Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

50-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Имон ва ишлар одилликка етаклаши мумкин

Имон ва ишлар одилликка етаклаши мумкин

Иброҳим Яҳовага ишонди ва шунинг учун у одил деб тан олинди. (РИМ. 4:3)

119-ҚЎШИҚ Имонли бўлайлик

БУ МАҚОЛАДА a

1. Иброҳим пайғамбарнинг имони тўғрисида ўйлаганда, қандай савол пайдо бўлиши мумкин?

 КЎПЧИЛИК Иброҳим Халилуллоҳ ҳақида эшитган, лекин аксарияти у ҳақида кам маълумотга эга. Бироқ сиз Иброҳим ҳақида кўп нарсаларни биласиз. Масалан, Иброҳим «имони борларнинг отаси» эканидан хабардорсиз. (Рим. 4:11) Эҳтимол, шундай деб ўйларсиз: «Иброҳимга тақлид қила оламанми? Имоним уникига ўхшаб кучли бўлиши мумкинми?» Ҳа, бунинг уддасидан чиқа оласиз.

2. Нега Иброҳимнинг мисолини тадқиқ қилиш муҳим? (Ёқуб 2:22, 23)

2 Биз ҳам Иброҳимникига ўхшаш имонни ривожлантиришни истасак, биринчи навбатда унинг мисолини кўриб чиқишимиз лозим. У Худонинг гапига кириб олис юртга кўчган, ўнлаб йиллар давомида чодирларда яшаган ва севикли ўғли Исҳоқни қурбонликка келтиришга тайёр бўлган. Бундай ҳаракатлари у кучли имонга эга бўлганини кўрсатяпти. Иброҳим имонию ишлари туфайли Яҳовага маъқул келиб, Унинг дўстига айланган. (Ёқуб 2:22, 23 ни ўқинг.) Яҳова худди шундай баракалардан завқ топиш имконияти бизда — сизда пайдо бўлишини истаяпти. Бунинг учун У Павлус билан Ёқубни илҳомлантирган ва улар Каломда Иброҳимнинг мисолини тилга олишган. Келинг, Римликларга 4-боб ва Ёқуб 2-бобда у ҳақида нима деб айтилганини кўриб чиқайлик. Ушбу иккита бобда Иброҳим ҳақида диққатга сазовор фикрлар ёзилган.

3. Павлус ва Ёқуб қайси оятни иқтибос сифатида келтиришган?

3 Ҳам Павлус, ҳам Ёқуб иқтибос сифатида Ибтидо 15:6 даги «Ибром Яҳовага ишонди ва шунинг учун У Ибромни одил, деб тан олди» деган сўзларни келтиришган. Яҳова инсон Унга маъқул келганида, уни айбсиз ёки бенуқсон деб атайди. Гуноҳкор ва номукаммал инсонни Худо беайб деб тан олиши жуда ҳайратланарли! Ҳойнаҳой, сиз ҳам шундай деб тан олинишни истайсиз ва бунинг иложи бор. Келинг, нега Яҳова Иброҳимни одил деб тан олганини ва биз ҳам одил деб аталишимиз учун нима қилишимиз кераклигини кўриб чиқайлик.

ОДИЛ БЎЛИШИМИЗ УЧУН ИМОН ЎТА МУҲИМ

4. Одамларга одил инсон бўлишга нима тўсқинлик қилиши мумкин?

4 Римликларга йўлланган мактубида Павлус барча одамлар гуноҳкор эканини таъкидлаган. (Рим. 3:23) Унда қандай қилиб одил ва бенуқсон бўлиб, Худонинг розилигини олишимиз мумкин? Барча масиҳийлар буни тушунишига ёрдам бериш учун Павлус Иброҳимни мисол сифатида келтирган.

5. Яҳова Иброҳимни нима асосида одил деб эълон қилган? (Римликларга 4:2–4)

5 Иброҳим Канъонда яшаганида Яҳова уни одил деб тан олган. Нега? Бу Иброҳим Мусонинг Қонунига мукаммал тарзда амал қилгани учун бўлганми? Амримаҳол! (Рим. 4:13) Чунки Худо Иброҳимни одил деб тан олганидан 400 йилдан зиёд вақт ўтгач, Исроил халқига Мусонинг Қонунини берган. Хўш, унда нега у одил деб тан олинган? Унинг имони кучли бўлгани учун Яҳова инояти туфайли уни шундай инсон сифатида тан олган. (Римликларга 4:2–4 ни ўқинг.)

6. Нима туфайли Яҳова гуноҳкор инсонни одил деб тан оляпти?

6 Павлус Худога ишонадиган киши «имони учун одил деб» тан олинишини айтган. (Рим. 4:5) У шундай қўшиб қўйган: «Худди шундай Довуд ҳам, ишларига қарамай Аллоҳ одил деб тан олган одамни бахтиёр деб атаб, шундай деган: “Қонунсиз ишлари кечирилган ва гуноҳлари афв этилган кишилар бахтлидир. Гуноҳи учун Яҳова жавобгарликка тортмайдиган инсон саодатлидир”». (Рим. 4:6–8; Заб. 32:1, 2) Ҳа, Худо Унга ишонадиган кишиларнинг гуноҳларини кечиряпти ёки қоплаяпти. У гуноҳларни бутунлай кечириб, уларни ҳисобламаяпти ва бундай инсонларни имони асосида бенуқсон ҳамда одил деб тан оляпти.

7. Яҳованинг ўтмишдаги содиқ хизматчиларини нега одил деб айта оламиз?

7 Иброҳим, Довуд ва Яҳованинг бошқа садоқатли хизматчилари одил деб тан олинган бўлса-да, номукаммал эди. Уларнинг имони туфайли, айниқса, Худога топинмайдиган инсонлар билан солиштирганда улар айбсиз деб топилган. (Эфес. 2:12) Павлус мактубида тушунтирганидек, Худо билан дўстона муносабатларга эга бўлиш учун имон муҳим аҳамиятга эга. Бу Иброҳим ва Довуднинг вазиятида шундай бўлган. Биз ҳам имонга эга бўлиб Худонинг дўсти бўлишимиз мумкин.

ИМОН ВА ИШЛАР ЎЗАРО ҚАНДАЙ БОҒЛИҚ?

8, 9. Баъзилар Павлус ва Ёқубнинг сўзлари туфайли қандай нотўғри хулосага келган ва нима учун?

8 Асрлар мобайнида христиан оламидагилар имон ва ишлар ўзаро қандай боғлиқлиги борасида қизғин баҳс-мунозаралар олиб боришган. Баъзи дин раҳбарлари қутқарилиш учун Ҳазрати Исо Масиҳга ишонишнинг ўзи етарли деб ўргатади. Улар шундай деб айтганини эшитгандирсиз: «Исога ишонинг ва у сизни қутқаради». Дин раҳбарлари ҳатто Павлуснинг қуйидаги сўзларини иқтибос сифатида келтирар: «Ишларига қарамай Аллоҳ одил деб тан олган одамни бахтиёр деб ата[йди]». (Рим. 4:6) Лекин бошқаларнинг фикрига биноан, черков томонидан муқаддас деб тан олинган жойларни зиёрат қилиш ва савоб ишлар орқали «қутқарилишингиз» мумкин. Эҳтимол, улар ҳатто Ёқуб 2:24 даги мана шу сўзларни келтирар: «Инсон одил деб тан олиниши учун имоннинг ўзи етарли эмас, ишлар ҳам керак».

9 Турли фикрлар туфайли айрим илоҳиётшунослар Павлус ва Ёқубнинг имон ҳамда ишлар ҳақидаги сўзлари ўзаро зид деган хулосага келишди. Руҳонийлар Павлус одил киши бўлиш учун имоннинг ўзи етарли, Ёқуб эса Худонинг розилигини олиш учун ишлар ўта муҳим деб ўргатганини таъкидлашади. Бир илоҳиётшуноснинг айтишича, «Ёқуб Павлуснинг ишлар эмас, фақат имон орқали одилликка эришиш мумкин» деган сўзларини тушунмаган. Лекин Яҳова уларнинг иккаласини ҳам ушбу сўзларни ёзишга илҳомлантирган. (2 Тим. 3:16) Бу сўзларнинг мағзини чақишнинг оддий йўли — ушбу мактубларнинг матн таркиби билан танишиш.

Павлус Римдаги яҳудий масиҳийларга Мусонинг Қонунига оид ишларни эмас, имон муҳим эканини таъкидлаган (10-хатбошига қаранг.) b

10. Павлус асосан қайси ишлар ҳақида гапирган? (Римликларга 3:21, 28) (Расмга ҳам қаранг.)

10 Павлус Римликларга 3- ва 4-бобларда қайси ишларга ишора қилган? У, асосан, Синай тоғида исроилликларга берилган Мусонинг Қонунига амал қилиш борасида айтган. (Римликларга 3:21, 28 ни ўқинг.) Афтидан, Павлуснинг давридаги баъзи яҳудий масиҳийларга Мусонинг Қонуни бекор қилинганини ва унга кўра талаб қилинган ишларни қилмасликни қабул қилиш қийин бўлган. Шунинг учун у Иброҳимнинг мисоли ёрдамида инсон Худонинг назарида одил бўлиши учун Мусонинг Қонунига амал қилишнинг ҳожати йўқлигини кўрсатган. Бу имон билан боғлиқ. Ушбу фикр далдали, чунки буни билиш орқали биз ҳам Худо томонидан одил деб тан олинишимиз мумкинлигига амин бўляпмиз. Бу Худога ва Масиҳга бўлган имонимизни кучайтиришимиз мумкинлигини англатади. Шу йўсин, Яҳовага маъқул кела оламиз.

Ёқуб масиҳийларни, масалан, одам ажратмасдан савоб ишлар қилиш орқали имонини намоён этишга ундаган (11-, 12-хатбошиларига қаранг.) c

11. Ёқуб қандай ишларга ишора қилган?

11 Ёқуб 2-бобда тилга олинган ишларга келадиган бўлсак, улар Мусонинг Қонунида талаб қилинмаган. Ёқуб масиҳийлар ҳар куни қиладиган ишларга ёки ҳаракатларга ишора қилган. Бундай ишлар орқали масиҳий Худога ростдан ҳам ишониш-ишонмаслигини кўрсатади. Келинг, у келтирган иккита мисолга эътибор қаратайлик.

12. Ёқуб имон ва ишлар орасидаги боғлиқликни қандай тушунтирган? (Расмга ҳам қаранг.)

12 Биринчи мисолда Ёқуб масиҳийлар бошқалар билан муносабат қилганда, одам ажратмаслик кераклигини таъкидлаган. У бир киши бой одамга меҳрибонлик кўрсатгани, камбағални эса менсимаганини айтган. Ёқуб таъкидлаганидек, ўша киши ўзини художўй деб ўйлаган бўлиши мумкин. Лекин ишлари билан бундай эмаслигини кўрсатган. (Ёқб. 2:1–5, 9) Иккинчи мисолда эса Ёқуб киши имондоши кийимсиз ёки озиқ-овқатсиз қолганини кўриб, унга амалий ёрдам бермаганини айтган. Ўша киши ўзини художўй деб кўрсатган бўлса-да, ишлари аксини кўрсатарди. Ёқуб: «Ишларсиз имон ўлик ҳисобланади»,— деб ёзган. (Ёқб. 2:14–17)

13. Ёқуб ҳам имон, ҳам ишлар қилиш кераклигини таъкидлаганини қайси мисолдан билиб оляпмиз? (Ёқуб 2:25, 26)

13 Ёқуб Раҳобани имонини амалда намоён этган аёл сифатида тилга олган. (Ёқуб 2:25, 26 ни ўқинг.) Раҳоба Яҳова ҳақида эшитиб, У исроилликларни қўллаб-қувватлаётганини тушунган. (Ёшуа 2:9–11) У ўз имонини амалда намоён этган — хавфли вазиятга дуч келган иккита исроиллик айғоқчини ҳимоя қилган. Натижада, исроиллик бўлмаган бу номукаммал аёл Иброҳим сингари одил деб тан олинган. Унинг ўрнаги имон ишлар билан чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқлаяпти.

14. Нега Павлус билан Ёқуб ёзган фикрлар ўзаро зид бўлмаган деб айта оламиз?

14 Демак, Павлус ва Ёқуб имон ҳамда ишлар мавзусини иккита ҳар хил йўл орқали очиб беришган. Павлус яҳудий масиҳийлар Мусонинг Қонунига фақат амал қилиш орқали Яҳовага ҳеч қачон маъқул келмасликларини айтган. Ёқуб эса барча масиҳийлар бошқалар учун яхши ишлар қилиш орқали имонини кўрсатишлари кераклигига урғу берган.

Сизнинг ҳам имонингиз Яҳовага маъқул келадиган ишлар қилишга ундаяптими? (15-хатбошига қаранг.)

15. Ишларимиз орқали имонимизни кўрсатишимиз мумкин бўлган баъзи йўллар қандай? (Расмларга ҳам қаранг.)

15 Яҳова бизни ҳам одил деб тан олишини истасак, худди Иброҳимдай йўл тутишимиз кераклигини айтмаяпти. Дарҳақиқат, ишларимиз орқали имонимизни намоён этишнинг кўпгина бошқа йўллари ҳам бор. Масалан, жамоатга илк бор келганларни қарши олишимиз, муҳтож бўлган имондошларга ёрдам беришимиз ва оила аъзоларимиз учун яхшиликлар қилишимиз мумкин. Бундай йўл тутсак, Худони мамнун қиламиз ва У баракалар ёғдиради. (Рим. 15:7; 1 Тим. 5:4, 8; 1 Юҳан. 3:18) Имонга эга эканимизни кўрсатишнинг энг муҳим йўлларидан бири бошқаларга хушхабарни ғайрат ила айтишдир. (1 Тим. 4:16) Барчамиз ишларимиз орқали Яҳова бераётган ваъдалари амалга ошишига ва Унинг йўллари энг аълоси эканига ишонаётганимизни кўрсатишимиз мумкин. Агар шундай йўл тутсак, Худо бизни ҳам одил инсон ва дўстлари сифатида тан олади. Бунга юз фоиз аминмиз!

УМИДГА ДИҚҚАТ ҚАРАТИШ ИМОНИМИЗНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ

16. Иброҳимнинг имони умид билан қандай боғлиқ?

16 Римликларга 4-бобга биноан, Иброҳимдан яна бир муҳим сабоқ олишимиз мумкин. У умидимиз билан боғлиқ. Яҳова Иброҳим орқали «кўп халқлар» барака топишини ваъда қилган. У қанчалик ажойиб умидга эга бўлганини бир тасаввур қилинг. (Ибт. 12:3; 15:5; 17:4; Рим. 4:17) Аммо Иброҳим 100, Сора эса 90 ёшда бўлганида ҳам ваъда қилинган ўғли ҳалиям туғилмаганди. Инсоннинг нуқтаи назари билан қараганда, бу ёшда улар учун ўғил кўриш имконсиз эди. Бу Иброҳим учун чинакам синов бўлган. У «кўп халқларнинг отаси бўлиши учун умидини узмай, ишониб юрган». (Рим. 4:18, 19) Охир-оқибат, унинг умиди амалга ошган — интиқиб кутган ўғли, Исҳоқ дунёга келган. (Рим. 4:20–22)

17. Худонинг дўстлари сифатида одил деб тан олинишимиз мумкинлигини қаердан биламиз?

17 Биз ҳам Иброҳим Халилуллоҳ каби Худога маъқул келиб, Унинг дўстлари сифатида одил деб тан олинишимиз мумкин. Ҳа, Павлус бу борада қуйидагича ёзган: «“Тан олинди” деган сўзлар фақат у учун ёзилмаган, балки биз учун ҳам, айнан одил деб ҳисобланадиганлар учун ёзилган». (Рим. 4:23, 24) Иброҳимнинг вазиятида бўлганидай, биз учун ҳам имон, ишлар ва умид боғлаш муҳим аҳамиятга эга. Павлус Римликларга 5-бобда умидимиз ҳақида сўз юритган. Бу борада навбатдаги мақоладан билиб оламиз.

28-ҚЎШИҚ Яҳова, ким дўстинг эрур?

a Аллоҳ биздан рози бўлишини ва бизни одил деб билишини хоҳлаймиз. Павлус ва Ёқубнинг ёзувлари ёрдамида ушбу мақолада буни қандай уддалаш мумкинлигини ва Яҳова биздан рози бўлиши учун нега ҳам имонга эга бўлишимиз, ҳам ишлар қилишимиз кераклигини билиб оламиз.

b РАСМГА ШАРҲ. Павлус яҳудий масиҳийларни, мисол учун, мовий ипдан кийим тикиш, Фисиҳ байрамини нишонлаш ва ювинишга оид қоидаларга амал қилиш орқали имонни намоён этишга ундаган.

c РАСМГА ШАРҲ. Ёқуб бошқалар учун яхшиликлар қилиш, масалан, камбағалларга ёрдам бериш орқали имонни намоён этишга ундаган.