Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

30- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ҳақиқат йўлида юришда давом этинг

Ҳақиқат йўлида юришда давом этинг

Болаларимнинг ҳақиқат йўлида юраётганини эшитиш, мен учун катта бахт. 3 ЮҲАН. 4

54- ҚЎШИҚ «Мана йўл»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Юҳаннонинг учинчи мактуби 3- , 4- оятларга кўра, бизни нима бахтиёр қилади?

ҲАВОРИЙ ЮҲАННО бошқаларга ҳақиқатни билиб олишга кўмаклашган. Бу инсонлар Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этаётганини эшитганида у қанчалар хурсанд бўлганини бир тасаввур қилинг. Улар кўп муаммоларга дуч келишган. Юҳанно ушбу садоқатли масиҳийларни маънавий фарзандлари деб билган ва уларнинг имонини мустаҳкамлаш учун жон куйдирган. Шу сингари биз ҳам ўз болаларимиз ёки маънавий фарзандларимиз ҳаётини Яҳовага бағишлаб, Унга хизмат қилишда давом этишса, жуда бахтиёр бўламиз. (3 Юҳанно 3, 4 ни ўқинг.)

2. Юҳанно мактубларни ёзганда қандай мақсадни кўзлаган?

2 Мил. 98 йили Юҳанно, эҳтимол, Эфесда ёки унинг яқинида яшаган. Ҳойнаҳой, у Патмос оролидаги сургундан қайтгач, шу ерга кўчиб келган. Тахминан ўша пайтда Яҳованинг муқаддас руҳи уни учта мактубни ёзишга ундаган. Бу мактубларни ёзишдан мақсад садоқатли масиҳийларни Исога бўлган ишончини мустаҳкамлашга ва ҳақиқат йўлида юришда давом этишга ундаш бўлган.

3. Қайси саволларга жавоб топамиз?

3 Юҳанно тирик қолган охирги ҳаворий бўлган ва сохта таълимотлар жамоатларга ёмон таъсир қилаётганидан ташвишланган *. (1 Юҳан. 2:18, 19, 26) Ўшанда муртадлар Худони биламиз, деб даъво қилишган, бироқ Унинг амрларига бўйсунишмаган. Келинг, Юҳанно илоҳий илҳом остида берган маслаҳатларни кўриб чиқайлик. Уларни кўриб чиқаётиб қуйидаги учта саволга жавоб топамиз: ҳақиқат йўлида юриш нимани англатади? Қандай тўсиқларга дуч келамиз? Бир-биримизга ҳақиқат йўлида қолишга қандай ёрдам бера оламиз?

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДА ЮРИШ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

4. Юҳаннонинг биринчи мактуби 2:3–6 ва 2 Юҳанно 4, 6 га кўра, ҳақиқат йўлида юриш нимани ўз ичига олади?

4 Ҳақиқат йўлида юриш учун Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобда ёзилган ҳақиқатларни билишимиз керак. Бундан ташқари, Яҳованинг «амрларига» амал қилишимиз, яъни уларга итоат этишимиз лозим. (1 Юҳанно 2:3–6; 2 Юҳанно 4, 6 ни ўқинг.) Яҳовага итоат этишда Исо мукаммал ўрнак қолдирган. Шу боис, Яҳовага итоат этишнинг муҳим йўлларидан бири Исонинг изидан имкон қадар оғмай юриш. (Юҳан. 8:29; 1 Бутр. 2:21)

5. Нимага амин бўлишимиз лозим?

5 Ҳақиқат йўлида юришда давом этиш учун Яҳова ҳақ Худо эканига, Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали айтаётган барча нарса ҳақиқат эканига амин бўлишимиз даркор. Шунингдек, Исо ваъда қилинган Масиҳ эканига ишончимиз комил бўлиши лозим. Бугунги кунда кўпчилик Исо Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида мойланганига шубҳаланади. Юҳанно «кўп алдоқчилар» пайдо бўлгани ва улар Яҳова ҳамда Исо тўғрисидаги ҳақиқатни ҳимоя қилишга тайёр бўлмаганларни йўлдан оздириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. (2 Юҳан. 7–11) Юҳанно шундай деб ёзган: «Исонинг Масиҳ эканини рад этаётган киши ёлғончи бўлмаса, унда ким ёлғончи?» (1 Юҳан. 2:22) Алданиб қолмасликнинг ягона йўли — Худонинг Каломини тадқиқ қилиш. Шундай қилсаккина, Яҳовани ҳамда Исони таниб-била оламиз. (Юҳан. 17:3) Шу йўсин ҳақиқат йўлида эканимизга амин бўламиз.

ҚАНДАЙ ТЎСИҚЛАРГА ДУЧ КЕЛАМИЗ?

6. Ёш масиҳийлар дуч келадиган тўсиқлардан бири қандай?

6 Барча масиҳийлар инсоний фалсафага алданиб қолишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. (1 Юҳан. 2:26) Айниқса ёш масиҳийлар бу тузоққа тушиб қолмаслик учун огоҳ бўлишлари керак. Францияда яшовчи Алексиа * исмли 25 яшар имондошимиз шундай деб бўлишди: «Мактабда ўқиб юрган пайтларим эволюция назарияси ва бошқа инсоний ғоялар ҳақида билиб олганман ва улар туфайли менда ҳақиқат борасида шубҳалар пайдо бўла бошлаган. Ўшанда бу ғоялар менга ёққанди. Аммо Яҳованинг гапиришига имкон бермай туриб, мактабда ўргатилганларга ишониб кетишни адолатдан эмас, деб ўйлагандим». Алексиа «Ҳаёт қандай пайдо бўлган? Эволюция ёки яратилиш орқалими?» номли китобни тадқиқ қилган. Бир неча ҳафта ўтиб унинг шубҳаларидан асар ҳам қолмаган. Алексиа: «Муқаддас Китобда ҳақиқат ёзилганига шахсан ишонч ҳосил қилдим. Унда ёзилган меъёрларга мувофиқ яшаш менга қувонч ва тинчлик келтиришини англадим»,— деди.

7. Қандай босимга қарши туришимиз даркор ва нега?

7 Барча масиҳийлар — ёшу қари — икки хил ҳаёт тарзини кечириш босимига қарши туриши даркор. Юҳанно бир пайтнинг ўзида ҳам ҳақиқат йўлида юришнинг, ҳам ахлоқсиз ҳаёт кечиришнинг иложи йўқлигини таъкидлаган. (1 Юҳан. 1:6) Агар ҳозир ва келажакда Худонинг розилигини олишни истасак, ўзимизни гўёки доим одамларнинг кўз ўнгида бўлгандай тутишимиз керак. Аслида ҳам яширин гуноҳ деган тушунчанинг ўзи йўқ, чунки Яҳова барча ишларимизни кўриб туради. (Иброн. 4:13)

8. Нимани рад этишимиз керак?

8 Биз гуноҳга нисбатан дунёга хос нуқтаи назарни рад этишимиз керак. Ҳаворий Юҳанно: «Борди-ю: “Гуноҳимиз йўқ”,— десак, янглишган бўламиз ва бизда ҳақиқат йўқ»,— деб ёзган. (1 Юҳан. 1:8) Юҳаннонинг пайтида муртадлар инсон била туриб гуноҳ қилса-да, Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлиши мумкин, деб айтишган. Бугунги кунда биз ҳам шундай фикрлайдиган одамлар орасида яшаяпмиз. Кўпчилик Худога ишонаман, деб даъво қилади-ю, аммо Унинг гуноҳга нисбатан нуқтаи назарини рад этади, айниқса, жинсий муносабатлар ҳақида гап кетганида. Яҳова гуноҳ деб ҳисоблайдиган нарсаларни улар шахсий танлов ёки ноанъанавий жинсий ҳаёт тарзи, деб аташади.

Ёшлар, нега Яҳова ниманидир тўғри ёки нотўғри деяётганини билиб олинг. Шунда нотўғри бўлган нарсани нега танламаётганингизни тушунтириб бера оласиз (9- хатбошига қаранг.) *

9. Муқаддас Китобга асосланган эътиқодларига содиқ қолиш ёшларга қандай фойда келтиради?

9 Хусусан, ёш масиҳийлар ахлоқсиз ҳаёт тарзи борасида синфдошлари ёки ҳамкасбларининг нуқтаи назарини ўзлаштириш босимига дуч келишади. Александар билан ҳам шундай бўлган. У қуйидагича деди: «Мактабдаги айрим қизлар мени улар билан жинсий муносабатда бўлишга мажбурламоқчи бўлишарди. Учрашиб юрадиган қизим бўлмагани учун улар менга: “Гомосексуалист бўлсанг керак”,— деб айтишарди». Борди-ю, сиз ҳам шундай синовларга дуч келаётган бўлсангиз, ёдда тутингки, Муқаддас Китобга асосланган эътиқодларингизга содиқ қолиб ўзингизга бўлган ҳурматни сақлайсиз, жисмоний ва ҳиссий соғлигингизни ҳамда Яҳова билан муносабатларингизни ҳимоя қилган бўласиз. Ҳар гал васвасани рад этганингизда, кейинги сафар тўғри йўл тутиш янада осонлашади. Эсингизда бўлсин, бу дунёдаги жинсий муносабатларга нисбатан бузуқ нуқтаи назар Шайтондандир. Дунёдаги одамлар каби фикрлашни рад этганингиз — «Шайтонни енгдингиз» дегани. (1 Юҳан. 2:14)

10. Қандай қилиб 1 Юҳанно 1:9 даги сўзлар Яҳовага тоза виждон билан хизмат қилишимизга ёрдам беради?

10 Биз нима гуноҳ эканини белгилашга Яҳова ҳақли эканини тан оламиз. Гуноҳга қўл урмаслик учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Аммо гуноҳ қилиб қўйсак, Яҳовага ибодат қилиб қилмишимизга иқрор бўламиз. (1 Юҳанно 1:9 ни ўқинг.) Агар жиддий гуноҳга қўл урсак, Яҳова бизга ғамхўрлик қилиш учун тайинлаган оқсоқолларнинг ёрдамини излаймиз. (Ёқб. 5:14–16) Бироқ ўтмишда қилган хатоларимиз туфайли айбдорлик ҳисси бизни қамраб олишига йўл қўймаслигимиз керак. Нега? Чунки гуноҳларимиз кечирилиши учун севувчи Отамиз Ўз Ўғлини тўлов қурбонлиги сифатида тақдим этган. Яҳова тавба қилган гуноҳкорларни кечиришини айтган бўлса, демак, У шундай қилади. Яҳовага тоза виждон билан хизмат қилишимизга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. (1 Юҳан. 2:1, 2, 12; 3:19, 20)

11. Имонимизга зарар етказадиган таълимотлардан ўзимизни қандай ҳимоя қила оламиз?

11 Биз муртадларнинг таълимотларини рад этишимиз лозим. Масиҳийлар жамоати пайдо бўлганидан бери Иблис Худонинг садоқатли хизматчилари қалбига шубҳа уруғларини экиш учун кўплаб ёлғончилардан фойдаланиб келяпти. Шу боис, ҳақиқатни ёлғондан ажратишни билишимиз керак *. Душманларимиз Интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб Яҳовага бўлган ишончимиз ва имондошларимизга бўлган севгимизни сусайтиришга ҳаракат қилиши мумкин. Бундай тарғибот ортида ким турганини ёдда тутинг ва уни рад этинг. (1 Юҳан. 4:1, 6; Ваҳ. 12:9)

12. Нима учун билиб олган ҳақиқатларга бўлган ишончимизни мустаҳкамлашимиз лозим?

12 Шайтоннинг ҳужумларига қарши тура олиш учун биз Исога ҳамда у Худонинг нияти амалга ошишида муҳим ўрин эгаллашига қаттиқ ишонишимиз лозим. Шунингдек, бугунги кунда Яҳова ташкилотини йўналтириш учун фойдаланаётган «ишончли ва ақлли хизматкор»га ишонишимиз даркор. (Мат. 24:45–47) Худонинг Каломини мунтазам тадқиқ қилиб ишончимизни мустаҳкамлаймиз. Шунда имонимиз ерга чуқур илдиз отган дарахт каби бўлади. Павлус Колосадаги жамоатга шунга ўхшаш фикрни ёзган эди. У қуйидагича деганди: «Ҳазратимиз Исо Масиҳни қабул қилган экансиз, бундан буён ҳам у билан бирликда юринглар. Олган таълимингизга биноан унда томир ёйиб, мустаҳкамланинглар ва имонда барқарор бўлинглар». (Колос. 2:6, 7) Имонимизни мустаҳкамлаш учун жон куйдирсак, Шайтон ва унинг тарафдорлари бизни ҳақиқат йўлида юришдан тўхтата олмайди. (2 Юҳан. 8, 9)

13. Нимага ҳайрон қолмаймиз ва нега?

13 Бу дунё биздан нафратланса ҳайрон қолмаймиз. (1 Юҳан. 3:13) Юҳанно бизга «бутун дунё Шайтоннинг ҳукмида» эканини эслатиб ўтган. (1 Юҳан. 5:19) Бу замонанинг ниҳояси яқинлашгани сайин, Шайтоннинг ғазаби янада аланга олмоқда. (Ваҳ. 12:12) У ахлоқсизлик тузоғи ёки муртадларнинг ёлғонлари каби яширин ҳужумлар билан кифояланиб қолмаяпти. У тўғридан-тўғри ҳужум ҳам қиляпти. Шайтон ваъзгўйлик фаолиятимизни тўхтатиш ёки имонимизни барбод қилиш учун вақти жуда оз қолганини билади. Шу сабабли бир қанча мамлакатларда фаолиятимиз чегаралангани ёки тақиқланганига ажабланмаймиз. Бундай вазиятга қарамай, ўша мамлакатлардаги имондошларимиз сабр-бардошни намоён этишяпти. Улар шуни исботлашяптики, Шайтон бизга қанча ёмонлик қилмасин, биз ғалаба қозона оламиз!

БИР-БИРИМИЗГА ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДА ҚОЛИШГА ЁРДАМ БЕРАЙЛИК

14. Биродару опа-сингилларимизга ҳақиқат йўлида қолишга ёрдам беришнинг усулларидан бири қандай?

14 Биродару опа-сингилларимизга ҳақиқат йўлида қолишга ёрдам бериш учун уларга ҳамдардликни намоён этишимиз керак. (1 Юҳан. 3:10, 11, 16–18) Бир-биримизни нафақат ҳамма нарса яхши бўлганида, балки муаммолар юзага келганида ҳам севишимиз даркор. Масалан, ўлим туфайли яқинидан айрилган ва тасаллига ёки амалий ёрдамга муҳтож бўлган имондошингиз бордир. Ё бўлмаса, имондошларингиз табиий офат туфайли кўп нарсасидан айрилгани ҳамда уларнинг Йиғилиш заллари ёки уйлари таъмирга муҳтож экани ҳақида эшитгандирсиз. Биродару опа-сингилларимизни қанчалик севишимиз ва уларга ҳамдард эканимизни фақатгина сўзларда эмас, энг асосийси, амалда кўрсатишга интиламиз.

15. Юҳаннонинг биринчи мактуби 4:7, 8 га биноан, нима қилишимиз лозим?

15 Бир-биримизга севгини намоён этганимизда севувчи самовий Отамизга тақлид қилган бўламиз. (1 Юҳанно 4:7, 8 ни ўқинг.) Севгимизни намоён этишнинг яна бир муҳим йўли кечиримли бўлишдир. Мисол учун, кимдир бизни хафа қилиб, кейин кечирим сўраши мумкин. Уни кечириб, қилмишини унутсак, севгини намоён этган бўламиз. (Колос. 3:13) Альдо исмли биродаримиз шундай синовга дуч келган. У жуда ҳурмат қиладиган биродар унинг миллатидан бўлган одамлар ҳақида ёмон гап айтган. Альдо шундай деди: «Ўша биродарга нисбатан менда салбий туйғулар ривожланмаслигига ёрдам беришини сўраб, Яҳовага роса ибодат қилдим». Аммо Альдо бу билан кифояланиб қолмади. У ўша биродарни хизматга таклиф қилди. Хизмат давомида Альдо ўша биродарнинг сўзлари унга қандай таъсир қилганини тушунтирди. «Биродарга унинг сўзлари менга қандай таъсир қилганини айтганимда, у кечирим сўради,— деб бўлишди Альдо. — У айтган сўзларидан қанчалик афсусланаётгани овоз оҳангидан сезилиб турарди. Бундан сўнг биз яна дўстларга айландик».

16, 17. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим?

16 Ҳаворий Юҳанно имондошларини яхши кўрган ва уларнинг маънавий фаровонлиги учун қаттиқ қайғурган. Бу туйғулар унинг илоҳий илҳом остида ёзилган учта мактубидаги маслаҳатларда акс этган. У каби эркагу аёллар самода Масиҳ билан бошқариш учун мойланганини билиш ниҳоятда далда бахш этади! (1 Юҳан. 2:27)

17 Юқорида муҳокама қилинган маслаҳатларни юрагимизга жо қилайлик. Ҳақиқат йўлида юришга, яъни ҳаётимизнинг барча соҳаларида Яҳовага итоат этишга қароримиз қатъий бўлсин. Унинг Каломини тадқиқ қилинг ва унда ёзилганларга ишонинг. Исога қаттиқ ишонинг. Инсоний фалсафани ҳамда муртадларнинг таълимотларини рад этинг. Икки хил ҳаёт тарзини кечириш ва гуноҳга берилиш босимига қарши туринг. Яҳованинг юксак ахлоқий меъёрлари бўйича яшанг. Келинг, бизни хафа қилганларни кечириб ва муҳтожликда бўлганларга ёрдам бериб, имондошларимизга мустаҳкам бўлиб қолишга кўмаклашайлик. Шунда дуч келадиган қийинчиликларга қарамай, ҳақиқат йўлида юришда давом этамиз.

49- ҚЎШИҚ Яҳованинг қалбини қувонтирайлик

^ абз. 5 Биз ёлғоннинг отаси бўлмиш Шайтон бошқараётган дунёда яшаяпмиз. Шунинг учун ҳақиқат йўлида юриш қийин бўлиши мумкин. Милодий биринчи асрнинг охирида яшаган масиҳийлар ҳам шунга ўхшаш қийинчиликка дуч келишган. Уларга ва бизга ёрдам бериш учун Яҳова ҳаворий Юҳаннони учта мактуб ёзишга илҳомлантирган. Бу мактублардан ҳақиқат йўлида юраётиб қандай тўсиқларга дуч келишимиз ва уларни қандай енгиб ўтишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

^ абз. 6 Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 11 «Қўриқчи минораси»нинг 2018 йил август сонидаги «Барча далилларни биласизми?» номли тадқиқ мақоласига қаранг.

^ абз. 59 РАСМГА ШАРҲ. Мактабда бир синглимиз гомосексуализмни қўллаб-қувватлаш босимига дуч келяпти. (Айрим маданиятларда камалак ранглари гомосексуализмнинг белгиси сифатида ишлатилади.) Кейинроқ у Яҳованинг бу борадаги фикри тўғри эканига ишончини мустаҳкамлаш учун тадқиқ ўтказяпти. Бунинг ёрдамида у қийин вазиятни енга оляпти.