Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Зиммамдаги ишни қилдим, холос

Зиммамдаги ишни қилдим, холос

ДОНАЛЬД РИДЛИ 30 йилдан ошиқ вақт мобайнида суд ишларида Яҳованинг Шоҳидларини ҳимоя қилган юрист бўлган. У қон қуйишдан бош тортган беморларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллаган. Унинг ёрдамида ташкилотимиз Қўшма Штатларнинг Олий судларида кўп ишни ютиб чиққан. Дўстлари орасида Дон деб танилган бу биродаримиз тиришқоқ, камтар ва фидойи бўлган.

2019 йили Донга камдан-кам учрайдиган ва бедаво неврологик касаллик ташхиси қўйилди. Бу касаллик шиддат билан ривожланди ва у 2019 йил 16 августда ҳаётдан кўз юмди. Қуйида унинг ҳикояси келтирилган.

Мен 1954 йили Сент-Полда (Миннесота штати, АҚШ) ўрта синфга мансуб рим-католик оиласида дунёга келганман. Бешта фарзанднинг иккинчисиман. Католик бошланғич мактабида ўқиганман ва черков маросимларида руҳонийга ёрдам берардим. Шунга қарамай, Муқаддас Китоб борасида кўп нарсани билмасдим. Барча нарсани Худо яратганига ишонардим, лекин черковда ўргатилган нарсаларга бўлган ишончимни бутунлайин йўқотгандим.

ҲАҚИҚАТНИ ЎРГАНИШ

Вильям Митчел номидаги юридик коллежда биринчи босқич талабаси эдим. Ўшанда уйимга Яҳованинг Шоҳидлари келди. Кирларимни ювиш билан банд бўлганим учун ташриф буюрган жуфтлик кейинги сафар келишга бажонидил рози бўлди. Келишганида уларга иккита савол бердим: «Нима учун ёмон одамларнинг ҳаёти яхши одамларникига қараганда муваффақиятлироқ? Чинакам бахтга эришиш учун нима қилиш керак?» Улардан «Абадий ҳаётга етаклайдиган ҳақиқат» китобини ва яшил муқоваси билан эътиборни тортадиган «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»ни олдим. Қолаверса, тадқиққа рози бўлдим. Кўзим очилгандай бўлди. Ер юзида одамларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун Худонинг Шоҳлигига қанчалар муҳтож эканимиз тўғрисидаги фикр менга таъсир қилди. Одамларнинг бошқаруви бутунлайин муваффақиятсизликка учраганини ва дунё оғриқ, азоб-уқубат, адолатсизлик ва мусибатга тўла эканини кўрардим.

1982 йилнинг бошида ҳаётимни Яҳовага бағишладим ва ўша йили сал кейинроқ Сент-Полнинг маъмурий марказида бўлиб ўтган «Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқат» номли анжуманда сувга чўмдим. Адвокатлик лицензиясини олиш учун кейинги ҳафта ўша маъмурий марзказда имтиҳон топширдим. Октябрнинг бошида имтиҳондан ўтганимни билдим ва энди юрист сифатида ишлай олардим.

«Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқат» номли анжуманда Бруклиндаги Байтилда хизмат қилган Майк Ричардсон билан танишдим. У менга бош идорада юридик бўлим очилганини айтди. Шунда Ҳаворийлар 8:36 да тилга олинган сарой амалдорининг сўзларини эсладим ва ўзимдан: «Юридик бўлимда хизмат қилишимга нима тўсқинлик қиляпти?» — деб сўрадим. Хуллас, Байтилда хизмат қилишга ариза тўлдирдим.

Яҳованинг Шоҳиди бўлганим ота-онамга ёқмади. Отам Байтилда хизмат қилиш юристлик касбимга қандай наф келтиришини сўради. Мен у ерда ихтиёрий равишда хизмат қилишимни ва ҳар ой 75 доллар (байтилчиларга берилган ҳар ойлик ёрдам пули) берилишини тушунтирдим.

Ишдаги мажбуриятларимни адо этиб бўлгач, 1984 йили Бруклинда (Нью-Йорк) Байтил хизматини бошладим. Юридик бўлимга тайинландим. Судда орттирган тажрибам мени олдинда кутаётган ишларга тайёрлади.

СТЭНЛИ ТЕАТРИДАГИ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ

Стэнли театрини илк бор харид қилганимизда, мана шундай кўринишда эди

1983 йили ноябрда Жерси-Ситидаги (Нью-Жерси) Стэнли театри сотиб олинди. Биродарлар у ернинг электр ва сув қувурлари тармоқларини таъмирлаш учун шаҳар маъмуриятидан рухсат сўрашди. Улар маҳаллий маъмуриятдагилар билан учрашишганда, Стэнли театридан Яҳова Шоҳидларининг Анжуман зали сифатида фойдаланмоқчи эканликларини тушунтиришди. Бу муаммо туғдирди. Жерси-Ситининг бинолардан фойдаланиш борасидаги қонунлари бўйича топиниш учун фақатгина аҳоли яшайдиган ҳудуддаги бинолардан фойдаланиш мумкин эди. Стэнли театри эса тижорий ҳудудда жойлашгани туфайли шаҳар маъмурияти рухсат бермади. Биродарлар қарорни қайта кўриб чиқишга топширишди, бироқ бу рад этилди.

Байтил хизматини бошлаганимнинг илк ҳафтасида ташкилотимиз рухсат беришдан бош тортишгани ҳақидаги муаммо билан туман федерал судига даъво қилди. Сент-Пол (Миннесота) туман федерал судида икки йил ишлаганим туфайли бу каби вазиятлар билан яхшигина таниш эдим. Адвокатларимиздан бири Стэнли театри фильмлар кўрсатишдан тортиб рок концертларини қўйиш каби турли оммавий тадбирлар учун фойдаланилганини даъво қилди. Унда нима учун диний тадбир ўтказиш ноқонуний бўларкан? Федерал туман суди масалани кўриб чиққач, Жерси-Сити диний эркинлик борасидаги ҳуқуқларимизни бузди, деб ҳукм чиқарди. Суд шаҳар маъмуриятига керакли рухсатларни беришни буюрди. Шунда ташкилот Яҳованинг ишини олға суриш учун юридик ҳуқуқлардан фойдаланганда, У қай йўсин барака ёғдирганини кўрдим. Бу ишда қатнашганимдан роса бахтиёр эдим.

Биродарлар улкан таъмирлаш ишларини бошлаб юборишди. Сал кам бир йил ўтгач, яъни 1985 йили 8 сентябрда Жерси-Ситидаги Анжуман залида Гилад мактабининг 79- синфига аталган битирув маросими бўлди. Юридик жамоанинг бир аъзоси сифатида Шоҳлик манфаатларини олға суришда ҳисса қўша олганимни шараф, деб билардим ва буни Яҳова учун қилиш менга улкан қувонч келтирар эди. Байтилга келишдан олдин юрист бўлиб ишлаганимда, бунчалар мамнуният ҳиссини туймаганман. Яҳова мен учун бу каби шарафли вазифаларни тайёрлаб қўйганини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

ҚОНСИЗ ДАВОЛАНИШ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

1980 йилларда шифокорлар ва касалхоналар вояга етган Яҳова Шоҳидларининг қонсиз даволаниш қарорини ҳурмат қилишмасди. Ҳомиладор аёллар улкан тўсиқларга дуч келарди. Чунки кўпинча судьялар қон қуйишдан бош тортишга бўлажак оналарнинг ҳаққи йўқ, деб ҳисобларди. Судьялар қон қуйилмаса, аёл ўлиши ва бола онасиз улғайиши мумкинлигини таъкидларди.

1988 йили 29 декабрь куни Дениc Никело исмли имондошимиз ўғлини дунёга келтиргач, кўп қон кетишидан азоб чекди. Унинг гемоглобини 50 дан ҳам пасайиб кетди ва шифокори ундан қон қуйишга рози бўлишини сўради. У эса рад этди. Эртаси куни касалхона судга мурожаат қилиб, Никелога қон қуйишга рухсат беришини сўради. Ишни кўриб чиқмай ва ҳатто Никелони ёки унинг эрини огоҳлантирмай туриб, суд касалхонага қон қуйишга рухсат берди.

Турмуш ўртоғининг ва бошқа оила аъзоларининг қаршиликларига қарамай, 30 декабрь жума куни касалхона ходимлари опамиз Никелога қон қуйди. Унинг тўшаги атрофида жонли девор бўлиб қон қуйишга қаршилик кўрсатишгани учун опамизнинг бир нечта оила аъзоси ва бир-иккита оқсоқол ҳибсга олинди. Эртаси куни Нью-Йорк шаҳри ва унинг атрофидаги газета, телевидение ва радиостанцияларда бу ҳақида хабар берилди.

Филип Брамли билан ёшроқ бўлганимизда

Душанба куни эрталаб Олий суд судьяси Милтон Моллен билан гаплашдим. Масалага оид далилларни тушунтириб, судья ишни кўриб чиқмай туриб, қон қуйиш ҳақидаги қарорга қўл қўйганини алоҳида таъкидладим. Судья Моллен далиллар ҳамда масалага оид қонунларни муҳокама қилиш учун тушликдан сўнг унинг офисига келишни айтди. Ўша оқшом нозирим Филип Брамли билан бирга судья Молленнинг офисига бордик. Судья бу учрашувга касалхона адвокатини ҳам таклиф қилди. Муҳокама таранг руҳда ўтди. Бир пайт биродар Брамли ён дафтарчасига «Тинчлан» деб ёзиб, менга кўрсатди. Бу ўринли маслаҳат эди. Чунки касалхона адвокати ноҳақ эканини тушунтиришга ҳаддан ортиқ киришиб кетгандим.

Адвокатларимиз чапдан ўнгга: Ричард Моак, Грегори Олдс, Пол Полидоро, Филип Брамли, мен ва Марио Морено — Қўриқчи Минораси Жамияти Страттон қишлоғига қарши қўзғаган иш Қўшма Штатларнинг Олий судида кўриб чиқилаётган куни («Уйғонинг!» журналининг 2003 йил 8 январь (рус) сонига қаранг.)

Тахминан бир соат ўтгач, судья Моллен бу иш эртага биринчи навбатда кўриб чиқилишини айтди. Офисдан чиқиб кетаётганимизда судья Моллен эртанги кун касалхона адвокати учун жуда оғир бўлишини айтди. Бу опамиз Никелони қон қуйишга мажбурлашга касалхонанинг ҳаққи бўлганини исботлаб бериш ўша адвокат учун осон бўлмаслигини англатарди. Яҳова бу ишда ғалаба қозониш имкони борлигига мени ишонтирмоқчидай эди. У иродасини амалга ошириш учун биздан фойдаланаётганини кўриш ажойиб эди.

Эртаси куни нималар демоқчи эканимизни ярим кечагача тайёрладик. Суд биноси Бруклиндаги Байтилга жуда яқин бўлгани учун у ерга кичик юридик бўлимимиздан анча одам пиёда борди. Тўрт кишидан иборат суд ҳайъати далилларимизни кўриб чиққач, қон қуйиш ҳақидаги қарор чиқарилмаслиги керак эди, деган хулосага келди. Олий суд ишни опамиз Никелонинг фойдасига ҳал қилди ва аввалига беморнинг нуқтаи назарини тингламай туриб буйруққа қўл қўйиш инсоннинг асосий ҳуқуқларига қарши, деб қарор чиқарди.

Натижада Нью-Йоркнинг Олий суди опамиз Никело қонсиз даволанишга ҳақли эканини тасдиқлади. Бу мен иштирок этиш шарафига эга бўлган ва турли штатларнинг Олий судлари чиқарган қон билан боғлиқ тўртта қарорнинг биринчиси эди. (« Қўшма Штатларнинг Олий судларида эришилган ютуқлар» номли рамкага қаранг.) Қолаверса, болани васийликка олиш, ажрашиш, ер ва бинолардан фойдаланишга тегишли қонунлар масаласида Байтилнинг бошқа адвокатлари билан ҳамкорлик қилганман.

НИКОҲ ВА ОИЛАВИЙ ҲАЁТ

Турмуш ўртоғим Денис билан

Турмуш ўртоғим Денисни илк бор учратганимда, у ажрашган бўлиб, учта фарзандини ёлғиз тарбияларди. У ҳам ишларди, ҳам кашшофлик қиларди. У кўп қийинчиликларни бошдан кечираётганди ҳамда Яҳовага хизмат қилиш қарори қатъий бўлгани менга қаттиқ таъсир қилганди. 1992 йили Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган «Нур таратувчилар» номли вилоят анжуманига борганимизда, унга яқинроқ танишишни таклиф қилдим. Бир йил ўтгач, турмуш қурдик. Маънавий нуқтаи назарга эга ва ҳазилкаш турмуш ўртоққа эга бўлиш Яҳованинг ҳадяси бўлди. Бирга ўтказган умримиз давомида Денисдан фақат яхшилик кўрдим. (Ҳик. 31:12)

Оила қурганимизда болаларнинг ёши 11, 13 ва 16 да эди. Улар учун яхши ота бўлишни истардим ва шу боис адабиётларимиздаги ўгай ота-оналарга мўлжалланган маълумотни синчковлик ила ўқиб, барчасини амалда қўллардим. Йиллар давомида қийинчиликлар бўлди, лекин болалар мени ишонган дўсти ва севувчи отаси сифатида қабул қилганидан хурсандман. Болаларимизнинг дўстларини доим уйимизда қарши олардик ва уйимиз тиниб-тинчимас ўсмирларга тўлалигидан завқланардик.

Кексайиб қолган ота-оналаримизга ғамхўрлик қилиш учун 2013 йили Денис билан Висконсинга кўчиб ўтдик. Байтил хизматимни давом эттира олганим мен учун кутилмаган ҳадя бўлди. Мени вақтинчалик ихтиёрий хизматчи сифатида ташкилотимизга юридик ишларда ёрдамлашишни давом эттиришга таклиф қилишди.

КУТИЛМАГАН ЎЗГАРИШ

2018 йили сентябрда томоғим билан қандайдир муаммо борлигини сездим. Маҳаллий шифокорга кўриндим, аммо у муаммонинг сабабини аниқлай олмади. Кейинроқ бошқа шифокор неврологга кўринишни таклиф қилди. 2019 йили январда невролог тахминий ташхис қўйиб, камдан-кам учрайдиган касалликка — зўрайиб борувчи супрануклеар фалажликка йўлиққанимни айтди.

Уч кундан сўнг конькида учаётганимда, ўнг билагимни синдириб олдим. Бутун умр конькида учганман ва бу соҳада устаси фаранг эдим. Шунда ҳаракатларимни бошқариш қобилиятини йўқотаётганимни англадим. Неврологик касаллигим гапириш, ҳаракатланиш ва ютиниш қобилиятларимга қаттиқ таъсир қилиб, шиддат ила ривожланганидан эсанкираб қолдим.

Юристлик тажрибамдан фойдаланиб Шоҳлик манфаатларини олға суриш учун оз бўлса-да, ҳисса қўшиш шарафига эга бўлдим. Шифокор, юрист ва судьялар ўқийдиган журналлар учун кўпгина мақолалар ёза олганимдан хурсандман. Шунингдек, Яҳова Шоҳидларининг қонсиз жарроҳлик амалиётларини ва даволаниш усулларини танлаш ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, дунё бўйлаб маърузалар ўқиганман. Аммо Луқо 17:10 да ёзилганларни ўзимга қўлласам: «Мен ҳеч нарсага арзимас қулман. Зиммамдаги ишни қилдим, холос».