Ўқувчиларнинг саволлари
Худонинг хизматчилари ҳомиладорликдан сақланиш мақсадида БИВдан (бачадон ички воситаларидан) фойдаланса бўладими?
Бу борада ҳар бир жуфтлик масалага алоқадор фактларни ва Муқаддас Китоб принципларини тарозига солиб кўриши керак. Кейин улар Худонинг олдида тоза виждонга эга бўлишга халақит бермайдиган қарор чиқариши зарур.
Аввалида фақат иккита (Тўфондан кейин эса саккизта) одам бўлганида, Яҳова: «Ували-жували бўлинглар»,— деб амр берган. (Ибт. 1:28; 9:1) Мазкур амр масиҳийларга ҳам тегишли экани борасида Муқаддас Китобда ҳеч нарса дейилмаган. Шу боис, ҳар бир эр-хотин ҳомиладорликдан сақланиш-сақланмаслик ва қачон фарзанд кўриш борасида қарор чиқариши керак. Хўш, қайси фактларни эътиборга олса яхши бўларди?
Масиҳийлар Муқаддас Китоб принципларига асосланиб қарор чиқаришлари лозим. Шундай экан, улар ҳомиладан қутилиш мақсадида ҳеч қачон аборт қилишмайди. Муқаддас Китобда ҳаётни қадрлашимиз кераклиги айтилган, буни била туриб аборт қилдириш эса Худонинг айтганларига зиддир. Шунинг учун, дунёга келиши керак бўлган инсонни ҳаётдан маҳрум қиладиган воситалардан масиҳийлар фойдаланишмайди. (Чиқ. 20:13; 21:22, 23; Заб. 138:16; Ерм. 1:5) БИВни (бачадон ички воситаларини) қўллаш ҳақида-чи, нима деса бўлади?
Мазкур савол «Қўриқчи минораси» журналининг 1979 йил 15 май сонининг (ингл.) 30–31- саҳифаларида ёритилганди *. Ҳомиладорликдан сақланиш учун ўша пайтлари БИВ сифатида пластмасса воситани бачадонга жойлаштириш кенг тарқалган эди. Мақолада БИВ қандай ишлаши борасида тўлиқ тасаввурга эга эмаслигимиз тушунтирилганди. Кўпгина мутахассисларнинг айтишича, БИВ эркак уруғ ҳужайраси аёлнинг тухум ҳужайраларига етиб боришига тўсқинлик қилиб, уруғланишнинг олдини олади. Борди-ю, уруғланиш юз бермаса, янги ҳаёт пайдо бўлмайди.
Лекин баъзи далилларга кўра, айрим пайтлари уруғланиш юз беради. Янги уруғланган тухум ҳужайраси фоллопий найчаларга (бачадондан ташқари ҳомиладорлик) ривожланиши ёки бачадонга йўл олиши мумкин. Агар уруғланган тухум ҳужайраси бачадонга етиб борса, БИВ бачадон шиллиқ қаватига ўрнашиб олишига халақит қилиб, ҳомиладорлик жараёни давом этишига йўл қўймайди. Ривожланаётган ҳаётга чек қўйиш эса абортга тенг. Ўша мақолада қуйидаги хулоса келтирилганди: «БИВдан фойдаланиш тўғри ё нотўғри эканини аниқламоқчи бўлган масиҳийлар ушбу маълумотни инобатга олиб, ҳаёт муқаддас экани борасида Муқаддас Китоб принципларини тарозига солиб кўришлари керак». (Ўша мақола чоп этилган 1979 йилдан кейин илм-фан ва тиббиёт соҳасида бирон-бир ўзгариш бўлдими?
Ҳозирда БИВнинг икки тури мавжуд. Улардан бири таркибида мис бўлган БИВ 1988 йилдан бери Америка Қўшма Штатларида кенг тарқалган. Бундан ташқари, 2001 йили таркибида гормон бўлган БИВ сотувга чиқди. Хўш, ушбу БИВ турлари ҳақида нималарни биламиз?
Таркибида мис ўрамаси бўлган БИВ. Юқорида айтилганидек, БИВ эркак уруғ ҳужайраси бачадондан ўтиб, аёлнинг тухум ҳужайрасига етиб боришига қийинчилик туғдиради. Шунингдек, бундай БИВдаги мис эркак уруғ ҳужайрасини заҳарлаб, спермицид (эркак уруғ ҳужайларини нобуд қилувчи) сифатида таъсир кўрсатади *. Қолаверса, БИВнинг ушбу тури бачадон ичида муайян ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлади.
Гормонли БИВ. Гормонли БИВнинг бир нечта тури бор бўлиб, уларнинг таркиби ҳомиладор бўлишдан сақлайдиган дориларникига ўхшайди. Бундай БИВ бачадонда гормон чиқаради. Мазкур БИВ туфайли баъзи аёлларда овуляция (тухум ҳужайраларининг тухумдондан тана бўшлиғига чиқиши) бўлмайди. Модомики, тухум ҳужайралари чиқмаса, ҳеч қандай уруғланиш ҳам юз бермайди. Аммо бундай таъсир кўрсатишдан ташқари, таркибида гормон бор БИВ бачадон шиллиқ қаватини юпқалаштиради *. Шунингдек, у бачадон қаватидаги шиллиқ моддани қуюқлаштириб, эркак уруғ ҳужайралари қиндан бачадонга ўтишига тўсқинлик қилади. Бу инерт ашё (пластмассадан тайёрланган БИВ) ҳосил қиладиган таъсирга қўшимча ҳисобланади.
Кўриб турганимиздек, БИВнинг иккала тури ҳам бачадон қаватидаги шиллиқ моддага таъсир ўтказади. Лекин шунда ҳам овуляция бўлиб, уруғланиш юз берса-чи? У бачадонга тушиши, бироқ шиллиқ модда кам бўлгани сабаб ўрнаша олмаслиги мумкин. Бу билан ҳомиладорликнинг илк босқичи тўхтайди. Бироқ уруғланган тухум ҳужайра бачадонга тушиши камдан-кам юз беради. Қолаверса, ҳомиладор бўлишдан сақлайдиган дори воситаларини қабул қилганда ҳам баъзида шу каби жараёнлар кузатилади.
Шундай экан, ҳеч ким таркибида мис бор БИВ ҳам, гормон бор БИВ ҳам уруғланиш бўлишига йўл қўймайди, деб айта олмайди. Илмий тадқиқотларга кўра, юқорида айтиб ўтилган БИВ таъсири тухум ҳужайрасининг уруғланишига тўсқинлик қилса-да, камдан-кам вазиятларда улар ҳомиладорликка олиб келади.
БИВдан фойдаланмоқчи бўлган масиҳий турмуш ўртоқлар тажрибали шифокор билан маслаҳатлашиб, маҳаллий шароитда қўлланиладиган БИВ ва улар аёлнинг соғлиғига қандай хавф туғдириши тўғрисида гаплашиб олишса бўлади. Жуфтлик учинчи тараф, ҳатто шифокор, улар қандай йўл тутишлари кераклиги борасида қарор чиқаришини кутмаслиги ва бунга йўл қўймаслиги лозим. (Рим. 14:12; Галат. 6:4, 5) Бу шахсий қарор. Уларнинг мақсади Худога маъқул келиш ва тоза виждонни сақлаб қолиш бўлиши зарур. (1 Тимўтийга 1:18, 19 ва 2 Тимўтийга 1:3 ни солиштиринг.)
^ абз. 4 Мазкур мақола шунингдек «Қўриқчи минораси» журналининг 1999 йил 15 февраль сонининг (рус) 30–31- саҳифаларида келтирилган.
^ абз. 4 Жаҳон соғлиқ сақлаш ташкилотининг Англиядаги ваколатхонасининг хабарига биноан, «БИВнинг таркибида мис қанча кўп бўлса, унинг самарадорлиги 99%дан ошади. Бу ҳар йили БИВдан фойдаланадиган 100 та аёлдан ҳатто биттадан ками ҳомиладор бўлиб қолиши мумкинлигини англатади. БИВнинг таркибида мис қанча оз бўлса, унинг самарадорлиги ҳам шунча кам бўлади».
^ абз. 5 Таркибида гормон бор БИВ бачадон шиллиқ қаватини юпқалаштиргани боис, баъзида шифокорлар турмуш қурган ёки қурмаган аёлларга ҳайз вақтида кўп қон кетишининг олдини олиш учун дори-дармон тайинлашади.