Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳова бизга «яхшилик қилди»

Яҳова бизга «яхшилик қилди»

РАФИҚАМ Даниэль ва мен меҳмонхонанинг қабулхонасида рўйхатдан ўтганимиздан кейин рўйхатчи менга: «Жаноб, чегара полициясига қўнғироқ қила оласизми?» — деб айтди. Бир неча соат аввал биз 1970 йилларда фаолиятимиз ман этилган Африкадаги Габон шаҳрига келгандик.

Даниэль чаққонлик ила қулоғимга: «Қўнғироқ қилишга ҳожат йўқ, улар шу ерда!» — деб пичирлаб айтди. Қарасак, меҳмонхонанинг қаршисида машина турган экан. Бир неча дақиқадан сўнг ҳибсга олиндик. Яхшиямки Даниэль мени огоҳлантириб қўйди, чунки баъзи ҳужжатларни бошқа биродаримизга бериб юборишга улгурдим.

Полиция маҳкамасига кетаётганимизда, қандай бахтли одамман-а деб ўйладим, чунки хотиним жуда жасоратли ва маънавий эди. Бу Даниэль билан якдиллик ила ҳамкорлик қилганимизнинг ягона мисоли эмас. Келинг, воизлик фаолиятимиз тақиқ остида бўлган мамлакатларга нега борганимизнинг сабабини тушунтириб бераман.

ЯҲОВА МЕҲР ИЛА КЎЗЛАРИМНИ ОЧДИ

Мен 1930 йили Франциянинг шимолидаги Круа номли кичик шаҳарда католиклар оиласида туғилганман. Оила аъзоларимиз ҳар ҳафта мессага (махсус диний маросим) боришарди, отам эса черковдаги ишлар билан банд бўларди. Лекин тахминан 14 ёшлигимда бир вазият туфайли кўзим очилди, черковдаги иккиюзламачиликни кўрдим.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида Франция Германия томонидан босиб олинган эди. Виши шаҳрининг раҳбарияти нацистлар тарафдорлари эди, битта руҳоний эса даъватларида уларни қўллаб-қувватлашга доим ундаган эди. Унинг даъватларини эшитиб даҳшатга тушардик. Франциядаги кўпчилик каби биз ҳам ВВС (би-би-си) радиосида собиқ иттифоқчилар томонидан тайёрланган янгиликларни яширинча эшитардик. Кейинчалик ўша руҳоний ўзини бошқача тута бошлади ва 1944 йили сентябрда собиқ иттифоқчилар қозонган ғалаба муносабати билан диний маросим уюштиришни ташкиллаштирди. Бу иккиюзламачиликдан ҳайрон қолдим ва черковга бўлган муносабатим умуман ўзгарди.

Урушдан кўп вақт ўтмай, отам ҳаётдан кўз юмди. Опам турмушга чиқиб, Бельгияда яшарди, мен эса онамга ғамхўрлик қилардим. Тўқимачилик саноатида ишлардим. Иш бошқарувчим ва унинг ўғиллари католиклар эди. Гарчи бу ишим жуда яхши бўлса-да, тез орада қийинчиликка дуч келдим.

Опам Симона Яҳованинг Шоҳиди бўлиб, 1953 йили бизникига меҳмонга келди. Муқаддас Китоб асосида у оташли дўзах, учлик ва ўлмас жон каби католикларнинг таълимотлари сохта эканини моҳирлик ила тушунтириб берди. Аввалига у католикларнинг Муқаддас Китобидан фойдаланмаяпти деб баҳслашдим, аммо кўп ўтмай, айтганлари ҳақиқат эканига амин бўлдим. Кейинчалик у менга «Қўриқчи минораси»нинг эски сонларини берди. Кечаси билан уларни ўқиб чиқдим. Бу ҳақиқат эканини дарров тушундим. Лекин Яҳованинг Шоҳиди бўлсам, ишимдан айрилиб қолишдан қўрқардим.

Бир неча ой давомида мен Муқаддас Китобни ва «Қўриқчи минораси»даги мақолаларни ўзим тадқиқ қилардим. Охири Йиғилиш залига боришга қарор қилдим. Жамоатдаги ёқимли руҳият менга жуда таъсир қилди. Олти ой мобайнида тажрибали биродаримиз билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтгач, 1954 йили сентябрда сувга чўмдим. Онам билан синглим ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлишганидан хурсандман.

ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТДА ЯҲОВАГА ТАЯНИШ

Мен 1958 йили Нью-Йоркда бўлиб ўтган халқаро анжуманга бориш шарафига эга бўлдим. Минг афсуски, ундан бир неча ҳафта олдин онам ҳаётдан кўз юмди. У ердан қайтганимда, оилавий масъулиятларим бўлмагани боис ишимдан бўшадим ва кашшофликни бошладим. Ўша пайтларда ғайратли кашшоф Даниэль Дели билан унаштирилдик, 1959 йили майда эса турмуш қурдик.

Оила қуришимиздан олдин Даниэль уйидан узоқ бўлган Бретаньда тўла вақтли хизматини бошлаган эди. Католиклар яшайдиган ўша қишлоқ ҳудудларига велосипедда бориб, ваъз қилиш учун у жасоратли бўлиши керак эди. Мен сингари у ҳам ишимиз шошилинч эканини тушунарди; охират келишига жуда оз вақт қолганини ҳис қилардик. (Мат. 25:13) Унинг фидойи руҳи тўла вақтли хизматимизни давом эттиришимизга ёрдам берган.

Турмуш қурганимиздан бир неча кун ўтиб, мен туман нозири этиб тайинландим. Жуда оддий ҳаёт кечиришга кўникдик. Илк бор ташриф буюрган жамоатда 14 та ваъзгўй бўлиб, уларнинг уйида тунаб қолишга имкон йўқ эди. Шунинг учун Йиғилиш залида матрасларда ухлардик. Тўғри, бу қулай ёки жуда зўр бўлмаган, бироқ белимиз учун маза эди.

Жамоатларга мана шу машинада ташриф буюрганмиз

Ишларимиз роса кўп бўлишига қарамай, Даниэльга хизматимизнинг бу тури ёқарди. У кўпинча машинамизда ўтириб оқсоқолларнинг режалаштирилмаган учрашуви тугашини кутарди, лекин ҳеч қачон нолимас эди. Бу хизмат турида бор-йўғи икки йил ўтказиб, эр-хотин ўзаро ростгўйлик ила суҳбатлашиши ва ҳамкорлик қилиши ўта муҳим эканини билиб олдик. (Воиз 4:9)

ЯНГИ ТОПШИРИҚ

1962 йили бизни Бруклинга (Нью-Йорк), Гилад мактабининг 37- синфига ўн ой давом этган ўқишга таклиф қилишди. 100 та ўқувчи, улар қаторида 13 та жуфтлик бу мактабда ўқиш шарафига эга бўлди. Имон устунлари бўлмиш Фредерик Френц, Юлиссис Гласс ва Александр Макмиллан биродарларимиз билан мулоқот қилганимиз ҳали ҳам ёдимда.

Даниэль билан бирга Гилад мактабидамиз

Ўқиётганимизда кузатувчан бўлиш қобилиятимизни чархлашга ундалганмиз. Гоҳида шанба куни кундузи дарсдан кейин Нью-Йорк Ситига бориб, обидаларни кўздан кечириш ўқиш дастурига кирарди. Кўрганларимизни эса душанба куни дарсда ёзиб беришимиз кутиларди. Кўпинча шанба куни кечки пайт уйга чарчаб келардик, лекин биз билан сайр қилиш учун тайинланган байтилчи иншо ёзганимизда асосий фикрларни эслашимиз учун такрорлаш саволларни берарди. Бир сафар шанба куни ҳаммамиз айланиш учун шаҳарга бордик. Метеор билан метеоритлар орасида қандай фарқ борлигини билиш учун обсерваторияга бордик. Америка табиатшунослик тарихи музейида эса аллигатор ва тимсоҳ ўзаро қандай фарқ қилишини билиб олдик. Байтилга қайтаётганимизда, ўша байтилчи биздан: «Хўш, метеор билан метеоритлар орасида қандай фарқ бор?» — деб сўради. Даниэль қаттиқ чарчаганидан: «Метеоритларнинг тиши каттароқ экан»,— деб жавоб берди.

Африкадаги содиқ имондошларимизникига ташриф буюриш бизга ёқарди

Франция филиалида хизмат қилишга тайинланиш биз учун кутилмаган воқеа бўлди. У ерда 53 йилдан ошиқ вақт давомида хизмат қилдик. 1976 йили мен Филиал қўмитаси раиси этиб ва воизлик фаолиятимиз ман этилган ёки чекланган Африка ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларига ташриф буюришга тайинландим. Шу йўсин биз Габонга бордик ва юқорида тилга олинган воқеа ўшанда юз берган. Ростини айтсам, ушбу шарафли топшириқларимни қандай бажараман экан деб доим ташвишланардим. Бироқ севикли хотинимнинг кўмаги билан барини бажара олдим.

Теодор Ярач Парижда 1988 йили сўзлаган «Худонинг адолати» номли нутқни таржима қиляпман

ОҒИР ҚИЙИНЧИЛИК

Энг бошидан Байтилдаги хизматимизни ёқтириб қолдик. Даниэль Гилад мактабидан олдин беш ой давомида инглиз тилини ўрганиб олган эди ва Байтилда адабиётларимизни моҳирлик ила таржима қиларди. Байтилдаги хизматимиздан ташқари, жамоатдаги ишлар билан банд бўлиш ҳам бизни янада бахтли қилди. Эсимда бор, Париж метросида Даниэль икковимиз тунда чарчаб уйга қайтардик, лекин Муқаддас Китоб тадқиқларини бирга ўтказиб келганимиздан бахтиёр эдик. Минг афсуски, кутилмаганда Даниэльнинг соғлиги ёмонлашиб, у хоҳлагандай фаол хизмат қилишига тўсқинлик туғдирди.

1993 йили унга кўкрак саратони деб ташхис қўйишди. Даволаниш жараёни, жумладан, жарроҳлик ва кимётерапия муолажалари ҳам жуда оғир кечди. Ўн беш йилдан сўнг саратон такрорланди, бу галгиси олдингисидан ҳам кучлироқ эди. Лекин у таржимонлик ишини шунчалик қаттиқ яхши кўрганки, соғлиги йўл қўйганда вазифасига киришарди.

Даниэль оғир касалликка чалинган бўлса-да, Байтилдаги хизматимизни тўхтатиш хаёлимизга ҳам келмаган. Албатта касаллик туфайли Байтилда ўзгача қийинчиликларга дуч келдик, айниқса, бошқалар вазиятимизни охиригача тушунмаганда бу осон эмас эди. (Ҳик. 14:13) Ёши 75 дан ошиб қолган бўлса-да, Даниэльнинг ташқи кўринишидан касаллиги билинмас эди. Ўзига раҳм қилиб ўтирмас эди. Аксинча, бошқаларга ёрдам берарди. У ўзгаларни тинглаб, дардига шерик бўларди. (Ҳик. 17:17) Даниэль ҳеч қачон бошқаларга маслаҳатлар бериб юрмас эди. Аммо тажрибаси билан бўлишиб, саратонга йўлиққан кўпгина опа-сингилларимизга касалликдан қўрқмасликка ёрдам берган.

Бундан ташқари бошқа қийинчиликлар ҳам пайдо бўлди. Даниэль тўла вақтли хизматини тўхтатганда, бутун эътиборини менга кўмаклашишга қаратган. Азизам ҳаётимни енгиллаштириш учун кўп ҳаракат қилган. Шу туфайли 37 йил мобайнида Филиал қўмитаси раиси бўлиб хизмат қила олдим. Масалан, Даниэль ҳар куни кечки овқатни тайёрлаб қўярди ва биз дам олиб бирга вақт ўтказардик. (Ҳик. 18:22)

ТАШВИШЛАРНИ ЕНГИШ

Даниэль доим ижобий нуқтаи назарга эга бўлиб, ҳаётни яхши кўрарди. Вақт ўтгач, у учинчи марта саратонга йўлиқди. Руҳимиз тушган эди. Кимётерапия ва рентген нурлари билан даволаш муолажалари дастидан у ҳолсиз бўлиб, гоҳида ҳатто юра олмас эди. Шунақа тажрибали таржимон бўлган азиз рафиқам зўрға гапираётганини кўрганимда, юрагимга қилич санчилгандай бўларди.

Ҳатто ўзимизни кучсиздай ҳис қилганимизда, ибодат қилиб, Яҳова биз дош бера олмайдиган даражада қийналишимизга йўл қўймаслигига ишонардик. (1 Кор. 10:13) Биз ҳамиша Яҳова Ўз Каломи, Байтилдаги тиббий ходимлар ва биродару опа-сингилларимиз орқали кўрсатаётган ёрдами учун Ундан миннатдор эдик.

Биз тез-тез Яҳовадан даволаниш муолажаларининг қайси турини танлаш борасида йўл-йўриқ беришини сўрардик. Қайсидир пайт давомида биз умуман даволанмаган эдик. 23 йил мобайнида Даниэльни даволаган шифокор нега у ҳар бир кимётерапиядан сўнг хушидан кетаётганини тушунтириб бера олмаган. У бошқа даволаниш муолажаларини таклиф қила олмаган. Ўзимизни ёлғиз қолгандай ҳис қилдик ва кейинчалик нима бўлишини билмас эдик. Кейин эса бошқа онколог Даниэльга ёрдам беришга рози бўлди. Ўшанда худди Яҳова вазиятга аралашиб бизга ёрдам бергандай эди.

Биз эртанги кун ташвишлари ҳақида қайғурмасликка ўргандик. Исо айтганидай, «ҳар бир куннинг ўзига яраша муаммолари бор». (Мат. 6:34) Қолаверса, ижобий нуқтаи назар ва ҳазиллашиб туриш ҳам қўл келди. Масалан, икки ой мобайнида кимётерапия олмаганда Даниэль табассум ила: «Ҳозир, ўзимни ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ ҳис қиляпман»,— деб айтган. (Ҳик. 17:22) Азоб чекишига қарамай, у янги ҳамду сано қўшиқларимизни баланд овозда куйлашни ёқтирарди.

Унинг ижобий нуқтаи назари ўз қийинчиликларим билан ҳам курашишга ёрдам берди. Очиғини айтсам, 57 йиллик турмушимиз давомида у менинг турли эҳтиёжларим ҳақида ғамхўрлик қилди. Мен ҳатто тухум қовуриш нималигини билмас эдим! Лекин азизамнинг аҳволи жуда оғирлашиб кетганда, идиш, кир ювишга ва оддий таомларни тайёрлашга ўргандим. Бир нечта стакан синдирдим, аммо рафиқамга ёқадиган ишлар қилиш менга қувонч бахш этарди *.

ЯҲОВАНИНГ ЯХШИЛИГИ УЧУН МИННАТДОРМАН

Ортга қараб, соғлик муаммолари ва кексалик келтирадиган қийинчиликлар туфайли муҳим сабоқларга ўрганганимни кўряпман. Биринчидан, қанчалик банд бўлишимизга қарамай, севикли умр йўлдошимизга ғамхўрлик қилишга вақт топиш керак. Севикли яқинларимизга ғамхўрлик қилаётганимизда қўлимиздан келганини қилиб вақтдан унумли фойдаланишимиз лозим. (Воиз 9:9) Иккинчидан, арзимаган майда-чуйда нарсалар ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланмаслик даркор. Акс ҳолда, кунда олаётган кўпгина баракаларимизни назардан четда қолдириб кетишимиз мумкин. (Ҳик. 15:15)

Тўла вақтли хизматимиз ҳақида ўйлаганимда, Яҳова тасаввур қилганимиздан кўра кўпроқ даражада баракалар ёғдирганини рад эта олмайман. «Яҳова менга яхшилик қилди»,— деб айтган сано бастакорининг туйғуларига қўшиламан. (Заб. 116:7)

^ абз. 32 Даниэль Бокайер бу мақола тайёрланаётган пайтда ҳаётдан кўз юмди. У 78 ёшда эди.