Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Ҳикматлар 24:16 да: «Одил киши етти марта йиқилса ҳам, яна туради»,— дейилган. Хўш, мазкур сўзлар одам қайта-қайта гуноҳ қилса-да, Худо уни кечиришини англатадими?

Энди бу сўзлар қайта-қайта гуноҳ қиладиганларга тегишли эмас. Аксинча, улар бирин-кетин муаммолару қийинчиликларга дуч келган, аммо оёққа туриб сабр-бардошни намоён этган одамга ишора қилади.

Келинг, бу оятнинг матн таркибига диққат қаратамиз. У ерда қуйидагича ёзилган: «Одилнинг уйи олдида ёвуз кишидай пистирма қўйма, унинг турар жойини вайрон қилма. Одил киши етти марта йиқилса ҳам, яна туради, ёвуз одам бўлса фалокат пайтида енгилади. Душманинг йиқилса қувонма, қоқилса ич-ичингдан севинма». (Ҳикматлар 24:15–17)

Баъзиларнинг ўйлашича, 16- оятда гуноҳга қўл урган, сўнг эса тавба қилиб, Худо билан яна яхши муносабатларга эга бўлган одам тўғрисида гап кетган. Масалан, британиялик иккита руҳонийнинг ёзишича, «ҳам қадимги, ҳам замонавий руҳонийлар мазкур оятни» шундай тушунтиришган. Қолаверса, ўша руҳонийларнинг айтишича, оятга юқорида айтилганидай ёндашиш «яхши одам қайта-қайта... жиддий гуноҳ қилиши мумкинлигини, аммо Худо доим уни севишини ва у ҳар сафар тавба қилиб, яна оёққа туришини» билдиради. Бундай фикр гуноҳга қарши туришни истамаётган одамга ёқиши мумкин. У қайта-қайта гуноҳга қўл урса ҳам, Худо уни кечиради, деб ўйлаши ҳеч гап эмас.

Лекин 16- оятнинг мағзи умуман бошқача.

16- ва 17- оятларда «йиқилса» деб таржима қилинган ибронийча сўзни турлича қўллаш мумкин. Мисол учун, у том маънода йиқилишни ёки бирон нима ерга тушишини англатади — буқа йўлда йиқилади, кимдир томдан йиқилиб тушади ёки тош ерга тушади. (Қонун. 22:4, 8; Амос 9:9) Ёки мазкур сўз қуйидаги оятларда ифода этилганидай, рамзий маънода қўлланилиши мумкин: «Яҳова инсоннинг йўлларидан мамнун бўлса, унинг қадамларини йўналтиради. У қоқиниб кетса ҳам, юзтубан йиқилмайди, чунки Яҳова унинг қўлидан ушлаб туради». (Заб. 37:23, 24; Ҳик. 11:5; 13:17; 17:20)

Профессор Эдвард Пламптре нима деганига эътибор беринг: «Бу ерда ишлатилган ибронийча сўз [йиқилса] қайта-қайта гуноҳ қилиш маъносида ҳеч қачон қўлланилмаган». Бошқа бир илоҳиётшунос 16- оятни қуйидагича тушунтирди: «Худонинг халқига адолатсизларча муносабатда бўлиш бефойдадир. Боиси, улар доим муваффақият қозонади, ёвузлар эса йўқ».

Шундай қилиб, Ҳикматлар 24:16 да одам гуноҳга ботиши эмас, балки муаммоларга ёки қийинчиликларга рўбарў бўлиши ва бу ҳатто қайта-қайта юз бериши мумкинлиги ҳақида гап кетган. Ушбу ёвуз дунёда одил киши соғлик билан боғлиқ ёки бошқа муаммоларга дуч келиши ҳеч гап эмас. У ҳатто давлат ходимлари томонидан таъқиб қилиниши мумкин. Аммо у Худо уни қўллаб-қувватлашига, қийинчиликка қарши курашишига ва ғалаба қозонишига ёрдам беришига ишона олади. Вазият Худо хизматчиларига фойда келтирадиган тарзда ҳал бўлганига қанчалик тез-тез гувоҳ бўлганингиз тўғрисида ўйлаб кўринг. Нега? Сабаби қуйидаги сўзлар бизга ишонч бахш этади: «Йиқилаётганларга Яҳова тиргак бўлади, қадди букилганларни эса ростлайди». (Заб. 41:1–3; 145:14–19)

«Одил киши» бошқалар муаммоларга дуч келаётганидан хурсанд бўлмайди. Аксинча, у «Аллоҳдан қўрққанлар яхшилик топишини» билишдан тасалли олади. (Воиз 8:11–13; Аюб 31:3–6; Заб. 27:5, 6)