Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

49- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Абадий яшай оламиз!

Абадий яшай оламиз!

Худонинг инъоми... абадий ҳаётдир. РИМ. 6:23

147- ҚЎШИҚ Ваъда қилинган абадий ҳаёт

БУ МАҚОЛАДА a

1. Абадий ҳаёт борасида фикр юритиш бизга қандай таъсир қилади?

 ЯҲОВА Унга итоат қиладиган одамларга «абадий ҳаётни» ваъда қиляпти. (Рим. 6:23) Бу ҳақда фикр юритсак, Унга бўлган севгимиз янада кучаяди. Бир ўйлаб кўринг: самовий Отамиз бизни қаттиқ севади ва биздан айрилмаслик учун бу ҳадяни тақдим этяпти.

2. Абадий яшаш ҳақидаги ваъда бизга қай йўсин кўмаклашади?

2 Аллоҳнинг бу ваъдаси синовлар пайтида бизга ёрдам беради. Душманларимиз ўлим билан таҳдид қилса ҳам Отажонимизга хизмат қилишдан бош тортмаймиз. Нега? Сабабларидан бири шуки, Яҳовага садоқатли қолиб ҳаётдан кўз юмсак ҳам У бизни тирилтиришини ва бошқа ўлмасликка умид қилишимиз мумкинлигини биламиз. (Юҳан. 5:28, 29; 1 Кор. 15:55–58; Иброн. 2:15) Абадий ҳаёт бу шунчаки эртакми? Йўқ. Келинг, бунинг баъзи сабабларини кўриб чиқайлик.

ЯҲОВА «АБАДИЯТ ТАНГРИСИ»

3. Нега Яҳова бизга абадий ҳаётни беришга қодир эканига аминмиз? (Забур 102:12, 24, 27)

3 Яҳова ҳаёт Манбаи ва доим бор бўлгани учун бизга абадий ҳаётни беришга қодир. (Заб. 36:9) У доим мавжуд бўлганини тасдиқлайдиган бир нечта оятни кўриб чиқайлик. Забур 90:2 да айтилишича, У «азалдан, тоабад... Худо». Забур 102 да ҳам шунга ўхшаш фикр бор. (Забур 102:12, 24, 27 ни ўқинг.) Қолаверса, Хабаққуқ пайғамбар самовий Отамиз ҳақида қуйидагича ёзган: «Эй Яҳова, Сен азалдан мавжуд эмасмисан?! Эй, менинг Муқаддас Тангрим, Сен ўлмассан». (Хаб. 1:12)

4. Яҳова доим бор бўлгани ҳақидаги фикрни тўлиқ тушунмасак хавотирланишимиз керакми? Тушунтиринг.

4 Яҳова «абадият Тангриси» экани ҳақидаги фикрни хаёлингизга сиғдириш қийинми? (Ишаё 40:28) Агар шундай бўлса, ҳеч ташвишланманг. Бу табиий. Элиху Худо тўғрисида: «Йилларининг саноғига етиб бўлмайди»,— деб айтган. (Аюб 36:26) Дарвоқе, бирон нарсани тушунмасак, бу ёлғон дегани эмас. Мисол тариқасида электр қувватини олайлик. У уйимизгача қандай етиб келишини тўлиқ тушунмаслигимиз мумкин. Лекин бу у мавжуд эмаслигини англатадими? Албатта йўқ. Шунга ўхшаб биз инсонлар Аллоҳ доим бор бўлгани ва бор бўлиши ҳақидаги фикрни ҳеч қачон тўлиқ тушуна олмаслигимиз мумкин. Аммо бу туфайли Аллоҳ абадият Тангриси эмас, деб айта олмаймиз. Яратувчимиз ҳақидаги ҳақиқат биз нимани тушунишимиз ёки тушунмаслигимизга боғлиқ эмас. (Рим. 11:33–36) У коинот, жумладан, қуёш ва юлдузлар пайдо бўлишидан олдин бор бўлган. Худо «Ўз қудрати билан ерни яратганига» ва «осмонларни ёйганига» бизни ишонтиряпти. Ҳа, Аллоҳ бу содир бўлишидан олдин мавжуд бўлган. (Ерм. 51:15; Ҳавор. 17:24) Нега абадий яшашга ишонишимиз мумкинлигининг бошқа бир сабабини билишни истайсизми? Келинг, бунга эътибор қаратайлик.

ЯҲОВА БИЗНИ АБАДИЙ ЯШАШ УЧУН ЯРАТГАН

5. Илк жуфтлик қандай имкониятга эга эди?

5 Аллоҳ ер юзида яратган ҳамма нарса охир-оқибат ўлади. Фақат инсонлар бундан истисно. У одамларни ўлмасдан тоабад яшаш имконияти билан яратган. Бироқ Худо Одаматони шундай дея огоҳлантирган: «Нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан емаслигинг керак, акс ҳолда, ундан еган куни ўласан». (Ибт. 2:17) Агар Одамато билан Момоҳаво Унга қулоқ солганида ҳеч қачон ўлмасди. Бундан Худо уларга кейинчалик «ҳаёт дарахтининг» мевасидан ейишга рухсат берарди, деб хулоса қилсак бўлади. Бу туфайли улар «абадий яшай» оларди b. (Ибт. 3:22)

6, 7. а) Инсонлар абадий яшаши мумкинлигини яна нимадан кўрса бўлади? б) Жаннатда нималар қилишни интиқиб кутяпсиз? (Расмларга қаранг.)

6 Баъзи олимлар тадқиқотлар ўтказиб, миямиз ҳаётимиз давомида эга бўладиган маълумотдан кўпроғини сиғдира олишини тушунишди. Бу жуда қизиқарли. 2010 йили чиққан бир журналда миямизнинг ҳажми тахминан 2,5 миллион гигабайтга тенг деб айтилган эди. («Scientific American Mind») Бошқача қилиб айтганда, бу уч миллион соатлик (300 йилдан кўпроқ) видеодай гап. Аслида бу сонлар камайтириб кўрсатилган бўлиши мумкин. Буни билмаймиз. Лекин ушбу мисолдан Яҳова миямизни ажойиб тарзда яратганини кўрсак бўлади. Унга бор-йўғи 70 ёки 80 йиллик маълумотдан кўра кўпроқ нарса сиғади. (Заб. 90:10)

7 Шунингдек, Яҳова бизни яшаш хоҳиши билан яратган. Муқаддас Китобга биноан, У «инсон қалбига абадийлик туйғусини солган». (Воиз 3:11) Шу боис, биз ўлимни душман деб биламиз. (1 Кор. 15:26) Масалан, жиддий касалликка йўлиқсак, ҳеч нарса қилмай ўлишимизни кутиб ётамизми? Асло. Одатда шифокорга бориб даволанамиз. Ўлмаслик учун барча чораларни кўрамиз. Ёки яхши кўрган инсонимиз ҳаётдан кўз юмса, бундан жуда қайғурамиз. (Юҳан. 11:32, 33) Ҳа, меҳрибон Яратувчимиз бизни абадий таълим олиш қобилияти ва тоабад яшаш хоҳиши билан яратган. У бизга абадий ҳаётни бериши шубҳасиз. Бунга ишонч ҳосил қилишнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Келинг, Яҳованинг илк нияти ўзгармаганини билиб олайлик. У ўтмишда нима қилганини ва ҳозир нима қилаётганини кўриб чиқамиз.

Бизни абадий ҳаёт кутаётган экан, келажакда қиладиган ишлар ҳақида фикр юритиш завқ келтиради (7- хатбошига қаранг.) c

ЯҲОВА НИЯТИНИ ЎЗГАРТИРМАГАН

8. Ишаё 55:11 дан Яҳованинг нияти борасида нимани билиб оляпмиз?

8 Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилганига ва бу уларнинг авлодларига ўтганига қарамай, Отажонимиз илк ниятини ўзгартирмаган. (Ишаё 55:11 ни ўқинг.) У садоқатли инсонлар абадий яшашини жуда истайди. Буни Унинг сўзларию ишларидан билсак бўлади. Ҳозир бу ҳақда сўз юритамиз.

9. Худо қандай ваъда берган? (Дониёр 12:2, 13)

9 Яҳова ўлганларни тирилтиришни ва уларга абадий ҳаётни ато этишни ваъда қилган. (Ҳавор. 24:15; Титус. 1:1, 2) Садоқатли Аюб пайғамбар Яҳова буни амалга оширишига амин бўлган. (Аюб 14:14, 15) Дониёр пайғамбар эса инсонлар абадий яшаш истиқболи билан тирилишини билган. (Заб. 37:29; Дониёр 12:2, 13 ни ўқинг.) Исонинг давридаги яҳудийлар ҳам Яҳова содиқ хизматчиларига «абадий ҳаётни» беришини билишган. (Луқо 10:25; 18:18) Исо бу ваъда ҳақида кўп марта айтган. Кейинчалик, самовий Отамиз уни ҳам тирилтирган. (Мат. 19:29; 22:31, 32; Луқо 18:30; Юҳан. 11:25)

Илёс бева аёлнинг ўғлини тирилтиргани сизни нимага ишонтиряпти? (10- хатбошига қаранг.)

10. Ўтмишда одамларнинг тирилгани нимани тасдиқлаяпти? (Расмга қаранг.)

10 Тангри Яҳова ҳаёт Манбаидир. У инсонларни ҳаётга қайтариш қудратига эга. Мисол учун, Аллоҳ Илёс пайғамбарга зорафатлик бева аёлнинг ўғлини тирилтириш учун куч ато этган. (3 Шоҳ. 17:21–23) Кейинчалик, Элишай Худонинг ёрдами билан шунамлик аёлнинг ўғлини ҳаётга қайтарган. (4 Шоҳ. 4:18–20, 34–37) Бу ва бошқа мисоллар Яҳова инсонларни тирилтириш қудратига эга эканини кўрсатяпти. Исо ҳам ер юзида бўлганида шундай қудратга эга бўлган. (Юҳан. 11:23–25, 43, 44) Ҳозир у осмонда ва унга «еру осмондаги бутун ҳокимият» топширилган. Шу сабабдан, Исо «мозорларда бўлган ҳаммани» ҳаётга қайтаради ва улар абадий яшаш имкониятига эга бўлади. (Мат. 28:18; Юҳан. 5:25–29)

11. Тўлов абадий яшашимиз билан қандай боғлиқ?

11 Нега Яҳова Ўғли азоб чекишига йўл қўйган? Исо бунинг сабаби ҳақида шундай деган: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳан. 3:16) Худо гуноҳларимизни қоплаш учун Ўғлини тўлов сифатида тақдим этиб, абадий ҳаётга йўл очиб берди. (Мат. 20:28) Ҳаворий Павлус Аллоҳнинг илк нияти тўғрисида қуйидаги муҳим фикрни айтган: «Ўлим бир одам орқали келиб чиққанидек, тирилиш ҳам бир одам орқали содир бўлади. Одамато дастидан ҳамма ўлимга дучор бўлганидек, Масиҳ туфайли ҳамма ҳаётга эга бўлади». (1 Кор. 15:21, 22)

12. Яҳова ниятини қай йўсин амалга оширади?

12 Исо издошларини Худонинг Шоҳлиги келиши ва Унинг иродаси ер юзида бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишни ўргатган. (Мат. 6:9, 10) Аллоҳнинг ниятига кўра, одамлар ер юзида абадий яшайди. Буни амалга ошириш учун Яҳова Ўғлини осмонда Шоҳ этиб тайинлади ва у билан бошқарадиган 144 000 кишини ер юзидан танлаб оляпти. (Ваҳ. 5:9, 10)

13. Ҳозир Яҳова нима қиляпти ва биз нима қилишимиз керак?

13 Ҳозир Яҳова одамлардан иборат «улкан оломонни» йиғяпти ва уларни Шоҳлигининг бошқаруви остида яшашга тайёрлаяпти. (Ваҳ. 7:9, 10; Ёқб. 2:8) Қўрқув ва урушлар дастидан бўлинган дунёда яшаётганимизга қарамай, қалбимизда нафрат туйғуси ривожланмаслиги учун жон куйдиряпмиз. Рамзий маънода қиличларни омочга айлантириб буни кўрсатяпмиз. (Михо 4:3) Тўғри, биз урушларда қатнашмаймиз, лекин одамларга Худо ва Унинг нияти ҳақида ўргатиб, «ҳақиқий ҳаётга» эришишга ёрдам беряпмиз. (1 Тим. 6:19) Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлаётганимиз учун оила аъзоларимиз томонидан қаршиликларга учрашимиз ва моддий томонлама фаровон ҳаёт кечирмаслигимиз мумкин. Аммо меҳрибон Отажонимиз эҳтиёжларимизни қондириб, бизга ғамхўрлик қиляпти. (Мат. 6:25, 30–33; Луқо 18:29, 30) Булардан шуни кўришимиз мумкинки, Шоҳлик бошқармоқда ва Яҳова у орқали ниятини амалга оширишда давом этади.

БИЗНИ АЖОЙИБ КЕЛАЖАК КУТЯПТИ

14, 15. Ўлимни йўқ қилиш ҳақидаги ваъда қай йўсин амалга ошади?

14 Исо Самовий Шоҳликда ҳукм суряпти ва у Худонинг барча ваъдаларини амалга оширади. (2 Кор. 1:20) 1914 йилдан бери у душманларининг орасида «ҳукмронлик қиляпти». (Заб. 110:1, 2) Исо Масиҳ ва у билан бирга бошқарадиганлар яқинда барча ёвуз инсонларни йўқ қилади. (Ваҳ. 6:2)

15 Исонинг Минг йиллик бошқаруви даврида ўлганлар тирилади ва итоаткор одамлар мукаммалликка эришади. Якуний синовдан сўнг Тангри Яҳова ваъдасини амалга оширади, яъни «одил кишилар ер юзига эгалик қилади, улар ерда абадий яшайди». (Заб. 37:10, 11, 29) Қувонарлиси шундаки, «ўшанда энг охирги душман — ўлим йўқ қилинади». (1 Кор. 15:26)

16. Яҳовага хизмат қилаётганимизнинг асосий сабаби нима бўлиши керак?

16 Бу мақоладан абадий яшаш умидимиз Худонинг Каломига асосланганини билиб олдик. Бу умид охирзамонда содиқ бўлиб қолишимизга кўмаклашяпти. Лекин Худони мамнун қилиш учун абадий яшашни хоҳлашнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун ҳаракатлар талаб этилади. Яҳова ҳамда Исога содиқ қолаётганимизнинг асосий сабаби уларни яхши кўришимиздир. (2 Кор. 5:14, 15) Бу бизни уларга тақлид қилишга ва умидимиз ҳақида бошқаларга айтиб беришга ундайди. (Рим. 10:13–15) Беғараз ва сахий бўлишни ўргансак, Яҳова биз билан абадий дўст тутинади. (Иброн. 13:16)

17. Ҳар биримиз нима қилишимиз лозим? (Матто 7:13, 14)

17 Абадий ҳаётга эришадиган инсонлар қаторида бўламизми? Яҳова бизга бундай имконият эшигини очиб берган. Бу пайт келгунига қадар ҳаёт йўлида қолиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз даркор. (Матто 7:13, 14 ни ўқинг.) Ўзи, жаннатда ҳаёт қандай бўлади? Буни кейинги мақоладан билиб оламиз.

141- ҚЎШИҚ Ҳаёт — мўъжизадир

a Абадий яшашни истайсизми? Тангри Яҳова бир кунмас-бир кун бу имкониятни бизга тақдим этишни ваъда беряпти. Ўшанда ўлимдан қўрқмай ҳаёт кечирамиз. Ушбу мақолада Отажонимиз ваъдасини амалга оширишига нега ишонишимиз мумкинлигининг баъзи сабабларини кўриб чиқамиз.

b « Муқаддас Китобда “абадий” сўзи» номли рамкага қаранг.

c РАСМГА ШАРҲ. Кекса биродар жаннатда нималар билан шуғулланишини тасаввур қиляпти.