Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Хўжайинимиз Масиҳга эргашиш учун ҳаммасини ортда қолдирдим

Хўжайинимиз Масиҳга эргашиш учун ҳаммасини ортда қолдирдим

«Ваъз қилгани кетсанг бошқа қайтиб келма. Қайтиб келсанг, оёғингни синдираман». Отам бундай деб дағдаға қилгани учун уйдан кетишга қарор қилдим. Бу, Хўжайинимиз Масиҳга эргашиш учун ҳаммасини ортда қолдирган ҳаётимдаги илк воқеа эди. Ўшанда мен 16 ёшда эдим.

НЕГА ўшанда отамнинг бунчалик жаҳли чиққан эди? Рухсат этсангиз айтиб бераман. Мен 1929 йили 29 июль куни туғилиб, Филиппиннинг Булакан вилоятидаги (провинция) бир қишлоқда ўсиб-улғайдим. Иқтисодий инқироз даври бўлгани учун оддий ҳаёт кечирардик. Ёш бўлганимда уруш бошланди. Япония армияси Филиппинга бостириб кирди. Қишлоғимиз уруш кетаётган жойдан нисбатан йироқда жойлашгани учун қуролли тўқнашув бизга тўғридан-тўғри зарар етказмади. Бизда радио, телевидение ва газеталар бўлмагани сабаб, уруш ҳақида фақат одамларнинг оғзидан билиб олардик.

Мен саккизта фарзанддан иккинчиси эдим ва саккиз ёшимда ойимнинг ота-онаси мени ўзлари билан яшагани олиб кетишди. Биз католик эдик, аммо бобом дин мавзусида бемалол суҳбатлашарди ва дўстлари берган диний китобларни йиғиб юрарди. У киши менга сохта динни фош этадиган тагал тилидаги рисолаларни ва Муқаддас Китобни кўрсатгани ҳамон эсимда. Мен Муқаддас Китобни, айниқса тўртала Инжил ёзувчисининг баёнотини ўқишни ёқтирардим. Бу менда Исонинг ўрнагига эргашиш истагини уйғотди. (Юҳан. 10:27)

ХЎЖАЙИНИМИЗ МАСИҲГА ЭРГАШИШНИ ЎРГАНЯПМАН

1945 йили Япония армияси Филиппинни тарк этди. Тахминан ўша пайтлари ота-онам уйга қайтишимни айтишди. Бобом ҳам мени уйга қайтишга ундади. Шунда мен айтилганидай қилдим.

Бу воқеалардан кўп ўтмай, 1945 йили декабрь ойида бизнинг қишлоғимизга Ангат шаҳридан бир гуруҳ Яҳованинг Шоҳидлари ваъз қилгани келишди. Бир кекса Яҳованинг Шоҳиди уйимизга келиб «охирзамон» ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини тушунтириб берди. (2 Тим. 3:1–5) У бизни қўшни қишлоққа Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга таклиф этди. Ота-онам бормади, мен эса бордим. У ерда тахминан 20 киши бор эди ва айримлар Муқаддас Китобга оид саволлар беришди.

Улар нима ҳақида гапираётганини тушунмаганим учун кетишга қарор қилдим. Сўнг улар Худони тараннум этадиган қўшиқларни куйлай бошлашди. Қўшиқ менда катта таассурот қолдиргани учун қолишга қарор қилдим. Қўшиқ ва ибодатдан кейин ҳамма кейинги якшанба куни Ангатда ўтадиган йиғилишга таклиф этилди.

Айримларимиз деярли 8 км йўл босиб, Круслар хонадонида ўтадиган йиғилишга бордик. Ҳатто болалар 50 та одам ичида Муқаддас Китобга оид мавзуларда чуқур мазмунли шарҳлар берганига қойил қолгандим. Бир неча йиғилишдан кейин, кекса кашшофлардан бири, собиқ ҳоким Деймиан Сантос биродаримиз мени уйига тунаб қолишга таклиф этди. Ўша тунда биз Муқаддас Китоб ҳақида роса кўп гапирдик.

Ўша кунларда аксариятимиз Муқаддас Китобдаги асосий таълимотларни ўрганиб, уларни қабул қилдик. Йиғилишларга бир неча бор қатнагандан сўнг биродарлар мендан ва бошқалардан: «Сувга чўмишни истайсизми?» — деб сўрашди. Мен: «Истайман»,— дедим. Чунки мен: «Хўжайинингиз Масиҳга қул каби хизмат қилинглар»,— деган сўзларга риоя қилишни истардим. (Колос. 3:24) Биз яқинимизда жойлашган дарёга бордик ва мен ҳамда яна бир киши 1946 йилнинг 15 февраль куни сувга чўмдик.

Сувга чўмган масиҳий эканмиз, Исога тақлид қилиб мунтазам ваъз қилиш кераклигини тушунардик. Бу ишим отамга ёқмагани учун, у: «Ваъз қилишга ёшлик қиласан. Дарёга тушиб сувга чўмганинг билан ваъзгўй бўлиб қолмайсан»,— деб айтди. Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилишимиз Тангрининг иродаси эканини унга тушунтирдим. (Мат. 24:14) Мен: «Худога берган ваъдам устидан чиқишим керак»,— деб қўшиб қўйдим. Шунда отам ушбу ҳикоянинг бошидаги сўзларни айтиб менга дағдаға қилди. У мени ваъз қилишдан тўхтатмоқчи эди. Бу, маънавий мақсадлар пайида бўлиб ҳамма нарсани ортда қолдирган ҳаётимдаги илк воқеа эди.

Круслар оиласи мени ўзлариникига, Ангатга яшагани таклиф этишди. Улар мени ва кенжа қизлари Норани кашшоф бўлишга ундашди. 1947 йили 1 ноябрда иккаламиз кашшофликни бошладик. Нора бошқа шаҳарда хизмат қиларди, мен эса Ангатда ваъзгўйлик ишини қўллаб-қувватлашни давом эттирдим.

ҲАММА НАРСАНИ ОРТДА ҚОЛДИРИШНИНГ ЯНА БИР ИМКОНИ

Кашшофлик хизматимнинг учинчи йили, филиалда хизмат қилаётган Эрл Стюарт биродаримиз Ангат шаҳрининг майдонида 500 дан зиёд киши олдида нутқ сўзлади. У инглиз тилида гапирди, мен айтганларининг маъносини тагал тилида тушунтириб бердим. Мактабда фақат етти йил ўқиган бўлсам-да, ўқитувчиларимиз инглиз тилида мунтазам гапиришарди. Тагал тилида Муқаддас Китобга асосланган адабиётларимиз оз бўлгани ҳам инглиз тилимни яхшилашга ёрдам берди. Адабиётларимизнинг аксариятини инглиз тилида ўқирдим. Бу нарсалар ушбу биродаримизнинг ва бошқаларнинг нутқларини инглиз тилидан таржима қилишда менга асқатди.

Стюарт акамизни таржима қилган куним, Байтилга ёрдам бериш учун бир ёки иккита кашшоф биродарни филиал таклиф қилмоқчи экани ҳақида у маҳаллий жамоатга хабар берди. Тўла вақтли махсус ваъзгўйлар 1950 йил Нью-Йоркда (АҚШ) ўтадиган анжуманга бориши керак эди. Биздан улар бўлмаганида ёрдам бериб туриш кутиларди. Таклиф қилинган биродарлардан бири мен эдим. Бу сафар ҳам кўниккан жойларимни қолдирдим ва ёрдам бериш учун Байтилга бордим.

Мен 1950 йил 19 июнь куни Байтилга келдим ва янги вазифамни бажаришга киришдим. Байтил 1 гектар майдонни эгалларди. Унда битта катта ва эски уй бўлиб, атрофи баланд дарахтлар билан ўралган эди. Бу ерда тахминан ўн иккита бўйдоқ биродар хизмат қиларди. Эрта саҳар мен ошхонада ёрдам берардим. Сўнг соат тўққизларда кирхонада ишлашни бошлаб кийимларни дазмоллардим. Тушликдан кейин шу ишимни давом эттирардим. Ҳатто тўла вақтли махсус ваъзгўйлар халқаро анжумандан қайтганда ҳам, мени Байтилда қолдиришди. Журналларимизни почта орқали жўнатиш учун тайёрлаб берардим, обуналар билан шуғулланардим ва қабулхонада хизмат қилардим. Хуллас, қандай иш беришса, шуни бажарардим.

ФИЛИППИННИ ҚОЛДИРИБ ГИЛАДГА ЙЎЛ ОЛДИМ

1952 йили Гилад мактабининг 20- синфига Филиппиндан мени ва олтита биродарни таклиф этишди. Бундан роса хурсанд эдим. Қўшма Штатларда кўрган ва бошдан кечирган кўп нарсалар биз учун янги ва ғалати туюлар эди. Буларнинг бари кичкина қишлоғимда менга таниш бўлган нарсалардан бутунлай фарқ қиларди.

Гиладдаги синфдошларим билан

Масалан, биз учун одатий бўлмаган турли жиҳозлар ва идишлардан фойдаланишни ўргандик. Бу ернинг об-ҳавоси ҳам фарқ қиларди. Бир куни эрталаб ташқарига чиқсам ҳаммаёқ оппоқ бўлиб ётибди. Шунда мен умримда биринчи марта қорни кўрдим. Ҳаво совуқ ҳам гапми, жуда совуқ эди!

Аммо бу ўзгаришлар Гиладда олган беқиёс таълим олдида ҳеч нарса эмас эди. Инструкторлар таълим беришнинг самарали усулларини қўллашарди. Биз мазмунли изланиш ва тадқиқ ўтказишни ўргандик. Шуниси аниқки, Гиладда берилган таълим Худо билан муносабатимни янада мустаҳкамлади.

Мактабни битиргач мен Нью-Йорк шаҳрининг Бронкс туманида вақтинчалик махсус кашшоф этиб тайинландим. 1953 йили июлда бу туманда ўтган «Янги дунё жамияти» номли анжуманда иштирок этдим. Анжумандан кейин мени яна Филиппинга тайинлашди.

ҚУЛАЙ ШАҲАРНИ ҚОЛДИРДИМ

Филиалдаги биродарлар менга: «Энди туман хизматида бўласан»,— дейишди. Бу менга, Яҳованинг қўйларига ёрдам бериш учун узоқ қишлоғу шаҳарларга борган Хўжайинимиз Масиҳга том маънода эргашиш имкониятини очди. (1 Бутр. 2:21) Туманимга Филиппиндаги энг катта орол бўлмиш марказий Лусоннинг анчагина қисми кирарди. У Булакан, Нуэва-Эсиха, Тарлак ва Самбалес вилоятларини ўз ичига оларди. Айрим шаҳарчаларга ташриф буюриш учун Сьерра-Мадре тоғларидан ошиб ўтишим керак эди. У ерларга ҳеч қандай жамоат транспорти бормас эди. Мен ёғоч ортилган юк машиналари ҳайдовчиларидан юк устида ўтириб кетишни сўрардим. Бунинг иложи бўлса ёғочлар устига ўтириб кетардим. Кўпинча ҳайдовчилар рухсат беришарди, лекин бу қулай транспорт воситаси эмас эди.

Жамоатларнинг аксарияти нисбатан кичик ва янги эди. Йиғилишларни ташкил этишга ҳамда ваъзгўйлик хизматини янада самарали қилишга ёрдам берганимда биродарлар мендан миннатдор бўлишарди.

Кейин мени бутун Бикол ҳудудини қамраб олган туманга кўчиришди. Бу ерда кўпгина олис ҳудудлар бор эди. Яҳова Шоҳидларининг қадами етмаган бу жойларда махсус кашшофлар хизмат қилишарди. Битта уйнинг ҳожатхонаси бор эди. Ҳожатхона битта чуқур бўлиб, устига иккита хода ётқизилган эди. Ходаларга оёқ қўйишим билан ходалар тушиб кетди ва мен ҳам чуқурга қуладим. Ювиниб тоза бўлгунимча анча вақтим кетди. Шундай қилиб кунимни бошладим.

Хизмат қилиб юрганимда бирга кашшофликни бошлаган Нора ҳақида ўйлай бошладим. Бу пайтда у Думагете шаҳрида махсус кашшоф бўлиб хизмат қилаётган эди ва мен унинг олдига бордим. Шундан кейин биз бир муддат ёзишдик ва 1956 йили турмуш қурдик. Тўйимиздан кейинги биринчи ҳафтани Рапу-Рапу оролидаги жамоатга ташриф буюриш билан ўтказдик. Бу ерда тоғларга тирмашиб чиқишимизга ва кўп йўл юришимизга тўғри келди, аммо эр-хотин бўлиб олис ҳудудлардаги биродарларга хизмат қилиш бизга қувонч келтирарди!

ЯНА БАЙТИЛДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ ТАКЛИФИ

Қарийб тўрт йил кўчма нозирлик қилгач, бизни филиалга таклиф этишди. Шундай қилиб, 1960 йили январда кўп йиллик Байтил хизматини бошладик. Шу йиллар ичида мен зиммасида катта масъулият ётган биродарлар билан ҳамкорлик қилиб кўп нарсани ўргандим. Нора ҳам Байтилда турли вазифаларни бажарди.

Анжумандаги нутқим себуано тилига таржима қилиняпти

Байтилдан бутун манзара яхши кўрингани боис, мен Филиппинда ҳайратомуз маънавий ўсишнинг гувоҳи бўлдим. Бу мен учун барака эди. Байтилга илк бор келганимда ёш ва бўйдоқ эдим. Ўшанда мамлакатда тахминан 10 000 ваъзгўй хизмат қиларди. Энди эса Филиппинда 200 000 дан ошиқ ваъзгўй бор бўлиб, юзлаб байтилчилар ўз хизмати билан ваъзгўйлик фаолиятини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Йиллар давомида иш кўлами кенгайгани сайин Байтил бинолари кичиклик қиладиган бўлиб қолди. Шунда янги ва каттароқ бинолар қуриш учун Етакчи кенгаш бизга ер излаш вазифасини топширди. Босмахона нозири ва мен бирор ким ерини сотмоқчими ёки йўқми, дея филиал атрофидаги уйларга кириб чиқдик. Теваракда кўп хитойлар яшарди. Ҳеч ким сотишни истамади, битта ер эгаси эса бизга: «Биз хитойлар сотмаймиз, сотиб оламиз»,— деб айтди.

Альберт Шрёдер биродаримизнинг нутқини таржима қиляпман

Бир куни кутилмаганда битта ер эгаси ерини сотиб олиш истагимиз бор-йўқлигини биздан сўради. У Қўшма Штатларга кўчиб кетаётган экан. Шу йўсин, ақл бовар қилмайдиган воқеалар кетма-кетлиги бошланди. Яна бир қўшни ерини сотишга қарор қилди ва бошқаларни ҳам сотишга ундади. «Биз хитойлар сотмаймиз»,— деб айтган кишининг ерини ҳам сотиб олдик. Қисқа вақт ичида филиал ҳудуди уч баробар катталашди. Шунда буни Яҳова истаётганини тушундим.

1950 йили мен Байтилнинг энг ёш аъзоси эдим. Ҳозир эса хотиним иккаламиз унинг энг кекса аъзоларимиз. Хўжайинимиз Масиҳ мени жўнатган ерга борганимдан афсусланмайман. Тўғри, ота-онам мени уйдан ҳайдашган эди, аммо Яҳова менга имондошларимдан иборат катта оилани берди. Қандай топшириқ олмайлик, Яҳова бизга керакли бўлган ҳамма нарсани тақдим этишига заррача ҳам шубҳам йўқ. Қилган барча яхшиликлари учун Нора иккимиз Яҳовадан жудаям миннатдормиз ва бошқаларни ҳам Яҳовани синаб кўришга ундаймиз. (Мал. 3:10)

Бир сафар Исо Матто (Леви) исмли солиқчини: «Менинг издошим бўл»,— деб таклиф этган эди. «У ҳамма нарсасини қолдирди-да, ўрнидан туриб, Исонинг орқасидан эргашди». (Луқо 5:27, 28) Мен ҳам шундай имкониятга эга эдим ва бошқаларни ҳам худди шундай йўл тутиб, кўп баракаларга эга бўлишга чин дилдан чорлайман.

Филиппиндаги ўсишга ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман