Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

16-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

64-ҚЎШИҚ Ўрим-йиғимда қувонч ила қатнашамиз

Қай йўсин хизматда қувончни ошира оламиз?

Қай йўсин хизматда қувончни ошира оламиз?

Хурсанд бўлиб Яҳовага хизмат қилинг. (ЗАБ. 100:2)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Бу мақоладан хизматда кўпроқ қувонч топиш учун қандай қадамлар қўйиш мумкинлигини билиб оламиз.

1. Баъзилар хизматда бошқалар билан суҳбатлашиш борасида нималарни ҳис қилади? (Расмга ҳам қаранг.)

 ЯҲОВАНИНГ халқи сифатида самовий Отамизни севганимиз ва бошқаларга Уни таниб-билишда кўмаклашишни истаганимиз учун ваъз қиламиз. Шоҳидлик бериш кўпгина ваъзгўйларнинг жону дили. Лекин баъзилар учун хизматда қувонч топиш осонмас. Нега деганда, айримлар уятчан ва ўзига нисбатан ишонч етишмайди. Баъзилар учун бошқаларнинг уйига таклиф қилинмай бориш ноқулай. Айримлар эса одамларнинг жаҳли чиқишидан қўрқади ёки уларга баҳслашмаслик кераклигини ўргатиб келишган. Бундай биродару опа-сингилларимиз Яҳовани қаттиқ севишса-да, нотаниш одамларга хушхабарни айтишга қийналишади. Шундай бўлса ҳам, улар бу фаолият жуда муҳим эканини тушунишади ва унда мунтазам қатнашишади. Шубҳасизки, Яҳова улардан мамнун!

Ваъзгўйлик иши сизга ёқадими? (1-хатбошига қаранг.)


2. Хизматдан завқ олмаётган бўлсангиз, нега руҳингиз тушмаслиги керак?

2 Хўш, сиз ҳам бу каби туйғулар туфайли хизматда қувонч топишдан қийналяпсизми? Ундай бўлса, руҳингиз тушмасин. Ишонч етишмаётгани сиз камтарин эканингизни, ўзингизга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратишни ва бошқалар билан баҳслашишни истамаётганингизни кўрсатяпти. Ҳеч биримиз, айниқса, бошқалар учун яхшилик қилишга интилганимизда рад этилишни хоҳламаймиз. Самовий Отамиз ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни яхши билади ва сизга керакли ёрдамни тақдим этмоқчи. (Ишаё 41:13) Бу мақолада бундай туйғуларни енгишимизга қўл келадиган бешта тавсияни ва қай йўсин хизматдан кўпроқ қувонч топишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

ХУДОНИНГ КАЛОМИ СИЗНИ МУСТАҲКАМЛАСИН

3. Еремиё пайғамбарга ваъз қилишга нима ёрдам берган?

3 Асрлар давомида Худонинг сўзлари хизматчиларига қийин вазифани якунига етказишлари учун куч берган. Масалан, Еремиё пайғамбарни олайлик. Яҳова унга ваъз қилишни айтганида, у хавотирга тушган. У шундай деган: «Мен тузук гапира олмайман, ахир жуда ёшман-ку!» (Ерм. 1:6) Қизиқ, қай йўсин у ўзига нисбатан ишончни ошира олган? Еремиё Худонинг сўзларидан куч олган. У қуйидагича айтган: «Унинг сўзи юрагимда ёнган оловдай, суякларимда қамалган алангадай эди. Уни ичимда сақлаб туришдан чарчадим». (Ерм. 20:8, 9) Гарчи Еремиёнинг ҳудудида хизмат қилиш қийин кечган бўлса-да, у олган хабар бу ишни бажариши учун унга керакли куч берган.

4. Худонинг Каломини ўқисак ва мулоҳаза юритсак нима юз беради? (Колосаликларга 1:9, 10)

4 Масиҳийлар Каломдаги хабардан кучга тўлишган. Ҳаворий Павлус Колосадаги жамоатга ёзганда, аниқ билимни орттириш биродарларини «турли эзгу ишда» самара келтиришда давом этиш билан бирга «Яҳовага муносиб равишда» йўл тутишга ундашини айтган. (Колосаликларга 1:9, 10 ни ўқинг.) Бундай эзгу иш хушхабарни ваъз қилишни ўз ичига олади. Демак, Каломни ўқиб, мулоҳаза юритганимизда, Худога бўлган ишончимиз ошиб, Шоҳлиги тўғрисидаги хабар билан бўлишиш муҳим эканини тушунамиз.

5. Муқаддас Китобни ўқиш ва тадқиқ қилиш бизга кўпроқ фойда келтириши учун нима қилсак бўлади?

5 Худонинг Каломидан тўлиқ фойда олиш учун уни ўқиётганда, тадқиқ қилаётганда ва устида фикр юритаётганда шошмаслигимиз керак. Бунга алоҳида вақт ажратинг. Бирон оятни тушунмасангиз, бунга кўз юмманг. Аксинча, кўп тилларда мавжуд бўлган «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ёки «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»дан фойдаланиб, ўша оят борасида изланиш ўтказинг. Тадқиққа вақт ажратсангиз, Муқаддас Китоб ишончли эканига бўлган аминлигингизни мустаҳкамлайсиз. (1 Салон. 5:21) Ишончингиз қанчалик кучли бўлса, билиб олганларингизни бошқалар билан бўлишиш сизга шунчалик кўп завқ келтиради.

ХИЗМАТГА ПУХТА ТАЙЁРЛАНИНГ

6. Нега хизматга пухта тайёргарлик кўришимиз керак?

6 Хизматга яхши тайёрлансангиз, бошқалар билан суҳбат қурганингизда, ҳойнаҳой, унча кўп ҳаяжонланмайсиз. Исо шогирдларини хизматга юборишдан аввал уларни тайёрлаган. (Луқо 10:1–11) Улар унинг айтганларига амал қилишгани учун анчагина яхши ишлар қилиб, бундан қувонишган. (Луқо 10:17)

7. Хизматга қай йўсин тайёргарлик кўришимиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

7 Хўш, хизматга қай йўсин тайёргарлик кўра оламиз? Ҳақиқатни ўз сўзларимиз билан қай йўсин самарали тарзда айта олишимиз борасида ўйлашимиз лозим. Қолаверса, ҳудудингиздаги одамларнинг иккита ёки учта кенг тарқалган жавоби ва уларга нима деб айтиш тўғрисида ўйлаш фойдалидир. Хизматга чиққанимизда эса ҳаяжонланмасликка, табассум қилишга ва дўстона муносабат кўрсатишга интилишимиз мумкин.

Хизматга пухта тайёргарлик кўринг (7-хатбошига қаранг.)


8. Қайси маънода ҳаворий Павлус масиҳийларни лойдан ясалган идишларга ўхшатган?

8 Ҳаворий Павлус ваъзгўйлик ишидаги ўрнимизни таъкидлаб, қуйидагича ёзган: «Ушбу хазинани лойдан ясалган идишларда сақлаб юрибмиз». (2 Кор. 4:7) Бу қандай хазина? Бу — Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни ваъз қилишдек нажотбахш иш. (2 Кор. 4:1) Лойдан ясалган идишлар нима? Улар хушхабарни бошқаларга етказаётган Худонинг хизматчиларини билдиради. Павлуснинг даврида озиқ-овқат, шароб ва пул каби қимматбаҳо нарсаларни бир жойдан бошқа жойга етказиш учун савдогарлар лойдан ясалган идишлардан фойдаланишарди. Шу каби Яҳова қимматбаҳо хушхабарни бизга ишониб топширган. Унинг кўмаги билан бу хабарни садоқат ила бошқаларга етказиш учун керакли кучга эга бўлишимиз мумкин.

ЖАСОРАТ СЎРАБ ИБОДАТ ҚИЛИНГ

9. Одамлардан ёки хушхабар рад этилишидан қўрқиш туйғусини қандай енга оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

9 Гоҳида одамлардан ёки улар хушхабарни рад этишидан қўрқармиз. Бу муаммони қандай енга оламиз? Ҳаворийларга ваъз қилиш ман этилганида, улар қандай ибодат қилганига диққат қаратайлик. Улар қўрқувга берилмай, «Тангрининг каломини» гапириш учун уларга жасорат ато этишини сўрашган. Яҳова уларнинг ибодатига дарров жавоб берган. (Ҳавор. 4:18, 29, 31) Баъзан одамлардан қўрқиш бизга таъсир қилса, Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилишимиз керак. Бундай қўрқувни одамларга бўлган севги орқали енгиш учун Яҳовадан ёрдам сўранг.

Жасорат сўраб ибодат қилинг (9-хатбошига қаранг.)


10. Яҳова биз Унинг Шоҳидлари бўлишимизга қандай ёрдам беряпти? (Ишаё 43:10–12)

10 Яҳова бизни Шоҳидлари сифатида тайинлаган ва жасоратли бўлишимизга ёрдам беришни ваъда қиляпти. (Ишаё 43:10–12 ни ўқинг.) У буни қилаётганининг атиги тўртта йўлига назар солайлик. Биринчидан, ҳар сафар ваъз қилганимизда Исо биз билан бўлади. (Мат. 28:18–20) Иккинчидан, Яҳова бизга ёрдам бериш учун фаришталарни тайинлаган. (Ваҳ. 14:6) Учинчидан, Худо биз ёдлаган оятларни эсимизга солиш учун муқаддас руҳини беряпти. (Юҳан. 14:25, 26) Тўртинчидан, Яҳова бизга ҳамкорлар сифатида имондошларни тақдим этган. Унинг кўмаги ва севгига тўла биродарлигимизнинг қўллаб-қувватлаши билан муваффақиятли бўлишимиз учун керакли ҳамма нарсага эгамиз.

МОСЛАШУВЧАН ВА ИЖОБИЙ БЎЛИНГ

11. Хизматда бўлганимизда қай йўсин кўпроқ одамларни топа оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

11 Уйма-уй хизмат қилганда, фақат бир нечта одамни учратганингиздан кайфиятингиз тушадими? Ўзингиздан шундай сўранг: «Ҳозир ҳудудимдаги одамлар қаерда?» (Ҳавор. 16:13) «Улар ишдами ёки бозордами?» Бу пайтда кўчама-кўча хизмат қилиб кўпроқ одамни учрата оласизми? Жошуа исмли биродар шундай бўлишди: «Савдо-сотиқ марказлари ва бошқа дўконлар ҳудудларида ваъз қилиш имкониятларини излайман». У ва хотини Брижит кечки пайт бошланганда ҳамда якшанба кундузи уйма-уй хизмат қилишганда, кўпроқ одамларни учратишига аҳамият беришди. (Эфес. 5:15, 16)

Ваъз қилиш вақтингизни ва жойни ўзгартиринг (11-хатбошига қаранг.)


12. Одамлар нимага ишонишини ёки нимадан хавотирланишини қандай билиб олишимиз мумкин?

12 Агар одамлар унча қизиқиш билдирмаса, улар нимага ишонишини ёки нима ҳақида ташвишланишини аниқлашга ҳаракат қилинг. Жошуа ва Брижит муқаддима сифатида букламанинг муқовасидаги саволни қўллашади. Мисол учун, «Муқаддас Китоб ҳақида қандай фикрдасиз?» номли букламадан фойдаланиб, одамлардан шундай сўрашади: «Баъзилар Муқаддас Китобни Худодан деб билади, айримлар эса йўқ. Сиз қандай фикрдасиз?» Кўпинча бу суҳбатга йўл очади.

13. Ҳатто одамлар бизни тингламаса ҳам, нега ўзимизни хизматда муваффақиятли деб айта оламиз? (Ҳикматлар 27:11)

13 Хизматимизнинг муваффақияти натижасига боғлиқ эмас. Нега? Сабаби биз Яҳова ҳамда Унинг Ўғли қилишимизни истаётган иш — шоҳидлик бериш билан бандмиз. (Ҳавор. 10:42) Ҳатто хабарни айтиш учун ҳеч кимни учратмаган бўлсак ёки хушхабарни рад этишганида, қувонсак бўлади. Чунки бу билан самовий Отамизни мамнун қилаётганимизни биламиз. (Ҳикматлар 27:11 ни ўқинг.)

14. Нега бошқа ваъзгўй қизиқиш билдирган кишини топганда қувонишимиз мумкин?

14 Шунингдек, бошқа ваъзгўй ҳудудида қизиқиш кўрсатган одамни топганида хурсанд бўлишимиз мумкин. «Қўриқчи минораси»да фаолиятимиз йўқолган болани излаш билан солиштирилган. Уни қидиришда ҳудудма-ҳудуд юриб кўплар қатнашади. Бола топилганида эса нафақат уни топган инсон, балки барча бирга қувонади. Шунга ўхшаб, шогирд тайёрлаш ишида ҳам жамоатдаги ҳар бир киши ўз ҳиссасини қўшади. Жамоат ҳудудида ҳамма хизмат қилади. Шунинг учун кимдир йиғилишларга келишни бошласа, барча хурсанд бўлади.

ЯҲОВАГА ҲАМДА ЯҚИНИНГИЗГА БЎЛГАН СЕВГИГА ДИҚҚАТ ҚАРАТИНГ

15. Қай йўсин Матто 22:37–39 даги сўзларга амал қилиб хизматдаги ғайратимизни ошира оламиз? (Муқовадаги расмга ҳам қаранг.)

15 Яҳовага ҳамда яқинимизга бўлган севгига диққат қаратиш орқали ваъзгўйликда ғайратимизни ошира оламиз. (Матто 22:37–39 ни ўқинг.) Ваъзгўйлик ишида қатнашганимизни ва Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганимизни кўриб Яҳова қанчалик суюнишини бир тасаввур қилинг. Унутмангки, хушхабарни қабул қилган одамлар нажот топишади. (Юҳан. 6:40; 1 Тим. 4:16)

Яҳовага ва яқинларимизга бўлган севгига диққат қаратиш орқали хизматдаги қувончимизни оширамиз (15-хатбошига қаранг.)


16. Уйдан чиқа олмасак ҳам қандай қилиб хизматдан қувонч топишимиз мумкин? Мисоллар келтиринг.

16 Қайсидир сабабга кўра уйдан чиқа олмаяпсизми? Агар шундай бўлса, Яҳовага ҳамда яқинингизга бўлган севгингизни кўрсатиш учун нима қила олишингизга диққат қаратинг. COVID-19 пандемияси пайтида Сэмиел ва Дания уйидан чиқа олишмаган. Бу қийин вақт давомида улар мунтазам равишда телефон орқали шоҳидлик беришган, хатлар ёзишган ва зум орқали Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказишган. Сэмиел саратонга чалингани учун муолажа олишга касалхонага борганида, у ердагиларга шоҳидлик берган. У шундай деди: «Қийинчиликлар бизни ҳиссан, жисмонан ва маънан сусайтиради. Хизматимизда қувонч топишимиз керак». Ўша пайтда Дания ҳам йиқилиб тушди ва уч ойга тўшакка михланиб қолди. Кейин эса олти ой давомида ногиронлар аравачасида юришга мажбур бўлди. Дания қуйидагича бўлишди: «Мен шароитимдан келиб чиқиб, қўлимдан келган энг яхшисини қилишга ҳаракат қилдим. Меникига келган ҳамширага ва уйимизга у-бу нарсаларни етказиб берганларга ваъз қилдим. Бундан ташқари, тиббиёт соҳасидаги бир компанияда ишлаган аёл билан қизиқарли суҳбатлар қурдим». Бу жуфтлик вазияти туфайли кўп қила олмаган бўлса-да, қўлидан келганини қилди ва бундан қувонч топди.

17. Бу мақоладаги тавсиялар сизга фойда келтириши учун нима қилсангиз бўлади?

17 Бу мақолада тилга олинган бешта тавсияга амал қилишга уриниб кўринг. Ҳар бир тавсияни бирон рецептдаги масаллиққа ўхшатса бўлади. Рецептдаги ҳамма масаллиқлар солинса, овқатингиз мазали чиқади. Барча тавсияларни қўллаш орқали хизматда дуч келган ҳар қандай салбий туйғуни енгиб, кўпроқ қувона оламиз.

  • Пухта тайёрланиш учун вақт ажратиш...

  • Жасорат сўраб ибодат қилиш...

  • Яҳовага ҳамда яқинингизга бўлган севгига диққат қаратиш...

ҚАЙ ЙЎСИН ХИЗМАТДА ҚУВОНЧИНГИЗНИ ОШИРА ОЛАДИ?

80-ҚЎШИҚ «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан»