Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Алиса

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар — Туркияда

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар — Туркияда

БИРИНЧИ АСРДАГИ масиҳийлар «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар»ни иложи борича кўпроқ инсонларга етказиш учун зўр бериб ҳаракат қилишган. (Мат. 24:14) Айримлари ҳатто ўзга юртларга сафарга чиқишган. Масалан, ҳаворий Павлус ваъзгўйлик сафарларида замонавий Туркия жойлашган ҳудудда кенг шоҳидлик берган. * Қарийб 2000 йил ўтгач, 2014 йили, Туркияда яна бир махсус ваъзгўйлик кампанияси бўлиб ўтди. Қизиқ, мазкур кампания қай мақсадда ташкиллаштирилди? Унда кимлар иштирок этди?

«НИМАЛАР БЎЛЯПТИ?»

Туркияда 2 800 дан зиёд ваъзгўй бор, аммо мамлакат аҳолиси 80 миллионга яқин кишини ташкил этади. Бу дегани, Туркияда 1 та ваъзгўйга тахминан 28 000 киши тўғри келади. Кўриб турганингиздек, ваъзгўйлар бу ердаги аҳолининг оз қисмигагина ваъз қила олишган. Кампаниянинг мақсади эса, қисқа вақт ичида иложи борича кўпроқ одамларга хушхабарни айтиш эди. Шу боис, бошқа мамлакатлардан бўлган ва турк тилида гапирадиган 550 га яқин биродару опа-сингилларимиз Туркияга келиб, кампания мобайнида маҳаллий ваъзгўйлар билан биргаликда шоҳидлик беришди. Хўш, натижа қандай бўлди?

Кенг шоҳидлик берилди. Истанбул шаҳридаги бир жамоат қуйидагича ёзди: «Одамлар бизни кўришганида, шундай деб сўрашарди: “Бу ерда қандайдир махсус анжуман бўляптими? Яҳованинг Шоҳидларини ҳамма жойда кўряпмиз!”» Измирдаги жамоат эса шундай ёзди: «Таксилар тўхтайдиган жойда ишловчи бир киши маҳаллий оқсоқолга мурожаат қилиб: “Нималар бўляпти? Фаолиятингизни кенгайтирдингларми?”— деб сўради». Ҳа, кампания беэътибор қолмади.

Стеффан

Хорижий иштирокчилар шоҳидлик беришдан роса завқ олишди. Даниялик Стеффан исмли биродар қуйидагича айтди: «Мен Яҳова ҳақида умуман эшитмаган одамларга ҳар куни ваъз қилардим. Ўшанда ростдан ҳам Яҳованинг исмини танитаётганимни ҳис этардим». Франциялик имондошимиз Жан-Дэвид шундай ёзди: «Биз бир кўчанинг ўзида соатлаб хизмат қилардик. Бу ажойиб эди! Кўпчилик Яҳованинг Шоҳидларини билмасди. Деярли ҳар бир уй эгаси билан суҳбат бошлашга, видеоларимиздан бирини кўрсатишга ва адабиётларимизни қолдиришга муваффақ бўлардик».

Жан-Дэвид (ўртада)

Икки ҳафтанинг ўзида 550 та иштирокчи қарийб 60 000 та адабиёт тарқатди! Дарҳақиқат, кампания туфайли кенг шоҳидлик берилди!

Хизматга бўлган ғайрат ошди. Ушбу махсус фаолият маҳаллий биродарларга туртки бўлди: кўплар тўла вақтли хизмат ҳақида ўйлай бошлашди. Кампаниядан сўнг кейинги 12 ой давомида Туркияда доимий кашшофлар сони 24 фоизга кўтарилди.

Шэрин

Хориждан келган иштирокчилар, ҳатто ўз юртларига қайтишганида ҳам, мазкур кампания уларнинг хизматига қандай таъсир қилгани ҳақида бўлишишди. Германиялик Шэрин қуйидагича ёзди: «Туркиядаги имондошлар бемалол норасмий шоҳидлик беришар экан. Мен эса норасмий шоҳидлик беришга уяламан. Лекин махсус кампания, маҳаллий биродарларнинг ўрнаги ва кўпгина ибодатлар туфайли мен олдин қила олмаган ишни бажара олдим. Ўшанда ҳатто метрода ваъз қилардим ва букламалар тарқатардим! Энди олдингидек уятчан эмасман».

Йоханнес

«Мен ўз хизматим учун кўп сабоқлар олдим,— деб бўлишди германиялик Йоханнес.— Туркиядаги имондошлар имкон борича кўпроқ инсонларга ҳақиқатни айтишни роса исташади. Улар шоҳидлик бериш учун ҳар бир қулай фурсатдан фойдаланишади. Мен ҳам Германияга қайтганимда шундай йўл тутишга қарор қилдим. Энди олдингига қараганда кўпроқ одамларга ваъз қиляпман».

Зейнэп

Франциялик Зейнэп шундай деб бўлишди: «Бу кампания хизматимга катта таъсир қилди. У менга янада жасоратли бўлишга ҳамда Яҳовага кўпроқ таянишга ёрдам берди».

Ваъзгўйлар бир-бирига янада яқинлашишди. Турли мамлакатлардан бўлган имондошларнинг севгиси ва якдиллиги ўчмас таассурот қолдирди. Мисол учун, юқорида тилга олинган Жан-Дэвид шундай деди: «Биз биродарларимизнинг меҳмондўстлигини ҳис этдик. Улар бизни ўз дўстлари ва оила аъзосидек қабул қилиб, уйларига таклиф этишди. Биродарлигимиз умумжаҳон эканини билардим ва бу ҳақда адабиётларимизда кўп ўқигандим, аммо энди буни шахсан ҳис қилдим. Ўшанда Яҳованинг Шоҳиди эканимдан янада фахрланиб кетдим. Бундай шараф учун Яҳовадан миннатдорман».

Клара (ўртада)

Франциялик Клара шуларни айтди: «Даниядан, Франциядан, Германиядан ёки Туркиядан бўламизми — барчамиз бир оиламиз. Яҳова гўё катта ўчиргич билан миллий чегараларни ўчириб ташлагандай бўлди».

Стефани (ўртада)

«Махсус кампаниядан шуни билдимки, бизни бирлаштирадиган нарса — маданият ё тил эмас, балки Яҳовага бўлган севгимиздир»,— деб қўшиб қўйди франциялик Стефани.

УЗОҚ ВАҚТ ФОЙДА КЕЛТИРГАН ИШ

Кўпгина хорижий иштирокчилар Туркияда амалга оширилиши керак бўлган улкан ишда ёрдам бериш учун у ерга кўчиб ўтиш ҳақида ўйлай бошлашди. Уларнинг анчагинаси аллақачон кўчиб ўтди. Эҳтиёж катта бўлган ерларда хизмат қилувчи ушбу ваъзгўйларни жуда қадрлашади.

Мисол учун, олис ҳудуддаги 25 та ваъзгўйдан иборат бир гуруҳни олайлик. Кўп йиллар давомида бу ерда фақатгина битта оқсоқол бор эди. Лекин 2015 йили Германия ва Нидерландиядан 6 та имондошимиз уларни қўллаб-қувватлаш учун кўчиб келганида, ваъзгўйлар қанчалик қувонганини бир тасаввур қилинг!

ЭҲТИЁЖ КАТТА БЎЛГАН ЖОЙДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ

Эҳтиёж катта бўлган жойлардан бирида, Туркияда, маълум муддат яшаган ваъзгўйлар у ердаги ҳаётлари ҳақида нималар дейишди? Тўғри, баъзида бундай жойда хизмат қилиш осон эмас, бироқ бу албатта мукофотланади. Масалан, айримлар билдирган фикрларга эътибор беринг.

Федерико

Оила қурган ва ёши 40 дан ошган испаниялик биродаримиз Федерико шундай деб бўлишди: «Боғланиб қолишим мумкин бўлган кўпгина моддий нарсалардан холи бўлиш, менга ўзимни эркин ҳис этишга ва диққатимни энг муҳим бўлган нарсаларга жамлашга кўмаклашади». Хўш, у мазкур хизмат турини бошқаларга ҳам тавсия этадими? «Бўлмасам-чи! — деб айтди Федерико.— Бошқаларга Яҳова ҳақида билиб олишга ёрдам бериш учун ўзга юртга кўчиб ўтганингизда, ҳақиқатдан ҳам ўзингизни Яҳованинг қўлига топширган бўласиз. Ўшанда Яҳованинг ғамхўрлигини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳис қиласиз».

Руди

Ёши 60 ларда бўлган нидерландиялик оила қурган биродаримиз Руди шундай айтиб берди: «Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш ва ҳали ҳақиқатни эшитмаган кўп одамларга хушхабарни етказиш кишига улкан мамнуният бахш этади. Инсонлар ҳақиқатни қабул қилишганда бахтли бўлишганини кўриш катта қувонч манбаидир».

Саша

Германиядан кўчиб ўтган ва ёши 40 дан ошган оилали биродар Саша қуйидагича деди: «Ҳар гал хизматда ҳақиқатни илк бор эшитаётган одамларни учратаман. Бундай инсонларга Яҳова ҳақида билишга имкон беришдан чуқур мамнуният ҳис қиламан».

Ацуко

Ёши 35 ларда бўлган ва турмуш қурган япониялик имондошимиз Ацуко шундай деб таъкидлади: «Олдинлари мен доим Армагеддон тезроқ келишини хоҳлардим. Аммо Туркияга кўчиб ўтиб, Яҳова ҳалигача сабр-тоқатни намоён этаётгани учун Ундан миннатдор бўлдим. Қолаверса, Яҳова умумжаҳон ваъзгўйлик ишини қандай йўналтираётганини кўрганим сайин, Унга янада яқинлашишни хоҳлайман».

Ёши 30 дан ошган россиялик Алиса қуйидагича деди: «Хизматнинг ушбу турида қатнашиш менга Яҳованинг барча яхшиликларини татиб кўришга ёрдам берди». (Заб. 33:9) Қолаверса, у шундай деб давом этди: «Яҳова нафақат Отам, балки ҳар хил вазиятларда яхшироқ билиб олишим мумкин бўлган яқин Дўстим ҳамдир. Ҳаётим қувончли дамларга, қизиқарли воқеаларга ва улкан баракаларга тўладир».

«ЭКИНЗОРЛАРГА... ҚАРАНГЛАР»

Туркияда ташкиллаштирилган махсус ваъзгўйлик кампанияси туфайли янада кўпроқ инсонлар хушхабарни эшитди. Аммо бу ерда ҳали хушхабар етиб бормаган ҳудудлар талайгина. Эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш учун Туркияга кўчиб ўтганлар Яҳова тўғрисида умуман эшитмаган одамларни ҳар куни учратишади. Сиз ҳам шу каби ҳудудда хизмат қилишни истайсизми? Агар шундай бўлса, биз сизни: «Кўзларингизни экинзорларга тикиб қаранглар, ҳосил етилган»,— деб ундаймиз. (Юҳан. 4:35) Дунёнинг «ҳосил етилган» жойларида ёрдам бера оласизми? Ундай бўлса, бу мақсадингизга эришиш учун амалий қадамлар қўйишга ҳозирдан киришинг. Шунга амин бўлишингиз мумкинки, хушхабарни «ернинг четларига қадар» етказишда қатнашиш сизга мўл-кўл мислсиз баракалар олиб келади! (Ҳавор. 1:8)

^ 2- х.б. «Яхши юртга нигоҳ ташланг» номли рисоланинг (рус) 32–33- саҳифаларига қаранг.