Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

14- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Унинг изидан оғмай юринг»

«Унинг изидан оғмай юринг»

Масиҳ ҳам сизлар учун азоб чекиб, унинг изидан оғмай юришингиз учун ўрнак кўрсатди. 1 БУТР. 2:21

13- ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир

БУ МАҚОЛАДА *

Исо унинг изидан оғмай юришимиз учун изларини қолдирди (1- , 2- хатбошиларига қаранг.)

1, 2. Қай йўсин Исонинг изидан юришимиз мумкин? Мисол келтиринг.

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, қор билан қопланган бепоён ва хавфли ҳудуд бўйлаб кетаётган бир гуруҳ одамлар орасидасиз. Сизларни тажрибали йўлбошчи етаклаб кетяпти. У юришда давом этар экан, юмшоқ қорда оёқ излари қоляпти. Бир пайт йўлбошчи кўринмай қолди, лекин сиз ваҳимага тушмаяпсиз. Аксинча, сиз ва ёнингиздагилар ўша йўлбошчининг изларидан оғмай юришга ҳаракат қиляпсизлар.

2 Худонинг хизматчилари эканмиз, қайсидир маънода хавфли ҳудудда — ушбу ёвуз дунёдамиз. Шуниси қувончлики, Яҳова изидан оғмай юра олишимиз учун мукаммал Йўлбошчи бўлмиш Ўғлини — Исо Масиҳни юборган. (1 Бутр. 2:21) Муқаддас Китобнинг бир луғатига кўра, ҳаворий Бутрус бу ерда Исони йўлбошчига қиёслаяпти. Йўлбошчи ортидан из қолдиргани каби Исо унга эргашишимиз учун из қолдирган. Келинг, бу борада қуйидаги учта саволга жавоб топамиз: Исонинг изидан юриш нима дегани? Нега унинг изидан юриш керак? Қай йўсин унинг изидан оғмай юришимиз мумкин?

ИСОНИНГ ИЗИДАН ЮРИШ НИМА ДЕГАНИ?

3. Кимнингдир изидан юриш нимани англатади?

3 Кимнингдир изидан юриш нимани англатади? Муқаддас Китобда «юрмоқ» ва «оёқлар» сўзлари баъзида кишининг ҳаёт тарзига ишора қилади. (Ҳик. 3:23; 6:18) Инсон кечирадиган ҳаёт тарзини йўловчи ортида қолдириб кетаётган изларга ўхшатса бўлади. Шундай экан, кимнингдир изидан юриш унинг ўрнагига эргашишни ёки унга тақлид қилишни англатади.

4. Исонинг изидан юриш нимани англатади?

4 Хўш, Исонинг изидан юриш нима дегани? Оддий қилиб айтганда, бу унинг ўрнагига тақлид қилишни англатади. Очқич оятда ҳаворий Бутрус Исонинг азоблар пайтида сабр-бардошли бўлгани борасидаги ажойиб мисолини алоҳида таъкидлаб ўтган. Шу билан бирга Исога тақлид қилишимиз мумкин бўлган кўпгина соҳалар ҳам бор. (1 Бутр. 2:18–25) Дарҳақиқат, Исонинг бутун ҳаёт тарзи — айтган сўзларию қилган ишлари тақлид қилишимиз учун ўрнакдир.

5. Номукаммал одамлар Исонинг мукаммал ўрнагига чиндан ҳам тақлид қила оладими? Тушунтиринг.

5 Номукаммал бўлишимизга қарамай, Исонинг ўрнагига чиндан ҳам тақлид қила оламизми? Бўлмасам-чи! Ёдингизда бўлса, Бутрус бизни Исонинг изидан мукаммал равишда эмас, балки «оғмай юришга» ундаган. Номукаммал бўлсак-да, қўлимиздан келганини қилиб унинг изидан оғмай юрсак, ҳаворий Юҳаннонинг қуйидаги сўзларига қулоқ солган бўламиз: «Исо каби йўл тутинглар». (1 Юҳан. 2:6)

НЕГА ИСОНИНГ ИЗИДАН ЮРИШ КЕРАК?

6, 7. Нега Исонинг изидан юриш бизни Яҳовага яқинлаштиради, дея оламиз?

6 Исонинг изидан юриш бизни Яҳовага яқинлаштиради. Нега бундай дея оламиз? Биринчидан, Исо қай йўсин Худога маъқул тарзда ҳаёт кечириш борасида ажойиб ўрнак кўрсатган. (Юҳан. 8:29) Демак, Исонинг изидан юриб Яҳовани мамнун қиламиз. Қолаверса, шунга аминмизки, самовий Отамиз У билан дўст бўлиш учун жон куйдирганларга яқинлашади. (Ёқб. 4:8)

7 Иккинчидан, Исо Отасига мукаммал даражада тақлид қилган. Шу боис, у қуйидагича дея олган: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади». (Юҳан. 14:9) Исонинг фазилатларига ва бошқалар билан қилган муомаласига тақлид қилишимиз мумкин. Масалан, у мохов кишига раҳмдиллик кўрсатган, оғир дарддан азоб чеккан аёлга ачинган ва яқини ҳаётдан кўз юмган одамларга ҳамдардликни намоён этган. Исога тақлид қилганимизда, Яҳовага ҳам тақлид қилган бўламиз. (Марк 1:40, 41; 5:25–34; Юҳан. 11:33–35) Яҳованинг фазилатларига қанча кўп тақлид қилсак, Унга шунча кўп яқинлашамиз.

8. Исонинг изидан юриш нега бизга «дунёни енгишга» ёрдам беришини тушунтиринг.

8 Исонинг изидан юриш бизга бу ёвуз дунёда чалғимасликка кўмаклашади. Ер юзидаги ҳаётининг сўнгги кечасида Исо: «Мен дунёни енгдим»,— деб айта олган. (Юҳан. 16:33) Шу йўсин у бу дунёнинг фикрлаш тарзи, мақсадлари ва ишлари унга таъсир қилишига йўл қўймаганини айтмоқчи бўлган. Исо ер юзига нима мақсадда юборилганини кўздан қочирмасликка ҳаракат қилган. Унинг мақсади Худонинг исмини муқаддас қилиш эди. Биз ҳақимизда-чи, нима деса бўлади? Бу дунёда бизни чалғитиши мумкин бўлган нарсалар талайгина. Бироқ Исо каби диққатимизни доим Яҳованинг иродасини бажаришга қаратсак, биз ҳам дунё устидан «ғалаба қозонамиз». (1 Юҳан. 5:5)

9. Абадий ҳаётга олиб борадиган йўлда қолиш учун нима қилишимиз керак?

9 Исонинг изидан юриш абадий ҳаётга етаклайди. Бир бой йигит абадий ҳаётга эришиш учун нима қилиши кераклигини сўраганида, Исо унга шундай жавоб берган: «Келиб, менинг издошим бўлинг». (Мат. 19:16–21) Исо у Масиҳ эканига ишонмаган баъзи яҳудийларга шундай деган: «Қўйларим... орқамдан эргашяпти. Мен уларга абадий ҳаётни ато этаман». (Юҳан. 10:24–29) Олий Кенгаш аъзоси Никодим Исонинг таълимотларига қизиқиш билдирганида, у «унга ишонган»лар «мангу ҳаётга эга бўлишини» айтган. (Юҳан. 3:16) Исонинг сўзлари ва ўрнаги бўйича яшаш орқали унга ишонаётганимизни кўрсатамиз. Бундай қилсак, ҳаётга олиб борадиган йўлда қоламиз. (Мат. 7:14)

ҚАЙ ЙЎСИН ИСОНИНГ ИЗИДАН ОҒМАЙ ЮРИШИМИЗ МУМКИН?

10. Исони яхшироқ «таниб-билиш» нимани ўз ичига олади? (Юҳанно 17:3)

10 Исонинг изидан оғмай юришдан аввал уни таниб-билишимиз керак. (Юҳанно 17:3 ни ўқинг.) Исони «таниб-билиш» доимий жараёндир. Исонинг фазилатлари, фикрлаш тарзи ва меъёрларини ўрганиш орқали уни янада яхшироқ билиб олишимиз керак. Ҳақиқатда қанча вақтдан бери бўлишимиздан қатъи назар, Яҳова ҳамда Исо Масиҳни «таниб-билишда» давом этишимиз лозим.

11. Инжил нималарни ўз ичига олади?

11 Яҳова Ўғлини яхшироқ таниб-билишимизга кўмаклашиш учун унинг ердаги ҳаёти ва хизмати ҳақида ёзилган тўртта китобни севги ила Ўз Каломида тақдим этган. Улардан Исонинг гапларини, ишларини ва ҳис-туйғуларини билиб оламиз. Бу тўртта китоб Исонинг мисоли ҳақида ўйлашга кўмаклашади. (Иброн. 12:3) Дарҳақиқат, улар Исо ўзидан кейин қолдирган изларни ўз ичига олади. Шу боис, Инжилни тадқиқ қилиб Исони яхшироқ таниб-билишимиз мумкин. Натижада, унинг изидан оғмай юра оламиз.

12. Қай йўсин Исо ҳақидаги баёнотлардан тўлиқ фойда олишимиз мумкин?

12 Исо ҳақидаги баёнотлардан тўлиқ фойда олиш учун уларни шунчаки ўқишдан кўпроғини қилишимиз даркор. Уларни сидқидилдан тадқиқ қилишга ва устида чуқур мулоҳаза юритишга вақт ажратишимиз керак. (Ёшуа 1:8 ни, изоҳни солиштиринг.) Келинг, бу баёнотлар устида мулоҳаза юритишга ва билиб олганларимизни амалда қўллашга ёрдам берадиган иккита маслаҳатга диққат қаратайлик.

13. Инжилдаги баёнотларни қандай қилиб жонлантиришингиз мумкин?

13 Биринчидан, Инжил баёнотларини жонлантиринг. Тасаввурингизни ишга солиб, юз берганларни кўришга, эшитишга ва ҳис қилишга интилинг. Бунинг учун Яҳованинг ташкилоти тақдим этган адабиётлар ёрдамида тадқиқ ўтказинг. Тадқиқ қилаётган оятнинг матн таркибини, яъни ундан олдин ёки кейин содир бўлган воқеаларни ўрганинг. Баёнотда тилга олинган инсонларнинг келиб чиқиши ва шароитлари ҳақида маълумот изланг. Сиз тадқиқ қилаётган баёнот Инжилнинг бошқа китобида қандай ёритилганини солиштиринг. Баъзида ёзувчилардан бири бошқалари қолдириб кетган муҳим тафсилотни келтирган бўлиши мумкин.

14, 15. Исо ҳақида билиб олганларимизни амалда қўллаш учун нима қилишимиз керак?

14 Иккинчидан, Инжил баёнотидан олган сабоқларни ҳаётингизда қўлланг. (Юҳан. 13:17) Инжилдаги баёнотларни чуқур тадқиқ қилгандан сўнг ўзингиздан шундай деб сўранг: «Бу ерда ҳаётимда қўллашим мумкин бўлган қандай сабоқ бор? Қай йўсин мазкур воқеадан фойдаланиб бошқаларга ёрдам беришим мумкин?» Муайян киши ҳақида ўйлашга ҳаракат қилинг. Сўнг қандай сабоқ олганингизни маъқул вақтда севги ва мулойимлик ила бўлишинг.

15 Келинг, бу иккита маслаҳатга қандай амал қилишимиз мумкинлигини билиб олайлик. Исо маъбадда диққат қаратган камбағал бева аёл ҳақидаги воқеани кўриб чиқамиз.

МАЪБАДДАГИ КАМБАҒАЛ БЕВА АЁЛ

16. Марк 12:41 да келтирилган вазиятни тасвирлаб беринг.

16 Воқеани жонлантиринг. (Марк 12:41 ни ўқинг.) Бўлиб ўтган воқеани тасаввур қилинг. Мил. 33 йил 11 нисон — бир неча кундан кейин Исо ўлади. Исо бу куннинг аксарият қисмини маъбадда таълим бериш билан ўтказди. Дин раҳбарлари унга қаршилик қилишяпти. Бундан сал олдин уларнинг баъзилари Исодан бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қилаётганини сўрашган. Бошқалар эса уни сўзидан тузоққа илинтириш мақсадида қийин саволлар берган. (Марк 11:27–33; 12:13–34) Энди Исо маъбаднинг бошқа томонига ўтди. Бу ердан — Аёллар ҳовлиси деб аталган тарафдан — Исо ҳовлининг деворлари ёнидаги хайр-эҳсон идишларини кўра оляпти. Одамлар хайр-эҳсон идишларига пул солар экан, Исо ўтириб уларни кузата бошлайди. У кўп бойваччалар анчагина пул ташлаётганини кўряпти. Эҳтимол, Исо ўша идишлардан унча узоқ бўлмаган жойда туриб, бирин-кетин думалаб тушаётган тангаларнинг товушини ҳам эшитаётгандир.

17. Марк 12:42 да тилга олинган бева аёл нима қилди?

17 Марк 12:42 ни ўқинг. Сал ўтгач бир аёл Исонинг эътиборини тортади. Бу «камбағал бева аёл» эди. (Луқо 21:2) Ҳаёт у учун осон эмас. Эҳтимол, у базўр кун кечиради. Лекин у хайр-эҳсон идишларининг ёнига бориб, улардан бирига икки чақасини ташлайди. Уларнинг товуши эшитилмагандир ҳам, аммо Исо у нимани — икки чақани эҳсон қилганини билади. Икки чақа ўша пайтдаги энг кичик қийматдаги танга эди. Бу пул озиқ-овқат сифатида ишлатилган энг арзон қушлар орасидаги биргина чумчуқни сотиб олишга ҳам етмасди.

18. Марк 12:43, 44 га кўра, бева аёлнинг хайр-эҳсони тўғрисида Исо нима деди?

18 Марк 12:43, 44 ни ўқинг. Бева аёлнинг бу ҳаракати Исога қаттиқ таъсир қилади. Шунда Исо шогирдларини чақириб, уларнинг диққатини ушбу бева аёлга қаратади ва шундай дейди: «Бу камбағал бева аёл ҳаммадан кўпроқ солди». Сўнг қуйидагиларни тушунтиради: «Ўша кишилар [яъни айниқса бой одамлар] ўзларидан ортиб қолганини солишди, бу аёл эса ўзи муҳтож бўла туриб, қўлида борини эҳсон қилди». Ўша куни садоқатли бева аёл охирги пулини эҳсон қилиб, ҳаётини Яҳованинг қўлларига топширди. (Заб. 26:3)

Бошқалар Яҳовага энг яхшисини бераётгани учун Исо сингари уларни мақтанг (19- , 20- хатбошиларига қаранг.) *

19. Исонинг камбағал бева аёл тўғрисида айтган сўзларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

19 Билиб олганларни ҳаётингизда қўлланг. Ўзингизга қуйидагича савол беринг: «Исонинг бева аёл ҳақидаги сўзларидан нимани ўргансам бўлади?» Ўша бева аёл тўғрисида бир ўйлаб кўринг. Шубҳасизки, у Яҳовага бундан ҳам кўпроқ беришни истаган. Аммо у қўлида борини берган. У Яҳовага энг яхшисини берган. Исо бу аёлнинг хайр-эҳсони Отасининг назарида қадрли эканини билган. Бундан қуйидагича муҳим сабоқ олишимиз мумкин: ўзимиздаги энг яхшисини берганимизда — бутун қалбимизу жонимиз билан хизмат қилганимизда Яҳова мамнун бўлади. (Мат. 22:37; Колос. 3:23) Тангри Яҳова қўлимиздан келган барчасини қилаётганимизни кўриб қувонади. Бу принцип топинишимизга, жумладан, хизматимизу йиғилишларга қанча вақт ҳамда куч сарфлашимизга ҳам тегишли.

20. Бева аёл ҳақидаги баёнотдан олган сабоқни қандай қўллашингиз мумкин? Мисол келтиринг.

20 Бева аёл ҳақидаги баёнотдан олган сабоқни қандай қўллашингиз мумкин? Муайян одамлар ҳақида ўйлашга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, уларни Яҳова ҳаракатидан мамнун эканига ишонтириш керакдир. Соғлиғи ёки кучи заифлашиб қолгани туфайли хизматда олдингидек кўп қатнаша олмагани сабабли ўзини айбдор ё кераксиз ҳис қилаётган қария опамизни танирсиз. Ёки сурункали оғриқли касалликка чалинган ва Йиғилиш залида ўтадиган ҳамма учрашувга ҳам бора олмаётганидан руҳи тушаётган биродарни биларсиз. Бу каби имондошларимизга «мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапиринг». (Эфес. 4:29) Улар билан камбағал бева аёл борасида билиб олган далдали сабоқларингизни бўлишинг. Жонга оро киритадиган сўзларингиз уларга қўлимиздан келганини қилганимизда, Яҳова мамнун бўлишини эслатиши мумкин. (Ҳик. 15:23; 1 Салон. 5:11) Бошқаларни — бу ҳатто арзимасдай кўринса ҳам — Яҳовага энг аълосини бераётгани учун мақтасангиз, Исонинг изидан оғмай юрган бўласиз.

21. Нима қилишга қарорингиз қатъий?

21 Инжил баёнотларида Исонинг ҳаёти ҳақида кўп тафсилотлар борлиги учун жуда миннатдормиз. Чунки улар туфайли Исонинг ўрнагига тақлид қилишимиз ва изидан оғмай юришимиз мумкин. Балки бу баёнотлар асосида шахсий тадқиқ ёки оилавий топиниш лойиҳасини бошларсиз. Келинг, бу каби тадқиқлардан тўлақонли фойда олиш учун ўқиган баёнотларни жонлантиришимиз ҳамда ўрганганларимизни амалда қўллашимиз лозимлигини ёдда тутайлик. Биз нафақат Исонинг ишларига тақлид қилишимиз, балки сўзларига ҳам қулоқ солишимиз лозим. Навбатдаги мақолада Исо ўлимидан олдин айтган сўнгги сўзлардан нимани ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

15- ҚЎШИҚ Яҳованинг Ўғлини мадҳ этинг!

^ абз. 5 Худонинг ҳақиқий хизматчилари сифатида Исонинг «изидан оғмай юришимиз» керак. Исо эргашишимиз мумкин бўлган қандай «из» қолдирган? Мазкур мақолада бу саволнинг жавобини билиб оламиз. Қолаверса, нима учун унинг изидан оғмай юришимиз кераклигини ва қай йўсин буни амалга оширишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ абз. 60 РАСМЛГА ШАРҲ. Имондошимиз Исонинг камбағал бева аёл ҳақидаги фикрлари устида мулоҳаза юритгач, кекса опамизни сидқидилдан қилаётган хизмати учун мақтаяпти.