Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ёшлар, мазмунли ҳаёт кечира оласиз!

Ёшлар, мазмунли ҳаёт кечира оласиз!

Сен менга ҳаёт сўқмоқларини кўрсатдинг. ЗАБ. 16:11

ҚЎШИҚЛАР: 41, 6

1, 2. Тонининг мисолидан кўрганимиздай қандай ўзгаришлар қилиш мумкин?

ТОНИ исмли ўқувчи мактабни битириш арафасида эди. У отасиз эди, ўқишга унча қизиқмасди ва дам олиш кунларини дўстлари билан ўтказарди ёки кино кўрарди. У зўравон ва гиёҳванд бўлмаганди. Шунчаки ҳаётда ҳеч қандай мақсади йўқ эди. Қолаверса, Тони Худо борлигидан шубҳаланарди. Кейин у Яҳованинг Шоҳиди бўлган жуфтликни учратиб қолди ва уларга шубҳаларию саволлари ҳақида айтди. Улар Тонига «Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» ва «Ҳаёт яратилганми?» номли иккита рисолани беришди.

2 Ўша жуфтлик қайтиб келганида, Тонининг муносабати ўзгарган эди. У рисолаларни шунчалик кўп тадқиқ қилганидан, уларнинг саҳифалари букланиб ғижим бўлиб кетганди. «Худо бор экан»,— деб айтди Тони. У Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлди ва бора-бора ҳаётга нисбатан нуқтаи назари ўзгарди. Шунингдек, у иккичидан мактабнинг энг аълочи ўқувчиларидан бирига айланди. Тонининг эътиқодидан хабардор бўлган директор ҳам қойил қолди. У қуйидагича деди: «Сен хулқингда ва ўқишингда катта ўзгаришлар қилдинг. Буларнинг бари Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилганинг туфайлими?» Тони ҳа деди ва кейин ажойиб шоҳидлик берди. У муваффақият ила мактабни битирди ва ҳозир доимий кашшоф ҳамда жамоат хизматкори. Тони меҳрибон Отаси Яҳова борлигидан бахтиёр. (Заб. 68:5)

ЯҲОВАГА ИТОАТ ЭТИНГ, ШУНДА МУВАФФАҚИЯТЛИ БЎЛАСИЗ

3. Яҳова ёшлар учун нимани истайди?

3 Тони билан бўлган воқеадан кўряпмизки, Яҳова сиз, ёшлар, билан жуда қизиқади. У чинакам муваффақиятга эришишингизни ва мазмунли ҳаёт кечиришингизни истайди. Шу боис: «Ёшлик чоғингда Улуғ Парвардигорингни ёдда тут!» — деб маслаҳат бермоқда. (Воиз 12:1) Бугунги кунда бу доим ҳам осон эмас. Аммо бунинг иложи йўқ деб ҳам бўлмайди. Худонинг ёрдами билан нафақат ёшлигингизда, балки бутун ҳаётингиз мобайнида муваффақиятли бўла оласиз. Буни тушуниш учун, келинг, Исроил халқи ваъда қилинган юртни эгаллаганидан ва Довуд Гўлиётни енгганидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

4, 5. Исроил халқи канъонликларни, Довуд эса Гўлиётни енгганидан қандай сабоқ оляпмиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қаранг.)

4 Исроил халқи ваъда қилинган юртга яқинлашиб қолганида, Худо уларга жанг қилиш қобилиятларини яхшилашни ёки урушишга тайёргарлик кўришни буюрмаган. (Қонун. 28:1, 2) Улар Яҳовага итоат этиши ва Унга ишониши лозим эди. (Ёшуа 1:7–9) Инсоний нуқтаи назардан бундай маслаҳат беъманидай туюлиши мумкин! Лекин бу айнан керакли маслаҳат эди, чунки халқ Яҳованинг ёрдами туфайли канъонликлар устидан бирин-кетин ғалаба қозонди. (Ёшуа 24:11–13) Ҳа, Аллоҳга ишониш учун имон керак ва айнан имон туфайли доим муваффақият қозона оламиз. Вақт ўтса-да, бу ҳақиқат ўзгармайди. Бизнинг кунимизда ҳам шундай.

5 Қудратли жангчи Гўлиётнинг бўйи деярли уч метр бўлиб, у жуда яхши қуролланган эди. (1 Шоҳ. 17:4–7) Довудда эса атиги иккита нарса — палахмон ва Тангри Яҳовага бўлган имон бор эди. Имони сустларга Довуд аҳмоқдай кўринган бўлиши мумкин. Лекин улар адашишган эди! Аслида, Гўлиёт аҳмоқ эди. (1 Шоҳ. 17:48–51)

6. Қайси мавзуни чуқурроқ кўриб чиқамиз?

6 Олдинги мақолада ҳаётда муваффақиятли ва бахтли бўлишимизга кўмаклашадиган тўртта нарса ҳақида гап борган эди. Бу — маънавий эҳтиёжларни қондиришни, художўй дўстлар учун миннатдор бўлишни, арзигулик мақсадлар қўйишни ва Худо берган эркинлигимизни қадрлашни ўз ичига олади. Келинг, Забурнинг 16- саносидаги баъзи принциплар устида мулоҳаза юритиб, мазкур мавзуни чуқурроқ таҳлил қилайлик.

МАЪНАВИЙ ЭҲТИЁЖЛАРИНГИЗНИ ҚОНДИРИНГ

7. а) Маънавий инсонни қандай тасвирлаган бўлар эдингиз? б) Довуднинг «улуши» нима эди ва бу унга қандай таъсир қилган?

7 Маънавий инсон Худога ишонади ҳамда вазиятга Унинг нуқтаи назари билан қарайди. Бундай киши Аллоҳдан йўл-йўриқ излаб, уларга амал қилиш қарори қатъий бўлади. (1 Кор. 2:12, 13) Бунда Довуд яхши ўрнакдир. У: «Яҳова улушим, насибамдир, У менинг косамни тўлдиради»,— деб куйлаган. (Заб. 16:5) Довуд бу «улуш», яъни Яҳова билан бўлган яқин муносабатлари учун миннатдор эди ва Ундан бошпана топган. (Заб. 16:1) Натижаси қандай бўлди? «Бутун вужудим шодланади»,— деб ёзган Довуд. Чиндан ҳам, у учун Аллоҳ билан яқин дўстликка эга бўлишдан улкан қувонч йўқ эди. (Забур 16:9, 11 ни ўқинг.)

8. Чинакам мамнуният бахш этадиган баъзи нарсалар нима?

8 Ҳаётида кўнгилхушлигу бойлик марказий ўринда бўлган кишилар Довуд ҳис этган қувончни туя олмайди. (1 Тим. 6:9, 10) Канадалик биродар шундай деб бўлишди: «Ҳақиқий мамнуният ҳаётда нимага эга бўлишингизга эмас, балки барча яхши ҳадяларни берувчи Худованд Яҳовага берган нарсаларингизга боғлиқ». (Ёқб. 1:17) Дарҳақиқат, Яҳовага нисбатан имонни ривожлантирсангиз ва Унга хизмат қилсангиз, ҳаётдан мазмун ҳамда чинакам мамнуният топасиз. Қай йўсин имонингизни мустаҳкамлай оласиз? Яҳованинг Каломини ўқиш, мавжудотларини кузатиш ва фазилатларию сизга нисбатан севгиси устида мулоҳаза юритиш орқали У билан вақт ўтказиб бунга эриша оласиз. (Рим. 1:20; 5:8)

9. Қай йўсин Довуд сингари Худонинг Каломи сизни шакллантиришига йўл қўя оласиз?

9 Баъзида Тангрининг севгиси оталарча берган панд-насиҳатида намоён бўлади. Довуд бундай маслаҳатни қабул қилишга тайёр бўлган. У қуйидаги сўзларни айтган: «Менга панд-насиҳат берган Яҳовани шарафлайман. Ҳатто тунда ҳам чуқур ўй-фикрларим менга таълим беради». (Заб. 16:7) Ҳа, у Худонинг фикрлари устида мулоҳаза юритган, яхши тарафга ўзгариш учун уларни ўзлаштирган. Сиз ҳам имон билан шундай йўл тутсангиз, Аллоҳга бўлган севгингиз ва Унга итоат қилиш истагингиз кучаяди. Бундан ташқари, сиз маънан етук инсон бўласиз. Кристен исмли опамиз: «Тадқиқ ўтказиб, ўқиганларим устида мулоҳаза юритганимда, Яҳова буни худди мен учун ёзгандай ҳис қиламан!» — деб бўлишди.

10. Ишаё 26:3 га кўра маънавий нуқтаи назарга эга бўлишнинг қандай фойдаси бор?

10 Маънавий инсон сифатида дунёга ва келажакка Яҳованинг назари билан қарай оласиз. Чунки У сизга ўзгача билим ва мулоҳазакорлик бермоқда. Хўш, нега Аллоҳ бундай қилмоқда? Боиси, У ҳаётда муҳим нарсаларни устувор қўйишингизни, доно қарорлар чиқаришингизни ва келажакка ишонч билан қарашингизни истайди! (Ишаё 26:3 ни ўқинг.) Қўшма Штатларда яшайдиган Жошуа исмли биродар шундай деди: «Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлиш барча нарсани ўз ўрнида сақлашга ёрдам беради». Бу ҳақиқат ва ҳаётдан мамнуният ҳис қилишимизга кўмаклашади.

ҲАҚИҚИЙ ДЎСТЛАР ОРТТИРИНГ

11. Довуд дўстларни қай йўсин танлаган?

11 Забур 16:3 ни ўқинг. Довуд ҳақиқий дўстларга эга бўлишнинг сирини билган. У Яҳовани севган кишилар орасида «улкан қувонч» ҳис этган. «Муқаддас кишилар» дегани ахлоқан пок ва тўғри инсонларга ишора қилади. Бошқа сано бастакори ҳам дўст танлашда худди шундай фикрга эга бўлган. У: «Фармонларингни бажарадиган, Сендан қўрқадиган кишиларнинг дўстиман»,— деб ёзган. (Заб. 119:63) Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, сиз ҳам Яҳовани севадиган ва Унга итоат қиладиган инсонлар орасида кўпгина яхши дўстларни топа оласиз. Уларнинг ёши турлича бўлиши мумкин.

12. Нега Довуд ва Йўнатан қалин дўст бўлган?

12 Сано бастакори Довуд фақатгина тенгдошлари билан дўстлашмаган. Довуд учун қадрдон дўстга айланган «улуғвор» кишининг исми эсингиздами? Бу Йўнатан эди. Ҳа, уларнинг дўстлиги Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилган энг ажойиб мисоллардан биридир. Йўнатан Довуддан тахминан 30 ёш катта бўлганини билармидингиз? Қизиқ, улар нега қалин дўст бўлишган? Имон, бир-бирига бўлган ҳурмат ва улар Худонинг душманлари билан жасорат ила курашишганини кўриш дўстлигининг асоси бўлган. (1 Шоҳ. 13:3; 14:13; 17:48–50; 18:1)

13. Қай йўсин кўпроқ дўстларга эга бўла оласиз? Мисол келтиринг.

13 Довуд ҳамда Йўнатан сингари биз ҳам Тангри Яҳовани севадиган ва Унга ишонадиган инсонлар билан дўстлашганимизда, «улкан қувонч» ҳис этамиз. Йиллар мобайнида Худога хизмат қилган Киера қуйидаги фикр билан бўлишди: «Дунё бўйлаб турли дўстларга эгаман. Уларнинг келиб чиқиши ва маданияти турлича». Сиз ҳам шундай йўл тутсангиз, Худонинг Каломи ва муқаддас руҳ туфайли якдил оила эканимизни кўра оласиз.

АРЗИГУЛИК МАҚСАДЛАР САРИ ИНТИЛИНГ

14. а) Ҳаётда арзигулик мақсадлар қўйишингизга нима ёрдам беради? б) Маънавий мақсадлар қўйиш ҳақида баъзи ёшлар қандай фикр билдирди?

14 Забур 16:8 ни ўқинг. Довуд диққатини Яҳовага хизмат қилишга қаратган. Сиз ҳам Яҳовага хизмат қилишдан тўхтамасангиз ва Унинг нуқтаи назарини эътиборга олиб мақсадлар қўйсангиз, ҳақиқий мамнуниятни ҳис этасиз. Стивен исмли биродар шундай деди: «Мақсад сари интилиш, унга эришиш ва ортга қараб яхши тарафга ўзгаришларни кўриш менга мамнуният бахш этади». Ҳозир бошқа ҳудудда хизмат қилаётган германиялик ёш биродар эса: «Қариганимда, ҳаётимга назар солиб фақат ўзим учун яшаганимни кўришни истамайман»,— деб айтди. Сиз ҳам шундай фикрдасиз деган умиддамиз. Агар шундай бўлса, ҳадяларингиздан Аллоҳни улуғлаш ва бошқаларга ёрдам бериш учун фойдаланинг. (Галат. 6:10) Маънавий мақсадлар қўйиб, Яҳовадан уларга эришишингизга ёрдам беришини сўранг. У бундай ибодатларга жавоб беришни яхши кўради. (1 Юҳан. 3:22; 5:14, 15)

15. Қандай мақсадлар қўйсангиз бўлади? (« Айрим мақсадлар» номли рамкага қаранг.)

15 Қандай мақсадлар қўйсангиз бўлади? Масалан, бу йиғилишларда ўз сўзларингиз билан шарҳ бериш, кашшофликни бошлаш ёки Байтилда хизмат қилиш бўлиши мумкин. Ўзга тилда гапирадиган ҳудудда хизмат қилиш учун янги тилни ўргансангиз бўлади. Тўла вақтли хизматда иштирок этаётган ёш биродар Барак: «Ҳар куни Яҳовага бор кучимни бераётганимни билиб уйғониш ҳисси ажойиб. Буни таърифлашга тил ожиз»,— деди.

АЛЛОҲ БЕРГАН ЭРКИНЛИКНИ ҚАДРЛАНГ

16. Яҳованинг адолатли меъёрлари борасида Довуд қандай фикрда эди ва нега?

16 Олдинги мақолада кўрганимиздай, Худонинг адолатли қонунлари ва принциплари бизга эркинлик бериб, яхши нарсани севишимизга ва ёмонликдан нафратланишимизга ёрдам беради. (Амос 5:15) Сано бастакори Довуд Яҳова ҳақида: «Ҳимматинг нақадар мўл-кўлдир!» — деб айтган. (Заб. 31:19) Ҳиммат ахлоқан пок бўлишни англатади. Довуд Яҳова каби ҳимматга эга бўлиш учун Унга тақлид қилишда кўп ҳаракат қилган. Боз устига, Довуд Худонинг назарида ёмон бўлган нарсалардан нафратланган. Бу бутпарастлик, инсониятни таназзулга олиб борувчи одатлар ва Яҳовага тегишли шон-шарафни эгаллашни ўз ичига олиши мумкин. (Ишаё 2:8, 9; Ваҳ. 4:11)

17, 18. а) Довуд сохта топинишнинг оқибатлари ҳақида нима деган? б) Нима дастидан одамларнинг «дард-аламлари кўпаймоқда»?

17 Муқаддас Китоб ёзилган пайтда сохта топиниш жинсий ахлоқсизликни ҳам ўз ичига олган. (Ҳўш. 4:13, 14) Кўплар бундай топинишни маъқуллаган, чунки улар ахлоқсизлик қилиб, хурсанд бўларди. Аммо бунинг қувончи вақтинча эди. Довуд: «Бошқа худоларга хизмат қилаётганлар, дард-аламларини кўпайтиради»,— деб ёзган. (Заб. 16:4) Қолаверса, улар сохта худоларга атаб болаларни қурбонликка келтирган. (Ишаё 57:5) Яҳова бундай зўравонликдан нафратланган. (Ерм. 7:31) Шубҳасизки, ўша пайтда яшаганингизда, ота-онангиз Яҳовага ишониб, Унга итоат қилганидан миннатдор бўлардингиз.

18 Бугунги кунда ҳам сохта дин жинсий ахлоқсизликка ва ҳатто гомосексуализмга кўз юммоқда. Лекин қадим замонлардан бери қўштирноқ ичидаги ахлоқий эркинликнинг оқибатлари умуман ўзгармаган деса бўлади. (1 Кор. 6:18, 19) Одамлар «дард-аламларини кўпайтиргани» барчамизга аён. Шундай экан, қадрдон ёшлар, самовий Отангизга қулоқ солинг. Аллоҳ фойдангизни кўзлаётганига бутунлайин амин бўлиб, Унга бўйсунинг. Ахлоқсизликнинг ёмон оқибатлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг. Шунда, вақтинча ҳузур келтирадиган кўнгилхушликнинг ҳар қандай тури бир тийинга қиммат эканини кўрасиз. (Галат. 6:8) Юқорида тилга олинган Жошуа шундай деди: «Эркинлигимиздан истаганимиздай фойдалана оламиз, аммо ундан нотўғри фойдаланиш мамнуният келтирмайди».

19, 20. Яҳовага ишонадиган ва Унга бўйсунадиган ёшларни қандай баракалар кутмоқда?

19 Исо издошларига қуйидагиларни айтган: «Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, чиндан ҳам менинг шогирдларимсиз. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади». (Юҳан. 8:31, 32) Шукурки, бу эркинлик туфайли биз сохта дин, янглиш фикрлар ва ирим-сиримлардан йироқдамиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Келажакда «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига» эга бўлишимиз мумкин бўлган пайтни интиқиб кутяпмиз. (Рим. 8:21) Ҳатто ҳозирнинг ўзида Исонинг сўзларига риоя қилиб, қайсидир маънода эркин бўла оляпмиз. Шу йўсин, нафақат бу ҳақида билиб олаётганингиз, шунга мувофиқ яшаётганингиз учун ҳам «ҳақиқатни билиб оласизлар».

20 Азиз ёшлар, Худованд сизга ато этаётган эркинликни қадрланг. Ундан донолик ила фойдаланинг ва келажак учун маҳкам пойдевор тайёрланг. Ёш укамиз шундай фикр билдирди: «Ёш бўла туриб эркинликдан донолик ила фойдаланиш жиддийроқ қарорлар чиқариш керак бўлиб қолганда роса асқатади. Мисол учун, муносиб иш топиш ёки оила қуриш-қурмаслик масаласида ҳам қўл келади».

21. Қай йўсин «ҳақиқий ҳаётга» эриша оласиз?

21 Бу ёвуз дунёдаги ҳаёт, ҳатто у қўштирноқ ичида яхши кечаётган бўлса ҳам беқарор ва қисқа. Ҳеч биримиз эртага нима бўлишини билмаймиз. (Ёқб. 4:13, 14) Шундай экан, «ҳақиқий ҳаётга», яъни абадий ҳаётга етаклайдиган йўлдан юришга интилсангиз тўғри иш қилган бўласиз. (1 Тим. 6:19) Албатта, Аллоҳ бизни бу йўлдан юришга мажбурламаяпти. Бу ўзимизнинг танловимиз. Илойим, Яҳова «улушингиз» бўлсин. У сизга бераётган кўпгина «неъматлар»нинг қадрига етинг. (Заб. 103:5) Тангри сизга «улкан шодлик» ва «тоабад бахт-саодат» ато эта олишига ишонинг. (Заб. 16:11)