Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Нега шоҳ Довуднинг қўшинида исроиллик бўлмаган кишилар ҳам бор эди?

ШОҲ ДОВУДНИНГ қўшинида исроиллик бўлмаганлар ҳам бор эди, масалан, оммонлик Зилах, хетий Уриё ва мўаблик Йитмо. (1 Сол. 11:39, 41, 46) a Ҳойнаҳой, улар орасида харетийлар, палатийлар ва гатликлар ҳам бўлган. (2 Шоҳ. 15:18) Харетийлар билан палатийлар филистимликлар билан яқин бўлганга ўхшайди. (Ҳиз. 25:16) Гатликлар филистимликларнинг Гат шаҳридан бўлган бўлса керак. (Ёшуа 13:2, 3; 1 Шоҳ. 6:17, 18)

Нега Довуд қўшинида бундай кишилар бўлишига йўл қўйган? Довуд улар унга, энг муҳими эса Яҳовага содиқ эканига ишонган. Мисол учун, харетийлар ва палатийлар ҳақида Муқаддас Китобнинг бир луғатида қуйидагича ёзилган: «Улар Довуд бошқарган даврнинг энг мушкул пайтларида унга содиқ бўлиб қолишган». («The New Interpreter’s Dictionary of the Bible») Қизиқ, улар буни қандай намоён этишган? «Барча исроилликлар» шоҳ Довудга эргашмай қўйиб, «Шава исмли бир иғвогар киши»га эргашганда, харетийлар ва палатийлар содиқ бўлиб қолишди ва Шава кўтарган исённи бости-бости қилишга ёрдам беришди. (2 Шоҳ. 20:1, 2, 7) Бошқа сафар эса шоҳ Довуднинг ўғли Одониё Сулаймоннинг ўрнига тахтга ўтирмоқчи бўлган. Ўшанда ҳам харетийлар ва палатийлар Довудга содиқ қолиб, Яҳова бошқариш учун танлаган Сулаймон тахтга ўтиришига ёрдам беришган. (3 Шоҳ. 1:24–27, 38, 39)

Довудга ниҳоятда содиқ бўлган яна бир инсон бу гатлик Этхай. Довуднинг ўғли Абсалом исён кўтариб, Исроил эркакларини унга қарши қайрамоқчи бўлганда, Этхай ва унинг 600 та жангчиси Довудни қўллаб-қувватлашган. Довуд у исроиллик бўлмагани учун жанг қилмаслиги мумкинлигини унга айтган. Аммо Этхай шундай деган: «Барҳаёт Яҳова ва сиз ҳаққи қасам ичиб айтаманки, шоҳ ҳазратлари қаерга бормасинлар, мен хизматкорингиз ҳам ўша ерга бораман. Ҳатто сиз билан бирга ўлишга ҳам тайёрман!» (2 Шоҳ. 15:6, 18–21)

Этхай Яҳова танлаган шоҳ Довудга содиқ бўлган

Гарчи харетийлар, палатийлар ва гатликлар исроиллик бўлишмаса-да, Яҳовани Ҳақ Таоло, Довудни эса У танлаган шахс деб билишган. Довуд шу каби содиқ кишилар унинг томонида бўлганидан жуда миннатдор бўлган бўлса керак!

a Қонунлар 23:3–6 да ёзилган Худонинг қонунига кўра, оммонликлар ва мўабликлар Исроил халқининг жамоатига кира олмасди. Лекин бу қонун остида Исроил халқида тўлиқ қонуний аъзолик назарда тутилганга ўхшайди ва унга биноан, бундай кишиларга Худонинг халқидаги одамлар билан мулоқот қилиш ёки уларнинг орасида яшаш тақиқланмаган эди. («Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг (рус) «Аммонитяне» мавзусидаги «Браки с израильтянами» сарлавҳасига қаранг.)