ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Заифликларим Худонинг кучидан далолат
ХОТИНИМ билан 1985 йили Колумбияга борганимизда, у ер зўравонликка тўлиб-тошган эди. Ҳукумат шаҳарларда қудратли гиёҳванд картеллар, тоғларда эса партизанлар билан кураш олиб борган. Кейинчалик биз хизмат қилган Медельин ҳудудида қуролланган босқинчилар кўчаларда изғиб юрарди. Улар гиёҳванд моддаларни сотарди, одамларни талон-торож қиларди ва пул учун одам ўлдирарди. Уларнинг ҳеч бири кўп яшамаган. Биз гўё бошқа дунёда яшаётгандай эдик.
Қандай қилиб иккита оддий киши, сайёрамиздаги энг шимолий мамлакатларнинг бири, Финляндиядан Жанубий Америкага тушиб қолган, дейсизми? Йиллар оша қандай сабоқлар олдим?
ФИНЛЯНДИЯДА ЎТГАН ЁШЛИГИМ
Мен 1955 йили туғилганман, оилада учта ўғилнинг кенжасиман. Мен Финляндиянинг жанубий соҳилидан узоқ бўлмаган ҳудудда, ҳозир Вантаа деб номланадиган шаҳарда катта бўлганман.
Дунёга келишимдан бир неча йил аввал онам Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмган. Бироқ отам ҳақиқатга қарши бўлган ва онамга биз билан тадқиқ ўтказишни ҳамда бизни йиғилишларга олиб боришга рухсат бермаган. Шунинг учун у уйда бўлмаганида онам бизга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ўргатарди.
Болалигимдан Яҳовага бўйсунишга ҳаракат қилардим. Масалан, етти ёшлигимда верилаттуяни (таркибида қон бор бўлган фин пишириғини) емаганим учун ўқитувчим ғазабга минган. Оғзимни очишим учун у битта қўли билан юзимнинг икки томонини сиққан, бошқа қўли билан эса ўша пишириқ суқулган санчқини оғзимга солишга ҳаракат қилган. Мен эса ўша санчқини қўлидан тушириб юбордим.
12 ёшда бўлганимда отам ҳаётдан кўз юмди. Шундан сўнг йиғилишларга бора оладиган бўлдим. Жамоатдаги биродарлар менга қизиқиш кўрсатишган ва бу мени маънан улғайишга ундаган. Кунда Муқаддас Китобни ўқишни ва адабиётларимизни пухта тадқиқ қилишни бошладим. Бундай тадқиқ қилиш одати туфайли 1969 йили 8 августда 14 ёшда сувга чўмдим.
Мактабни битиргач, доимий кашшофликни бошладим. Бир неча ҳафта ўтгандан кейин Финляндиянинг маркази яқинидаги Пиелавесига — эҳтиёж катта бўлган ҳудудга кўчдим.
У ерда кейинчалик қадрдон хотиним бўлган Сёркка исмли бир қиз билан танишдим. У ўз ҳаддини билгани ва Яҳовани қаттиқ яхши кўргани учун уни ёқтириб қолдим. У машҳурликка ёки бойиб кетишга интилмаган. Иккимиз ҳам хизматда энг аълосини қилишни истардик ва топширилган ҳар қандай вазифани тайёрлик билан бажарардик. Биз 1974 йили 23 мартда турмуш қурдик. Асал ойига бормадик. Бунинг ўрнига Шоҳлик хабарчилари жуда керак бўлган Карттула шаҳрига хизмат қилиш учун кетдик.
ЯҲОВА БИЗГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛГАН
Никоҳимизнинг бошидаёқ Яҳова агар биз Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйсак, моддий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилишини кўрсатди. (Мат. 6:33) Масалан, Карттулада машинамиз бўлмаган. Бошида велосипедда юрардик. Лекин қишда жуда ҳам совуқ эди. Ваъз қилиш учун жамоат ҳудуди каттагина эди ва бизга машина керак бўлган. Аммо уни харид қилиш учун пулимиз бўлмаган.
Кутилмаганда акам бизникига меҳмон бўлиб келди. У меҳрибонлик билан машинасини бизга таклиф қилди. Суғуртаси тўланган эди, биз фақат бензин қуйишимиз керак бўлган. Шундай қилиб машинага эга бўлдик.
Яҳова моддий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилиш масъулиятини Ўз зиммасига олганини бизга кўрсатди. Бизнинг ишимиз Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш эди.
ГИЛАД МАКТАБИ
1978 йили Доимий кашшофлар мактабида ўқиганимизда, устозларимизнинг бири, Раймо Куокканен a Гилад мактабида ўқиш учун бизни ариза тўлдиришга ундади. У ерда ўқий олиш учун инглиз тилини ўрганишни бошладик. Лекин 1980 йили ҳали аризани тўлдирмаганимизда, бизни Финляндиядаги филиалда хизмат қилишга таклиф қилишди. Ўша пайтларда байтилчилар бу аризани тўлдира олмасди. Аммо ўзимиз эмас, Яҳова истаган жойда хизмат қилишни хоҳлардик. Шунга бу таклифга рози бўлдик. Шундай бўлса ҳам, Гиладда ўқиш учун ариза тўлдиришга имкон туғилар деб инглиз тилини ўрганишни давом эттирдик.
Бир неча йил ўтгач, Етакчи кенгаш байтилчилар ҳам Гиладда ўқиш учун ариза тўлдириши мумкинлигини айтди. Биз шу заҳотиёқ уни тўлдирдик. Лекин буни Байтилда бахтсиз бўлганимиз учун эмас, аксинча, агар лаёқатли бўлсак, эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилиш учун ўзимизни тақдим этишни хоҳлаганимиз сабаб қилдик. Бизни таклиф қилишди ва 1985 йили сентябрда 79-синфни битирдик. Бизни Колумбияга тайинлашди.
ТЎЛА ВАҚТЛИ МАХСУС ВАЪЗГЎЙЛИКДАГИ ИЛК ВАЗИФАМИЗ
Колумбияда аввал филиалга тайинландик. Хизматда энг аълосини қилишга интилардим, бироқ бир йил ўтгач ўзгаришлар қилишимиз кераклигини тушундим. Ҳаётимда биринчи ва сўнгги бор вазифамизни ўзгартириш ҳақида сўрадим. Шунда Уила департаментидаги Нейва шаҳрига даладаги тўла вақтли махсус ваъзгўйлар сифатида тайинландик.
Менга доим ваъз қилиш ёқарди. Финляндияда бўйдоқ бўлиб кашшофлик қилганимда баъзан саҳар эрталабдан кечки пайтгача хизмат қилардим. Янги оила сифатида ҳам Сёркка билан кун бўйи ваъз қилардик. Олис ҳудудларда хизмат қилганда, гоҳида машинамизда тунаб қолардик. Бу туфайли сафар учун мўлжалланган вақт камаярди ва эрталабданоқ хизмат қилишни бошлашимиз мумкин эди.
Даладаги тўла вақтли махсус ваъзгўйлар этиб тайинланганимиз учун хизматдаги аввалги ғайратимиз яна тикланди. Жамоатимиз ўсди, Колумбиядаги биродару опа-сингиллар меҳрибон, миннатдор бўлишган ва бошқаларни ҳурмат қилишган.
ИБОДАТНИНГ КУЧИ
Биз хизмат қилган Нейвага яқин шаҳарларда битта ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган. Ўша олис ҳудудларда хушхабар қандай ваъз қилинаркан, деб ташвишланардим. Бироқ партизанларнинг уруши дастидан ўша ҳудудларда маҳаллий аҳолидан бўлмаган инсонлар учун хавфли бўлган. Шу боис ўша шаҳарларнинг бирида бир кун келиб кимдир Яҳованинг Шоҳиди бўлиши борасида ибодат қилардим. Бундай инсон Нейвада яшаб ҳақиқатни билиб олиши керак деб ўйлардим. Шу сабабли Худодан у сувга чўмгандан сўнг маънан ўсиб, ваъз қилиш учун она шаҳрига қайтишини сўрардим. Яҳовада меникидан яхшироқ ечим борлигини эсда сақлашим керак эди.
Кўп ўтмай, Фернандо Гонзалез исмли йигит билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошладик. У Яҳованинг Шоҳидлари бўлмаган шаҳарларнинг бирида, Альхесирасда яшарди. Фернандо Нейвага ишлаш учун ҳар ҳафта 50 дан зиёд километр йўл босиб келарди. У ҳар бир тадқиққа пухта тайёргарлик кўрарди ва дарров ҳамма йиғилишларга боришни бошлади. Тадқиқ бошлаган ҳафтасидаёқ Фернандо уйидагиларининг ҳаммасини йиғиб, тадқиқда билиб олганларини уларга айта бошлади.
Фернандо тадқиқ бошлаганидан олти ой ўтгач, 1990 йили январда сувга чўмди. Сўнг у доимий кашшофликни бошлади. Фернандо Альхесирасда яшагани учун филиал ўша ерга махсус кашшофларни тайинлаши анча хавфсизроқ эди. 1992 йили февралда ўша шаҳарда жамоат ташкил этилди.
Хўш, Фернандо фақат ўз шаҳри билан чегараланиб қолдими? Йўқ. Уйлангандан кейин у хотини билан Яҳованинг Шоҳидлари бўлмаган бошқа шаҳарга, Сан-Винсенте-дель-Кагуанга кўчди. У ерда улар жамоат ташкил этилишига ёрдам беришди. 2002 йили Фернандо туман нозири этиб тайинланди ва хотини Ольга билан ҳозиргача бу хизмат турида қатнашяпти.
Бу вазиятдан ташкилотимиздаги вазифаларга тааллуқли масалаларда муайян нарсалар ҳақида ибодат қилиш жуда муҳим эканини ўргандим. Яҳова қўлимиздан келмайдиган нарсаларни қила олади. Бундан ташқари, бу бизнинг эмас, Унинг ўрим-йиғим иши. (Мат. 9:38)
ЯҲОВА БИЗДА «ИСТАК УЙҒОТИБ, КУЧ АТО ЭТАДИ»
1990 йили биз туман нозирлик хизматига тайинландик. Илк туманимиз пойтахт шаҳар Богота бўлган. У ерда қандай хизмат қиламиз, деб хавотирланганмиз. Чунки хотиним иккимиз ўзгача истеъдоди бўлмаган оддий инсон эдик. Бунинг устига, гавжум катта шаҳарда яшамаганмиз. Аммо Яҳова Филиппиликларга 2:13 даги мана шу ваъдасини бажарди: «Тангри Ўзига ёқадиган ишларни қилиш учун сизларда истак уйғотиб, куч ато этади».
Кейинчалик Медельин ҳудудидаги бир туманга, юқорида айтиб ўтган шаҳарга тайинландик. У ерда одамлар зўравонликка кўникиб кетгани учун бу уларни қўрқитмасди. Мисол учун, бир куни Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётганимда, ёнимиздаги уйда отишма бошланиб кетди. Шунда мен полга ётиб яширинмоқчи эдим, тадқиқ ўтаётган киши эса ҳеч нарса бўлмагандай хотиржам бўлиб хатбошини ўқишда давом этди. Ўқишни тугатгач эса узр сўраб, ташқарига чиқди. Сал туриб у иккита кичкина боласи билан қайтди ва бамайлихотир: «Узр сўрайман, фарзандларимни олиб келишим керак эди»,— деди.
Бошқа хавфли вазиятлар ҳам бўлган. Бир сафар уйма-уй ваъз қилганимизда, хотиним ёнимга югуриб келди, рангида ранг қолмаганди. У битта киши унга қараб ўқ узганини айтди. Шунда роса қўрқиб кетдим. Лекин кейин у Сёркканинг ёнидан ўтиб кетаётган кишига қараб ўқ узганини тушундик.
Вақт ўтиб, кўчадаги зўравонликдан даҳшатга тушмасликни ўргандик. Бу каби ва бундан ҳам баттарроқ вазиятларга дуч келаётган маҳаллий имондошларимиз бардошли эканидан далда олардик. Яҳова уларга ёрдам бераётган бўлса, бизга ҳам ёрдам беради, деб хулоса қилдик. Доимо маҳаллий оқсоқолларнинг маслаҳатларига қулоқ солардик, хавфсизлик чораларини кўрардик, қолганини эса Яҳованинг қўлига топширардик.
Албатта, баъзи вазиятлар биз кутгандай унча хавфли бўлмаган. Бир куни мен борган уй яқинида иккита аёл бир-бирига ҳақоратли сўзларни айтиб жанжал қилаётганини эшитгандай бўлдим. Бу мени умуман қизиқтирмаган, лекин уй эгаси ташқарига чиқишимизни айтди. Аслида эса, «жанжал» қўшниларга тақлид қиладиган иккита тўтиқуш орасида бўлаётганди.
ҚЎШИМЧА ВАЗИФАЛАР ВА ҚИЙИНЧИЛИКЛАР
1997 йили Хизмат малакасини ошириш мактабида таълим бериш учун тайинландим b. Ташкилотимизнинг мактабларида бўлишни ҳамиша қадрлардим. Бироқ уларнинг бирида таълим бериш шарафига эга бўлишим хаёлимга келмаган.
Кейинчалик вилоят нозири этиб тайинландим. Вилоят нозири этиб тайинланиш тўхтатилганда эса яна туман нозири бўлдим. Шундай қилиб, 30 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида инструктор ва туман нозири бўлиб хизмат қилдим. Шунда кўп баракаларга эга бўлдим. Лекин қора кунлар ҳам бўлган. Келинг, бу борада ҳам айтиб берай.
Мен шахсияти кучли инсонман. Бу менга қийин вазиятларда кўл келган. Аммо жамоатдаги масалаларни ҳал қилишда ҳаддан ташқари кўп ғайрат кўрсатган пайтларим ҳам бўлган. Баъзида айримларни бошқаларга нисбатан кўпроқ меҳр кўрсатишга ва мулоҳазакор бўлишга жўшқинлик билан ундардим. Лекин шуниси қизиқки, айнан ўша пайтда ўзимга ҳам шу нарсалар етишмаётган эди. (Рим. 7:21–23)
Камчиликларим дастидан баъзан кўнглим бузиларди. (Рим. 7:24) Бир куни Яҳовага ибодат қилиб, тўла вақтли махсус ваъзгўйликни тўхтатганим ва Финляндияга қайтганим яхшироқ, деб ўйладим. Ўша куни кечки пайт йиғилишга бордик. У ерда эшитганларим туфайли вазифамни бажаришим ва камчиликларим устида ишлашда давом этишим кераклигига амин бўлдим. Ўшанда Яҳова бу ибодатимга аниқ жавоб бергани менга қаттиқ таъсир қилди. Қолаверса, У камчиликларимни енгишга меҳр ила ёрдам бераётганидан ниҳоятда миннатдорман.
КЕЛАЖАККА АМИНЛИК БИЛАН ҚАРАШ
Сёркка ва мен Яҳова ҳаётимизнинг кўп қисмини тўла вақтли хизматда ўтказиш шарафини берганини қадрлаймиз. У бу йиллар давомида жуда меҳрибон ва садоқатли бўлган хотинимни бергани учун ҳам миннатдорман.
Яқинда 70 ёшга тўлганимда инструктор ва туман нозири бўлиб хизмат қилишни тўхтатаман. Аммо бундан хафа эмасман. Нега дейсизми? Сабаби Яҳовага ўз ҳаддимизни билиб хизмат қилиш ва севги ҳамда миннатдорчиликка тўла қалб билан Уни мадҳ этиш катта шараф эканига юз фоиз аминман. (Михо 6:8; Марк 12:32–34) Яҳовани шарафлаш учун машҳур бўлишимиз керак эмас.
Бажарган ҳамма вазифаларни эслайдиган бўлсам, бошқалардан яхшироқ бўлганим ёки ўзгача қобилиятим борлиги учун уларга эга бўлганман, деб ўйламайман. Аслида Яҳованинг инояти туфайли уларга эга бўлганман. У камчиликларимга қарамай, менга бу вазифаларни топширган. Уларни фақат Яҳованинг кўмаги билан бажара оляпман. Шунга заифликларим Худонинг кучидан далолат деб айта оламан. (2 Кор. 12:9)
a Раймо Куокканен биродарнинг таржима ҳоли «Қўриқчи минораси» журналининг 2006 йил 1 апрель (рус) сонидаги «Яҳовага хизмат қилиш қароримиз қатъий» номли мақолада келтирилган.
b Ҳозир Шоҳлик хабарчилари мактаби.