52-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Азиз сингилжонлар, етук масиҳий бўлишга интилинг
Аёллар ҳам... ҳар нарсада меъёрини биладиган, ҳар нарсада ишончли бўлишлари лозим. (1 ТИМ. 3:11)
133-ҚЎШИҚ Яҳовага ёшликдан хизмат қилинг
БУ МАҚОЛАДА a
1. Маънан етук бўлиш учун нима қилишимиз лозим?
ФАРЗАНДЛАРНИНГ қанчалик тез ўсиб улғайишини кузатиш бизни ҳайратда қолдириши мумкин. Бу жараён ўз-ўзидан бўлаётгандек туюлиши мумкин. Бироқ етук масиҳий бўлиш учун биздан муайян ҳаракатлар талаб этилади. (1 Кор. 13:11; Иброн. 6:1) b Ушбу мақсадга эришиш учун Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлишимиз керак. Илоҳий фазилатларни ривожлантириш, амалий кўникмаларни орттириш ва келажакдаги вазифаларга тайёр бўлиш учун муқаддас руҳнинг ёрдамига муҳтожмиз. (Ҳик. 1:5)
2. Ибтидо 1:27 дан нимани билиб оляпмиз ва бу мақолада нима ҳақда сўз юритамиз?
2 Яҳова инсонларни эркак ва аёл қилиб яратган. (Ибтидо 1:27 ни ўқинг.) Биламизки, эркаклар ва аёллар жисмонан ҳамда бошқа томонлама бир-биридан фарқ қилади. Мисол учун, Яҳова уларнинг ҳар бирига муайян вазифаларни топширган. Шу боис эркаклар ва аёллар зиммасидаги вазифаларни бажаришга кўмаклашадиган фазилатларга ҳамда кўникмаларга эга бўлишлари керак. (Ибт. 2:18) Ушбу мақолада сингилларимиз етук масиҳийларга айланиш учун нима қила олиши мумкинлигини билиб оламиз. Навбатдаги мақолада эса ёш биродарлар нима қилиши борасида сўз юритамиз.
ИЛОҲИЙ ФАЗИЛАТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ
3, 4. Сингиллар тақлид қилишга арзийдиган яхши мисолларни қаердан топа олади? (Расмга ҳам қаранг.)
3 Муқаддас Китобда Яҳовани яхши кўрган ва Унга хизмат қилган кўпгина ажойиб аёллар ҳақида айтилган. (jw.org сайтидаги «Муқаддас Китобда тилга олинган аёллар улардан қандай сабоқ олсак бўлади?» номли мақолага қаранг.) Улар очқич оятда айтилганидек, «ҳар нарсада меъёрини биладиган ва ҳар нарсада ишончли бўлиш»ган. Шунингдек, сингилларимиз ўз жамоатидаги тақлид қилишга арзийдиган етук масиҳий аёллар билан дўстлашишлари мумкин.
4 Азиз сингилжонлар, ўрнак олишингиз мумкин бўлган маънан етук аёлларни танийсизми? Уларнинг гўзал фазилатларига диққат қаратинг, кейин ушбу фазилатларни қай йўсин намоён этишингиз мумкинлиги борасида ўйлаб кўринг. Кейинги хатбошларида маънан етук аёллар учун керак бўладиган учта муҳим фазилатга диққат қаратамиз.
5. Нега маънан етук аёл учун камтарлик муҳим фазилат?
5 Камтарлик етук масиҳий бўлиш учун муҳим фазилат. Аёл киши камтарин бўлса, унинг Яҳова ҳамда бошқа одамлар билан муносабати яхши бўлади. (Ёқб. 4:6) Мисол учун, Яҳовани яхши кўрадиган аёл У ўрнатган бошчилик борасидаги принципга камтарлик ила амал қилади. (1 Кор. 11:3) Ушбу принципга ҳам жамоатда, ҳам оилада амал қилиш муҳим аҳамиятга эга c.
6. Сингилларимиз Ривқо намоён этган камтарлик борасида қандай сабоқ олиши мумкин?
6 Ривқонинг мисолини кўриб чиқайлик. У ҳаёти давомида ўринли тарзда ташаббус кўрсатиб, ақлли ва қатъиятли эканини намоён этган. (Ибт. 24:58; 27:5–17) Шу билан бирга у бошқаларни ҳурмат қилиб, бўйсунган. (Ибт. 24:17, 18, 65) Яҳова бошқаришга тайинлаган кишиларни Ривқо каби, камтарлик ила қўллаб-қувватласангиз оила аъзоларингизга ва жамоатдагиларга ижобий таъсир қиласиз.
7. Сингилларимиз Эстер ўз ҳаддини билганидан қандай сабоқ олиши мумкин?
7 Ўз ҳаддини билиш етук масиҳийлар учун муҳим бўлган фазилатлардан биридир. Муқаддас Китобда: «Ўз ҳаддини биладиганларга эса донолик хосдир»,— деб ёзилган. (Ҳик. 11:2; изоҳ) Эстер ўз ҳаддини биладиган художўй аёл бўлгани учун ўзбошимчалик билан йўл тутмаган. У амакиваччаси Мордахайнинг маслаҳатига қулоқ солиб, айтганидай йўл тутган. (Эст. 2:10, 20, 22) Сиз ҳам доно маслаҳатга амал қилиш орқали ўз ҳаддини билиш фазилатини намоён эта оласиз. (Титус. 2:3–5)
8. Опа-сингилларга кийиниш ва пардоз-андоз борасида доно қарор чиқаришга ўз ҳаддини билиш қай йўсин ёрдам бера олади? (1 Тимўтийга 2:9, 10)
8 Эстер ўз ҳаддини билганини бошқа йўл орқали ҳам кўрсатган. У «хушбичим бўлиб, ниҳоятда гўзал» бўлса-да, ўзига бошқаларнинг ортиқча эътиборини қаратмаган. (Эст. 2:7, 15) Масиҳий аёл унинг мисолидан қандай фойда олиши мумкин? Бунинг бир йўли 1 Тимўтийга 2:9, 10 да таъкидланган. (Ўқинг.) Ҳаворий Павлус масиҳий аёлларни ор-номус ва фаҳм-фаросат билан кийинишга ундаган. У ердаги юнонча сўзлар масиҳий аёлнинг кийиниши бошқаларга нисбатан ҳурмат ва уларнинг ҳис-туйғуларию фикрларини инобатга олган ҳолда кўрсатаётганини англатади. Ор-номус билан кийинадиган етук опа-сингилларимиз билан жуда фахрланамиз!
9. Обигайлдан нимани ўрганишимиз мумкин?
9 Фаҳм-фаросат барча маънан етук опа-сингиллар намоён этадиган фазилатдир. Бу қандай фазилат? Унинг ёрдамида нима тўғри ва нима нотўғри эканини фаҳмлаб, доно қарор чиқариш мумкин. Обигайлнинг мисолини кўриб чиқайлик. Унинг эри бутун хонадони аъзоларига жиддий таъсир қиладиган нотўғри қарор чиқарди. Обигайл дарҳол ҳаракатга тушди. Унинг фаҳм-фаросати одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди. (1 Шоҳ. 25:14–23, 32–35) Фаҳм-фаросат бизга ҳам қачон гапириш ва қачон сукут сақлаш кераклигини тушунишга ёрдам беради. Бу бошқаларга шахсий қизиқиш кўрсатаётганда мувозанатли бўлишга ҳам ёрдам беради. (1 Салон. 4:11)
АМАЛИЙ КЎНИКМАЛАРНИ ОРТТИРИНГ
10, 11. Яхши ўқиш ва ёзиш орқали ўзингизга ва бошқаларга қандай ёрдам бера оласиз? (Расмга ҳам қаранг.)
10 Масиҳий аёллар амалий кўникмаларни орттириши лозим. Қизлар болалигидан ўрганган баъзи кўникмалари ҳаёти давомида фойда келтиради. Келинг, уларнинг айримларини кўриб чиқайлик.
11 Яхши ўқишни ва ёзишни ўрганинг. Баъзи маданиятларда ўқиш ва ёзиш аёллар учун муҳим деб ҳисобланмайди. Бироқ ҳар бир масиҳий бу кўникмаларни ўзлаштириши даркор. (1 Тим. 4:13) d Шу боис яхши ўқишни ва ёзишни ўрганишга бирон нима тўсқинлик қилишига йўл қўйманг. Бунинг мукофоти қандай бўлади? Бундай кўникмалар иш топишингизга ва уни йўқотмасликка ҳисса қўшади. Бундан ташқари, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ва бошқаларга унинг асосида таълим бериш осонроқ бўлади. Энг муҳими эса Каломни ўқиб, унинг устида фикр юритганингизда Яҳовага кўпроқ яқинлашасиз. (Ёшуа 1:8; 1 Тим. 4:15)
12. Ҳикматлар 31:26 дан нимани билиб олдингиз?
12 Яхши суҳбатдош бўлишга ўрганинг. Масиҳийлар яхши суҳбатдош бўлиши жуда муҳим. Бу борада Масиҳнинг шогирди Ёқуб қуйидагича яхши маслаҳат берган: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга... эса шошилмасин». (Ёқб. 1:19) Бошқаларни диққат ила тинглаганингизда, ҳамдард эканингизни кўрсатасиз. (1 Бутр. 3:8) Агар инсон нима деяётганини ёки нима ҳис қилаётганини тушунмаётган бўлсангиз, ўринли саволлар беринг. Кейин гапиришдан олдин бироз ўйланг. (Ҳик. 15:28) Ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Ҳозир айтмоқчи бўлганларим рост ва далдалими? Унда ҳурмат ва меҳр кўриняптими?» Яхши суҳбатдош бўлган етук опа-сингиллардан ўрнак олинг. (Ҳикматлар 31:26 ни ўқинг.) Улар қандай гаплашаётганига эътибор беринг. Бу кўникмани қанчалик яхши ўзлаштирсангиз, бошқалар билан бўлган муносабатингиз ҳам шунчалик яхши бўлади.
13. Уй-рўзғор юритишни қандай ўрганишингиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)
13 Уй-рўзғор тутишни ўрганинг. Кўп жойларда аёллар уйдаги юмушларнинг аксариятини бажаришади. Онангиз ёки бирон қобилиятли опамиз сизга ушбу кўникмаларни орттиришга ёрдам берар. Синди опамиз шундай деди: «Ойимнинг менга берган қимматбаҳо ҳадяларидан бири мени оғир меҳнатдан хурсандчилик топишни ўргатганидир. Овқат пишириш, уй йиғиштириш, тикиш ва бозор-ўчар қилиш каби кўникмаларни орттириш ҳаётимни осонлаштирди ва Яҳованинг хизматида кўпроқ қила олиш имкониятини очиб берди. Ойим меҳмондўст бўлишни ҳам менга ўргатган. Бу туфайли ўрнагига тақлид қилишим мумкин бўлган ажойиб биродару опа-сингиллар билан танишдим». (Ҳик. 31:15, 21, 22) Уй-рўзғор тутишни ўрганган жонкуяр ва меҳмондўст аёл оиласи ҳамда жамоатдагилар учун кучли таъсирга эга. (Ҳик. 31:13, 17, 27; Ҳавор. 16:15)
14. Кристлдан нимани ўргандингиз ва нимани ёдда тутишингиз керак?
14 Ўзингизни таъминлашга ўрганинг. Барча етук масиҳийлар ўзини қўллаб-қувватлаш ва борига қаноат қилишга ўрганиши муҳим мақсаддир. (Филип. 4:11; 2 Салон. 3:7, 8) Кристл опамиз шундай деб бўлишди: «Ота-онам амалий кўникмаларни орттиришим учун бирон курсларни танлашга мени ундади. Отам бухгалтерлар курсини тавсия қилди ва бу менга анчагина ёрдам берди». Бирор иш топиш учун муайян кўникмаларни орттиришдан ташқари бюджет тузиб, унга амал қилишни ўрганишга интилинг. (Ҳик. 31:16, 18) Кераксиз қарз олишдан йироқлашиш ва оддий ҳаёт тарзига қаноат қилиш орқали маънавий мақсадларга диққат қаратинг. (1 Тим. 6:8)
КЕЛАЖАК УЧУН ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИНГ
15, 16. Нега турмуш қурмаган опа-сингиллар жуда қадрли? (Марк 10:29, 30)
15 Илоҳий фазилатларни ривожлантирганингизда ва керакли кўникмаларни ўзлаштирганингизда келажак учун яхши тайёргарлик кўрган бўласиз. Нималар қилишингиз мумкинлигининг баъзи мисолларига эътибор қаратайлик.
16 Муайян вақт давомида оила қурмасликка қарор қиларсиз. Исонинг сўзларига ҳамоҳанг тарзда баъзи аёллар ҳатто бу уларнинг маданиятида нотабиий бўлса-да, турмушга чиқмасликни танлаган. (Мат. 19:10–12) Айримлар эса шароити туфайли оила қурмаган. Бироқ Яҳова ҳамда Исо оила қурмаган масиҳий аёлларга паст назарда эмаслигига амин бўлинг. Дунё бўйлаб турмушга чиқмаган опа-сингилларимиз жамоатга ижобий таъсир қилиб келишяпти. Улар бошқаларга кўрсатаётган севгиси ҳамда самимий қизиқиши туфайли кўплар учун маънавий опа-сингиллар ҳамда она каби бўлиб қолишяпти. (Марк 10:29, 30 ни ўқинг; 1 Тим. 5:2)
17. Синглимиз тўла вақтли хизматни бошлаш учун ҳозир қандай тайёргарлик кўра олади?
17 Тўла вақтли хизматчи бўлишингиз мумкин. Масиҳий аёллар умумжаҳон ваъзгўйлик ишида улкан ҳисса қўшяпти. (Заб. 68:11) Сиз ҳам тўла вақтли хизматни бошлашни режалаштира оласизми? Кашшоф бўлишингиз, қурилиш лойиҳасининг ихтиёрий хизматчиси ёки байтилчи бўлишингиз мумкин. Мақсадингиз ҳақида ибодат қилинг. Бу каби мақсадга эришган бошқалар билан гаплашинг ва бундай хизмат турида қатнашиш учун нима кераклиги борасида билиб олинг. Кейин ушбу мақсадингизга эришишга ёрдам берадиган режа тузинг. Мақсадингизга эришиш Яҳовага хизмат қилишингиз учун кўп имкониятларни очиб беради.
18. Нега опа-сингиллар умр йўлдошни танлашга жиддий ёндашиши лозим? (Расмга ҳам қаранг.)
18 Турмушга чиқишга қарор қиларсиз. Бу мақолада тилга олинган фазилатлар ҳамда кўникмалар эпли хотин бўлишингизга ёрдам беради. Албатта, агар оила қуришга қарор қилган бўлсангиз, умр йўлдошингизни эҳтиёткорлик ила танланг. Сабаби бу ҳаётингиз давомида чиқаришингиз мумкин бўлган энг муҳим қарорлардан бири. Ёдингизда бўлсин, кимга турмушга чиқсангиз ўша инсоннинг бошчилиги остида бўласиз. (Рим. 7:2; Эфес. 5:23, 33) Ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг: «У Исо каби фикрлашга ва йўл тутишга интиляптими? Ҳаётида маънавий ишларни биринчи ўринга қўйяптими? У доно қарорлар чиқаряптими? Хатоларини тан оляптими? Аёлларни ҳурмат қиляптими? Мени маънан, жисмонан ва ҳиссан қўллаб-қувватлаш учун керакли кўникмаларга эгами? Вазифаларини қандай бажаряпти? Мисол учун, у жамоатда қандай вазифаларга эга ва уларни қай йўсин уддалаяпти?» (Луқо 16:10; 1 Тим. 5:8) Албатта, яхши умр йўлдош топмоқчи бўлсангиз, ўзингиз ҳам яхши умр йўлдош бўлишингиз керак.
19. Нега хотин эри учун «ёрдамчи» бўлиши унинг аҳамиятини пасайтирмайди?
19 Муқаддас Китобда яхши хотин эри учун «ёрдамчи» бўлиб, уни «тўлдириб» туриши ҳақида ёзилган. (Ибт. 2:18) Бу унинг қадр-қимматини пасайтирадими? Йўқ! Хотин ёрдамчи бўлиши унинг қадр-қимматини ерга урмайди. Дарҳақиқат, Муқаддас Китобда Яҳова кўп ҳолларда «ёрдамчи» сифатида тилга олинган. (Заб. 54:4; Иброн. 13:6) Хотин эрини қўллаб-қувватлаб оиласига таъсир қиладиган қарорлар чиқаришига кўмаклашганда чинакам ёрдамчи эканини кўрсатади. Қолаверса, у Яҳовани яхши кўргани учун эрининг обрўйини кўтаришга ҳаракат қилади. (Ҳик. 31:11, 12; 1 Тим. 3:11) Келажакда яхши умр йўлдош бўлиш учун тайёргарлик кўришга Яҳовага бўлган севгингизни кучайтириш ва оила аъзоларингиз ҳамда жамоатдагилар учун ёрдамчи бўлиш киради.
20. Оналар оила аъзолари учун нималар қила олади?
20 Эҳтимол, она бўларсиз. Оила қурганингиздан кейин фарзандли бўлишингиз мумкин. (Заб. 127:3) Албатта, сизга нималар керак бўлишини олдиндан ўйлаш доноликдан бўларди. Агар турмушга чиқсангиз ва она бўлсангиз, ушбу мақолада муҳокама қилинган фазилатлар ҳамда кўникмалар сизга ёрдам беради. Севгингиз, меҳрингиз ва сабрингиз оиланинг муҳитига ижобий таъсир қилади. Шунда фарзандларингиз ўзини хавфсиз ҳис қилиб, ўйнаб кулади. (Ҳик. 24:3)
21. Опа-сингилларимиз ҳақида қандай фикрдасиз ва нима учун? (Муқовадаги расмга қаранг.)
21 Қадрдон сингилжонлар, биз сизларни яхши кўрамиз! Яҳова ҳамда Унинг халқи учун қилаётган ҳаракатларингизни қадрлаймиз. (Иброн. 6:10) Сиз илоҳий фазилатларни ривожлантириш, ўзингизнинг ҳамда бошқаларнинг ҳаётини бойитадиган кўникмаларни ўзлаштириш ва келажакка яхши тайёргарлик кўриш учун жон куйдиряпсиз. Яҳованинг ташкилоти учун ҳақиқий тиргаксиз!
137-ҚЎШИҚ Яҳовага вафодор аёл-қизлар
a Азиз сингилжонлар, сизлар, биз, жамоатдагилар учун жуда ҳам қадрлисиз. Худога ёқадиган фазилатларни ривожлантириш, амалий кўникмаларни орттириш ва келажакдаги вазифалар учун тайёргарлик кўриш орқали маънан етук масиҳий бўлишингиз мумкин. Натижада, Яҳовага хизмат қилиб қут-баракалардан завқланасиз.
b ИБОРА МАЪНОСИ. Маънан етукликка интилаётган кишини бу дунёдаги донолик эмас, Худонинг руҳи бошқаради. Бундай аёл ёки эркак киши Исога тақлид қилиб, Яҳова билан яқин муносабатларни ривожлантиришга жон куйдиради ва бошқаларга фидойи севги намоён этади.
d jw.org сайтидаги «Нега китоб ўқиш болалар учун муҳим? (1-қисм) Ўқиш ёки томоша қилишми?» номли мақолага қаранг, у ерда ўқиш кўникмаси муҳим экани ёзилган.