Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

51- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Исога «қулоқ солишда» давом этинг

Исога «қулоқ солишда» давом этинг

Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар. МАТ. 17:5

54- ҚЎШИҚ «Мана йўл»

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. а) Учта ҳаворий нима қилиши керак эди ва улар қандай йўл тутди? б) Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

 МИЛ. 32 йили Фисиҳдан кейин ҳаворий Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно ажойиб бир ваҳий кўрди. Улар баланд тоғда, эҳтимол, Хермон тоғида турганди. У ерда Исонинг қиёфаси ўзгарди. Унинг «юзи қуёш каби ярқиради, устки кийимидан эса нур тарала бошлади». (Мат. 17:1–4) Ваҳийнинг охирида ҳаворийлар Худо қуйидагиларни айтганини эшитди: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар». (Мат. 17:5) Бу учта ҳаворий ҳаёти давомида Исога қулоқ солганини исботлади. Биз ҳам уларнинг ўрнагига тақлид қилишни истаймиз.

2 Ўтган мақолада Исонинг овозига қулоқ солиш муайян нарсаларни қилмаслик кераклигини англатишини билиб олдик. Исо нималар қилишимиз кераклигини ҳам айтган. Ушбу мақолада улардан иккитасини кўриб чиқамиз.

«ТОР ДАРВОЗАДАН КИРИНГЛАР»

3. Матто 7:13, 14 га кўра нима қилишимиз лозим?

3 Матто 7:13, 14 ни ўқинг. Исо икки хил дарвоза ҳақида айтганига эътибор беринг. Улар икки хил йўлга етаклайди. Бири «энли», иккинчиси эса «тор» йўл. Учинчи йўл йўқ. Ўзимиз учун қайси йўлдан юришни ҳал қилишимиз лозим. Бу ҳаётимизда чиқарадиган энг муҳим қарордир. Чунки абадий яшаш-яшамаслигимиз бунга боғлиқ.

4. «Энли» йўлни қандай таърифлаган бўлардингиз?

4 Ушбу иккита йўл ўзаро фарқ қилишини унутмаслигимиз керак. Кўплар «энли» йўлдан кетяпти, чунки ундан юриш осон. Минг афсуски, аксарият одамлар ундан юришда давом этяпти ва ўзини у ердаги кўпчилик каби тутяпти. Улар бу йўлга Шайтон Иблис жалб қилаётганини ва бу йўлнинг охири ўлим эканини тушунмаяпти. (1 Кор. 6:9, 10; 1 Юҳан. 5:19)

5. Баъзилар «тор» йўлни топиш ва унда қолиш учун нималар қиляпти?

5 «Энли» йўлдан фарқли равишда, «тор» йўл ҳам бор. Исо уни озчилик топишини айтган. Нега? Қизиғи шундаки, кейинги оятда у издошларини сохта пайғамбарлардан огоҳлантирган. (Мат. 7:15) Баъзиларнинг фикрича, ҳозир минглаб динлар мавжуд ва уларнинг аксари ҳақиқатни ўргатяпмиз дейди. Миллионлаб инсонларнинг диндан кўнгли қоляпти ёки қайси дин ҳақ эканини аниқлай олмай боши қотяпти. Шу боис, улар ҳаётга олиб борадиган йўлни изламай қўйган. Исо шундай деган: «Агар менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, чиндан ҳам менинг шогирдларимсиз. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади». (Юҳан. 8:31, 32) Сизлар мақтовга лойиқсиз. Чунки кўпчилик ортидан эргашмай, ҳақиқатни изладингиз. Худо биздан нимани кутаётганини билиш учун Унинг Каломини чуқур тадқиқ қила бошладингиз ва Исонинг таълимотларига қулоқ солдингиз. Бундан ташқари, Яҳова сохта дин таълимотларини рад этишимизни ва келиб чиқиши бутпарастлик билан боғлиқ байрамларни нишонламаслигимизни исташини билиб олдингиз. (Мат. 10:34–36) Шунингдек, Яҳовани мамнун қилиш учун ҳаётингизга ўзгаришлар киритиш осон бўлмаётгандир. Лекин самовий Отамизни севганингиз ва уни мамнун қилишни хоҳлаётганингиз учун яхшиланишда давом этяпсиз. У сиздан жуда мамнун! (Ҳик. 27:11)

ҚАЙ ЙЎСИН ТОР ЙЎЛДА ҚОЛА ОЛАМИЗ?

Худонинг маслаҳатларию меъёрлари «тор» йўлда қолишимизга кўмаклашади (6–8- хатбошиларига қаранг.) *

6. Тор йўлда қолишимизга нима ёрдам беради? (Забур 119:9, 10, 45, 133)

6 Тор йўлдан юришни бошлаган эканмиз, сафарда давом этишимизга нима ёрдам беради? Қуйидаги мисолга эътибор беринг. Тоғлардаги тор йўлларнинг четида тўсиқлар бўлади ва улар ҳайдовчи ҳамда унинг транспорт воситасини ҳимоялайди. Йўл четидаги тўсиқлар ҳайдовчининг хавфсизлигини таъминлайди, яъни улар ҳайдовчига йўлнинг четига ҳаддан ташқари яқинлашмасликка ёки ундан ўтиб кетмасликка ёрдам беради. Камдан-кам ҳайдовчилар бундай йўл ёқасидаги тўсиқлардан нолиб, улар эркинликни чегаралаб қўйишини айтади. Яҳованинг Муқаддас Китобдаги меъёрлари шундай тўсиқларга ўхшайди. Улар тор йўлда қолишимизга кўмаклашади. (Забур 119:9, 10, 45, 133 ни ўқинг.)

7. Ёшлар тор йўл ҳақида қандай фикрда бўлиши керак?

7 Ёшлар, баъзида Яҳованинг меъёрлари эркинлигингизни чегаралаётгандай туюладими? Шайтон айнан шундай фикрга боришингизни истайди. Энли йўлда юраётганлар вақтини чоғ ўтказаётгандай кўриниши мумкин. Шайтон диққатингизни уларга қаратишингизни истайди. У мактабдаги тенгдошларингиздан ёки Интернетдаги нарсалардан фойдаланиб: «Мен ҳаётдан тўлақонли фойдалана олмаяпман»,— деган фикрга боришингизни истайди. Шайтон Яҳованинг меъёрлари ҳаётдан тўлақонли завқланишимга халақит беряпти, деб ўйлашингизни хоҳлайди *. Лекин қуйидагини унутманг: Шайтон энли йўлда юраётганлар уларни нима кутаётганини билишини истамайди. Яҳова эса ҳаётга олиб борадиган йўлда қоладиганлар учун қандай баракалар ҳозирлаб қўйганини кўрсатяпти. (Заб. 37:29; Ишаё 35:5, 6; 65:21–23)

8. Ёшлар Олифнинг мисолидан қандай сабоқ олиши мумкин?

8 Олиф исмли ёш биродардан қандай сабоқ олишингиз мумкинлигига диққат қаратинг *. Синфдошлари унга босим ўтказиб, уни жинсий ахлоқсизлик қилишга ундарди. У Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги юксак ахлоқий меъёрлар бўйича яшашини тушунтирганда, баъзи қизлар унга улар билан жинсий алоқа қилишга баттарроқ босим ўтказарди. Лекин Олиф Худонинг назарида тўғри иш қилиш қарорида қатъий бўлиб қолди. У бошқа босимларга ҳам дуч келди. Олиф қуйидагича бўлишди: «Устозларим менга босим ўтказиб, олий маълумотли бўлишга ундарди. Чунки бу туфайли ҳурматга сазовор бўлишимни айтарди. Усиз ҳаётимда муваффақиятга эришмаслигимни таъкидларди». Олифга бундай босимга қарши туришга нима ёрдам берди? У шундай бўлишди: «Жамоатимдагилар билан дўстлашдим. Улар оиламдек бўлиб қолди. Бундан ташқари, Муқаддас Китобни кўпроқ тадқиқ қила бошладим. Тадқиқ ўтказганим сайин, билиб олаётганларим ҳақиқат эканига амин бўлардим. Натижада Яҳовага хизмат қилиш қарорим мусткаҳкамланди».

9. Тор йўлдан юришда давом этишни хоҳлаганлар нима қилиши керак?

9 Шайтон сизни ҳаётга етакловчи тўғри йўлдан оздирмоқчи. У сиз кўпчиликка қўшилиб, «ҳалокатга олиб борадиган» энли йўлдан юришингизни хоҳлайди. (Мат. 7:13) Лекин Исога қулоқ солишда давом этсангиз ва тор йўлни ҳимоя деб билсангиз, ундан оғмаймиз. Энди эса, келинг, Исо яна нима қилишимиз кераклигини айтганини билиб олайлик.

БИРОДАРИНГИЗ БИЛАН ЯРАШИНГ

10. Исо нима қилишимиз кераклигини айтган? (Матто 5:23, 24)

10 Матто 5:23, 24 ни ўқинг. Исо яҳудийлар учун муҳим бир жараён ҳақида айтган. Тасаввур қилинг, кимдир ҳайвонини қурбонликка келтириш учун маъбадга руҳонийнинг олдига келди. Агар ўша пайтда биродари ундан хафа экани ёдига тушиб қолса, у ҳайвонни қолдириб, ортга қайтиши керак эди. Қизиқ, нега? Яҳовага қурбонлик келтиришдан кўра қандай муҳимроқ иш бор экан? Исо буни қуйидаги сўзлар билан аниқ қилиб тушунтирган: «Аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг».

Акаси билан камтарлик ила ярашган Ёқубга тақлид қиляпсизми? (11-, 12- хатбошиларига қаранг.) *

11. Ёқуб акаси билан ярашиш учун қилган ҳаракатларини таърифлаб беринг.

11 Ярашиш борасида бобокалонимиз Ёқубнинг ҳаётидаги бир воқеани кўриб чиқиб сабоқ олишимиз мумкин. У она юртидан кетганига тахминан 20 йил бўлганда, Худо фаришта орқали унга у ерга қайтишни айтган. (Ибт. 31:11, 13, 38) Лекин бир муаммо бор эди. Унинг акаси Эсов уни ўлдирмоқчи эди. (Ибт. 27:41) Ёқуб акаси ундан ҳалиям ғазабдами ёки йўқми деб ўйларди ва «қўрқиб, ваҳимага тушди». (Ибт. 32:7) У акаси билан ярашиш учун нима қилди? Аввал Ёқуб бу ҳақда Яҳовага чин дилдан ибодат қилди. Кейин Эсовга кўпгина совғалар юборди. (Ибт. 32:9–15) Акасини кўрганда эса, Ёқуб унга ҳурмат кўрсатди. У акасига бир ёки икки марта эмас, етти марта таъзим қилди. Ёқуб камтарин бўлиб, акасига ҳурмат кўрсатди ва у билан ярашди. (Ибт. 33:3, 4)

12. Ёқубнинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

12 Ёқуб акаси билан учрашиш учун қай йўсин тайёргарлик кўрганидан ва унга мурожаат қилганидан сабоқ олсак бўлади. У камтарлик ила Яҳовадан ёрдам сўради. Сўнг акаси билан ярашиш учун жон куйдириб, ибодатига мувофиқ йўл тутди. Ёқуб акаси билан учрашганида, ким ҳақ, ким ноҳақ экани борасида баҳслашмади. Чунки унинг мақсади акаси билан ярашиш эди. Хўш, Ёқубнинг мисолига қандай тақлид қила оламиз?

БОШҚАЛАР БИЛАН ҚАЙ ЙЎСИН ЯРАШИШИМИЗ МУМКИН?

13, 14. Имондошимизни хафа қилсак, нима қилишимиз лозим?

13 Ҳаётга олиб борадиган йўлдан юрадиган кишилар сифатида имондошларимиз билан аҳил яшашни истаймиз. (Рим. 12:18) Қайсидир имондошимизни хафа қилганимизни пайқасак, нима қилишимиз керак? Ёқуб каби Яҳовага чин дилдан ибодат қилишимиз лозим. Ундан имондошимиз билан ярашиш учун қилаётган ҳаракатларимизга барака беришини сўрасак бўлади.

14 Шунингдек, ўзимизни текшириб кўриш учун вақт ажратсак бўлади. Ўзимиздан шундай сўрашимиз мумкин: «Мағрурликни четга суриб, камтарлик ила кечирим сўраб, ярашишга тайёрманми? Имондошим билан ярашиш учун биринчи қадам қўйсам, Яҳова ҳамда Исо нималарни ҳис қилади?» Жавобларимиз Исога қулоқ солиб, ярашиш учун имондошимизга камтарлик ила мурожаат қилишимизга ундаши мумкин. Шу йўсин, Ёқубнинг мисолига тақлид қилган бўламиз.

15. Эфесликларга 4:2, 3 даги принцип имондошимиз билан ярашишга қандай ёрдам беради?

15 Тасаввур қилинг, Ёқуб акаси билан ким ҳақу ким ноҳақлиги борасида баҳслашганида, нима бўларди? Бу учрашув яхшилик билан тугамасди. Натижаси умуман бошқача бўларди. Имондошимиз билан келишмовчиликни ҳал қилмоқчи бўлсак, камтарликни намоён этишимиз лозим. (Эфесликларга 4:2, 3 ни ўқинг.) Ҳикматлар 18:19 да: «Ранжиган дўстга йўлиқиш, мустаҳкам шаҳарни забт этишдан қийинроқдир. Шундай тортишувлар борки, улар қўрғон сурма зулфинлари кабидир»,— деб ёзилган. Камтарлик ила кечирим сўраш, «қўрғонга» киришимизга ёрдам беради.

16. Нима ҳақида ўйлаб кўришимиз керак ва нега?

16 Биз ҳам имондошимизга нима дейиш ва буни қандай айтиш ҳақида яхшилаб ўйлаб кўришимиз лозим. Тайёр бўлганимизда эса, у билан дўстлигимизни қайта тиклашга интилишимиз керак. Эҳтимол, аввалига у бизга қаттиқ гапирар. Бундан жаҳлимиз чиқиши ёки ўзимизни оқлай бошлашимиз мумкин. Лекин бу ярашишга ёрдам берадими? Албатта, йўқ. Имондошимиз билан ярашиш ким ҳақ ва ким ноҳақ эканини исботлашдан муҳимроқ эканини ёдда тутинг. (1 Кор. 6:7)

17. Гилбертнинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

17 Гилберт исмли биродар тинчлик ўрнатиш учун жон куйдирган. У шундай деб бўлишди: «Қизим билан анчагина муаммоларим бор эди. Икки йилдан ошиқроқ вақт давомида у билан очиқ гаплашиб, яхши муносабатларимизни тиклаш учун кўп ҳаракат қилдим». Гилберт яна нималар қилди? У шундай деди: «Ҳар сафар қизим билан гаплашишдан аввал ибодат қилардим ва у менга қўпол тарзда гапирса хафа бўлмаслигим кераклигини ўзимга эслатардим. Кечиришга тайёр бўлишим керак эди. Ҳақ-ҳуқуқларим учун курашмасликка ўргандим. Шунингдек, тинчлик ўрнатишга мен масъул эканимни тушундим». Бунинг натижаси қандай бўлди? Гилберт қуйидагиларни айтди: «Ҳозир оила аъзоларимнинг ҳаммаси билан яхши муносабатларга эгаман ва ич-ичимдан хотиржамликни ҳис қиламан».

18, 19. Кимнидир ранжитган бўлсак, нима қилиш қароримиз қатъий бўлиши керак ва нега?

18 Имондошингизни хафа қилганингизни тушунсангиз, қандай йўл тутишингиз керак? Исонинг тинчлик ўрнатиш борасидаги маслаҳатига амал қилинг. Бўлиб ўтганлар ҳақида Яҳовага айтиб беринг ва тинчлик ўрнатишингиз учун У муқаддас руҳи орқали сизга ёрдам беришига ишонинг. Бундай қилиб, бахтиёр бўласиз ва Исога қулоқ солаётганингизни кўрсатасиз. (Мат. 5:9)

19 Жамоат боши Исо Масиҳ орқали севги ила йўл-йўриқ бераётган Яҳовадан миннатдормиз. (Эфес. 5:23) Ҳаворий Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно каби унга «қулоқ солиш» қароримиз қатъий бўлсин. (Мат. 17:5) Биз ранжитган имондошимиз билан ярашиш учун нималар қилишимиз кераклигини кўриб чиқдик. Бу маслаҳатга амал қилсак ва ҳаётга етаклаётган йўлда қолсак, ҳозирнинг ўзида кўплаб баракаларга, келажакда эса чексиз бахтга эга бўламиз.

130- ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик

^ Исо бизни ҳаёт йўлига тор дарвозадан киришга ундаган. Шунингдек, у имондошларимиз билан ярашишимиз кераклигини айтган. Бу маслаҳатларга амал қилганимизда, қандай қийинчиликларга дуч келамиз ва уларни қандай енга оламиз?

^ «Ёшларнинг 10 та саволига жавоблар» рисоласидаги «Тенгдошларнинг босимига қандай қарши тура оламан?» номли 6- саволга қаранг ва jw.org сайтидаги «Тенгдошларнинг босимига қарши туринг!» номли анимацион роликни томоша қилинг. (МУҚАДДАС КИТОБ ТАЪЛИМОТЛАРИ > ЎСМИРЛАР сарлавҳаси остига қаранг.)

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Худо тақдим этаётган тўсиқлар билан ҳимояланган «тор» йўлда қолиб, олий маълумотли бўлишни биринчи ўринга қўйиш босими, порнография ва ахлоқсизлик каби хавф-хатарлардан қочамиз.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Ёқуб тинчлик ўрнатиш учун акаси Эсов олдида қайта-қайта тиз чўкди.