Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

50- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Мен билан бирга жаннатда бўласиз»

«Мен билан бирга жаннатда бўласиз»

Сизга ваъда бераман, сиз мен билан бирга жаннатда бўласиз. ЛУҚО 23:43

145- ҚЎШИҚ Аллоҳ ваъда қилган жаннат

БУ МАҚОЛАДА a

1. Исо ўлишидан олдин бир жиноятчига нима деган? (Луқо 23:39–43)

 ИСО ва иккита жиноятчи азоб чекишяпти. Уларнинг ўлими яқинлашяпти. (Луқо 23:32, 33) Иккита жиноятчи ҳам Исони ҳақоратлаб, унинг устидан кулишяпти. Демак, улар Исонинг шогирди эмас. (Мат. 27:44; Марк 15:32) Лекин улардан бири нуқтаи назарини ўзгартирди. У: «Исо, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг»,— деди. Исо эса унга жавобан: «Сизга ваъда бераман, сиз мен билан бирга жаннатда бўласиз»,— деб айтди. (Луқо 23:39–43 ни ўқинг.) Ўша жиноятчи Исо «Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди», деб эълон этган хабарни қабул қилган-қилмаганини билмаймиз. Исо ўша жиноятчи осмондаги Шоҳликка кириши ҳақида айтмаган. (Мат. 4:17) У келажакда ер юзида бўладиган жаннат ҳақида гапирган. Нега бундай дея оламиз?

Исо билан гаплашган жиноятчи ҳақида нима деса бўлади? У нималарни билган? (2-, 3- хатбошиларига қаранг.)

2. Нега тавба қилган жиноятчи яҳудий бўлган деб айта оламиз?

2 Тавба қилган жиноятчи яҳудий бўлганга ўхшайди. У ёнидаги бошқа жиноятчига: «Ҳой, Худодан қўрқмайсанми? Ахир бундай жазога ўзинг ҳам маҳкум этилгансан-ку»,— деб айтган. (Луқо 23:40) Гап шундаки, яҳудийлар битта Худога топинган, бошқа халқ вакиллари эса кўпгина худоларга сиғинган. (Чиқ. 20:2, 3; 1 Кор. 8:5, 6) Агар у бошқа халқ вакили бўлганида: «Худолардан қўрқмайсанми?» — деб айтган бўларди. Бундан ташқари, Исо «адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқигагина юборилган» эди. (Мат. 15:24) Худо исроилликларга ўлганларни тирилтирмоқчи эканини ошкор этган. Тавба қилган жиноятчи буни билгандир ва Яҳова Исони тирилтириб, самода Шоҳ сифатида тайинлашини тахмин қилгандир. У Худо уни ҳам тирилтиришига умид боғлаган бўлиши мумкин.

3. Исо жаннат ҳақида айтганида жиноятчининг хаёлига нима келган бўлиши мумкин? Тушунтиринг. (Ибтидо 2:15)

3 Ўша жиноятчи яҳудий бўлгани учун Одамато ва Момоҳаво ҳамда улар яшаган жаннат ҳақида билгандир. Шунга Исо Масиҳ жаннат ҳақида гапирганида у ер юзида бўлишига ишонгандир. (Ибтидо 2:15 ни ўқинг.)

4. Исо жиноятчига айтган сўзлар бизни нима қилишга ундайди?

4 Исонинг жиноятчига айтган сўзлари бизни жаннатда ҳаёт қандай бўлиши ҳақида ўйлашга ундайди. Бунинг учун шоҳ Сулаймон бошқарган даврни эслаш ёрдам беради. У бошқарган даврда тинчлик ҳукм сурган. Муқаддас Китобда айтилишича, Исо Сулаймондан улуғроқ. У 144 000 мойланганлар билан бирга ер юзини гўзал жаннатга айлантиради. (Мат. 12:42) У ерда яшаш учун «бошқа қўйлардан» баъзи ҳаракатлар кутилади. Келинг, уларнинг айримларини кўриб чиқайлик. (Юҳан. 10:16)

ЖАННАТДА ҲАЁТ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

5. Сизнингча, жаннатда ҳаёт қандай бўлади?

5 Жаннат ҳақида ўйлаганингизда хаёлингизга нималар келади? Балки, Адан боғига ўхшаш чиройли жой келар. (Ибт. 2:7–9) Масалан, Михо пайғамбар Худонинг хизматчилари ҳақида шундай ёзган: «Уларнинг ҳар бири ўзининг токи ва анжир дарахти тагида ўтиради». (Михо 4:3, 4) Шунингдек, озиқ-овқат мўл-кўл бўлиши ҳақида айтилган оятларни эсларсиз. (Заб. 72:16; Ишаё 65:21, 22) Айтайлик, чиройли боғдасиз ва мазали таомлар тўкин-сочин бўлган дастурхон ёзилган. Атрофингиздаги ўсимликлару гулларнинг хушбўй ҳиди таралиб турибди. Бундан ташқари, қариндошу дўстларингиз ва тирилганлар билан бирга маза қилиб ўтирибсиз. Бу шунчаки эртак эмас. Буларнинг бари ер юзида бўлади. Қизиқ, жаннатда фақат дам оламизми?

Тирилганларга таълим бериш каби муҳим вазифани бажарамиз (6- хатбошига қаранг.)

6. Жаннатда нима қиламиз? (Расмга қаранг.)

6 Тангри Яҳова бизни меҳнатдан роҳат олиш қобилияти билан яратган. (Воиз 2:24) Исонинг Минг йиллик бошқаруви даврида жуда банд бўламиз. Буюк мусибатдан омон қолганлар ва тирилган миллионлаб инсонлар кийим-кечак, озиқ-овқат ҳамда уй-жойга муҳтож бўлади. Бу эҳтиёжларни қондириш учун кўп меҳнат қилишимиз лозим. Эслайдиган бўлсак, Одамато билан Момоҳаво уйлари бўлмиш ер юзига кўп ишлов беришган. Энди бизнинг навбатимиз. Биз ҳам ер юзини ободонлаштирамиз. Қолаверса, Яҳова ва Унинг нияти ҳақида билимга эга бўлмаган миллионлаб инсонлар тирилади. Уларга таълим беришдан жуда хурсанд бўламиз. Шунингдек, Исо пайғамбардан олдин вафот этган кўпгина садоқатли инсонлар ҳаётга қайтганида улар билан ўз билимларимизни бўлишамиз. Бу жуда қизиқарли бўлади!

7. Нимага ишончимиз комил ва нега?

7 Жаннатда ҳаёт тинч, бекаму кўст ва яхши ташкиллаштирилган бўлишига ишончимиз комил. Нега? Чунки Яҳова Ўғлининг бошқаруви остида ҳаёт қандай бўлишини оз-моз кўрсатиб берган. Шоҳ Сулаймоннинг бошқарув даври бунинг яққол мисолидир.

ШОҲ СУЛАЙМОННИНГ БОШҚАРУВИ ВА ЖАННАТ

8. Қай йўсин Забур 37:10, 11, 29 даги сўзлар ўтмишда амалга ошган? (Бу сондаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.)

8 Шоҳ Довуд келажакда доно ва садоқатли инсон тахтга ўтирганида ҳаёт қандай бўлиши ҳақида ёзган эди. (Забур 37:10, 11, 29 ни ўқинг.) Одатда бошқалар билан келажакдаги жаннат ҳақида суҳбатлашганимизда Забур 37:11 ни ўқиб берамиз. Бу бежизга эмас. Чунки Исо ҳам бу оятни Тоғдаги ваъзида иқтибос сифатида келтириб, келажакда амалга ошишига ишора қилган. (Мат. 5:5) Лекин Довуднинг бу сўзлари шоҳ Сулаймоннинг даврида ҳаёт қандай бўлганини ҳам кўрсатяпти. У бошқарганида Худонинг халқи тинч-тотув яшаган. Юртда «сут ва асал оқиб ётган». Худо шундай деган: «Менинг низомларим бўйича йўл тутсангизлар... юртингизга тинчлик бераман, ухлагани ётганингизда ҳеч ким сизларни ваҳимага солмайди». (Лев. 20:24; 26:3, 6) Бу сўзлар Сулаймоннинг бошқаруви пайтида амалга ошган. (1 Сол. 22:9; 29:26–28) Бундан ташқари, Яҳова бошқа худоларга сиғинадиган ёвуз инсонлар «йўқ бўлишини» ҳам айтган. (Заб. 37:10) Демак, Забур 37:10, 11, 29 даги сўзлар ўтмишда бажо бўлган ва келажакда ҳам амалга ошади.

9. Шава маликаси Сулаймоннинг бошқаруви ҳақида нима деган?

9 Сулаймоннинг бошқаруви остида исроилликлар тинч ва обод ҳаёт кечираётганини Шава маликаси эшитиб қолади. У буни ўз кўзлари билан кўриш учун Қуддусга узоқ ердан келади. (3 Шоҳ. 10:1) Малика вазиятни кўздан кечириб: «Менга ҳатто ярмини ҳам айтиб беришмаган экан!.. Халқингиз нақадар бахтли! Ҳамиша ёнингизда туриб, доно сўзларингизни тинглаётган хизматкорларингиз бахтлидир!» — деб айтади. (3 Шоҳ. 10:6–8) Сулаймоннинг бошқаруви давридаги шароитлар Яҳова Исо Масиҳ орқали амалга оширадиган ишларнинг хамир учидан патир, холос.

10. Исо қайси жиҳатдан Сулаймондан улуғроқ?

10 Исо Сулаймондан ҳар томонлама улуғроқ. Сулаймон номукаммал инсон сифатида жиддий хатоларга йўл қўйган ва бунинг дастидан Худонинг халқи азият чеккан. Исо эса аксинча, мукаммал Шоҳ сифатида хато қилмайди. (Луқо 1:32; Иброн. 4:14, 15) Исо Шайтон томонидан кучли синовларга дуч келганида Худога содиқ қолган. У ҳеч қачон гуноҳга қўл урмаслигини ва фуқароларига зиён келтирадиган ёмон иш қилмаслигини исботлаган. Бундай шоҳимиз борлигидан фахрланамиз!

11. Исо билан бирга кимлар бошқаради?

11 Исо ва у билан бирга бошқарадиган 144 000 мойланганлар одамларга ғамхўрлик қилиб, Яҳованинг ер юзига нисбатан ниятини амалга оширади. (Ваҳ. 14:1–3) Улар ерда бўлганида кўпгина қийинчиликларга дуч келган ва бизни жуда яхши тушунади. Қизиқ, улар айнан қандай ишларни бажаради?

МОЙЛАНГАНЛАР ҚАНДАЙ ИШЛАРНИ БАЖАРАДИ?

12. Мойланганлар нималар қилади?

12 Исо ва мойланганлар Сулаймондан кўра кўпроқ ишларни амалга оширади. Шоҳ Сулаймон фақат бир юртдаги миллионлаб инсонларга ғамхўрлик қилган. Худонинг Шоҳлигида бошқарадиганлар эса бутун ер юзи бўйлаб миллиардлаб инсонларга ёрдам беради. Ҳа, мойланганлар улкан шарафга муяссар бўлади.

13. Мойланганлар яна қандай вазифаларни бажаради?

13 Исо каби 144 000 мойланганлар шоҳлар ва руҳонийлар сифатида бошқаради. (Ваҳ. 5:10) Ўтмишда исроилликлар Мусонинг Қонуни бўйича яшаганида асосан руҳонийлар уларга маънан ва жисмонан соғлом бўлишга кўмаклашган. Бу қонун «келажакдаги баракаларнинг ўзи эмас, соясигина бўлган». Демак, Исо билан бирга бошқарадиганлар ҳам келажакда Худонинг халқи маънан ва жисмонан соғлом бўлишига ёрдам беради. (Иброн. 10:1) Улар Самовий Шоҳликнинг ер юзидаги фуқаролари билан қандай мулоқот қилишини билмаймиз. Аммо Яҳова нимаики ташкил қилмасин, жаннатда ҳамма одамлар керакли йўл-йўриқларга эга бўлишига аминмиз. (Ваҳ. 21:3, 4)

«БОШҚА ҚЎЙЛАР» ЖАННАТДА ЯШАШИ УЧУН НИМА ҚИЛИШИ ЛОЗИМ?

14. «Бошқа қўйлар» ва «кичик пода» ўртасида қандай боғлиқлик бор?

14 Исо у билан бошқарадиганларни «кичик пода» деб атаган. (Луқо 12:32) Шунингдек, у иккинчи гуруҳ, яъни «бошқа қўйлар» ҳақида гапирган. Ушбу иккита гуруҳ бир сурувни ташкил этади. (Юҳан. 10:16) Бу гуруҳдагилар ҳозир биргаликда ҳамкорлик қиляпти ва келажакда ер юзи жаннатга айланганида, бу ҳамкорликни давом эттиришади. Ҳа, «кичик пода»дагилар осмонда бўлишади, «бошқа қўйлар» эса ер юзидаги жаннатда абадий яшашга умид қилишади. Лекин улар бунга эришиш учун ҳозирдан ҳаракат қилишлари лозим.

Жаннатдаги ҳаётга ҳозирдан тайёргарлик кўра оламиз (15- хатбошига қаранг.) b

15. а) Қай йўсин «бошқа қўйлар» Масиҳнинг биродарлари билан ҳамкорлик қиляпти? б) Расмда кўрсатилган биродарга қандай тақлид қилишимиз мумкин?

15 Тавба қилган жиноятчи Исо у учун қилганларини қадрлашини ўлимидан олдин кўрсатиш имконига эга бўлмаган. Биз «бошқа қўйлар» эса бундай имкониятга эгамиз. Масалан, Исони яхши кўришимизни мойланган биродарларга қандай муносабат кўрсатаётганимиз билан намоён эта оламиз. У айнан бунинг асосида ҳукм чиқаришини айтган. (Мат. 25:31–40) Бу биродарларга ваъзгўйлик ва таълим бериш ишида ғайрат ила ёрдам берсак, уларни қўллаб-қувватлаймиз. (Мат. 28:18–20) Шунинг учун турли асбоблар, масалан, «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобдан фойдаланиб, Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказамиз. Агар тадқиқ ўтказмаётган бўлсангиз, бу мақсад сари интилишингиз мумкин.

16. Қай йўсин ҳозирдан Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида яшашга тайёрлана оламиз?

16 Яҳованинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечириш учун жаннат келишини кутишнинг ҳожати йўқ. Ҳозирдан ростгўй ва ҳалол бўлишимиз ҳамда Худога ёқадиган фазилатларни ривожлантиришга интилишимиз лозим. Яҳовага, умр йўлдошимизга ҳамда имондошларга содиқ қола оламиз. Ушбу ёвуз дунёда илоҳий меъёрларни қўллашга қанча кўп ҳаракат қилсак, жаннатда буни қилиш анча осонроқ бўлади. Қолаверса, бошқа кўникмаларни ва одатларни ривожлантириб, келажакдаги ҳаётга ўзимизни тайёрлаймиз. (Ушбу сондаги «“Ер юзига эга бўлишга” тайёрмисиз?» номли мақолага қаранг.)

17. Нега ўтмишдаги гуноҳларимизни деб руҳимиз тушмаслиги керак? Тушунтиринг.

17 Ўтмишдаги жиддий гуноҳларимиз дастидан ҳис этаётган айбдорлик туйғуси билан курашишимиз керак. Тўлов қурбонлиги бор-ку, деб «атайин гуноҳ қилмаслигимиз» лозим. (Иброн. 10:26–31) Нега деганда, чин дилдан тавба қилиб, Яҳова ҳамда оқсоқоллардан ёрдам сўраган ва хулқимизни ўзгартирган бўлсак У бизни кечиради. (Ишаё 55:7; Ҳавор. 3:19) Исо фарзийларга: «Одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни даъват этгани келганман»,— деб айтган сўзларини ёдда тутинг. (Мат. 9:13) Ҳа, тўлов қурбонлиги барча гуноҳларимизни қоплаш кучига эга.

ЖАННАТДА АБАДИЙ ЯШАЙ ОЛАСИЗ

18. Тавба қилган жиноятчига қандай саволлар берган бўлардингиз?

18 Тасаввур қилинг, жаннатда тавба қилган ўша жиноятчи билан чақчақлашиб ўтирибсиз. Шубҳасизки, иккалангиз ҳам Исонинг тўлов қурбонлиги учун миннатдорсиз. Унга қуйидаги саволларни берарсиз: «Исонинг ўлимидан олдин нималар бўлган? У илтимосингизга жавоб берганида ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?» У эса сиздан: «Шайтон дунёсининг охирги кунларида ҳаёт қандай кечган?» — деб сўрар. Ҳа, бу каби инсонлар билан Худонинг Каломини тадқиқ қилиш нақадар ажойиб бўлади! (Эфес. 4:22–24)

Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви пайтида биродаримиз хурсанд бўлиб маҳоратини оширяпти (19- хатбошига қаранг.)

19. Нега жаннатдаги ҳаёт зерикарли бўлмайди? (Муқовадаги расмга қаранг.)

19 Жаннатдаги ҳаёт зерикарли бўлмайди. Ҳар турли инсонлар билан суҳбатлашамиз. Қиладиган мазмунли кўп ишларимиз бўлади. Энг асосийси, ҳар куни самовий Отамизни яхшироқ таниб-биламиз ва барча нарсадан завқланиб яшаймиз. Жаннатда У ҳақда билим олишдан тўхтамаймиз. Худонинг беҳисоб ижодлари ҳақида айтмайсизми?! Қанча кўп яшасак, Унга бўлган севгимиз шунча кучаяди. Жаннатдаги абадий ҳаёт учун Тангри Яҳова ҳамда Исога мингдан-минг раҳмат деймиз.

22- ҚЎШИҚ Шоҳлик ерга ҳам келсин!

a Жаннат ҳақида қанчалик тез-тез ўйлайсиз? Бу борада фикр юритиш жуда далдали. Чунки Яҳова биз учун келажакда қиладиган нарсалар тўғрисида қанча кўп ўйласак, улар билан бўлишиш истагимиз ҳам шунча кучаяди. Бу мақола Исонинг жаннат ҳақидаги ваъдасига бўлган ишончимизни мустаҳкамлашга кўмаклашади.

b РАСМГА ШАРҲ. Биродар тирилганларга таълим беришни интиқиб кутяпти ва ҳозирнинг ўзида бунга тайёргарлик кўряпти.