Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Левилар 19:16 да бошқа кишининг «ҳаётига қасд қилманглар» деган амр ёзилган. Бу амр нимани англатади ва биз бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

Яҳова исроилликларни муқаддас бўлишга ундаган. Бу борада уларга ёрдам бериш учун У шундай деган: «Халқингиз орасида туҳмат қилиб юрманглар. Яқинингизнинг ҳаётига қасд қилманглар. Мен Яҳоваман». (Лев. 19:2, 16)

«Яқинингизнинг ҳаётига қасд қилманглар»,— деб айтилган сўзларни қандай тушунишимиз керак? Левилар китоби ҳақидаги яҳудийларнинг бир адабиётида қуйидагича ёзилган: «Бу оятнинг ушбу қисмини тушуниш қийин, чунки асл иброний тилида бу ибора қандай маънога эга эканини аниқлаш осон эмас. Унинг сўзма-сўз таржимаси “четда қараб туриш” демакдир».

Баъзи илоҳиётшунослар бу иборани 15- оят билан боғлайди. У ерда шундай дейилган: «Ҳукм чиқарганда ноҳақлик қилманглар. Камбағалга юзхотирчилик қилманглар, бойга ҳам ён босманглар. Яқинингизни адолат билан ҳукм қилинглар». (Лев. 19:15) Бу вазиятда 16- оятдаги амр, яъни «яқинингизнинг ҳаётига қасд қилманглар» ёки «четда қараб турманглар» деган сўзлар исроилликлар маҳкамада, иш ёки оилавий масалаларда адолатсизлик қилмаслиги кераклигини англатган. Шунингдек, исроилликлар бошқалардан фойда олиш мақсадида ноҳақлик қилмаслиги керак эди. Албатта, биз бундай ишларни қилмаслигимиз лозим. Аммо 16- оятдаги бу иборани тушуниш учун кўпроқ фикрларни кўриб чиқишимиз керак.

16- оятнинг биринчи қисмига эътибор қаратайлик. Худо хизматчиларига: «Халқингиз орасида туҳмат қилиб юрманглар»,— деб амр этган. Шубҳасизки, кимдир бошқалар ҳақида ғийбат қилса, муаммолар пайдо бўлади. Бироқ кимдир туҳмат қилса, ундан ҳам кўпроқ муаммо юзага келади. (Ҳик. 10:19; Воиз 10:12–14; 1 Тим. 5:11–15; Ёқб. 3:6) Туҳматчи одатда била туриб кимдир ҳақида ёлғон тарқатади. Бу эса ўша кишининг обрўсига доғ туширади. Туҳматчи бирон киши ҳақида сохта гувоҳлик бериб, унинг ўлимига сабабчи бўлиши мумкин эди. Масалан, Навўт исмли киши ҳақида туҳматчилар ёлғон гаплар айтган. Бунинг дастидан у ноҳақларча тошбўрон қилиб ўлдирилган. (3 Шоҳ. 21:8–13) Демак, Левилар 19:16- оятнинг иккинчи қисмига кўра, туҳматчи қайсидир йўл орқали қасд қилиши мумкин эди.

Бундан ташқари, одам кимдирдан нафратлангани туфайли унга туҳмат қилиши мумкин. 1 Юҳанно 3:15 да: «Биродаридан нафратланадиган ҳар бир киши қотил. Ҳеч бир қотил эса абадий яшамаслиги сизларга аёндир»,— деган сўзларни ўқиймиз. Худо 16- оятдаги фикрни айтгандан сўнг қуйидагича дегани эътиборимизга лойиқ: «Кўнглингизда биродарингиздан нафратланманглар». (Лев. 19:17)

Демак, Левилар 19:16- оятнинг иккинчи қисмида масиҳийлар учун жиддий маслаҳат ёзилган. Биз ҳар қандай ёмон фикрни рад этишимиз ва туҳмат қилмаслигимиз лозим. Агар кимнидир ёқтирмаслик ёки унга ҳасад қилиш бизни у ҳақда туҳмат қилишга ундаса, бу нафратнинг белгисидир. Масиҳийлар бундай қилмаслиги керак. (Мат. 12:36, 37)