Ўқувчиларнинг саволлари
Довуд Забур 61:8 да Худонинг исмига атаб «тоабад» мадҳлар куйлаши ҳақида айтганида, ҳеч қачон ўлмаслигини назарда тутганми?
Йўқ. Лекин у тоабад мадҳлар куйлашни хоҳлаган.
Бу ва шунга ўхшаш оятларда у нима деганига эътибор берайлик: «Исмингга атаб тоабад мадҳлар куйлайман, қасамларимни кундан-кунга адо этаман». «Эй, Тангрим Яҳова, бутун қалбим билан Сенга ҳамду сано айтаман. Исмингни тоабад шарафлайман». «Исмингни абадулабад мадҳ этаман!» (Заб. 61:8; 86:12; 145:1, 2)
Довуд бу сўзларни ёзганда, ҳеч қачон ўлмасликни назарда тутмаган. Чунки у одамлар гуноҳ дастидан ўлишини яхши билган. Ўзи ҳам гуноҳкор эканини тан олган. (Ибт. 3:3, 17–19; Заб. 51:4, 5) Ҳатто Аллоҳ маъқул кўрган Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб каби кишилар ҳам ҳаётдан кўз юмганини Довуд билган. Бир кун келиб, унинг ўзи ҳам ўлишини тушунган. (Заб. 37:25; 39:4) Забур 61:8 даги сўзлар Худони тоабад мадҳ этиш хоҳишини акс эттиряпти. У ўлимигача бундай қилмоқчи эди. (Заб. 61:8; 2 Шоҳ. 7:12)
Баъзи саноларда Довуд ўз ҳаёти ҳақида ёзган. Буни Забур 18, 51 ва 52 да кўришимиз мумкин. Забур 23 да у Яҳова бошқарадиган, боқадиган ва ҳимоялайдиган чўпон каби эканини айтган. Довуднинг ўзи ҳам шундай чўпон бўлган ва умри бўйи Худога хизмат қилишни хоҳлаган. (Заб. 23:6)
Шуни ёдда тутишимиз лозимки, барча нарсани ёзишга Довудни Яҳова илҳомлантирган. У қаламга олган нарсалар қаторида келажакда амалга ошадиган башоратлар ҳам бўлган. Масалан, Забур 110 ни олайлик. Довуд Ҳазратимиз осмонда Худонинг «ўнг томонида» ўтириши ва куч-қудратга эга бўлиши ҳақида ёзган. Ҳазратимиз Худонинг душманларини йўқ қилиши ва ер юзида «халқларга чиқарилган ҳукмни амалга ошириши» лозим. Довуднинг наслидан Исо Масиҳ келиб чиққан. У осмонда бошқаради ва «Абадий руҳоний» бўлади. (Заб. 110:1–6) Исонинг ўзи ҳам Забур 110 даги башорат у ҳақда эканини ва келажакда амалга ошишини тасдиқлаган. (Мат. 22:41–45)
Ҳа, Яҳова Довудни илҳомлантирган ва у ўзининг пайти ҳамда келажак ҳақида ёзган. Довуд тирилганидан кейин Яҳовага тоабад мадҳлар куйлайди. Демак, Забур 37:10, 11, 29 даги сўзлар улар ёзилган пайтга ва келажакка оид. Улар ўтмишда Исроил юртида амалга ошган, келажакда эса Худо ваъдаларини бажарганида амалга ошади. (Бу сондаги «Мен билан бирга жаннатда бўласиз» номли мақоланинг 8- хатбошига қаранг.)
Забур 61:8 ва шунга ўхшаш оятлардан Довуд ўлимига қадар Яҳовага мадҳлар куйлашни хоҳлаганини кўряпмиз. Шунингдек, Яҳова Довудни тирилтирганида у нималар қилмоқчи эканини билиб оляпмиз.