Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Вазифангизни сидқидилдан бажаринг

Вазифангизни сидқидилдан бажаринг

ЯҚИН дўстингиздан меҳрга тўла хат олганингизда нималарни ҳис қиласиз? Масиҳий шогирд Тимўтий ҳаворий Павлусдан шунга ўхшаш хат олган ва биламизки, у Муқаддас Китобда Тимўтийга йўлланган иккинчи мактуб деб номланган. Тимўтий қадрли дўстидан келган мактубни ўқиш учун тинч жой излагани шубҳасиз. Балки у қуйидагича ўйлагандир: «Павлуснинг аҳволи яхшимикин? Вазифаларимни қандай бажариш борасида бирон маслаҳат ёзганмикин? Унинг маслаҳатлари яхшироқ ваъз қилишга ва таълим беришга ҳамда бошқаларга ёрдамлашишга кўмаклашармикин?» Тимўтий бу қадрли мактубдан нафақат саволларига жавоб топди, балки бундан ҳам кўпроғини билиб олди. Ҳозир бу ҳақида гап боради. Келинг, мазкур мактубдан биз учун фойдали бўладиган баъзи асосий фикрларни кўриб чиқамиз.

«ҲАММА НАРСАГА ДОШ БЕРЯПМАН»

Тимўтий мактубнинг кириш сўзларини ўқибоқ, Павлус у ҳақида қайғураётганини ҳис қилган. Павлус меҳр ила уни «севикли ўғлим» деб атаган. (2 Тим. 1:2) Тимўтий мактубни олганида тахминан мил. 65 йил эди. Эҳтимол, унинг ёши 30 дан ошган бўлиб, у тажрибали оқсоқол бўлган. Тимўтий Павлус билан ҳамкорлик қилаётганига ўн йилдан ошган эди. У бу орада Павлусдан кўп нарсаларни ўрганган.

Павлус Римда занжирбанд қилинган бўлиб, ўлим ёқасида турган. Лекин унинг мактубидан шу аён эдики, у бардошли бўлишда ва садоқатли қолишда давом этган. (2 Тим. 1:15, 16; 4:6–8) Қолаверса, Павлус олдинда уни кутаётган воқеалардан қўрқмаётгани аниқ-равшан кўринган. Зеро, у: «Ҳамма нарсага дош беряпман»,— деб ёзган. (2 Тим. 2:8–13) Буларнинг барчаси ҳақида билиб, Тимўтий роса далда олгани аниқ. Павлуснинг бардошли бўлишда қолдирган ўрнаги бизга ҳам куч бера олади.

«ИНЪОМНИ АЛАНГАЛАТИБ ТУР»

Павлус Тимўтийни Худонинг хизматидаги топшириғини хазина деб билишга ундаган. У Тимўтий «Тангридан олган инъомни алангалатиб» туришини истаган. (2 Тим. 1:6, изоҳ) Павлус «инъом» сўзини етказиш учун «харисма» сўзидан фойдаланган. Юнонча бу сўзнинг асосий маъноси ихтиёрий ва иноят ила берилган ҳадя деганидир. Тимўтий жамоатларга ёрдам бериш учун махсус вазифага тайинланганида бу ҳадяни олган эди. (1 Тим. 4:14)

Хўш, Тимўтий бу ҳадядан қандай фойдаланиши керак эди? У «алангалатиб тур» деган сўзларни ўқиганида, уйдаги гулхан баъзида базўр ёнаётган чўғларга айланиши тўғрисида ўйлагандир. Чўғлар кўпроқ олов ва иссиқлик бериши учун уларни алангалатиш лозим эди. Бир луғатда айтилишича, Павлус фойдаланган юнонча феъл (аназоперео) «ўт олдирмоқ, жонлантирмоқ, оловга айлантирмоқ», рамзий маънода эса «янги ишга нисбатан завққа тўлмоқ» деган маънони англатади. Ҳа, Павлус Тимўтийга вазифасини «сидқидилдан бажаришни» маслаҳат бераётган эди. Бугунги кунда биз ҳам худди шундай йўл тутишимиз лозим, яъни вазифамизни ғайрат ила бажаришимиз даркор.

«СЕНГА ИШОНИБ ТОПШИРИЛГАН ХАЗИНАНИ... АСРАГИН»

Тимўтий қадрдон дўстидан келган мактубни ўқишда давом этар экан, хизматида муваффақиятли бўлишга ёрдам берадиган яна бир иборага дуч келади. Павлус унга шундай ёзган эди: «Сенга ишониб топширилган хазинани ичимизда бўлган муқаддас руҳ ёрдамида асрагин». (2 Тим. 1:14) Бу қандай хазина эди? Тимўтийга нима ишониб топширилганди? Бундан олдинги оятда Павлус Муқаддас Ёзувлардаги «соғлом сўзлар» ҳақида айтиб ўтганди. (2 Тим. 1:13) Масиҳий сифатида Тимўтий ҳам биродару опа-сингилларига, ҳам ҳудудидаги одамларга ҳақиқатни етказиши керак эди. (2 Тим. 4:1–5) Бундан ташқари, Тимўтий Худонинг сурувига чўпонлик қилиш учун оқсоқол этиб тайинланган эди. (1 Бутр. 5:2) Тимўтий Яҳованинг муқаддас руҳига ва Каломга таяниб, унга ишониб топширилган хазинани — ўргатиши керак бўлган ҳақиқатни — асрай оларди. (2 Тим. 3:14–17)

Бугунги кунда ҳам бизга ҳақиқат ишониб топширилган ва биз уни бошқаларга ўргатамиз. (Мат. 28:19, 20) Тинмай ибодат қилиш ва Худонинг Каломини мунтазам ўрганиш орқали бу ажойиб ҳадя учун миннатдорчилигимизни ошира оламиз. (Рим. 12:11, 12; 1 Тим. 4:13, 15, 16) Эҳтимол, жамоатда оқсоқол сифатида хизмат қилиш ёки тўла вақтли хизматда қатнашиш каби қўшимча вазифамиз бордир. Бу каби шарафга эга бўлсак, камтарин бўлишимиз даркор. Шунингдек, вазифамизни бажариш учун Худонинг ёрдамига таянишимиз лозим. Бундай йўл тутсак, Худо бизга берган хазинани чинакамига қадрлаётганимизни кўрсатамиз.

«МЕНДАН ЭШИТГАН НАРСАЛАРНИ... ИШОНЧЛИ ИНСОНЛАРГА ҲАМ ЕТКАЗ»

Яна Тимўтийнинг вазифасига бошқаларга ўзи бажараётган ишларни ўргатиш кирган. Шу сабабли, Павлус уни қуйидагича ундаган: «Мендан эшитган нарсаларни, бошқаларга таълим беришга муносиб бўладиган ишончли инсонларга ҳам етказ». (2 Тим. 2:2) Ҳа, Павлус Тимўтийга билиб олган барча нарсасини бошқаларга ҳам ўргатиши кераклигини эслатиб ўтган. Ҳозирда ҳам масиҳийлар жамоатидаги ҳар бир нозир худди шундай йўл тутишга интилиши муҳимдир. Яхши нозир вазифани қандай бажариш борасида билганларини яширмайди. Аксинча, бошқалар ҳам уни бажара олиши учун уларга таълим беради. Қолаверса, бундай нозир улар кўпроқ билимга эга бўлиб ёки яхшироқ қобилиятларини намоён этиб, унинг аҳамиятини пасайтиради, деб қўрқмайди. Шу боис, у вазифани қандай бажариш борасида асосий фикрларни айтиш билан чегараланиб қолмайди. У таълим бераётган кишиларига заковатли ва мулоҳазакор бўлишга — маънан ўсишга ёрдам беришни истайди. Бунинг натижасида «ишончли кишилар» жамоатга кўпроқ фойда келтира олади.

Шубҳасизки, Тимўтий Павлусдан олган меҳрга тўла бу мактубни қадрлаган. У қимматли маслаҳатларни қайта-қайта ўқиганини ҳамда вазифасини бажариш учун қай йўсин уларни тўлақонли амалда қўллай олиши устида мулоҳаза юритганини тасаввур қилсак бўлади.

Биз ҳам мазкур маслаҳатларни амалда қўллашни истаймиз. Қанақасига? Инъомимизни олов каби алангалатиш, хазинамизни ҳимоя қилиш ва тажрибамизу билимимизни бошқалар билан бўлишиш учун жон куйдиришимиз керак. Шунда, Павлус Тимўтийга ёзгани каби хизматимизни тўла адо эта оламиз. (2 Тим. 4:5)