Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳова Уни астойдил излаётганларни мукофотлайди

Яҳова Уни астойдил излаётганларни мукофотлайди

Тангрига яқинлашаётган киши Унинг бор эканлигига ва Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига ишониши лозим. ИБРОН. 11:6

ҚЎШИҚЛАР: 26, 55

1, 2. а) Севги ва имон бир-бири билан қандай боғлиқ? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

ТАНГРИ ЯҲОВА бизни биринчи бўлиб севгани учун, «биз Уни севамиз». (1 Юҳан. 4:19) Яҳова ташаббусни қўлга олиб, содиқ хизматчилари томон қадам ташлагани ва уларга барака бераётгани — нафис севгисини намоён этаётганининг йўлларидан биридир. Аллоҳни қанча кўп севсак, У нафақат мавжуд Шахс эканига, балки У севган кишиларини мудом мукофотлашига бўлган ишончимиз шунча мустаҳкам бўлади. (Ибронийларга 11:6 ни ўқинг.)

2 Яҳова Ўз хизматчиларини мукофотлаши — Унинг шахсиятининг ва ишларининг ажралмас қисмидир. Аллоҳ Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига тамомила ишонмагунимизча, имонимиз бут бўлмайди, зеро «имон — бу умид қилаётган нарсалар амалга ошишидан шубҳаланмасликдир». (Иброн. 11:1) Ҳа, имон Худо ваъда қилган баракаларни ҳеч шубҳаланмай кутишни ўз ичига олади. Хўш, мукофот олишга бўлган умид биз учун ўзи нимаси билан фойдали? Яҳова қадимдан бошлаб ҳозирги пайтгача Ўз хизматчиларини қай тарзда мукофотлаб келяпти? Келинг, буни муҳокама қилайлик.

ЯҲОВА ЎЗ ХИЗМАТЧИЛАРИГА БАРАКА ЁҒДИРИШНИ ВАЪДА БЕРЯПТИ

3. Малаки 3:10 да қандай ваъда ёзилган?

3 Тангри Яҳова содиқ хизматчиларини мукофотлашда Ўзини бурчли деб билади, шу сабабли, У бизга Унинг баракаларига эришишни таклиф этяпти. Аллоҳнинг Каломида қуйидаги сўзлар қаламга олинган: «Мени синаб кўринглар,— дейди Сарвари Олам.— Шунда кўрасизлар, Мен осмон қопқаларини очаман. Сизларга марҳаматимни сероб қилиб ёғдираман». (Мал. 3:10) Яҳова сахийлик ила берган таклифини қабул қилсак, ушбу таклифга бўлган чуқур миннатдорлигимизни намоён этамиз.

4. Нима учун Исонинг Матто 6:33 даги сўзларига ишонсак бўлади?

4 Исо шогирдларини агар улар Худонинг Шоҳлигини ҳаётларида биринчи ўринга қўйишса, Худо уларни қўллаб-қувватлашига ишонтирганди. (Матто 6:33 ни ўқинг.) Исо Аллоҳнинг ваъдалари доимо бажо бўлишини билгани сабабли, мазкур сўзларни айта олган. (Ишаё 55:11) Агар биз ҳам Яҳовага астойдил ишонсак, У Ўзининг: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман»,— деган ваъдаси устидан чиқишига амин бўлишимиз мумкин. (Иброн. 13:5) Кўриб турганимиздек, Худонинг бу ваъдаси Исонинг Шоҳлик ва унинг адолатини биринчи ўринга қўйиш тўғрисидаги сўзларига ишонишга кўмаклашади.

Исо шогирдлари қилаётган қурбонликлари учун тақдирланишларини кўрсатганди (5- хатбошига қаранг.)

5. Нега Исонинг Бутрусга берган жавоби имонимизни мустаҳкамлайди?

5 Бир сафар ҳаворий Бутрус Исодан: «Мана, биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик. Энди бизга қандай мукофот бўлади?» — деб сўраганди. (Мат. 19:27) Исо Бутрусни бундай савол бергани учун таъна қилмади, аксинча, шогирдлари қилаётган қурбонликлари учун албатта тақдирланишларини айтганди. Масалан, садоқатли ҳаворийлар ва бошқалар у билан бирга келажакда самода шоҳлик қилишлари ҳам мукофотлардан бирига киради. Лекин Исонинг таъкидлашича, ҳозирнинг ўзидаёқ мукофотлар мавжуддир. Бу борада у шундай деганди: «Мени деб уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ва ер-мулкини қолдирган ҳар ким бундан-да кўпроғига эга бўлиб, абадий ҳаётга эришади». (Мат. 19:29) Дарҳақиқат, унинг шогирдлари қилган ҳар қандай қурбонликлари эвазига анча кўпроқ баракаларга эга бўлишади. Наҳотки маънавий оталар, оналар, ака-укалар, опа-сингиллару фарзандлар биз Шоҳлик учун қурбон қилган ёки ҳатто воз кечган ҳар қандай нарсадан анча қадрлироқ бўлмаса?!

«ЖОНИМИЗ УЧУН ЛАНГАР»

6. Нима сабабдан Яҳова Ўз топинувчиларини мукофотлашга сўз беряпти?

6 Яҳова Ўз топинувчиларига мукофот беришни ваъда қиляпти ва буни билиш уларга синовларда бардошли бўлишга кўмаклашяпти. Яҳованинг садоқатли хизматчилари ҳозирги пайтда олаётган мўл-кўл маънавий баракалардан ташқари, келажакда янада улканроқ баракаларга эришишни орзиқиб кутишмоқда. (1 Тим. 4:8) Чиндан ҳам, Яҳова «Уни астойдил излаётганларни мукофотлашига» бўлган комил ишончимиз бизга имонда барқарор туришда ёрдам беради. (Иброн. 11:6)

7. Қайси маънода умид лангар кабидир?

7 Исо ўзининг Тоғдаги ваъзида қуйидагича айтганди: «Шод-хуррам бўлинглар, зеро осмондаги мукофотингиз буюкдир. Ахир сизлардан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин қилинишган-ку». (Мат. 5:12) Нафақат осмонда яшаш мукофоти, балки ер юзидаги жаннатда абадий яшаш истиқболи ҳам, шубҳасиз, «шод-хуррам бўлиш» учун сабабдир. (Заб. 36:11; Луқо 18:30) Самода ё ерда яшашимиздан қатъи назар, умидимиз «жонимиз учун лангардек ишончли ва мустаҳкамдир». (Иброн. 6:17–20) Бўрон пайтида кема мустаҳкам туришига ёрдам берадиган лангар сингари мукофот олишга бўлган қатъий умидимиз ҳиссий, ақлий ва маънавий барқарорликни сақлашга кўмаклашади. Шунингдек, у бизга қийинчиликларга дош бериш учун куч бахш этиши мумкин.

8. Қай йўсин умид ташвишларни камайтира олади?

8 Муқаддас Китобга асосланган умидимиз ҳозирги ташвишларни камайтириш кучига эга. Аллоҳнинг ваъдалари гўёки безовта юрагимизнинг дардини енгиллаштирадиган маънавий малҳам кабидир. Ҳа, ташвишларимизни Яҳовага юклаганимизда, У бизга «таянч бўлишини» билиш нақадар далдалидир! (Заб. 54:23) Аллоҳ «биз сўраган ёки хаёл қилганимиздан ҳам ортиғини бажаришга қодир» эканига тўла-тўкис амин бўлишимиз мумкин. (Эфес. 3:20) Аҳамият беринг, бу оятда Яҳова бизга шунчаки кўп эмас, балки «ортиқ» даражада ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ёзилган.

9. Яҳованинг баракаларини олишга қанчалик аминмиз?

9 Ушбу мукофотга эга бўлиш учун, биз Яҳовага буткул ишониб, Унинг йўл-йўриқларига итоатли бўлишимиз даркор. Мусо Исроил халқига шундай деб айтганди: «Эгангиз Худо мулк қилиб бераётган юртда сизларга барака беради. Фақат Эгангиз Худога итоат этиб, мен бугун сизларга бераётган мана шу амрларни битта қолдирмай бажаришингиз керак. Эгангиз Худо Ўзи ваъда қилгандай, сизларга барака беради». (Қонун. 15:4–6) Агар Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этсангиз, У сизга барака ёғдиришига тўлиқ ишонасизми? Шаксиз, бунга амин бўлиш учун сизда асосли сабаблар бор.

ЯҲОВА УЛАРНИ МУКОФОТЛАГАН

10, 11. Яҳова Юсуфни қандай тақдирлаган?

10 Муқаддас Китоб бизнинг фойдамиз учун ёзилган. Унда Худо Ўзининг садоқатли хизматчиларини қандай қилиб мукофотлагани ҳақида талайгина баёнотлар мавжуд. (Рим. 15:4) Юсуф — бунинг ажойиб мисолидир. Унинг акалари унга қарши тил бириктиришгани ва кейинчалик хўжайинининг хотини унга туҳмат қилгани учун, уни Мисрдаги зиндонга ташлашади. У ерда Юсуф Худодан ажралиб қолганмиди? Йўқ, албатта! «Эгамиз Юсуф билан бирга бўлиб, унга иноят кўрсатарди» ва унинг ҳар бир ишига ривож берарди. (Ибт. 39:21–23) Шундай синовли дамларда ҳам Юсуф Худони сабр ила кутарди.

11 Орадан йиллар ўтиб, фиръавн Юсуфни зиндондан чиқарди ва ушбу камтарин қулини Миср устидан ҳоким қилиб тайинлади. (Ибт. 41:1, 37–43) Рафиқаси унга иккита ўғил туғиб берганида, «Юсуф: “Қайғуларимни ва отам хонадонини Худо эсимдан чиқарди”, деб тўнғич ўғлининг исмини Манаше қўйди. Иккинчи ўғлининг исмини Эфрайим қўйди. “Чунки,— деди Юсуф,— мен азоб-уқубат тортган юртда Худо мени баракали қилди”». (Ибт. 41:51, 52) Юсуф Худога садоқатли қолгани боис, Аллоҳ унга баракалар ёғдириб, мукофотлади: ҳам Исроил халқи, ҳам мисрликларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Гап шундаки, Юсуф айнан Яҳова уни мукофотлаб, унга барака берганини тушунганди. (Ибт. 45:5–9)

12. Қай йўсин Исо синовлар пайтида садоқатини сақлаган?

12 Шунга ўхшаб, Исо Масиҳ ҳам турли имон синовларидан ўтиб, Худога итоатли қолди ва бу учун тақдирланди. Унга чидашга нима ёрдам берди? Бунинг жавобини Худонинг Каломидан топса бўлади: «У олдинда кутаётган шодлик учун, шарманда бўлишига қарамай, азоб устунидаги ўлимга чидади». (Иброн. 12:2) Исо Аллоҳнинг исмини улуғлашга муваффақ бўлганидан қувонч топгани турган гап. Қолаверса, у Отасининг розилиги ва кўплаб ажойиб имтиёзларга эга бўлиб, шу йўсин тақдирланди. Муқаддас Китобга кўра, у «Худо тахтининг ўнг томонига ўтирган». Бошқа оятда эса: «Аллоҳ уни янада юксалтириб, ҳар қандай исмдан юқори исмни унга ато этди»,— деган сўзлар қаламга олинган. (Филип. 2:9)

ЯҲОВА МЕҲНАТИМИЗНИ УНУТМАЙДИ

13, 14. Яҳова У учун қилган саъй-ҳаракатларимизга қандай қарайди?

13 Яҳова Унинг хизматида қилган ҳар бир саъй-ҳаракатимизни қадрлашига амин бўлишимиз мумкин. У ўзимизга ишонмаган ёки қобилиятларимиздан шубҳаланган пайтларда бизни тушунади. Бундан ташқари, У моддий қийинчиликлар бошимизга тушганда ёки соғлиғимиз ё ҳис-туйғуларимиз хизматимизга тўсқинлик қилганда ҳам, бизга ҳамдардликни намоён этади. Дарҳақиқат, Яҳова Унинг хизматчилари Унга садоқатли қолиш учун қилаётган саъй-ҳаракатларини қадрлашига мутлақ амин бўлишимиз мумкин. (Ибронийларга 6:10, 11 ни ўқинг.)

14 Яҳова «ибодатни эшитгучиси» экан, Унга ибодат қилганимизда, У бизни албатта эшитишини унутманг. (Заб. 64:3, Туркия 1998) «Ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ» бизга чексиз ҳиссий ва маънавий кўмак беради. Баъзида У буни имондошларимиз орқали қилади. (2 Кор. 1:3) Бошқаларга раҳм-шафқат кўрсатишимиз Яҳовани таъсирлантиради. «Камбағалга раҳм қилиш — Эгамизга қарз беришдай, У яхшиликни қайтаради». (Ҳик. 19:17; Мат. 6:3, 4) Шундай экан, қийин аҳволда бўлганларга беғараз ёрдам берганимизда, Яҳова бундай хайрли ишимизни Унга берилган қарздай кўриб, бундай меҳрибонлигимизни мукофотлашга сўз беряпти.

У БИЗНИ ҲОЗИР ВА МАНГУ МУКОФОТЛАЙДИ

15. Сиз қайси мукофотларни интиқиб кутяпсиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

15 Мойланган масиҳийлар «ҳукм кунида одил ҳакам бўлмиш Ҳазратимиз... тож билан» уларни тақдирлашига умид боғлаб ҳаёт кечиришмоқда. (2 Тим. 4:7, 8) Бироқ умидингиз қандай бўлмасин, Аллоҳ учун қадрлисиз. Исонинг миллионлаб «бошқа қўйлари» ер юзидаги жаннатда абадий яшаш мукофотини қўлга киритишни интизор бўлиб кутишяпти. Ўшанда улар «мўл бахт-саодатдан баҳраманд бўлишади». (Юҳан. 10:16; Заб. 36:11)

16. Қай йўсин 1 Юҳанно 3:19, 20 даги сўзлар бизга тасалли бахш этади?

16 Баъзан ўзимизни Яҳованинг хизматида унча кўп иш бажармаётгандек ҳис қилишимиз ёки Яҳова хатти-ҳаракатларимиздан мамнун эканидан шубҳаланишимиз мумкин. Биз ҳатто ўзимизни мукофотни олишга нолойиқ деб ҳисоблашимиз ҳеч гап эмас. Лекин келинг, «Худо қалбимиздан улуғ ва Унга ҳар нарса аён» эканини ҳечам ёдимиздан чиқармайлик. (1 Юҳанно 3:19, 20 ни ўқинг.) Гарчи Яҳовага хизмат қилиш йўлида қилаётган меҳнатимиз бизга арзимасдек туюлса ҳам, бу муқаддас хизматни сидқидилдан, имон ва севги ила бажарсак, Яҳова бизни албатта мукофотлайди. (Марк 12:41–44)

17. Ҳозирги пайтда олаётган баракаларимиздан айримлари қандай?

17 Ҳатто Шайтоннинг разил дунёсининг сўнгги қайғули кунларида ҳам Яҳова Ўз халқига барака бериб келяпти. Яҳова Унинг топинувчилари маънавий бойликда беназир бўлган рамзий жаннатда фаровон ҳаёт кечиришлари учун ғамхўрлик қиляпти. (Ишаё 54:13) Исо ваъда берганидек, Яҳова бизга меҳрибон биродару опа-сингиллардан иборат бўлган халқаро миқёсдаги оиланинг бир қисми бўлишга ижозат бериб, бугунги куннинг ўзидаёқ бизни тақдирлаяпти. (Марк 10:29, 30) Бундан ташқари, Худо Уни астойдил излаётганларни хотиржамлик, қаноат ва бахт каби мислсиз баракалар билан мукофотлаяпти. (Филип. 4:4–7)

18, 19. Яҳованинг хизматчилари олаётган мукофотларига нисбатан қандай муносабатдалар?

18 Жаҳон бўйлаб Яҳованинг хизматчилари Ундан ажойиб мукофотлар олишаётганини ўзлари ҳам таъкидлашяпти. Масалан, германиялик Бьянка шундай деб бўлишди: «Яҳова ташвишли кунларимда менга ёрдам бериб, ҳар доим олдимда бўлгани учун, Унга қанча миннатдорчилик айтсам ҳам кам. Ушбу дунё алғов-далғов ва бераҳм бўлиб кетган. Лекин Яҳова билан янада кўпроқ ҳамкорлик қилганим сари, Унинг қўлларида ўзимни хавфсиз ҳис этяпман. Ҳар сафар У учун қурбонлик қилганимда, У менга юз карра кўпроқ барака билан қайтаради».

19 Мана бошқа бир мисол. Канадалик 70 яшар Паулага «умуртқа тешиги» деган ташхис қўйилган. У шундай деб айтди: «Кам ҳаракатланиш ҳар доим ҳам хизматда кам меҳнат қилишни англатмайди. Мен турли йўллар билан, жумладан, телефон орқали ва норасмий хизмат қилиш имкониятларини қўлдан бой бермаяпман. Адабиётларимиздаги оятларни ва фикрларни дафтаримга ёзиб бораман ҳамда вақти-вақти билан уни кўриб чиқиб, далда оламан. Мен уни “Нажот дафтарчам” деб атайман. Агарда диққатимизни Яҳованинг ваъдаларига қаратсак, тушкунлик вақтинчалик нарсага айланади. Шароитларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, Яҳова ҳамиша ёрдамга келишга тайёр». Тўғри, сизнинг вазиятингиз Бьянка ё Пауланикидан фарқ қилиши мумкин. Бироқ шунга қарамай, сиз ҳам Яҳова қай тариқа сизни ва атрофдагиларингизни мукофотлагани ҳақида ўйлаб кўрсангиз бўлади. Айни пайтда Яҳова сизни қандай мукофотлаётгани ва келажакда қай йўсин тақдирлаши хусусида фикр юритиш нақадар ажойиб!

20. Яҳовага бажонидил хизмат қилишни давом эттирсак, нимага эришишимиз мумкин?

20 Ҳечам унутмангки, самимий ибодатларингиз «улуғ мукофот келтиради». «Тангрининг иродасини бажариб, ваъда этилган нарсаларга эришишингизга» амин бўлишингиз мумкин. (Иброн. 10:35, 36) Шундай экан, келинг, имонимизни мустаҳкамлаб, Яҳовага бажонидил хизмат қилишда давом этайлик! Буни албатта уддалай оламиз, зеро, Яҳова бизни керакли мукофот билан тақдирлашини биламиз. (Колосаликларга 3:23, 24 ни ўқинг.)