йўл тутиб бахтиёрлик ва мамнуният ҳис этади. (Заб. 127:3) Одамато билан Момоҳаво ҳам никоҳи ва оилавий ришталаридан завқланиб абадулабад бахтли яшай оларди.

ЧИНАКАМ ЭРКИНЛИК ҚАНДАЙ ЙЎҚОТИЛГАН?

9. Нега Ибтидо 2:17 даги амр адолатсиз, кераксиз ёки асоссиз бўлмаган?

9 Яҳова Одамато билан Момоҳавога бошқа амр ҳам берган. Унга амал қилмаслик жазога олиб келиши аниқ эди. У шундай деган: «Нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан емаслигинг керак, акс ҳолда, ундан еган куни ўласан». (Ибт. 2:17) Хўш, у адолатсиз, кераксиз ёки асоссизмиди? У туфайли илк жуфтлик озодликдан маҳрум этилармиди? Асло. Анчагина илоҳиётшунослар бу амр мантиқан тўғри ва яхши ниятда берилган, деб таъкидлайди. Мисол учун, улардан бири шундай ёзган: «Худонинг амрларидан [Ибтидо 2:16, 17] хулоса шуки, фақат Худо инсоният учун нима яхши эканини... билади ва фақат Худо улар учун нима яхши эмаслигини... билади. “Яхши” ишлар қилиб, бундан ҳузурланиш учун одамлар Худога ишониб, Унга итоатли бўлиши керак. Агар бўйсунмаса, улар нима яхши эканини... ва нима яхши эмаслигини ўзлари ҳал қилади». Муаммо шундаки, инсонлар бу юкни ўзлари кўтара олмади.

Одамато билан Момоҳаво фожиали йўлни танлади (9–12- хатбошиларига қаранг.)

10. Нега ирода эркинлигини, нима яхши ва нима ёмон эканини ҳал қилиш билан адаштирмаслик керак?

10 Яҳова Одаматога берган амр ҳақида ўқиган кўплар, у хоҳлаганини қилиш эркинлигидан маҳрум этилган эди, деб айтади. Шу йўсин, улар одамнинг ирода эркинлигини, нима яхши ва нима ёмон эканини ҳал қилиш билан адаштиришади. Одамато билан Момоҳаво Аллоҳга бўйсуниш ёки бўйсунмасликни танлашда эркин эди. Аммо фақат Яҳова нима яхши ва нима ёмон эканини ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Шу боис, Адан боғида бунинг рамзи, яъни «нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтни» ўрнатган. (Ибт. 2:9) Шуни тан олиш керакки, қарорларимиз натижаси қандай бўлишини доим ҳам билмаймиз, улар ҳамиша яхши якун топишини ҳам билмаймиз. Шунинг учун, кўпинча одамлар яхши ниятлар ила қилган танлов ёки қарорлари азоб-уқубат, фалокат ёки фожиа келтириб чиқаради. (Ҳик. 14:12) Инсонлар эга бўлган чекловлар муҳим аҳамиятга эга. Берган амр орқали Яҳова Одамато билан Момоҳавога чинакам эркинликдан фойдаланишни меҳр ила ўргатган. Илк жуфтлик бундан қай йўсин фойдаланди?

11, 12. Нима учун Одамато билан Момоҳавонинг танлови фалокатли бўлди? Мисол келтиринг.

11 Минг афсус, илк жуфтлик бўйсунмасликни танлади. Шайтон васвасага солиб, «кўзларингиз очилади ва сизлар Худо каби нима яхши ва нима ёмон эканини биладиган бўласизлар», деб айтган ваъдага Момоҳаво қарши тура олмади. (Ибт. 3:5) Одамато ва Момоҳаво танлови туфайли янада эркин бўлдими? Йўқ. Уларнинг танлови Шайтон айтган натижани бермади. Аммо кўп ўтмай, Яҳованинг йўл-йўриғини рад этиш ва ўзлари билганча йўл тутиш фожиали якун топишини улар тушуниб етишди. (Ибт. 3:16–19) Нега деганда, Яҳова инсонларга нима яхшию нима ёмон эканини ҳал қилиш эркинлигини бермаган. (Ҳикматлар 20:24 ва Еремиё 10:23 ни ўқинг.)

12 Буни учувчи мисоли билан солиштирса бўлади. Муайян манзилга эсон-омон етиб олиш учун, у одатда олдиндан белгиланган учиш йўналишига амал қилиши лозим. Қолаверса, у замонавий мосламалар ёрдамида навигатордан фойдаланиши ва учиш жараёнида диспетчер билан алоқа қилиши керак. Бироқ учувчи ушбу йўл-йўриқларга риоя этмасликни танлаб, истаган йўналишда учса, оқибати фожиали бўлиши мумкин. Одамато билан Момоҳаво бу учувчи сингари хоҳлаганларини қилмоқчи бўлди. Улар Аллоҳ тақдим этган йўл-йўриқдан бош тортди. Натижаси қандай бўлди? Улар фалокатга дуч келиб, ўзлари ҳам, бўлажак авлодлари ҳам гуноҳ ва ўлимга мубтало бўлди. (Рим. 5:12) Мустақил бўлишга интилиб, улар эга бўлган чинакам озодликни йўқотди.

ЧИНАКАМ ОЗОДЛИККА ҚАНДАЙ ЭРИШИШ МУМКИН?

13, 14. Қандай қилиб чинакам озодликка эриша оламиз?

13 Одамларнинг ўйлашича, қанча кўп эркинлик бўлса, ҳаёт шунча яхши бўлади. Аммо танганинг икки тарафи бор, деб бежиз айтилмайди. Ҳа, эркинлик кўп фойда келтиради. Лекин умуман чекловлар бўлмаганда, дунё қандай аҳволда бўлиши мумкинлигини бир тасаввур қилинг! Бу борада бир энциклопедияда шундай дейилган: «Ташкиллаштирилган ҳар бир жамиятда муайян эркинлик ва чекловлар борасидаги қонунлар мураккабдир». («The World Book Encyclopedia») Шубҳасизки, «мураккаб» сўзи жуда мос келяпти. Бир ўйлаб кўринг, инсон қанчадан-қанча қонунлар чиқаради. Бунинг устига, анча ҳуқуқшунослару ҳакамлар уларни тушунтириши ва амалга ошириши керак бўлади.

14 Бундан фарқли равишда, Исо чинакам эркинликдан қувонч топишнинг энг осон йўлини таъкидлаган. У қуйидагича деган: «Агар менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, чиндан ҳам менинг шогирдларимсиз. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади». (Юҳан. 8:31, 32) Демак, Исонинг сўзларига биноан чин эркинлик мана шу иккита талабдан иборат: биринчидан, у ўргатган ҳақиқатни қабул қилиш ва иккинчидан, унинг шогирди бўлиш. Бу туфайли чинакам озодликка эришамиз. Хўш, нимадан озод бўламиз? Исо шундай деб тушунтирган: «Гуноҳ қилаётган инсон гуноҳнинг қулидир. [...] Агар Ўғил сизларни озод этса, чиндан ҳам эркин бўласизлар». (Юҳан. 8:34, 36)

15. Нега Исо ваъда қилган эркинлик бизни озод этади?

15 Шуниси аниқки, Исо шогирдларига ваъда қилган эркинлик, бугунги кунда кўплар орзу қилаётган эркинликдан анча устундир. Исо: «Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади»,— деб айтганда, инсоният энг оғир қуллик ва жабрдан халос бўлишини, яъни «гуноҳнинг қули» бўлмасликни назарда тутган. Гуноҳ бизни нафақат ёмон иш қилишга ундайди, балки яхшилик қилишга ёки маъқул тарзда яшашга ҳам халақит беради. Гуноҳкорлигимиз сабабли руҳимиз тушади, қайғурамиз, азоб чекамиз ва охири ўламиз. (Рим. 6:23) Ҳаворий Павлус бу қайғуларни бошдан кечириб, жуда кўп азоб чеккан. (Римликларга 7:21–25 ни ўқинг.) Гуноҳ исканжасидан қутулибгина, илк жуфтлик қачонлардир ҳис этган чинакам эркинликка биз ҳам эга бўла оламиз.

16. Қай йўсин чинакам озодликка эришамиз?

16 Исо: «Агар менинг сўзларимга риоя қилсангизлар»,— деб айтгани, озод бўлиш учун муайян талаблар ва чекловлар борлигини билдиради. Бағишланган масиҳийлар эканмиз, ўзимиздан кечиб, Исонинг шогирдлари сифатида унинг таълимотлари чегарасидан чиқмай яшашни афзал кўрамиз. (Мат. 16:24) Исо ваъда қилганидай, унинг тўлов қурбонлиги бизга нисбатан биратўла қўлланилганда чинакам озодликка эришамиз.

17. а) Ҳаётимизни нима ҳақиқий мазмунга тўлдиради ва мамнуният келтиради? б) Кейинги мақолада нимани билиб оламиз?

17 Исонинг шогирдлари каби унинг таълимотларига риоя этсак, ҳаётимиз ҳақиқий мазмунга тўлади ва биз мамнуният ҳис этамиз. Бу туфайли гуноҳ ва ўлим қуллигидан бутунлайин халос бўлиш имкони очиляпти. (Римликларга 8:1, 2, 20, 21 ни ўқинг.) Кейинги мақолада қай йўсин донолик ила ҳозирги озодлигимиздан фойдаланишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Шу йўсин, чинакам эркин Худойимиз Яҳовани абадулабад шарафлай оламиз.