Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

17-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

111-ҚЎШИҚ Яҳова — чин шодлик Манбаидир

Маънавий жаннатни асло тарк этманг

Маънавий жаннатни асло тарк этманг

Мен яратаётган нарсаларга қараб, қувонинг, тоабад шодланинг. (ИШАЁ 65:18)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Маънавий жаннат бизга қандай фойда келтиришини ва бошқаларни у ерга қай йўсин жалб қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1. Маънавий жаннат нима дегани ва нима қилиш қароримиз қатъий бўлиши керак?

 БУГУНГИ КУНДА ер юзида жаннат бор ва у яхши ишлар билан банд одамларга тўла. У ерда тинчликдан завқ олаётган миллионлаб одамлар яшайди. Ўша жаннатда бўлганлар у ерни тарк этишни сира ҳам хоҳламайди. Шунингдек, улар имкон қадар кўп инсонларни у ерга таклиф қилишни исташади. Қизиқ, бу қандай жаннат? Бу маънавий жаннат a.

2. Маънавий жаннат нимаси билан ўзгача?

2 Шуниси қизиқки, Яҳова Шайтоннинг ёвуз, нафратга ва хавф-хатарга тўла дунёсида сокин бир жойни барпо этган. (1 Юҳан. 5:19; Ваҳ. 12:12) Меҳрибон Тангримиз бу дунёнинг зарарли таъсирини кўряпти ва биз маънан гуллаб-яшнашимиз учун керакли нарсаларни тақдим этяпти. Унинг Каломидан маънавий жаннат «бошпана» ҳамда «суғорилган боғ» деб айтилганини билиб оляпмиз. (Ишаё 4:6; 58:11) Яҳованинг баракаси билан бу жаннатда яшаётганлар ушбу оғир охирги кунлар палласида ўзини бахтли ва бехатар ҳис қилишяпти. (Ишаё 54:14; 2 Тим. 3:1)

3. Ишаё 65-бобдаги башорат илк бор қандай амалга ошган?

3 Ишаё пайғамбар орқали Яҳова маънавий жаннатда яшайдиганларнинг ҳаёти қандай бўлишини тасвирлаган. Бу борада Ишаё 65-бобда ўқишингиз мумкин. У ердаги сўзлар илк бор мил. авв. 537 йили амалга ошган. Ўшанда тавба қилган яҳудийлар Бобил асирлигидан озод бўлиб, она юртига қайтишган. Яҳова халқига барака бериб, вайрон бўлган Қуддус шаҳрини ободонлаштиришга ва Исроилда ҳақ топинишнинг маркази сифатида маъбадни тиклашга кўмаклашган. (Ишаё 51:11; Закр. 8:3)

4. Ишаё 65-бобдаги башорат бизнинг замонамизда қандай амалга ошяпти?

4 Ишаёнинг бу башорати иккинчи марта мил. 1919 йили амалга оша бошлади. Ўшанда Яҳованинг хизматчилари Буюк Бобил асирлигидан озод бўлишди. Сўнг маънавий жаннат аста-секин кенгая бошлади. Ғайратли Шоҳлик хабарчилари кўп жамоатлар ташкиллаштиришди ва Худога ёқадиган фазилатларни намоён этишди. Қачондир ваҳший бўлган ва ахлоқсиз ҳаёт тарзини кечирган эркагу аёллар «Худонинг ниятига кўра яралган янги ўзликни кийиб оли»шди. (Эфес. 4:24) Албатта, Ишаё айтган баракаларнинг кўпи бўлажак янги дунёда том маънода амалга ошади. Лекин ҳатто ҳозир мажозий жаннатда бўлиб кўп фойда оляпмиз. Келинг, бу маънавий жаннат бизга қандай таъсир қилаётганини ва нега уни асло тарк этмаслигимиз кераклигини билиб олайлик.

МАЪНАВИЙ ЖАННАТДАГИЛАР ЎЗИНИ ҚАНДАЙ ҲИС ҚИЛАДИ?

5. Ишаё 65:13 да ваъда қилинганидай, маънавий жаннатда нимадан завқланяпмиз?

5 Соғлом бўлиб, тасаллига эга бўлишади. Ишаёнинг башоратидан маънавий жаннат ичидаги ва ташқарисидаги одамларнинг ҳаёти ўртасида катта фарқ борлигини кўряпмиз. (Ишаё 65:13 ни ўқинг.) Яҳова хизматчиларининг маънавий эҳтиёжларини тўлиқ қондиряпти. Биз муқаддас руҳга эгамиз, Каломни ўқишимиз мумкин ва унга асосланган маънавий озуқамиз бор. Бу «тўқ бўл»ишимизга, «ташна юр»маслигимизга ва қувонишимизга кўмаклашяпти. (Ваҳий 22:17 ни солиштиринг.) Аммо маънавий жаннатнинг ташқарисидагилар ҳақида бундай айта олмаймиз, улар «оч», «ташна» юришибди ва «уятга» қолишяпти. Уларнинг маънавий эҳтиёжлари қондирилмаяпти. (Амос 8:11)

6. Йўэл 2:21–24 да Яҳова бизга бераётган қайси айрим ҳадялар айтилган ва улар қандай фойда келтириши мумкин?

6 Йўэл пайғамбар башоратида дон, шароб ва зайтун мойи каби зарурий нарсаларни тилга олиб, Яҳова сахийлик ила халқини керакли нарсалар, жумладан, маънавий ризқ-рўз билан таъминлаётганини кўрсатган. (Йўэл 2:21–24) Масалан, У буни Каломи ва унга асосланган адабиётлар, веб-сайтимиз, йиғилишларимиз ҳамда анжуманларимиз орқали қиляпти. Маънавий ризқ-рўздан кунда завқ олишимиз мумкин, натижада эса ўзимизни анча соғлом ҳис қилиб, тасаллига эга бўламиз.

7. Нима туфайли «қалб» ҳолатиимиз яхши бўлади? (Ишаё 65:14)

7 Бахт ва мамнуният ҳис қилишади. Худонинг хизматчилари «шодликка тўлиб ҳайқиради», чунки улар Ундан миннатдор. (Ишаё 65:14 ни ўқинг.) Имонга имон қўшадиган ҳақиқатлар, Каломдаги тасалли берувчи ваъдалар ва мустаҳкам умидимиз Масиҳнинг тўлов қурбонлигига асосланиб, «қалби»мизни яхши ҳолатда сақлашга кўмаклашяпти. Булар борасида имондошларимиз билан гаплашсак, жуда бахтиёр бўламиз. (Заб. 34:8; 133:1–3)

8. Маънавий жаннатнинг иккита асосий хусусияти қандай?

8 Яҳованинг халқи орасидаги севги ва якдиллик маънавий жаннатнинг иккита асосий хусусиятидир. Бу «бирлаштирадиган севги» янги дунёда ҳаёт қандай бўлишини тасаввур қилишимизга ёрдам беради. Ўшанда Яҳованинг хизматчилари ҳозиргидан ҳам кўпроқ севги ҳис қилиб, бирлашган бўлади. (Колос. 3:14) Битта опамиз илк бор Яҳованинг хизматчилари билан танишганда эътибор берган нарсалари ҳақида шундай деди: «Қандай қилиб бахтли бўлиш, ҳатто оиламда ҳам буни қандай уддалаш мумкинлигини билмасдим. Илк бор амалда севгини Яҳованинг Шоҳидлари орасида кўрдим». Чинакамига бахтли ва мамнун бўлишни истаган ҳар бир киши маънавий жаннатга келиши лозим. Бу дунёдагилар Яҳованинг хизматчилари ҳақида қандай фикрда бўлмасин, Унинг ноёб оиласида мақтовга сазовор ном ёки обрўга эга бўлишади. (Ишаё 65:15)

9. Ишаё 65:16, 17 га кўра, ҳаётимиздаги қийинчиликлар билан нима бўлади?

9 Ўзларини бемалол ва хотиржам ҳис қилишади. Ишаё 65:14 да айтилишича, маънавий жаннатнинг ташқарисида бўлганларнинг қалби қайғуга тўлганидан «дод-вой» солади, руҳи эзилганидан «фиғон» чекади. Бироқ Худонинг хизматчиларига оғриқ ва азоб келтираётган барча нарса ҳақида нима деса бўлади? Охир-оқибат, улар «унутилади, улар [Худонинг назаридан] ғойиб бўлади». (Ишаё 65:16, 17 ни ўқинг.) Яҳова муаммоларимизни йўққа чиқаради, вақти келганда эса бундай оғриқли хотиралар буткул унутилади.

10. Нега имондошлар билан бирга вақт ўтказиш имконияти учун миннатдорсиз? (Расмга ҳам қаранг.)

10 Ҳатто ҳозир йиғилишларимизда бўлганимизда ўзимизни анча хотиржам ҳис қиламиз. У ерда ўзимизни бемалол ҳис қилиб, бу ёвуз дунёдаги ҳаловатимизни бузаётган нарсалар ортда қолади. Шунингдек, муқаддас руҳ самараси бўлмиш севги, севинч, тинчлик, меҳрибонлик ва мулойимлик фазилатларини намоён этганимизда, имондошларимиз ўзини хотиржам ҳис қилишига кўмаклашамиз. (Галат. 5:22, 23) Ҳа, Худонинг ташкилотида бўлиш катта барака! Маънавий жаннатдагилар Аллоҳнинг «янги осмон ва янги ер» тўғрисидаги ваъдаси тўлиқ амалга ошишини кўришади.

Маънавий жаннатда Худонинг оиласи орасида бўлишдан завқланиш баракадир! (10-хатбошига қаранг.) c


11. Ишаё 65:18, 19 га кўра, Яҳова барпо этган маънавий жаннат бизга қандай таъсир қилиши лозим?

11 Миннатдор бўлиб, завқланишади. Шунингдек, Ишаё пайғамбар нега қувонишимиз ва шодланишимиз кераклигини тушунтирган. Биламизки, маънавий жаннатни Яҳова барпо этган. (Ишаё 65:18, 19 ни ўқинг.) Шунинг учун ҳам Яҳова биз орқали одамларга У тўғрисида ҳақиқатни ўргатмаётган бу дунёдаги ташкилотларни тарк этишга ва уларга кўркам маънавий жаннатнинг бир қисми бўлишга ёрдам бераётганидан ҳайрон эмасмиз. Ҳақиқатни билиш бизга барака ва завқ келтиряпти. Уни бошқаларга айтишни жуда ҳам истаймиз. (Ерм. 31:12)

12. Ишаё 65:20–24 да ёзилган ваъдалар сизга қандай таъсир қиляпти ва нима учун?

12 Маънавий жаннат фуқаролари сифатида умидга эга бўлганимиздан миннатдормиз ва бундан завқланяпмиз. Худонинг янги дунёсида кўрадиган ва қиладиган нарсалар борасида бир ўйлаб кўринг! Муқаддас Китобда шундай ваъда қилинган: «Атиги бир неча кун умр кўрган гўдаклар ҳам, ёшини яшамай қазо қилган кексалар ҳам бошқа бўлмайди». Уйлар қуриб, бу уйларда яшаймиз, узумзорлар барпо этиб, ҳосилидан еймиз. «Яҳовадан барака топган»имиз учун «беҳудага меҳнат» қилмаймиз. У бизга чинакам мазмунга тўла хавфсиз ва қониқарли ҳаётни ваъда қиляпти. «Улар ҳали чақирмасидан» У ҳар бир кишининг эҳтиёжларини билади ва «ҳар бир тирик жоннинг истагини қондира»ди. (Ишаё 65:20–24; Заб. 145:16)

13. Одамлар Яҳовага хизмат қила бошлаганда ҳаёти ўзгаргани Ишаё 65:25 да қандай таърифланган?

13 Тинчлик ва хавфсизлик ҳис қилишади. Илгари шафқатсиз, зўравон ёки алдоқчи бўлган кўплар Худо руҳининг кўмаги билан ҳаётини тубдан ўзгартиришди. (Ишаё 65:25 ни ўқинг.) Улар ёмон иллатларини таг-томири билан суғуриб ташлашга жон куйдиришди. (Рим. 12:2; Эфес. 4:22–24) Албатта, Худонинг хизматчилари ҳам номукаммал, шунга хатолар қилиб туришади. Лекин Яҳова «ҳар турли инсонлар»ни севги ва тинчлик каби узилмас ришталар билан бирлаштирди. (Титус. 2:11) Буни фақат қодир Тангри қила оладиган мўъжиза деса бўлади!

14. Ишаё 65:25 даги сўзлар битта биродарнинг мисолида қандай амалга ошди?

14 Одамлар чиндан ҳам шахсиятини ўзгартира оладими? Битта мисолни кўриб чиқайлик. Бир йигит ахлоқсиз ва зўравон ҳаёт кечиргани учун 20 ёшга киргунча бир неча марта қамалган эди. У машина ўғирлаш, талончилик ва бошқа оғир жиноятлар учун қамоқда ўтирган. У доим ким биландир ёқалашишга шай турарди. Илк бор Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни эшитганида, йиғилишларимизга боришни бошлаганида, у яшаш учун арзийдиган нарсани — маънавий жаннатни топганига амин бўлди. Сувга чўмгач, у кўп ҳолларда Ишаё 65:25 даги сўзлар унда қандай амалга ошгани устида фикр юритади. Дарҳақиқат, бўрига ўхшаш ваҳший киши қўзидай тинчликсевар инсонга айланди.

15. Нега бошқаларга маънавий жаннатга қўшилишни таклиф қиламиз ва буни қандай қила оламиз?

15 Ишаё 65:13 шундай сўзлар билан бошланади: «Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда». Ишаё 65:25 эса «демоқда Яҳова» деган сўзлар билан тугайди. Чиндан ҳам Аллоҳнинг сўзлари доим рост бўлиб чиқади. (Ишаё 55:10, 11) Маънавий жаннат ҳозир мавжуд. Яҳова хизматчиларидан иборат бўлган чинакамига ноёб оилани барпо қилган. Ушбу оилада нисбатан тинчлик топишимиз ва бу ёвуз дунёда бор бўлган хавфсиз воҳада завқланишимиз мумкин. (Заб. 72:7) Шу сабабли имкон қадар кўп инсонларга бу оиламизга қўшилишга ёрдам бермоқчимиз. Буни шогирд тайёрлаш ишига диққат қаратиш орқали қила оламиз. (Мат. 28:19, 20)

БОШҚАЛАРНИ МАЪНАВИЙ ЖАННАТГА ҚАНДАЙ ЖАЛБ ҚИЛА ОЛАМИЗ?

16. Одамларни маънавий жаннатга келишга нима ундаши мумкин?

16 Ҳар биримиз бошқаларни маънавий жаннатга жалб қилишда ўз ҳиссамизни қўша оламиз. Бунинг учун Яҳовага тақлид қилишимиз керак. У инсонларни ташкилотига мажбурлаб олиб келмайди. Аксинча, одамларни ўзига юмшоқлик ила «жалб қил»ади. (Юҳан. 6:44; Ерм. 31:3) Яҳованинг севгига бой фазилатлари ва ажойиб шахсияти борасида таълим олаётган қалби тоза инсонлар Унга яқинлашиши табиий. Хўш, биз-чи, гўзал фазилатларимиз ва яхши хулқ-атворимиз орқали одамларни маънавий жаннатга қандай жалб қила оламиз?

17. Бошқаларни маънавий жаннатга қандай жалб қила оламиз?

17 Бошқаларни маънавий жаннатга жалб қилишнинг бир йўли имондошларга севги ва меҳрибонлик ила муносабат кўрсатишдир. Ҳақиқатга қизиқиш билдирган инсонлар йиғилишларимизга қатнай бошлаганда, худди ўтмишда Коринфдаги йиғилишларга борган имондош бўлмаган инсонлардай хулосага келишини истаймиз. Улар: «Чиндан ҳам Аллоҳ сизлар билан экан»,— деб айтишган. (1 Кор. 14:24, 25; Закр. 8:23) Шу йўсин, «ўзаро тинч-тотув яшанглар» деган маслаҳатга амал қилишда давом этишимиз даркор. (1 Салон. 5:13)

18. Одамларни ташкилотимизга нима жалб қилиши мумкин?

18 Биродару опа-сингилларимизга Яҳова каби қарашимиз керак. Буни уларнинг охири йўқ бўлиб кетадиган камчиликларига эмас, ижобий томонларига диққат қаратиш орқали қила оламиз. Орамиздаги тушунмовчиликларни доим бир-биримизга «меҳрибон, раҳм-шафқатли» бўлиш ва чин дилдан кечириш орқали севги руҳида ҳал қилишимиз мумкин. (Эфес. 4:32) Шунда маънавий жаннат ўзига худди шундай муносабат кўрсатилишини истайдиган кишиларни жалб қилади b.

МАЪНАВИЙ ЖАННАТ ИЧИДА БЎЛИНГ

19. a) « Улар кетган, лекин яна қайтган» номли рамкада келтирилганидай, маънавий жаннатга қайтганларнинг баъзилари нима деган? б) Нима қилиш қароримиз қатъий бўлиши керак? (Расмга ҳам қаранг.)

19 Маънавий жаннатимиз учун миннатдормиз! У илгаригидан ҳам кўркам ва у ерда ҳар қачонгига қараганда Яҳованинг хизматчилари кўп. Келинг, Яҳова биз учун яратган бу жаннат борлигидан миннатдор бўлайлик. Тасаллига эга бўлишни, мамнун, хотиржам ва хавфсизликда бўлишни истаган ҳар қандай инсон маънавий жаннатга келиб, уни ҳечам тарк этмасин! Ҳушёр бўлинг, чунки Шайтон бизни ундан узоқлаштириш учун қўлидан келганини қиляпти. (1 Бутр. 5:8; Ваҳ. 12:9) У ғалаба қозонишига йўл қўймаслигимиз муҳим. Келинг, кўркам, пок ва тинч маънавий жаннатни ҳимоя қилиш учун жон куйдирайлик!

Маънавий жаннатда қолаётганлар келажакдаги том маънодаги жаннатда ҳам бўлишдан завқланади (19-хатбошига қаранг.)


ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Маънавий жаннат нима дегани?

  • Маънавий жаннатда қандай баракалардан завқланяпмиз?

  • Бошқаларни унга қай йўсин жалб қила оламиз?

144-ҚЎШИҚ Совринга қараб чопинг!

a ИБОРА МАЪНОСИ. «Маънавий жаннат» Яҳовага завқланиб топинаётган хизматчилар орасидаги тинч муҳитни билдиради. Бу жаннатда Яҳова ҳамда бир-биримиз билан тинч муносабатларга эга эканимиздан бахтиёрмиз.

b Бир опамиз маънавий жаннатда бўлгани учун олаётган баракаларини кўриш учун jw.org сайтида «Улар ҳозир қаерда? Алёна Житникова. Орзуим қандай амалга ошди?» номли видеони томоша қилинг.

c РАСМГА ШАРҲ. Кўплар Йиғилиш залида бирга мулоқот қилишдан фойда оляпти, битта биродар эса ўзини четга оляпти.