Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Мулойимлик — доноликдан даракдир

Мулойимлик — доноликдан даракдир

Бемор ва қариларга қарашда ихтисос олган Тони эшик қўнғироғини чалганида, унинг олдига ўрта ёшли бир аёл чиқади. Тони бу аёлнинг кекса онасига қарашга вақтлироқ келмагани учун, у Тонини ҳақоратлаб, уришиб беради. Аслида, Тони ишга кеч қолмаган эди. Аммо у мулойимлик билан англашилмовчилик учун аёлдан узр сўради.

КЕЛАСИ сафар ҳам ўша аёл Тонига яна ғазабнок ҳолда бақирди. Хўш, Тони ўзини қандай тутди? У шундай деб бўлишди: «Бу жуда қийин вазият эди. Ўша аёл мени ноҳақ ҳақорат қилди». Шунга қарамай, Тони яна аёлдан кечирим сўраб, унинг қийин аҳволини тушунаётганини айтди.

Борди-ю, Тонининг ўрнида бўлганингизда, ўзингизни қандай тутган бўлардингиз? Мулойимликни намоён этишга ҳаракат қилармидингиз? Ўзингизни тута билиш сиз учун қийин кечармиди? Тўғри, юқоридагига ўхшаш вазиятларда ҳис-туйғуларни жиловлаш осон бўлмаслиги мумкин. Асабийлашганда ёки қонимиз қайнаб турганида, мулойимликни намоён этиш ростдан ҳам қийин кечади.

Муқаддас Китоб масиҳийларни мулойим бўлишга ундаяпти. Шунингдек, у ерда бу фазилат донолик билан боғлиқ экани кўрсатилган. Ёқуб шундай деганди: «Орангизда доно ва идрокли киши ким? Буни, намунали хулқ-атворию доноликка хос мулойимлик ила қилган ишлари билан кўрсатсин». (Ёқб. 3:13) Қайси маънода мулойимлик юқоридан тушган доноликдан даракдир? Ушбу илоҳий фазилатни ривожлантиришда бизга нима ёрдам бера олади?

МУЛОЙИМЛИК — ДОНОЛИКДАН ДАЛОЛАТДИР

Мулойимлик таранг вазиятни юмшатиши мумкин. «Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳл чиқаради». (Ҳик. 15:1)

Ғазаб билан жавоб қайтариш оловга ёғ қуйиш каби бўлиб, ўзиям таранглашиб турган вазиятни баттар ёмонлаштириши мумкин. (Ҳик. 26:21) Мулойим жавоб эса кўпинча тинчликни сақлашга кўмаклашади ва ҳатто душманларча муносабатда бўлган инсоннинг кўнглини юмшата олади.

Тони ҳам бунга амин бўлди. Зеро, унинг мулойим жавобидан аёлнинг кўзларига ёш қалқиди. Шунда бу аёл шахсий ва оилавий муаммоларга кўмилиб кетганини айтади. Тони босиқ ҳамда тинчликсевар бўлгани учун ажойиб шоҳидлик беради ва ўша аёл билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлайди.

Мулойимлик бизни бахтли қила олади. «Мулойим кишилар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлишади». (Мат. 5:5)

Нима учун мулойим кишилар бахтлидир? Қачонлардир аччиғи тез бўлган инсонлар ҳозир мулойимликка бурканиб, ўзларини бахтли ҳис этишяпти. Уларнинг ҳаёти яхши томонга ўзгарган. Қолаверса, улар билишадики, уларни ажойиб келажак кутмоқда. (Колос. 3:12) Масалан, испаниялик туман нозири Адольфо ҳақиқатни билишидан аввал унинг ҳаёти қандай бўлганини эслайди.

У шундай деб айтиб берди: «Ҳаётимда ҳеч қандай маъно йўқ эди. Мен шунчалик жиззаки эдимки, ҳатто айрим дўстларим димоғдорлигимдан ва жазавам тутиб қолишидан қўрқишарди. Охир-оқибат, бир жанжалда менга 6 марта пичоқ санчишди. Ўшанда шунчалик кўп қон йўқотдимки, ўлишимга сал қолди».

Ҳозирда эса Адольфо сўзлари ва ўз ўрнаги билан бошқаларга мулойим бўлишни ўргатмоқда. Унинг мулойим ва хушфеъл табиати кўпларни ўзига жалб қилади. У ҳаётига ўзгаришлар кирита олганидан ўзини бахтли ҳис қилишини ҳамда Яҳова унга мулойимлик фазилатини ривожлантиришга ёрдам берганидан миннатдор эканини айтди.

Мулойимлик Яҳовани хурсанд қилади. «Эй, ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан». (Ҳик. 27:11)

Чиндан ҳам, Яҳова ашаддий душмани бўлмиш Шайтон томонидан мазах қилиняпти. Яҳованинг бундай атайин қилинган ҳақоратлардан жаҳли чиқишига ҳар қандай сабаблари бор. Лекин Муқаддас Китобда У «жаҳли тез чиқмайдиган» Худо сифатида тасвирланган. (Чиқ. 34:6) Биз ҳам Аллоҳга тақлидан жаҳлимизни тийсак ва мулойим бўлишга ҳаракат қилсак, Унинг донолигига эргашиб, қалбини қувонтирган бўламиз. (Эфес. 5:1)

Ҳозирги дунё адоватга тўладир. Шунинг учун ҳам, «ўзига ортиқ даражада ишонган, кеккайган, шаккок,.. туҳматчи, ўзини тута билмайдиган, шафқатсиз» инсонларни учратишимиз ҳеч гап эмас. (2 Тим. 3:2, 3) Аммо бу, масиҳийни мулойимликни ривожлантиришдан тўхтатмаслиги зарур. Аллоҳнинг Каломи бизга «юқоридан тушган донолик... тинчликпарвар, мулоҳазакор» эканини эслатмоқда. (Ёқб. 3:17) Тинчликпарварлик ва мулоҳазакорликни намоён этиб, илоҳий доноликка бурканганимизни исботлаймиз. Бундай донолик бизни жаҳл чиққанда ҳам мулойим жавоб қайтаришга ундаб, чексиз донолик манбаи бўлмиш Яҳовага янада яқинлаштиради.