Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

53-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ёш биродарлар, маънан етук масиҳий бўлинг

Ёш биродарлар, маънан етук масиҳий бўлинг

Жасоратли ва маҳкам бўл. (3 ШОҲ. 2:2)

135-ҚЎШИҚ Яҳова меҳр ила чорлар: «Ўғлим, доно бўл»

БУ МАҚОЛАДА a

1. Биродар муваффақият қозониш учун нима қилиши лозим?

 ШОҲ ДОВУД Сулаймонга: «Жасоратли ва маҳкам бўл»,— деб маслаҳат берган. (3 Шоҳ. 2:1–3) Барча масиҳий кишилар бу маслаҳатга амал қилса яхши бўларди. Бунда муваффақият қозониш учун улар Худонинг қонунларини билиши ва ҳаётининг барча соҳаларида Каломдаги принципларга риоя қилиши лозим. (Луқо 2:52) Нега ёш биродарлар учун маънан етук масиҳий бўлиш шунчалик муҳим?

2, 3. Нега ёш биродар етук масиҳий бўлиши шунчалик муҳим?

2 Гап шундаки, масиҳий кишилар оиласида ва жамоатда муҳим вазифаларни бажаради. Ёш биродарлар, келажакда бажаришингиз мумкин бўлган вазифалар борасида ўйлаётганингиз шубҳасиз. Ҳойнаҳой, тўла вақтли хизмат қилишни, жамоат хизматкори ва кейинчалик оқсоқол бўлишни хоҳлаётгандирсиз. Шунингдек, оила қуриб, фарзандли бўлиш истагингиз ҳам бордир. (Эфес. 6:4; 1 Тим. 3:1) Бундай мақсадларга эришиб, муваффақиятли бўлиш учун етук масиҳий бўлишингиз керак b.

3 Хўш, етук масиҳий бўлишингизга нима ёрдам бериши мумкин? Келинг, орттиришингиз керак бўлган муҳим кўникмалар ҳақида билиб олайлик. Келажакда эга бўлишингиз мумкин бўлган ҳар қандай вазифаларни муваффақият ила бажариш учун ҳозирнинг ўзида қай йўсин тайёргарлик кўра оласиз?

ЕТУК МАСИҲИЙ БЎЛИШНИНГ ҚАДАМЛАРИ

Исонинг ажойиб фазилатларига тақлид қилиш етук масиҳий бўлишингизга ёрдам бериши мумкин (4-хатбошига қаранг.)

4. Ўрнак олишимиз мумкин бўлган мисолларни қаердан топа оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

4 Ўрнак олиш мумкин бўлган яхши мисолларни танланг. Муқаддас Китобда ёш биродарлар тақлид қилишга арзийдиган яхши мисоллар бисёр. Ўтмишда яшаган ўша кишилар Аллоҳни яхши кўриб, Унинг халқига турлича ғамхўрлик қилишган. Бунинг устига, оилангизда ва жамоатингизда етук масиҳийлар орасида яхши ўрнак кўрсатаётган кишиларни топа оласиз. (Иброн. 13:7) Қолаверса, Исо Масиҳнинг мукаммал мисоли бор. (1 Бутр. 2:21) Уларнинг мисолларини пухта кўриб чиқар экансиз, сизга ёққан фазилатлари устида фикр юритинг. (Иброн. 12:1, 2) Шунингдек, бундай кишилардан қандай ўрнак олишингиз мумкинлиги борасида ўйланг.

5. Фикр юритиш қобилиятингизни қай йўсин ривожлантира оласиз ва нега бу муҳим? (Забур 119:9)

5 Тафаккурга эга бўлиб, ундан айрилманг. (Ҳик. 3:21) Тафаккурга эга бўлган инсон бирон нима қилишдан аввал барчасини яхшилаб ўйлаб кўради. Шундай экан, бу фазилатга эга бўлиб, уни ривожлантиринг. Нега деганда, бу дунё ўз нуқтаи назари бўйича йўл тутадиган ёки ҳаракатларини туйғулари бошқаришига йўл қўяётган йигитларга тўлиб-тошган. (Ҳик. 7:7; 29:11) Оммавий ахборот воситалари ҳам сизга кучли таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Бироқ қай йўсин тафаккурга эга бўла оласиз? Буни Муқаддас Китобдаги принципларни ўрганиш ва нега бу фойдали экани борасида мулоҳаза юритиш орқали қилишингиз мумкин. Сўнг ўша принциплардан фойдаланинг ва Яҳовага маъқул келадиган қарорлар чиқаринг. (Забур 119:9 ни ўқинг.) Агар бу муҳим кўникмани ўзлаштирсангиз, етук масиҳий бўла олишингиз учун асосий қадам қўйган бўласиз. (Ҳик. 2:11, 12; Иброн. 5:14) Тафаккурга эга бўлиш қуйидаги иккита соҳада қандай фойда келтиришини кўриб чиқайлик: 1) опа-сингиллар билан муомала қилганда ва 2) ташқи кўринишингиз борасида қарор чиқарганда.

6. Қандай қилиб тафаккур ёш биродарга опа-сингилларга ҳурмат кўрсатишга ёрдам беради?

6 Тафаккурга эга бўлиш сизга аёлларга ҳурмат кўрсатишга ёрдам беради. Ёш биродар бирорта опа-синглимиз билан яқиндан танишишни исташи табиий ва ўринлидир. Лекин биродар уни бўлажак умр йўлдош сифатида кўрмаётган бўлса, тафаккурини ишга солиб, унга ишқий туйғуларни ривожлантирадиган сўзларни айтмайди, нарсаларни ёзмайди ва бирон ишларни қилмайди. (1 Тим. 5:1, 2) Борди-ю, биродар учрашадиган бўлса, унинг обрўсига доғ тушмаслик учун у билан ҳеч қачон ёлғиз қолмайди. (1 Кор. 6:18)

7. Қандай қилиб тафаккур ёш биродарга ташқи кўриниши борасида тўғри қарор чиқаришга кўмаклашади?

7 Ёш биродар тафаккурга эга эканини ташқи кўриниши борасида чиқараётган қарорлар орқали ҳам кўрсата олади. Кўп ҳолларда кийим-кечакларнинг дизайни ва уларни олға суриш билан шуғулланадиган одамлар Яҳовага ҳурмат кўрсатишмайди. Қолаверса, улар ахлоқсиз ҳаёт тарзини кечириши мумкин. Шунга уларнинг фикрлаш тарзи кийиниш услубида акс этади ва улар жуда ёпишиб турадиган ёки эркаклар учун аёл кишиларникидай кийимларни ишлаб чиқаришади. Етуклик сари интилаётган ёш биродар нима кийишни танлаганида Каломдаги принципларга амал қилиб, жамоатда бу борада яхши ўрнак кўрсатаётганлардан ибрат олади. У ўзидан шундай сўраши мумкин: «Танловим ақли расо эканимни ва бошқаларни ҳурмат қилаётганимни кўрсатяптими? Бошқалар ташқи кўринишимга қараб, мен ростданам Худонинг хизматчиси эканимга ишонадими?» (1 Кор. 10:31–33; Титус. 2:6) Тафаккурга эга бўлган йигитлар нафақат имондошларининг, балки самовий Отамизнинг ҳам ҳурматини қозонади.

8. Ёш биродар ишончли бўлишни қандай ўрганиши мумкин?

8 Ишончли бўлинг. Ишончли бўлган ёш биродар ҳамма вазифаларини пухта бажаради. (Луқо 16:10) Исонинг мукаммал мисолига диққат қаратайлик. У ҳеч қачон бепарво ёки масъулиятсиз бўлмаган. Аксинча, Яҳова унга топширган вазифаларни ҳатто қийин бўлганда ҳам бажарган. Исо одамларни, айниқса, шогирдларини яхши кўрган ва улар учун ҳаётини тайёрлик ила берган. (Юҳан. 13:1) Исога тақлид қилиб, сизга берилган ҳар қандай вазифани бажариш учун жон куйдиринг. Буни қандай уддалаш мумкинлигини билмасангиз, камтарин бўлиб, етук биродарлардан ёрдам сўранг. Бирон ишни ҳеч қачон қўл учида қилманг. (Рим. 12:11) Аксинча, уни «одамлар учун эмас, балки Яҳова учун қилгандек» адо этинг. (Колос. 3:23) Албатта, сиз мукаммал эмассиз. Шунга камтарин бўлиб, қилган ҳар қандай хатоингизни тан олинг. (Ҳик. 11:2)

АМАЛИЙ КЎНИКМАЛАР ҲОСИЛ ҚИЛИНГ

9. Нега ёш биродарлар амалий кўникмалар орттириши керак?

9 Етук масиҳий бўлиш учун амалий кўникмалар орттиришингиз керак. Улар ёрдамида жамоатдаги вазифаларни бажара оласиз, ўзингизнинг ёки оила аъзоларингизнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун иш топа оласиз ва бошқалар билан яхши муносабатларга эга бўла оласиз. Келинг, бундай муҳим кўникмаларнинг айримларига назар солайлик.

Яхши ўқиш ва ёзиш ўзингизга ҳамда жамоатга фойда келтиради (10-, 11-хатбошиларига қаранг.)

10, 11. Ёш биродар яхши ўқишни ва ёзишни ўрганса ўзи ҳамда жамоатдагиларга қандай фойда келтиради? (Забур 1:1–3) (Расмга ҳам қаранг.)

10 Яхши ўқишни ва ёзишни ўрганинг. Муқаддас Китобда айтилишича, бахтли ва муваффақиятли киши кунда Каломни ўқиб, унинг устида фикр юритади. (Забур 1:1–3 ни ўқинг.) Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиш орқали у Яҳованинг фикрлаш тарзини билиб олади ва аниқ-равшан ўйлашни ҳамда билиб олганларига амал қилишни ўрганади. (Ҳик. 1:3, 4) Бундай йўл тутадиган кишилар жамоатга жуда керак. Нега?

11 Биродару опа-сингиллар уларга Муқаддас Китоб асосида таълим ва маслаҳат берадиган лаёқатли биродарларнинг кўмагига муҳтож. (Титус. 1:9) Яхши ўқиб, ёзишни билсангиз, бошқаларга фойда келтирадиган нутқлар ва шарҳлар тайёрлаб, имонига имон қўшасиз. Шунингдек, изланиш ўтказаётганда ҳамда жамоатдаю анжуманларда нутқларни эшитаётганда мазмунли қайдлар қила оласиз. Улар ёрдамида имонингизни мустаҳкамлаб, жамоатдагиларга ҳам далда бера оласиз.

12. Яхши суҳбатдош бўлишингизга нима ёрдам беради?

12 Яхши мулоқот қилишни ўрганинг. Масиҳий киши яхши мулоқот қилишни ўрганиши керак. Яхши суҳбатдош бошқаларнинг фикрларини тинглаб, туйғуларини тушунади. (Ҳик. 20:5) У бошқа инсоннинг овоз оҳангини, юз ифодасини ва имо-ишораларини тушунишга ўрганиши мумкин. У буни одамлар билан вақт ўтказмай туриб эплай олмайди. Доимо электрон қурилмалар орқали мулоқот қилсангиз, масалан, СМСлар юбориб, ўзаро ёзишиб инсонлар билан юзма-юз суҳбатлашиш қобилиятингизни сусайтирасиз. Шу боис бошқалар билан юзма-юз суҳбатлашиш имкониятларини изланг. (2 Юҳан. 12)

Иш топишингизга ёрдам берадиган кўникмалар орттириш яхши бўларди (13-хатбошига қаранг.)

13. Йигитлар яна нима қилишни ўрганиши керак? (1 Тимўтийга 5:8) (Расмга ҳам қаранг.)

13 Ўзингизни таъминлашни ўрганинг. Етук масиҳий киши ўзини ва уйидагиларини қўллаб-қувватлай олиши керак. (1 Тимўтийга 5:8 ни ўқинг.) Баъзи мамлакатларда ёш биродарлар отаси ёки бошқа қариндошидан бирон кўникмани орттиришади. Бошқа жойларда эса йигитлар мактабда ўқиётганда қандайдир ҳунарни ё бошқа иш қилишни ўрганишади. Қандай бўлмасин, иш топишингизга ёрдам берадиган бирон кўникма орттирсангиз ҳеч қачон кам бўлмайсиз. (Ҳавор. 18:2, 3; 20:34; Эфес. 4:28) Меҳнатсевар ва ишини охиригача етказмагунча тўхтамайдиган инсон сифатида обрў орттиринг. Шунда иш топиб, уни йўқотмаслик эҳтимоли ошади. Кўриб чиққан фазилатлару кўникмалар биродар учун муҳим аҳамият касб этиб, келажакдаги вазифаларини бажаришга ҳам қўл келади. Келинг, уларнинг айримлари ҳақида сўз юритайлик.

КЕЛАЖАКДАГИ ВАЗИФАЛАРГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИНГ

14. Ёш биродар тўла вақтли хизмат учун қандай тайёрлана олади?

14 Тўла вақтли хизматчи. Кўпгина маънан етук биродарлар ёшлигида тўла вақтли хизматни бошлаган. Кашшофлик йигитларга турли одамлар билан қай йўсин самарали ҳамкорлик қилишни ўрганишга ёрдам беради. Бу уларга оқилона бюджет тузиб, унга яраша кун кечиришга ҳам кўмаклашади. (Филип. 4:11–13) Тўла вақтли хизматни бошлаш учун кўмакчи кашшоф бўлиш яхши қадам бўла олади. Кўпчилик муайян вақт давомида кўмакчи кашшоф бўлиб, доимий кашшофликни бошлайди. Кашшофлик тўла вақтли хизматнинг бошқа турлари, жумладан, қурилиш хизматчиси ёки байтилчи бўлиш учун кенг эшик очиши мумкин.

15, 16. Ёш биродарга жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлишга нима ёрдам беради?

15 Жамоат хизматкори ёки оқсоқол. Биродарлар оқсоқоллар бўлиб имондошларига хизмат қилиш мақсадини қўйиб, бунинг учун лаёқатли бўлиши лозим. Муқаддас Китобда бундай мақсад сари интилаётган кишиларга «бу тўғри» дейилган. (1 Тим. 3:1) Оқсоқол бўлишдан олдин биродар жамоат хизматкори сифатида хизмат қилиш учун лаёқатли бўлиши зарур. Улар оқсоқолларни кўп амалий йўллар орқали қўллаб-қувватлайди. Ҳам оқсоқоллар, ҳам жамоат хизматкорлари имондошларига камтарлик ила хизмат қилиб, улар билан ваъзгўйлик хизматида қатнашишади. Ёш биродарлар ҳатто 17 ёки 19 ёшда жамоат хизматкори бўлиб хизмат қилиш учун лаёқатли бўлиши мумкин. Лаёқатли жамоат хизматкори эса 20 ёки бундан каттароқ ёшда оқсоқол сифатида тайинланиши мумкин.

16 Бу вазифаларни бажаришга лаёқатли бўлиш учун нима қила оласиз? Бунинг ягона формуласи йўқ. Лекин бу мақсадга эришишга кўмаклашадиган фазилатлар Яҳова, оила аъзоларингиз ва жамоатдагиларни яхши кўришингизга ҳамда Муқаддас Китобга асосланади. (1 Тим. 3:1–13; Титус. 1:6–9; 1 Бутр. 5:2, 3) Ҳар бир фазилат қандай маънога эга эканини тушунинг. Бунга лаёқатли бўлиш учун Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилинг c.

Яҳова эр хотинию болаларини яхши кўришини ҳамда уларга жисмонан, ҳиссан ва энг муҳими, маънан қўллаб-қувватлашини хоҳлайди (17-хатбошига қаранг.)

17. Қандай қилиб ёш биродарлар эр ва оила боши сифатидаги вазифаларига тайёргарлик кўра олади? (Расмга ҳам қаранг.)

17 Эр ва оила боши. Исо айтганидай, айрим етук масиҳий кишилар оила қурмасликка қарор қилади. (Мат. 19:12) Аммо уйланишни танласангиз, эр ва оила боши сифатидаги қўшимча вазифаларни бажарасиз. (1 Кор. 11:3) Яҳова эр хотинини севиб, жисмоний, ҳиссий ҳамда маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишини кутади. (Эфес. 5:28, 29) Юқорида тилга олинган фазилатлару кўникмалар, масалан, тафаккурга эга бўлиш, аёлларни ҳурмат қилиш ва ишончли бўлиш яхши умр йўлдош бўлишингизга ёрдам беради. Шунда эр ва оила боши сифатидаги вазифаларингизни бажариш учун яхши тайёрланган бўласиз.

18. Ёш биродар яхши ота бўлиш учун қандай тайёргарлик кўриши мумкин?

18 Ота. Уйлангач, ота бўлишингиз мумкин. Яхши ота бўлишни Яҳовадан ўргана оласизми? Бу борада анчагина сабоқлар бор. (Эфес. 6:4) Яҳова Ўғли Исони яхши кўришини ва ундан мамнун эканини очиқчасига айтган. (Мат. 3:17) Ота бўлсангиз, болангизга уни яхши кўришингизни доим айтиб туринг. Қилган яхши ишлари учун сахийлик ила мақтанг. Яҳовага тақлид қиладиган оталар фарзандига етук масиҳий бўлишга ёрдам беради. Оила аъзоларингиз ва жамоатдагиларга меҳр ила ғамхўрлик қилиш ва уларга севгингизни намоён этиб, қадрлаётганингизни билдириш орқали бу вазифани бажаришга тайёрлана оласиз. (Юҳан. 15:9) Шу йўсин, келажакда яхши эр ва ота бўлишингиз мумкин. Шу билан бирга Яҳованинг назарида қадрли бўлиб, оила аъзоларингиз ва жамоат учун қадри баланд тиргак бўласиз.

ЭНДИ НИМА ҚИЛАСИЗ?

Муқаддас Ёзувларни ўрганган ва билиб олганларига амал қилган кўпгина ёш биродарлар маънан етук масиҳий бўлган (19-, 20-хатбошиларига қаранг.)

19, 20. Ёш биродарларга етук масиҳий бўлишга нима ёрдам беради? (Муқовадаги расмга қаранг.)

19 Ёш биродарлар, ҳеч қандай ҳаракат қилмай ўз-ўзингиздан етук масиҳийга айланиб қолмайсиз. Ўрнак олиш мумкин бўлган мисолларни танлашингиз, тафаккурга эга бўлишингиз, ишончли бўлишингиз, амалий кўникмаларни орттиришингиз ва келажакдаги вазифаларни бажаришга тайёргарлик кўришингиз даркор.

20 Ишлашингиз керак бўлган барчаси устида фикр юритганингизда, бу жуда ҳам мушкулдай туюлар. Лекин бу қўлингиздан келади! Унутмангки, Яҳова сизга ёрдам беришни жуда хоҳлайди. (Ишаё 41:10, 13) Жамоатдаги биродару опа-сингиллар ҳам ёрдам қўлини чўзиши шубҳасиз. Агар Яҳова хоҳлаётган етук масиҳий бўлсангиз, ҳаётингиз завқли ва мазмунли бўлади. Қадрдон ёш биродарлар, сизларни яхши кўрамиз! Илойим, сизлар етук масиҳий бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизга Яҳова барака ёғдирсин. (Ҳик. 22:4)

65-ҚЎШИҚ Олға бос!

a Жамоатда етук эркак кишилар керак. Ушбу мақолада қандай қилиб сиз, ёш биродарлар етук масиҳий бўла олишингиз мумкинлиги борасида сўз юритамиз.

b Ўтган мақоладаги «Ибора маъноси»га қаранг.

c «Яҳованинг иродасини бажараётган ташкилот» номли китобнинг 5-, 6-бобларига қаранг.