15-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
124-ҚЎШИҚ Вафодормиз
Яҳованинг ташкилотига бўлган ишончингизни мустаҳкамланг
Орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларни унутманглар, ахир улар сизларга Тангрининг каломини айтишган. (ИБРОН. 13:7)
НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?
Яҳованинг ташкилотига бўлган ишончимизни қай йўсин мустаҳкамлашимиз мумкинлигини ва уни йўқотмаслигимизга нима ёрдам беришини билиб оламиз.
1. Яҳованинг халқи биринчи асрда қандай тартибга амал қилган?
ЯҲОВА хизматчиларига бирорта вазифа топширса, улар уни тартиб билан бажаришларини истайди. (1 Кор. 14:33) Масалан, Худонинг иродаси бутун ер юзи бўйлаб хушхабар ваъз қилинишидан иборат. (Мат. 24:14) Яҳова бу ишга бош-қош бўлишни Исога топширган. У ҳам бу иш тартиб билан бажарилишига ғамхўрлик қиляпти. Биринчи асрда турли жойларда жамоатлар ташкиллаштирилган. Йўл-йўриқ бериш ва масъулиятни ўз зиммасига олиш учун оқсоқоллар тайинланган. (Ҳавор. 14:23) Ўшанда Қуддусда оқсоқоллар кенгаши ҳаворийлар ва бошқа оқсоқоллардан иборат бўлиб, муайян қарорлар чиқаришган. Бу қарорларга ҳамма жамоатлар амал қилиши кутилган. (Ҳавор. 15:2; 16:4) Имондошлар олган йўл-йўриқларга бўйсунгани натижасида «жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, имонлиларнинг сони ортиб борарди». (Ҳавор. 16:5)
2. Яҳова 1919 йилдан бери қай йўсин йўл-йўриқ ва маънавий озуқани тақдим этяпти?
2 Яҳова бугун ҳам халқи орасида тартиб бўлишига ғамхўрлик қиляпти. 1919 йилдан бери Исо ваъзгўйлик иши ташкиллаштирилиши ва издошларига маънавий озуқа ўз вақтида етказилиши учун мойланган масиҳийларнинг кичик гуруҳидан фойдаланяпти. (Луқо 12:42) a Яҳова бу гуруҳнинг меҳнатига барака бераётгани яққол кўриняпти. (Ишаё 60:22; 65:13, 14)
3, 4. a) Орамизда тартиб борлиги фойдали эканини кўрсатувчи мисол билан бўлишинг. б) Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
3 Агар орамизда тартиб бўлмаганида, Исо бизга топширган вазифани бажара олмасдик. (Мат. 28:19, 20) Масалан, биродарлар ваъзгўйлик учун ҳудудларни тақсимламаганида ҳамма ўзи истаган жойда ваъз қиларди. Шунда баъзи ҳудудларда қайта-қайта ваъз қилинса, бошқа ҳудудларда ваъз қилинмасди. Орамиздаги тартибнинг бошқа фойдали томонлари ҳам хаёлингизга келгандир.
4 Исо ер юзида бўлганида тартиб билан хизмат қилишимиз учун ўрнак қолдирган. Ушбу мақолада Исо кўрсатган ўрнакни ва ташкилотимиз унга қандай тақлид қилаётганини кўриб чиқамиз. Шунингдек, Яҳованинг ташкилотига бўлган ишончимизни қай йўсин намоён этишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
ТАШКИЛОТИМИЗ ИСОНИНГ ЎРНАГИГА ЭРГАШЯПТИ
5. Исонинг ўрнагига эргашаётганимизнинг йўлларидан бири қандай? (Юҳанно 8:28)
5 Исо самовий Отасидан нима қилишни ва нима дейишни ўрганган. Унинг ўрнагига тақлид қилган ҳолда ташкилотимиз ахлоқ борасидаги таълимотларни ва йўл-йўриқларни Худонинг Каломига асослайди. (Юҳанно 8:28 ни ўқинг; 2 Тим. 3:16, 17) Биз тез-тез Худонинг Каломини ўқиш ва билиб олганларимизни амалда қўллаш борасида эслатмалар олиб турамиз. Хўш, бу маслаҳатга амал қилиш бизга қандай фойда келтиради?
6. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишдан фойда олаётганимизнинг муҳим йўли қандай?
6 Муқаддас Китобни адабиётларимиз ёрдамида тадқиқ қилишдан кўп фойда оляпмиз. Масалан, у ердаги таълимотларни ташкилотимиздан олаётган йўл-йўриқлар билан солиштира оламиз. Бу йўл-йўриқлар Муқаддас Ёзувларга асосланганини кўрганимизда Яҳованинг ташкилотига бўлган ишончимиз янада ошади. (Рим. 12:2)
7. Исо қандай хабарни ваъз қилган ва ташкилотимиз унинг ўрнагига қай йўсин эргашяпти?
7 Исо «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни» ваъз қилган. (Луқо 4:43, 44) У шогирдларига ҳам бу Шоҳлик тўғрисида ваъз қилишни амр этган. (Луқо 9:1, 2; 10:8, 9) Бугун Яҳованинг ташкилотига тегишли бўлган ҳар қандай инсон қаерда яшашидан ёки ташкилотда қанча кўп вазифага эга бўлишидан қатъи назар, бу Шоҳлик тўғрисида ваъз қилади.
8. Қандай шарафга эгамиз?
8 Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги ҳақиқатни бошқалар билан бўлишишни катта шараф деб биламиз. Ҳамма ҳам бундай шарафга эга эмас. Масалан, Исо ер юзида бўлганида жинларга у ҳақда шоҳидлик беришга йўл қўймаган. (Луқо 4:41) Ҳозир ҳам Яҳованинг Шоҳиди сифатида ваъз қилишни хоҳлаган инсон Уни мамнун қиладиган тарзда ҳаёт кечириши зарур. Ҳар қаерда ва ҳар қачон ваъз қилиш орқали бундай шараф учун миннатдор эканимизни намоён этамиз. Исо каби мақсадимиз одамларнинг қалбига Шоҳлик уруғини экиш ва суғоришдан иборат. (Мат. 13:3, 23; 1 Кор. 3:6)
9. Ташкилотимиз Худонинг исмини бошқаларга қай йўсин танитяпти?
9 Исо Худонинг исмини маълум қилган. У самовий Отасига ибодат қилганда шундай деган: «Мен исмингни уларга маълум қилдим». (Юҳан. 17:26) Ташкилотимиз Исонинг ўрнагига тақлид қилган ҳолда бошқаларга Худонинг исмини аён қилиш учун қўлдан келганча ҳаракат қиляпти. Бунда «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» муҳим роль ўйнайди. Чунки унда керакли барча жойларда Худонинг исми қайта тикланган. Ҳозир бу таржима тўлиқ ёки қисман 270 дан зиёд тилларда мавжуд. У ердаги илованинг А4 ва А5 мавзуларида Муқаддас Китобда Худонинг исми қайта тикланиши билан боғлиқ керакли тафсилотларни топасиз. Шунингдек, у ерда Худонинг исми Юнонча ёзувларнинг 237 та жойида нега туриши кераклиги тушунтирилган.
10. Мьянмадаги аёл айтган сўзларидан нимани ўргандингиз?
10 Исога ўхшаб имкон борича кўпгина одамларга Худонинг исмини билишга ёрдам беришни истаймиз. Мьянмадаги 67 ёшли бир аёл Худонинг исми борлигини билгач, кўзига ёш келди. У шундай деди: «Ҳаётимда илк бор Худонинг исми Яҳова эканини эшитдим. [...] Сизлардан энг муҳим нарсани билиб олдим». Кўриб турганимиздек, Худонинг исмини билиш самимий инсонларга кучли таъсир қилиши мумкин.
ТАШКИЛОТИМИЗГА БЎЛГАН ИШОНЧИНГИЗНИ КЎРСАТИШДА ДАВОМ ЭТИНГ
11. Оқсоқоллар ташкилотимизга ишонаётганини қандай кўрсата олади? (Расмга ҳам қаранг.)
11 Оқсоқоллар Худонинг ташкилотига ишонаётганини кўрсатишининг йўлларидан бири қандай? Улар йўл-йўриқ олганда уни диққат ила ўқишлари, кейин эса қобилиятларини ишга солиб унга амал қилиш учун жон куйдиришлари керак. Масалан, улар нафақат дастур қисмлари билан қандай чиқиш, жамоатда қандай ибодат қилиш, балки Масиҳнинг қўзичоқларига қай йўсин ғамхўрлик қилиш борасида ҳам йўл-йўриқ олишади. Ташкилот бераётган йўл-йўриқларга амал қилаётган оқсоқоллар қўл остидаги кишиларга ўзларини хавфсиз ва севикли ҳис қилишларига ёрдам беришади.
12. a) Нега раҳбарликни ўз зиммасига олган биродарлар билан ҳамкорлик қилишимиз керак? (Ибронийларга 13:7, 17) б) Нега диққатимизни раҳбарликни ўз зиммасига олганларнинг ижобий томонларига қаратишимиз лозим?
12 Оқсоқоллардан йўл-йўриқ олганимизда унга бажонидил амал қилишимиз керак. Шу йўсин, раҳбарликни ўз зиммасига олган кишиларнинг ишини осонлаштирган бўламиз. Муқаддас Китобга биноан, уларга итоаткор бўлиб, қулоқ солишимиз лозим. (Ибронийларга 13:7, 17 ни ўқинг.) Гоҳида бундай қилиш қийин бўлиши ҳеч гап эмас. Нима учун? Сабаби улар номукаммал. Бироқ уларнинг ижобий эмас, салбий томонларига диққат қаратсак, аслида душманларимизга ёрдам берган бўламиз. Қизиқ, қанақасига? Душманларимиз Худо бизни бошқаришда ташкилотидан фойдаланишдан шубҳаланишимизни истайди. Демак, оқсоқоллар ҳақида салбий фикрда бўлсак, ташкилотимиз борасида ҳам худди шундай ўйлай бошлашимиз ва ишончимизни йўқотишимиз мумкин. Хўш, душманларимизнинг ёлғонларини аниқлаш ва рад этиш учун нима қила оламиз?
БОШҚАЛАР ИШОНЧИНГИЗНИ ЗАИФЛАШТИРИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ
13. Қандай қилиб Худонинг душманлари ташкилотимизни ёмон отлиққа чиқармоқчи?
13 Худонинг душманлари ташкилотимизнинг ижобий томонларини салбий қилиб кўрсатмоқчи. Мисол учун, Муқаддас Ёзувлардан шуни билиб олдикки, Яҳова топинувчиларидан жисмонан, ахлоқан ва маънан пок бўлишини кутади. У ахлоқсиз ҳаёт кечириб, тавба қилмаган ҳар бир киши жамоатдан четлатилишини талаб қиляпти. (1 Кор. 5:11–13; 6:9, 10) Бироқ бу амрга амал қилганимиз учун душманларимиз бизни одамларни севмайдиган, ҳукм қиладиган ва фанатик деб айблашяпти.
14. Ташкилотимиз ҳақида ёлғон гап-сўзларни тарқатаётганларнинг ортида ким турибди?
14 Аслида ким ҳужум қилаётганини аниқланг. Ташкилотимиз ҳақидаги ёлғонларнинг ортида аслида Шайтон Иблис турибди. У «ёлғоннинг отаси». (Юҳан. 8:44; Ибт. 3:1–5) Шайтон ташкилотимиз ҳақида ёлғонларни тарқатиш учун тарафдорларидан фойдаланаётгани бизни ҳайрон қолдирмаслиги керак. Бу биринчи асрда ҳам яққол намоён бўлган.
15. Дин раҳбарлари Исо ҳамда унинг издошларига нисбатан нима қилишган?
15 Биринчи асрда Шайтоннинг тарафдорлари Худонинг мукаммал Ўғли ва у яратган ажойиб мўъжизалар ҳақида ёлғон гапиришган. Мисол учун, дин раҳбарлари Исо «ёвуз руҳларни жинлар ҳукмдори» ёрдами билан қувиб чиқарганини айтишган. (Марк 3:22) Исони ҳукм қилишганда дин раҳбарлари уни Худога қарши гапиришда айблашган ва уни ўлдиришни сўранглар деб халқни қайраб қўйишган. (Мат. 27:20) Кейинроқ Исонинг издошлари хушхабарни ваъз қилишди. Душманлар эса халққа «ёмон таъсир ўтказиб», бу издошларни қувғун қилишлари учун уларни қўзғатишди. (Ҳавор. 14:2, 19) «Қўриқчи минораси» 1998 йил 1 декабрь сонида Ҳаворийлар 14:2 шундай тушунтирилган: «Душманлик қилган яҳудийлар хушхабарни рад этиш билан кифояланмай, Исонинг издошлари ҳақида бўҳтонлар тарқатиб, ўзга халқ вакилларини уларга қарши қайраб қўйишган».
16. Ёлғон гап-сўзларни эшитсак, нимани ёдда тутишимиз керак?
16 Шайтон ҳозир ҳам одамларни алдаб келяпти. У «бутун ер юзини йўлдан оздириб юр»ибди. (Ваҳ. 12:9) Агар ташкилотимиз ёки раҳбарликни ўз зиммасига олган биродарлар тўғрисида салбий нарсаларни эшитсангиз, Худонинг душманлари Исога ҳамда биринчи асрдаги шогирдларга қандай муносабат кўрсатганини эсланг. Каломда башорат қилинганидай, ҳозир Яҳованинг халқи қувғунларга ва бўҳтонларга дуч келяпти. (Мат. 5:11, 12) Ёлғон гап-сўзлар қаердан келиб чиқаётганини тушунсак, уларга лаққа тушмаймиз ва зудлик билан ҳаракат қиламиз. Хўш, биздан қандай ҳаракатлар кутилади?
17. Ёлғон гап-сўзлар бизга зиён етказмаслиги учун қандай чоралар кўрсак бўлади? (2 Тимўтийга 1:13) (« Ёлғон гап-сўзларга қандай муносабатда бўлиш лозим?» номли рамкага ҳам қаранг.)
17 Ёлғонни рад этинг. Ҳаворий Павлус ёлғон гапларни эшитганимизда нима қилишимиз тўғрисида аниқ йўл-йўриқлар берган. У Тимўтийга баъзи кишиларга «уйдирмалар... билан бошларини қотирмас»ликни «муқаддас нарсаларни булғайдиган куфр сўзларни рад эт»ишни етказиши кераклигини айтган. (1 Тим. 1:3, 4; 4:7) Бир ўйлаб кўринг: ёш бола ердаги кир нарсани оғзига солиши мумкин, лекин ёши катта инсон бундай қилмайди. Сабаби бу унинг соғлигига зарар келтиришини тушунади. Ёлғонлар ортида ким турганини билганимиз учун уларни рад этамиз. Биз «соғлом сўзлар»дан иборат ҳақиқатнигина эшитишни истаймиз. (2 Тимўтийга 1:13 ни ўқинг.)
18. Ташкилотимизга бўлган ишончни қай йўсин ошира оламиз?
18 Худонинг ташкилоти Исонинг ўрнагига эргашаётганининг кўпгина йўлларидан бор-йўғи учтасини кўриб чиқдик. Муқаддас Китобни тадқиқ қилар экансиз, ташкилотимиз унинг ўрнагига эргашаётганининг бошқа йўлларига ҳам эътибор қаратинг. Жамоатингиздагиларга ташкилотимизга бўлган ишончни кучайтиришга кўмаклашинг. Шунингдек, Яҳовага садоқат ила хизмат қилиш ва У иродасини амалга оширишда фойдаланаётган ташкилот билан бирга бўлиш орқали ишончингизни намоён этинг. (Заб. 37:28) Келинг, Яҳованинг меҳрибон ва садоқатли хизматчилари билан бирга бўлиш шарафи учун доим миннатдор бўлайлик.
ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?
-
Худонинг хизматчилари Исодан қайси йўллар орқали ўрнак оляпти?
-
Яҳованинг ташкилотига бўлган ишончимизни намоён этишда қандай давом эта оламиз?
-
Ёлғон гап-сўзларга дуч келсак, нима қилишимиз керак?
103-ҚЎШИҚ Чўпонлар — Аллоҳ берган ҳадялар
a «Ниҳоят пок топиниш тикланди!» китобининг 102-, 103-саҳифаларидаги «Нега 1919 йил?» номли рамкага қаранг.
b РАСМГА ШАРҲ. Оқсоқоллар жамоат жойларида ваъз қилиш борасида муҳокама қилгач, гуруҳ нозири ваъзгўйларга деворга орқасини ўгириб туриш бўйича йўл-йўриқ беряпти.