Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

52- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Қай йўсин тушкунликка қарши кураша оласиз?

Қай йўсин тушкунликка қарши кураша оласиз?

Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади. ЗАБ. 55:22

33- ҚЎШИҚ Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла

БУ МАҚОЛАДА *

1. Тушкунлик бизга қандай таъсир қилиши мумкин?

ҲАР куни муаммоларга дуч келамиз ва уларга бардошли бўлиш учун жон куйдирамиз. Бироқ руҳимиз тушса улар билан курашиш қийин кечади. Шундай экан, ишонч, жасорат ва қувончимизга соя соладиган тушкунликка ўғри каби қарашимиз керак. Ҳикматлар 24:10 да шундай дейилган: «Оғир кунда руҳинг тушса, кучинг ҳам заифлашади». Дарҳақиқат, тушкунлик ҳаётдаги муаммоларни муваффақият ила енгиш учун керак бўладиган кучимизни заифлаштиради.

2. Тушкунликка тушишимизга нима сабаб бўлиши мумкин ва ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

2 Тушкунликка тушишимизга кўп нарса — ташқи ва ички омиллар сабаб бўлар. Буларга номукаммаллигимиз, заифликларимиз ҳамда соғлиқ муаммолари кириши мумкин. Қолаверса, Яҳованинг хизматида ўзимиз истаган вазифага тайинланмасак ёки одамлар хушхабарга бепарво бўлган ҳудудларда хизмат қилаётган бўлсак ҳам тушкунликка тушишимиз ҳеч гап эмас. Мазкур мақолада тушкунлик билан курашишимизга кўмаклашадиган баъзи фикрларни кўриб чиқамиз.

НОМУКАММАЛЛИК ВА ЗАИФЛИКЛАР БИЛАН КУРАШГАНДА

3. Тўғри нуқта назарга эга бўлишимизга нима ёрдам беради?

3 Номукаммаллигимиз ва заифликларимизга нисбатан нотўғри нуқтаи назарни ривожлантиришимиз осон. Бунинг дастидан муваффақиятсизликларимиз туфайли Яҳова янги дунёда яшашимизга асло йўл қўймайди, деб ўйлармиз. Бу каби фикрлаш тарзи эса жуда хавфли бўлиши мумкин. Номукаммаллигимизга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишимиз керак? Муқаддас Китобга кўра, Исодан ташқари «ҳамма гуноҳ қилган». (Рим. 3:23) Яҳова тирноқ тагидан кир изламайди ёки мукаммал бўлишимизни кутмайди. Аксинча, У бизга ёрдам беришни истайдиган севувчи Отадир. Қолаверса, У сабр-тоқатли. Худо ўзимизга нисбатан нотўғри нуқтаи назарни енгиш ва заифликларимиз билан курашиш мақсадида қилаётган ҳаракатларимизни кўряпти ҳамда У бизга кўмаклашишга доим тайёр. (Рим. 7:18, 19)

Яҳова ўтмишда ва ҳозирда қилаётган яхшиликларимизни билади (5- хатбошига қаранг.) *

4, 5. Юҳаннонинг биринчи мактуби 3:19, 20 даги сўзлар иккита имондошимизга қай йўсин тушкунликка қарши курашишга ёрдам берди?

4 Келинг, Дебора ва Мариянинг * мисолларини кўриб чиқамиз. Кўпинча Дебора унга қилинган муомала туфайли ўзини камситилгандай ҳис қиларди. У деярли мақтов сўзларини эшитмаган. Шу боис, у ўзига нисбатан салбий нуқтаи назарда бўлган. Ҳатто кичик хатолар қилганда ҳам, ўзини ҳеч нарсанинг уддасидан чиқа олмайдиган одамдай ҳис қилган. Мария ҳам шунга ўхшаш муаммога дуч келган. Қариндошлари уни уялтириб туришган. Бу туфайли у ўзига паст назар билан қараш туйғуси билан курашган. Сувга чўмганидан кейин ҳам, у ўзини Яҳованинг Шоҳиди бўлишга нолойиқ ҳис этган.

5 Бироқ бу иккита имондошимиз Яҳовага хизмат қилишни тўхтатмаган. Қандай қилиб? Улар Яҳовага астойдил ибодат қилиб ғам-ташвишларини Унга ташлади. (Заб. 55:22) Улар шуни тушундики, севувчи самовий Отамиз ўтмишимиз ҳамда нотўғри фикрлаш тарзи бизга қандай таъсир қилганини билади. Қолаверса, У қалбимиздаги яхши нарсаларни, ҳатто ўзимиз кўра олмаган фазилатларимизни кўради. (1 Юҳанно 3:19, 20 ни ўқинг.)

6. Киши олдин қилган хатосини яна такрорласа, нима қилиши мумкин?

6 Киши чуқур ўрнашган бирор ёмон одати билан курашаётиб яна ўша ишни такрорлаши ва бу уни тушкунликка тушириши мумкин. Албатта, гуноҳ қилганда муайян даражада ўзимизни айбдор ҳис қилишимиз табиий. (2 Кор. 7:10) Лекин мувозанатни йўқотмаслигимиз ва қуйидагича фикрлаб ўзимизни ҳукм қилмаслигимиз лозим: «Мен ҳеч нарсага арзимайман. Яҳова мени ҳеч қачон кечирмаса керак». Бундай фикрлаш тарзи ҳақиқатга зид ва бу бизни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатиши мумкин. Ҳикматлар 24:10 да руҳимиз тушса, кучимиз ҳам заиф бўлиши ҳақида айтилганини унутманг. Аксинча, Яҳовага ибодат қилиш ва Унинг раҳм-шафқатини излаш орқали У билан орангиздаги масалани ҳал қилинг. (Ишаё 1:18) Чин кўнгилдан қилган тавбангизни кўриб, У сизни кечиради. Шунингдек, оқсоқолларга мурожаат қилинг. Улар сизга яна маънан тикланишингизга сабр ила кўмаклашади. (Ёқб. 5:14, 15)

7. Тўғри йўл тутишда қийналсак, нега тушкунликка тушмаслигимиз керак?

7 Жан-Люк исмли оқсоқол заифликлари билан курашаётганларга қуйидагича айтар экан: «Яҳованинг назаридаги одил инсон асло хато қилмайдиган шахс эмас, балки хатолари учун кечирим сўраб, доим тавба қиладиган кишидир». (Рим. 7:21–25) Шу боис, заифликларингиз билан курашар экансиз, ўзингизни ҳукм қилманг. Шуни ёдда тутингки, ҳеч биримиз Яҳованинг олдида ўз кучимиз билан одил бўла олмаймиз. Барчамиз Худо тўлов орқали намоён этадиган иноятга муҳтожмиз. (Эфес. 1:7; 1 Юҳан. 4:10)

8. Руҳан эзилганимизда ёрдам сўраб кимга мурожаат қилишимиз мумкин?

8 Маънавий оиламиз бўлмиш биродару опа-сингиллар бизга далда беради! Суҳбатдошга муҳтож бўлсак, улар бизни тинглаши ва далда бериши мумкин. (Ҳик. 12:25; 1 Салон. 5:14) Тушкунликдан азият чеккан нигериялик Жой исмли имондошимиз қуйидагича бўлишди: «Имондошларим бўлмаганида ҳолим не кечарди?! Биродару опа-сингилларим Яҳова ибодатларимга жавоб бераётганининг яққол далилидир. Улардан ҳатто руҳи эзилганларга қандай далда бериш кераклигини ўргандим». Шуни ҳам ёдда тутишимиз лозимки, ҳар доим ҳам биродару опа-сингилларимиз далдага муҳтож эканимизни билмаслиги мумкин. Шу боис, ташаббус кўрсатиб маънан етук имондошимиздан керакли ёрдамни сўрашимизга тўғри келар.

СОҒЛИК МУАММОЛАРИ БИЛАН КУРАШГАНДА

9. Қай йўсин Забур 41:3 ва 94:19 даги сўзлар бизга далда бахш этади?

9 Яҳовадан ёрдам сўранг. Ўзимизни ёмон ҳис қилганимизда, айниқса, сурункали касалликлар билан курашганимизда ижобий нуқтаи назарни сақлашимиз қийин кечар. Тўғри, ҳозирда Яҳова бизни мўъжизавий тарзда тузатмайди, бироқ У бизга далда бериб, сабр-бардошли бўлишимиз учун керакли кучни ато эта олади. (Забур 41:3, 94:19 ни ўқинг.) Масалан, уй ишларида ёки бозор-ўчар қилишда ёрдамга муҳтож бўлганимизда, Яҳова имондошларимизни бизга кўмаклашишга ундар. Шунингдек, уларни биз билан ибодат қилишга руҳлантирар. Ёки Каломидаги далдали сўзлар орқали янги дунёда касаллик ва оғриқдан ҳоли ажойиб умидимизни, яъни мукаммал ҳаётни ёдимизга солиши мумкин. (Рим. 15:4)

10. Бахтсиз ҳодисадан кейин Исангга таслим бўлмасликка нима ёрдам берди?

10 Нигерияда яшовчи Исанг исмли имондошимиз бахтсиз ҳодисага учрайди. Шифокор унга бошқа ҳеч қачон юра олмаслигини айтади. У шундай деб бўлишди: «Қалбим тилка-пора бўлиб, руҳан эзилдим» Қизиқ, у таслим бўлдими? Йўқ! Унга нима ёрдам берди? «Турмуш ўртоғим билан бирга Яҳовага тинмай ибодат қилардик ва Каломни кунда ўқирдик,— деб айтди Исанг. — Эга бўлган баракаларимизни, жумладан, Худо ваъда қилган янги дунёда яшаш умидини кўз олдимизга келтириш қароримиз қатъий эди».

Жисмоний имкониятлари чекланганлар ҳам хизматда самара келтириб, қувонч топа олади (11–13- хатбошиларига қаранг.)

11. Қай йўсин Синди соғлиқ муаммоларига қарамай қувона олди?

11 Мексикада яшовчи Синди исмли имондошимиз ҳаётига хавф солувчи касалликка чалинди. Сабр-бардош қила олиши учун у нима қилди? У муолажа олар экан, ҳар куни ваъз қилишни олдига мақсад қилди. Синди қуйидагича ёзди: «Бундай йўл тутиб диққатимни жарроҳлик амалиётига, оғриққа ёки касаллигимга эмас, балки бошқаларга қарата олдим. Одатда шифокорлару ҳамширалар билан суҳбатлашганда, улардан уйдагиларининг ҳол-аҳволи ҳақида сўрар эдим. Сўнг нега улар бу машаққатли касбни танлашгани ҳақида сўрар эдим. Шунда қайси мавзу уларнинг қалбига таъсир қилиши мумкинлигини билиб олардим. Уларнинг кўпи одатда беморлар улардан ҳол-аҳвол сўрамаслигини айтишарди ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдиришарди. Ҳатто баъзилари менга уй манзилини ёки телефон рақамини берган. Бундай қийин пайтда Яҳова менга ички қувончни бергани, ҳатто ўзимни лол қолдирган!» (Ҳик. 15:15)

12, 13. Қай йўсин касал ёки соғлиги заиф инсонлар ваъзгўйлик ишида қатнаша олмоқда ва бу қандай натижалар келтирмоқда?

12 Касал ёки соғлиги заиф инсонлар ваъзгўйлик ишида ўзлари истаганча хизмат қила олмагани туфайли тушкунликка тушишлари мумкин. Бироқ кўплар ваъз қилиш йўлларини топишмоқда. Қўшма Штатларда яшовчи Лорел исмли имондошимиз нафас олиши учун 37 йил давомида аппаратнинг ичида ётишига тўғри келган. У саратон, бир қанча жарроҳлик амалиёти ва тери билан боғлиқ сурункали касалликларни бошдан кечирган. Бироқ бу каби ўта жиддий муаммолар ҳам уни ваъз қилишдан тўхтата олмаган. Лорел ҳамшираларга ва уни кўриш учун уйига келганларга ваъз қилган. Натижаси қандай бўлган? У камида 17 кишига Яҳованинг Шоҳиди бўлишга кўмаклашган *.

13 Францияда яшовчи Ричард исмли оқсоқол уйидан чиқа олмайдиган ва қариялар уйида яшайдиганларга қуйидагича амалий фикр билдирди: «Одамлар кўра олиши учун кичик стол устига китоб ва адабиётларимизнинг баъзиларини қўйса бўлади. Бу одамларда катта қизиқиш уйғотади ва суҳбатлар бошлашга замин яратади. Бу уйма-уй хизмат қила олмайдиган азиз биродару опа-сингилларимизга далда бахш этиши мумкин». Қолаверса, уйдан чиқа олмайдиган имондошларимиз хат ёзиб, телефон орқали шоҳидлик бериб хизматда қатнаша олади.

ЎЗИМИЗ ИСТАГАН ВАЗИФАГА ТАЙИНЛАНМАГАНДА

14. Шоҳ Довуд қандай ажойиб ўрнак кўрсатган?

14 Кўпгина сабабларга кўра, Яҳованинг хизматида ўзимиз истаган вазифага тайинланмаслигимиз мумкин. Масалан, бунга ёшимиз, соғлиқ муаммолари ва бошқа омиллар сабаб бўлар. Агар шундай вазиятда бўлсак, шоҳ Довуднинг мисолидан сабоқ олишимиз мумкин. У Худонинг маъбадини қуришни жуда истаган, бироқ Яҳова бу вазифани бошқасига топширган. Довуд Яҳова танлаган кишини тўлақонли қўллаб-қувватлаб, бу қурилиш учун жуда кўп миқдорда олтину кумуш тақдим этган. Тақлид қилишга арзигулик ўрнак, шундай эмасми? (2 Шоҳ. 7:12, 13; 1 Сол. 29:1, 3–5)

15. Қандай қилиб Гюг тушкунликни енгган?

15 Францияда яшовчи Гюг исмли биродаримиз соғлиқ муаммолари туфайли оқсоқоллик хизматини тўхтатган. У ҳатто оддий уй юмушларига ҳам ёрдамлаша олмаган. Гюг қуйидагича ёзди: «Бошида ўзимни кераксиздай ҳис қилиб, қаттиқ тушкунликка тушгандим. Лекин бироз вақт ўтгач, олдин қила олган ишларни энди қила олмаслигим ҳақида ўйлаб, хафа бўлмаслик нақадар муҳим эканини тушундим. Шунда Яҳованинг хизматида қўлимдан келадиган ишларни қилиб қувона олдим. Таслим бўлмаслик қарорим қатъий. Гидўн ва унинг 300 та одами чарчаганига қарамай, душманларини таъқиб қилишда давом этгани каби, мен ҳам курашишда давом этмоқчиман». (Ҳак. 8:4)

16. Садоқатли фаришталардан қандай ўрнак олсак бўлади?

16 Садоқатли фаришталар ҳам ажойиб ўрнакдир. Шоҳ Ахабнинг ҳукмронлиги даврида Яҳова фаришталардан ёвуз шоҳни алдаш борасида таклифларини сўраган. Бир нечта фаришта ўз таклифини айтган. Бироқ Худо улардан бирини танлаб, унинг таклифи муваффақият қозонишини айтган. (3 Шоҳ. 22:19–22) Хўш, бошқа садоқатли фаришталар тушкунликка тушиб: «Бекорга таклиф билдириб бунга вақт сарфлабман»,— деганми? Йўқ албатта! Фаришталар чинакамига камтарин ва улар барча шарафни Яҳовага беришни истайди. (Ҳак. 13:16–18; Ваҳ. 19:10)

17. Муайян шарафли вазифаларга эга бўлмаганимиз учун руҳимиз тушса, қандай йўл тутишимиз керак?

17 Худонинг исми билан аталиш ва Унинг Шоҳлиги ҳақида эълон қилиш шарафига эга эканимизни ёдда тутинг. Вазифалар келади ва кетади. Бироқ Яҳованинг назарида бизни қадрли қиладиган нарса бу эмас. Камтарин бўлсаккина ҳам Яҳова, ҳам имондошларимиз учун чинакамига қадрли бўламиз. Камтарин бўлиб қолиш учун Яҳовадан ёрдам сўраб илтижо қилинг. Муқаддас Китобдан камтарликни намоён этишда ажойиб ўрнак кўрсатган кишиларнинг кўплаб мисолларини ўқиб, улар устида мулоҳаза юритинг. Турли йўллар орқали имондошларингизга бажонидил хизмат қилинг. (Заб. 138:6; 1 Бутр. 5:5)

ОДАМЛАР ХУШХАБАРГА БЕФАРҚ БЎЛГАН ҲУДУДДА ХИЗМАТ ҚИЛГАНИМИЗДА

18, 19. Одамлар хушхабарга қизиқиш кўрсатмайдигандай туюлган ҳудудда қай йўсин қувончни сақлай оласиз?

18 Одамлар хушхабарга қизиқиш кўрсатмайдигандай туюлган ёки уларни уйдан топиш қийин бўлган ҳудудларда хизмат қилганингизда, ҳеч тушкунликка тушганмисиз? Бундай вазиятда қувончни йўқотмаслик ёки қувончга қувонч қўшиш учун нима қилса бўлади? Баъзи амалий маслаҳатлар « Хизматни яхшилаш йўллари» номли рамкада келтирилган. Шунингдек, хизматга нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу нимани ўз ичига олади?

19 Ваъз қилишдан асосий мақсад, Худонинг исмини эълон этиш ҳамда Шоҳлик ҳақида одамларга айтиш эканини ёдда тутинг. Исо ҳаётга олиб борадиган йўлни оз киши топиши ҳақида аниқ қилиб айтган. (Мат. 7:13, 14) Хизматга чиққанимизда Яҳова, Исо ва фаришталар билан ҳамкорлик қилиш шарафига эгамиз. (Мат. 28:19, 20; 1 Кор. 3:9; Ваҳ. 14:6, 7) Яҳова Унга хизмат қилишни истайдиган кишиларни Ўзига жалб қилади. (Юҳан. 6:44) Агар киши бошида хушхабарга қизиқиш билдирмаса, биз тушкунликка тушмаймиз. Чунки бошқа сафар ўша инсонга яна ваъз қилишимиз ва у бу сафар бизни диққат ила тинглаши мумкин.

20. Еремиё 20:8, 9 дан тушкунлик билан курашиш ҳақида нимани билиб оляпмиз?

20 Еремиё пайғамбардан кўп нарсани ўргансак бўлади. У унинг хабарига бефарқ бўлган одамлар орасида ваъз қилиши керак эди. Одамлар уни «кун бўйи» ҳақорат қилишган ва пичинг отишган. (Еремиё 20:8, 9 ни ўқинг.) Бир марта у тушкунликка тушганидан ваъз қилишни тўхтатмоқчи бўлган. Лекин у бундай йўл тутмаган. Нега? Яҳованинг сўзи Еремиёнинг юрагида ёнган оловдай бўлган ва у буни ичида сақлай олмаган. Қалбимизу онгимизни Худо Каломидагилар билан тўлдирсак, биз билан ҳам шундай бўлади. Бу Муқаддас Китобни кунда ўқиб, устида мулоҳаза юритишимиз учун яна бир сабаб. Бундай йўл тутсак, қувончимиз ошади ҳамда хизматимиз самаралироқ бўлади. (Ерм. 15:16)

21. Тушкунлик сабаби қандай бўлмасин қай йўсин унга қарши курашда ғалаба қозона оламиз?

21 Юқорида тилга олинган Дебора шундай деб бўлишди: «Шайтон бизга қарши кучли қурол сифатида тушкунликдан фойдаланади». Бироқ унинг қуроллари Яҳовага келганда ўз кучини йўқотади. Шу боис, қандайдир сабабга кўра тушкунликка тушсангиз, Яҳовадан ёрдам сўраб илтижо қилинг. У номукаммаллигингиз ва заифликларингизга қарши туришга кўмаклашади. Касаллик чоғида ҳам У сизга таянч бўлади. Вазифаларингизга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарга эга бўлишингизга ёрдамлашади. Қолаверса, хизматга нисбатан ижобий нуқтаи назарни сақлашингизга кўмаклашади. Шу боис, барча ғам-ташвишларингизни самовий Отангизга тўкиб солинг. Унинг ёрдамида тушкунликка қарши курашда ғалаба қозона оласиз.

41- ҚЎШИҚ Ё Раб, қабул эт дуомни

^ абз. 5 Баъзида барчамиз тушкунликка тушамиз. Мазкур мақолада руҳимиз тушганида нима қилишимиз мумкинлигининг муайян йўлларини кўриб чиқамиз. Шунингдек, Яҳованинг ёрдами билан тушкунликка қарши курашда ғалаба қозона олишимизни ҳам билиб оламиз.

^ абз. 4 Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 12 Лорел Нисбетнинг таржимаи ҳоли «Уйғонинг» журналининг 1993 йил 22 январь (ингл.) сонида келтирилган.

^ абз. 69 РАСМГА ШАРҲЛАР. Имондошимиз бир муддат тушкунликка тушганди, бироқ ўтмишдаги хизмати устида мулоҳаза юритиб, Яҳовага ибодат қиляпти. У нима қилгани ва ҳозир қилаётганини Яҳова унутмаслигига бўлган ишончи комил.