51-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Кўнгил қолишига олиб келмайдиган умиддан завқланинг
Умид... кўнгил қолишига олиб келмайди. (РИМ. 5:5)
142-ҚЎШИҚ Умидни мустаҳкам ушлайлик
БУ МАҚОЛАДА a
1. Нега Иброҳим ўғил кўришига умид қилишда давом этган?
ЯҲОВА дўсти Иброҳимга барча халқлар унинг зурриёти орқали барака топишини ваъда қилган. (Ибт. 15:5; 22:18) У Худога қаттиқ ишонгани боис, ваъдалари албатта амалга ошишига амин эди. Иброҳим 100, Сора 90 ёшда бўлганида ҳам бу садоқатли жуфтликнинг ўғли ҳали туғилмаганди. (Ибт. 21:1–7) Шундай бўлса-да, Муқаддас Китобда: «Иброҳим кўп халқларнинг отаси бўлиши учун умидини узмай, ишониб юрган»,— деб ёзилган. (Рим. 4:18) Биламизки, Иброҳимнинг умиди рўёбга чиққан. Интиқиб кутган ўғли Исҳоқ дунёга келган. Қизиқ, унинг кучли ишончи нимага асосланганди?
2. Нима учун Иброҳим Яҳованинг ваъдаси рўёбга чиқишига амин эди?
2 Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлгани учун Иброҳим Унинг ваъдаси бажо бўлишига «қатъий ишонар эди». (Рим. 4:21) Худо Иброҳимнинг имони туфайли ундан мамнун бўлиб, одил инсон деб тан олган. (Ёқб. 2:23) Римликларга 4:18 га биноан, унинг имони ва умиди ўзаро боғлиқ бўлган. Энди, келинг, ҳаворий Павлус Римликларга 5-бобда умид ҳақида нималар ёзганини кўриб чиқайлик.
3. Павлус умид борасида нима деган?
3 Павлус нега «умид... кўнгил қолишига олиб» келмаслигига ишонишимиз мумкинлигини тушунтиряпти. (Рим. 5:5) Шунингдек, у келажакка бўлган умидимизни қандай мустаҳкамлашимиз мумкинлигини тушунишимизга кўмаклашяпти. Римликларга 5:1–5 даги сўзларни диққат ила кўриб чиқайлик. Шу йўсин, келажакка бўлган умидимиз вақт ўтгани сайин қандай қилиб янада мустаҳкамланиши мумкинлиги ҳақида фикр юритамиз. Қолаверса, муҳокама пайтида бу умидимиз ҳозиргига қараганда кўпроқ мустаҳкам бўлиши учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Келинг, аввал, кўнгил қолишига олиб келмайдиган улуғвор умид ҳақида сўз юритайлик.
УЛУҒВОР УМИДИМИЗ
4. Римликларга 5:1, 2 да нима тўғрисида ёзилган?
4 Римликларга 5:1, 2 ни ўқинг. Павлус ушбу сўзларни Римдаги жамоатга ёзган. У ердаги биродару опа-сингиллар Яҳова ва Исо ҳақида билим олиб, имонини намоён этишган ва масиҳий бўлишган. Шу йўсин, Худо уларни «имони туфайли одил деб» эълон қилиб, муқаддас руҳи ила мойлаган. Ҳа, улар ажойиб умидни қўлга киритишган.
5. Мойланганларнинг умиди нимадан иборат?
5 Кейинчалик, Павлус Эфесдаги мойланган масиҳийларга Худо уларга берган умид ҳақида ёзган. Бу умид «муқаддас кишиларга мерос сифатида» берилади. (Эфес. 1:18) Бундан ташқари, Павлус колосаликларга умиди қаерда амалга ошишини ҳам айтган, яъни «осмонда сизлар учун тайёрлаб қўйилган умидингиз» деган. (Колос. 1:4, 5) Демак, мойланган масиҳийларнинг умиди улар осмонда тоабад яшаш учун тирилиб, Масиҳ билан бирга шоҳлик қилишдан иборат. (1 Салон. 4:13–17; Ваҳ. 20:6)
6. Мойланган биродар умиди ҳақида нима деган?
6 Мойланган масиҳийлар бу умидни қадрлашади. Улардан бири биродар Фредерик Френц сидқидилдан шундай деган: «Умидимиз беҳуда эмас, 144 000 аъзодан иборат бўлган кичик подадагиларнинг ҳар бири эга бўлган умиди албатта амалга ошишига амин ва бу биз ҳатто хаёлимизга келтирганимиздан ҳам ажойиброқ бўлади». Худога ўнлаб йиллар садоқат ила хизмат қилгандан кейин у 1991 йили қуйидагича фикр билдирган: «Биз ҳали ҳам умидимизни қадрлаймиз. Унинг рўёбга чиқишини қанча кўп кутсак, унга бўлган миннатдорчилигимиз ҳам шунча кўп ошади. [...] Ҳатто миллионлаб йиллар кутиш талаб этилса-да, бундай қилиш арзийди. Ҳозир умидимизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қадрлайман».
7, 8. Яҳованинг аксарият хизматчилари нимага умид боғлаяпти? (Римликларга 8:20, 21)
7 Бугунги кунда Яҳовага хизмат қилаётган аксарият кишиларнинг умиди юқорида айтилган умиддан фарқ қилади. У Иброҳимникидай бўлиб, Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида ер юзида абадий яшашдан иборат. (Иброн. 11:8–10, 13) Ҳаворий Павлус ушбу умидга эга бўлганларни ажойиб келажак кутаётгани ҳақида ёзган. (Римликларга 8:20, 21 ни ўқинг.) Илк бор Муқаддас Китобдан келажак борасидаги ваъдаларни билиб олганингизда, сизга айниқса қайси бири ёққан? Бу гуноҳ қилиш мойиллигидан қутулиб, мукаммалликка эришиш борасидаги ҳақиқатми? Ёки ўлган яқинларингиз тирилиши ва ер юзидаги жаннатда яшаши борасидаги ҳақиқатми? Умидимиз асосида бу ваъдаларни интиқиб кутяпмиз!
8 Ер юзида абадий яшаш умидига эгамизми ёки осмондами, эга бўлган умидимиз туфайли қувона оламиз. Бу қувонч бахш этадиган умидимизни янада мустаҳкамлай оламиз. Павлус мактубининг давомида буни қандай қилиш мумкинлигини тушунтирган. Келинг, умидимиз борасида у нима деб ёзганига диққат қаратайлик. Бундай қилиш орқали умидимизни янада мустаҳкамлаб, таслим бўлмаймиз!
УМИД ҚАЙ ЙЎСИН МУСТАҲКАМЛАНАДИ?
9, 10. Павлуснинг мисолига биноан, масиҳийлар нимани билишади? (Римликларга 5:3) (Расмларга ҳам қаранг.)
9 Римликларга 5:3 ни ўқинг. Эътибор берган бўлсангиз, қайғу-алам умидимизни мустаҳкамлашда ҳисса қўшади. Бундан ҳайрон қолгандирсиз. Аслини олганда, Масиҳнинг барча издошлари қийинчиликларга дуч келади. Павлуснинг мисолига диққат қаратайлик. У салоникаликларга шундай деб ёзган: «Ёнингизда бўлганимизда қайғуларга дучор бўлишимиз кераклигини сизларга айтган эдик... Худди шундай юз берди». (1 Салон. ) Коринфликларга эса у қуйидагича ёзган: «Биродарлар... бошимизга тушган қайғудан бехабар қолишингизни хоҳламаймиз... Ҳатто тирик қолишга умидимизни йўқотган эдик». ( 3:42 Кор. 1:8; 11:23–27)
10 Ҳозир ҳам масиҳийлар турли қайғу-аламларга дучор бўлиши мумкин. (2 Тим. 3:12) Сиз ҳақингизда нима деса бўлади? Исога ишониб, унга эргашаётганингиз учун қайғуларга дучор бўляпсизми? Ҳойнаҳой, дўстларингизу қариндошларингиз сизни масхара қилар. Улар ҳатто сизга қарши чиқаётгандир. Ҳамма нарсада ҳалол бўлиш қарорингиз қатъий бўлгани учун ишхонада муаммоларга дуч келяпсизми? (Иброн. 13:18) Умидингизни бошқалар билан бўлишаётганингиз учун ҳукумат томонидан таъқибларга дуч келяпсизми? Лекин қандай қайғуга дуч келишимиздан қатъи назар, Павлус шод бўлишимиз кераклигини айтган. Нима учун?
11. Нега ҳар қандай қайғу-аламга сабр-бардош қилиш қароримиз қатъий бўлиши лозим?
11 Қайғу-аламни бошдан кечираётиб шодлансак бўлади, чунки бу туфайли муҳим фазилатни ривожлантиришимиз мумкинлигини биламиз. Римликларга 5:3 га кўра, «қайғу-аламлар сабр-бардошни» ҳосил қилади. Барча масиҳийлар қайғу-аламга дуч келади. Шунинг учун уларга сабр-бардош фазилати керак. Қандай қийинчиликларга йўлиқмайлик, сабр-бардошли бўлиш қароримиз қатъий бўлиши лозим. Фақат ўшандагина умидимиз амалга ошганини кўра оламиз. Исо тошлоқ ерга тушган уруғлар ҳақида масал келтирган. У назарда тутган одамларга ўхшашни истамаймиз. Бошида улар хушхабарни қувонч ила қабул қилишган, аммо «қайғу ёки қувғунга дучор бўлган заҳотиёқ ишончини» йўқотишган. (Мат. 13:5, 6, 20, 21) Тўғри, қаршиликларга ё қийинчиликларга дуч келиш осонмас ёки ёқимли эмас, лекин бардош қилиш албатта фойда келтиради. Қизиқ, қай йўсин?
12. Қайғу-аламларда сабр-бардошли бўлсак қандай фойда оламиз?
12 Исонинг шогирди Ёқуб қийинчиликларда сабр-бардош қилишнинг фойдасини таъкидлаб ўтган. У: «Ҳар томонлама етук, бекаму кўст ва бенуқсон бўлишингиз учун сабр-бардош тўла самарасини кўрсатсин»,— деб ёзган. (Ёқб. 1:2–4) Ёқубнинг айтишича, сабр-бардошнинг муайян мақсади бор, у самара келтиради. Хўш, бу қандай самара экан? Унинг ёрдамида сабр-тоқат каби фазилатни ривожлантириш, имонни кучайтириш ва Худога кўпроқ таянишимиз мумкин. Бундан ташқари, сабр-бардош қилишнинг яна бир фойдасини кўрсак бўлади.
13, 14. Сабр-бардош туфайли нима ҳосил бўлади ва бу умид билан қандай боғлиқ? (Римликларга 5:4)
13 Римликларга 5:4 ни ўқинг. Павлус айтганидек, сабр-бардошнинг натижаси, Аллоҳнинг розилигидир. Бироқ бу сиз қийинчиликлар ёки муаммоларга дуч келганингиздан Яҳова мамнун эканини англатмайди. Аслини олганда, У сиздан рози! Сизнинг сабр-бардошингиз Яҳованинг розилигини ҳосил қилади. Бу катта барака! (Заб. 5:12)
14 Эсингизда бўлса, Иброҳим синовларни енгган ва Худо ундан рози бўлганидан қувонган. Яҳова уни дўсти деб билган ва одил инсон сифатида тан олган. (Ибт. 15:6; Рим. 4:13, 22) Биз билан ҳам худди шундай бўлиши мумкин. Бу хизматда қанча кўп ишлар қилаётганимиз ёки шарафли вазифалар бажараётганимиз билан боғлиқ эмас. Худо садоқат ила сабр-бардош қилаётганимиз учун биздан рози бўлади. Бундан ташқари, бу ёшимиз, шароитимиз ёки қобилиятларимиз билан боғлиқ эмас. Хўш, ҳозир бирор қийинчилик туфайли садоқат ила сабр-бардош қилишингизга тўғри келяптими? Ундай бўлса, Худонинг розилигига эга бўлишингиз мумкинлигини билиш тасалли бераётгандир. Унинг розилигига эга бўлишни тушуниш бизга қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Бу умидимизни мустаҳкамлай олади.
ЯНАДА МУСТАҲКАМ УМИД
15. Павлус Римликларга 5:4, 5 да нима деган ва қандай савол туғилиши мумкин?
15 Павлус тушунтирганидай, синовларда муваффақият ила сабр-бардошли бўлиш орқали Аллоҳнинг розилигига эга бўламиз. У давом этиб айтган сўзларига эътибор қаратайлик: «Унинг розилиги умидворликни ҳосил қилишини биламиз. Умид бўлса кўнгил қолишига олиб келмайди». (Рим. 5:4, 5) Бу айримларни ҳайрон қолдириши мумкин. Нега? Чунки, олдинроқ Римликларга 5:2 да Павлус Римдаги ўша масиҳийлар аллақачон умидга эга бўлгани ҳақида айтган. Бу умид «Худонинг улуғворлигига эришиш»дан иборат бўлган. Натижада, кимдир шундай савол берар: «Агар ўша масиҳийлар аллақачон умидга эга бўлган бўлишса, унда нега Павлус яна ушбу умид ҳақида айтган?»
16. Қандай қилиб умидимиз мустаҳкамланиши мумкин? (Расмларга ҳам қаранг.)
16 Павлус умид мустаҳкамланиб бориши мумкинлигини айтганида, нимани назарда тутганини тушунсак бўлади. Бир мисолга эътибор қаратайлик. Муқаддас Китобда ёзилган ажойиб ваъда ҳақида илк бор эшитганингиз эсингиздами? Эҳтимол, ер юзидаги жаннатда абадий яшаш ҳақидаги ваъдани эшитиш сиз учун ажойиб бўлган. Лекин бу юз беришига шубҳалангандирсиз, аммо Яҳова ҳамда Каломидаги ваъдалар тўғрисида билиб олганингиз сайин бу умид рўёбга чиқишига бўлган ишончингиз янада ошган.
17. Ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўмганингиздан кейин умидингиз қай йўсин мустаҳкамланишда давом этади?
17 Ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўмганингиздан кейин ҳам кўпроқ билим олиб, маънан ўсганингиз сайин умидингиз мустаҳкамланиб боряпти. (Иброн. 5:13–6:1) Ҳойнаҳой, Римликларга 5:2–4 даги сўзларни ўзингизда ҳис қилгандирсиз. Сиз турли қайғу-аламга дуч келдингиз. Бироқ уларни сабр-бардош ила енгиб, Худонинг розилигига эга бўлдингиз. Яҳова сиздан мамнун эканига амин бўлганингиз туфайли ваъдалари амалга ошишини кутиш учун янада муҳимроқ сабабингиз бор. Энди, умидингиз аввалгига қараганда анча мустаҳкам ва сиз учун янада қадрли бўлди ҳамда ҳаётингизнинг ҳар бир соҳасига таъсир қиляпти. Қолаверса, оила аъзоларингизга қандай муносабат кўрсатаётганингиз, қандай қарорлар чиқараётганингиз ва ҳатто вақтингиздан қай йўсин фойдаланаётганингизга бўлган муносабатингизни ўзгартиряпти.
18. Яҳова қандай кафолат беряпти?
18 Ҳаворий Павлус Аллоҳнинг розилигига эга бўлгач, оладиган умид борасида жуда муҳим фикрни айтган. У умидингиз амалга ошишига ишонтиряпти. Нега бунга ишонишингиз мумкин? Павлус илоҳий илҳом таъсири остида масиҳийларга қуйидагича кафолат берган: «Умид бўлса кўнгил қолишига олиб келмайди, чунки бизга ато этилган муқаддас руҳ орқали Худонинг севгиси қалбимизни тўлдирди». (Рим. 5:5) Ҳа, умидингиз амалга ошишига ишониш учун барча сабабларингиз бор.
19. Умидингиз борасида нимага аминсиз?
19 Яҳованинг Иброҳимга берган ваъдаси устида мулоҳаза юритинг. Иброҳим Унинг розилигини қай йўсин олгани ва дўстига айлангани борасида фикр юритинг. Унинг умиди пучга чиқмаган. Муқаддас Китобда: «Иброҳим пайғамбар сабр-тоқат кўрсатиб, ушбу ваъдага эришди»,— деб айтилган. (Иброн. 6:15; 11:9, 18; Рим. 4:20–22) Ҳа, унинг умиди рўёбга чиққан. Сиз ҳам садоқатли бўлиб қолсангиз, умидингиз албатта амалга ошади. Мукофот сифатида умид қилаётган нарсаларингизга эришасиз. Қувонишингиз учун кўпгина сабаблар бор, чунки умидингиз амалга ошишини биласиз, ҳафсалангиз ҳеч қачон пир бўлмайди. (Рим. 12:12) Ҳаворий Павлус қуйидагича ёзган: «Муқаддас руҳнинг кучи билан умидга бой бўлишингиз учун, умид манбаи бўлмиш Тангри Унга ишонганингиз туфайли сизларга қувонч ва тинчликни мўл-кўл ато этсин». (Рим. 15:13)
139-ҚЎШИҚ Янги дунёга сайр этайлик
a Ушбу мақолада келажак борасидаги умид ҳақида сўз юритамиз ва нега у амалга ошишига ишонишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Римликларга 5-боб ҳақиқатни илк бор эшитганда умид борасида пайдо бўлган туйғулар ҳозирги туйғулардан қандай фарқ қилишини тушунишга ёрдам беради.