Ўқувчиларнинг саволлари
Қадимги Исроилда Масиҳнинг келиб чиқиши тўнғичлик ҳуқуқи бор кишиларга боғлиқ бўлганми?
Баъзан буни шундай изоҳлаб турганмиз. Афтидан, бундай тушунтириш Ибронийларга 12:16 га мувофиқ. Бу оятда Эсов «муқаддас нарсаларни қадрламай» «битта овқатни деб ўзининг тўнғичлигини [Ёқубга] сотгани» ҳақида айтилган. Бундан кўриниб турганидек, Ёқуб «тўнғичликка» эга бўлганда Масиҳ келиб чиқиши керак бўлган аждодлар қаторига кирди. (Мат. 1:2, 16; Луқо 3:23, 34)
Муқаддас Китобдаги воқеаларни кўриб чиқсак, Масиҳнинг аждоди бўлиш учун киши тўнғич бўлиши шарт эмаслигини билиб оламиз. Келинг, баъзи далиллар билан танишайлик.
Ёқубнинг (Исроилнинг) ўғиллари ичида тўнғичи Леахдан туғилган Рубен эди. Кейин суюкли хотини Роҳиладан тўнғич ўғли Юсуф туғилди. Аммо Рубеннинг ёмон қилмиши дастидан тўнғичлик ҳуқуқи Юсуфга ўтди. (Ибт. 29:31–35; 30:22–25; 35:22–26; 49:22–26; 1 Сол. 5:1, 2) Лекин Масиҳ на Рубендан, на Юсуфдан келиб чиқди. Ёқубнинг Леахдан туғилган тўртинчи ўғли Яҳудо Масиҳнинг аждоди бўлди. (Ибт. 49:10)
Луқо 3:32 да Масиҳнинг яна бешта аждоди тилга олинган. Эҳтимол, уларнинг ҳар бири тўнғич бўлган. Боз Обиднинг, Обид эса Эссайнинг отаси бўлган. (Рут 4:17, 20–22; 1 Сол. 2:10–12)
Бироқ Эссайнинг ўғли Довуд тўнғич эмас эди. У саккизта ўғилдан охиргиси эди. Шундай бўлса-да, Довуд Масиҳнинг аждоди бўлди. (1 Шоҳ. 16:10, 11; 17:12; Мат. 1:5, 6) Сулаймон ҳам Масиҳнинг аждоди бўлди, лекин у Довуднинг тўнғичи эмас эди. (2 Шоҳ. 3:2–5)
Бу билан тўнғич фарзанд муҳим аҳамиятга эга бўлмаган, деб айтмоқчи эмасмиз. Тўнғич ўғил ҳурматли ўринни эгаллаб, кўпинча отадан кейин хонадон боши бўлган. Шунингдек, у икки ҳисса кўпроқ мерос олган. (Ибт. 43:33; Қонун. 21:17; Ёшуа 17:1)
Аммо тўнғичлик ҳуқуқи бошқа фарзандга ўтиши мумкин бўлган. Иброҳим Исмоилни рад этгач, тўнғичлик ҳуқуқи Исҳоққа ўтган. (Ибт. 21:14–21; 22:2) Юқорида эслатиб ўтилгандек, тўнғичлик ҳуқуқи Рубендан Юсуфга ўтган эди.
Энди Ибронийларга 12:16 га қайтсак, бу оятда шундай дейилган: «Бирорта зинокор ҳам, битта овқатни деб ўзининг тўнғичлигини сотган Эсов каби муқаддас нарсаларни қадрламайдиган ҳам бўлмасин». Бу ерда қандай фикрга урғу бериляпти?
Бу ерда ҳаворий Павлус Масиҳнинг аждодлари мавзуси ҳақида гап юритмаган. У масиҳийларни оёқлари учун текис йўл ҳозирлашга ундаган. Уларни «Худонинг иноятидан айрилиб қолмасликка» чорлаган. Бу, зинога қўл уришса юз бериши мумкин эди. (Иброн. 12:12–16) Зинога қўл уришса, улар Эсов каби йўл тутган бўлишарди. У «муқаддас нарсаларни қадрламай», том маънода муқаддас бўлмаган нарсаларга сотилди.
Эсов бобокалонлар даврида яшаган ва баъзида ҳатто қурбонликлар келтириш шарафига эга эди. (Ибт. 8:20, 21; 12:7, 8; Аюб 1:4, 5) У жисмоний нарсалар ҳақида ўйлашга мойил инсон бўлгани учун, бу барча шарафни бир коса овқатга сотди. Эҳтимол, у Иброҳимнинг насли борасида башорат қилинган жабр-зулмдан қочмоқчи бўлгандир. (Ибт. 15:13) Шунингдек, иккита бутпараст аёлга уйланиб, Эсов муқаддас нарсаларни қадрламайдиган, муқаддас бўлмаган нарсаларга эса мойил инсон эканини кўрсатди ва ота-онаси бошига кўп қора кунларни солди. (Ибт. 26:34, 35) Ёқуб бунинг аксини қилди. У ҳақ Худога топинадиган аёлга уйланди. (Ибт. 28:6, 7; 29:10–12, 18)
Исо Масиҳнинг аждодлари ҳақида қандай хулосага келиш мумкин? Аждодлари қаторида тўнғичлар бўлган, лекин ҳаммаси ҳам эмас. Яҳудийлар Масиҳ Эссайнинг кенжа ўғли Довуднинг авлодидан келиб чиққанини эътироф этишганидек, буни ҳам тан олиб, қабул қилишган. (Мат. 22:42)