Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Инглиз тилидаги «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг 2013 йилги қайта кўрилган нашрида Забур 144:12–15 даги сўзлар Худонинг халқига тегишли. Олдинги таржимада эса бу сўзлар 11- оятда тилга олинган ёвуз бегона кишиларга тегишли эди. Нега бу оятлар ўзгартирилди?

Иброний тилидаги сўзларни икки маънода таржима қилса бўлади. Қайта кўрилган бу нашрда қуйидаги омиллар инобатга олинган:

  1. Бу нашр тил бойлиги ва грамматик қоидаларга асосланади. Забур 144:12–15 ва бундан олдинги оятлар боғлиқ экани 12- оятда қўлланилган биринчи сўздан кўриняпти. У иброний тилидаги ашер сўзидан ўгирилган. Бу сўз турлича таржима қилиниши мумкин бўлиб, масалан, олмош сифатида ҳам ишлатилади. Муқаддас Китобнинг олдинги нашрида айнан шундай қилинган. Шунда, 12 дан 14- оятларда санаб ўтилган баракалар бундан олдинги оятлардаги ёвуз кимсаларга тегишли эканини кўрсатган. Бироқ ашер сўзи шунингдек, «шунда» ёки «ўшанда» деб таржима қилиниши ва бу натижа ёки оқибатларни билдириши мумкин. Шу боис, 2013 йилги нашрда бу сўз «шунда» дея ўгирилган.

  2. Бу нашрда мазкур санодаги ҳамма оятлар ўзаро боғлиқ. 12 дан 14- оятларда айтилган баракалар одил кишиларга тегишли эканини кўрсатиш учун 12- оятда «шунда» сўзи қўлланилган. Бу кишилар 11- оятда айтилган ёвуз кимсалардан мени асра ва қутқар деб сўрашяпти. Мазкур ўзгаришлар 15- оятга ҳам таъсир қилди. Инглиз тилидаги бу нашрда икки марта қўлланилган «бахтли» сўзи энди асл маънога эга бўлди ва ўша-ўша халққа, яъни «Худоси Яҳова бўлган халққа» тегишли эканини кўрсатяпти. Унутмангки, асл иброний матнда қўштирноқлар каби тиниш белгилар йўқ. Шундай экан, таржимонлар иброний матндаги шеърий услубга риоя қилиш, матн таркибини ва Муқаддас Китобдаги оятларнинг ўзаро боғлиқлигини инобатга олиш орқали тўғри таржима қилишлари керак.

  3. Бу нашрда Худонинг содиқ хизматчилари учун кўзланган баракалар тўғрисидаги барча оятлар бир-бирига мувофиқ. Ашер сўзи тўғри маънода ишлатилгани боис, сано бастакори Довуд Худо Исроил халқини душманлардан қутқарганидан кейин, уларга бахт ва фаровонлик ато этишига умид боғлаганини акс эттирганини кўряпмиз. (Лев. 26:9, 10; Қонун. 7:13; Заб. 128:1–6) Мисол учун, Қонунлар 28:4 да шундай ёзилган: «Серфарзанд бўласизлар, ерингиз унумдор бўлади. У чорвангиз, ёш қорамолингизу қўйларингизнинг наслини кўпайтиради». Дарҳақиқат, Довуднинг ўғли Сулаймон бошқарган пайтда халқ мисли кўрилмаган тинчлик ва фаровонликда яшаган. Энг муҳими эса, Сулаймон ҳукмронлигининг жиҳатларида Масиҳнинг бошқаруви қандай бўлиши акс этган. (3 Шоҳ. 4:20, 21; Заб. 72:1–20)

Хулоса ясаб айтишимиз мумкинки, Забурнинг 144- саносидаги сўзлар ўзгаргани Муқаддас Китобдаги таълимотлар борасидаги тушунчамизни ўзгартирмади. Аксинча, Яҳованинг хизматчилари орзиқиб кутаётган умиди, яъни ёвузлар йўқ қилингач, содиқ кишилар учун абадий тинчлик ва фаровонлик бўлиши янада аниқ-равшан бўлди. (Заб. 37:10, 11)