Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

29- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ўз ютуқларингиз билан суюнинг!

Ўз ютуқларингиз билан суюнинг!

Ҳар ким ўз ишини текширсин, шунда ўзини бошқалар билан солиштирмай ўзига қарасагина, суюнишга сабаб топади. ГАЛАТ. 6:4

34- ҚЎШИҚ Бенуқсон бўлиб юринг

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нега Яҳова бизни бошқалар билан солиштирмайди?

ТАНГРИ ЯҲОВА хилма-хилликни яхши кўради. Бу Унинг ажойиб ижодларида, жумладан, инсонларда яққол акс этган. Ҳар биримиз ўзгачамиз. Шу боис, Яҳова сизни бошқалар билан асло солиштирмайди. У қалбингизни — ички оламингизни кўради. (1 Шоҳ. 16:7) У, шунингдек, сизнинг кучли ва заиф томонларингизни ҳамда келиб чиқишингизни инобатга олади. Бундан ташқари, кучингиздан ортиғини талаб қилмайди. Биз Яҳовага ўзимизга Унинг нуқтаи назари билан қараш орқали тақлид қилишимиз керак. Шунда «ақли расо» инсон сифатида ўзимиз ҳақимизда керагидан ортиқ ёки керагидан кам ўйламаймиз. (Рим. 12:3)

2. Нега ўзимизни бошқалар билан солиштириш яхши эмас?

2 Албатта, хизматда самара келтираётган садоқатли биродару опа-сингилларимизнинг яхши мисолини кузатиб фойда олишимиз мумкин. (Иброн. 13:7) Шунда, қай йўсин ваъзгўйлик маҳоратимизни янада ошириш мумкинлигини кўрармиз. (Филип. 3:17) Лекин бировнинг яхши ўрнагига эргашиш ва қадримизни пасайтириш учун ўзимизни у билан солиштириш орасида фарқ бор. Бундай солиштириш сизда ҳасад пайдо бўлишига, тушкунликка тушиб, ҳатто ўзингизни арзимас деб билишингизга сабаб бўлиши мумкин. Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, жамоатдагилар билан рақобатлашиш маънавий зарар келтириши мумкин. Шу сабабли, Яҳова бизни севги ила қуйидагича ундамоқда: «Ҳар ким ўз ишини текширсин, шунда ўзини бошқалар билан солиштирмай ўзига қарасагина, суюнишга сабаб топади». (Галат. 6:4)

3. Қандай маънавий ютуқларга эришдингиз?

3 Яҳова маънавий ютуқларингиз билан суюнишингизни хоҳлаяпти. Масалан, сувга чўмган бўлсангиз, бу мақсадга эришганингиздан хурсанд бўлишингиз мумкин. Бундай қарорни ўзингиз чиқаргансиз. Уни Худога бўлган севги асосида қилгансиз. Энди эса сувга чўмганингиздан кейин қандай ютуқларга эришганингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг. Мисол учун, Муқаддас Китобни шахсан ўқишга ва тадқиқ қилишга нисбатан севгингиз ошдими? Ибодатларингиз янада маъноли ва чин юракдан бўлдими? (Заб. 141:2) Ваъзгўйликда янада гапга чечан ва асбобларимиздан янада самарали фойдаланишга ўргандингизми? Оилангиз бўлса, Яҳова сизга яхшироқ эр, рафиқа ёки ота-она бўлишингизга ёрдам бердими? Бу каби соҳаларда эришган ютуқларингиздан бахтиёр ва жуда мамнундирсиз.

4. Бу мақоладан нималарни билиб оламиз?

4 Биз бошқаларга маънавий ютуқларидан суюнишга кўмаклаша оламиз. Шунингдек, уларга ўзини бошқалар билан солиштиришдан қочишга ёрдам бера оламиз. Ушбу мақолада ота-она фарзандига, турмуш ўртоқлар бир-бирига ва оқсоқоллар ҳамда бошқалар имондошларига қай йўсин ёрдам бериши мумкинлигини билиб оламиз. Ниҳоят, қобилиятларимизу вазиятимиздан келиб чиққан ҳолда, эришиб бўладиган мақсадлар қўйишимизга ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги баъзи принципларни кўриб чиқамиз.

ОТА-ОНАЛАР ВА ТУРМУШ ЎРТОҚЛАР НИМА ҚИЛА ОЛАДИ?

Ота-оналар, фарзандларингизнинг ҳаракатларини қадрлаётганингизни кўрсатинг (5-, 6- хатбошиларига қаранг.) *

5. Эфесликларга 6:4 га кўра, ота-она нима қилишдан қочиши керак?

5 Ота-она фарзандини бошқаси билан солиштиришдан ёки унинг кучидан ортиғини талаб қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Агар ота-она бундай қилса, фарзандининг ғашини келтириши ҳеч гап эмас. (Эфесликларга 6:4 ни ўқинг.) Сатико * исмли опамиз қуйидагича бўлишди: «Мактабда устозларим синфдошларимдан яхшироқ ўқишимни кутарди. Қолаверса, онам ўқитувчимга ва Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган отамга яхши шоҳидлик бўлиши учун мактабда аъло баҳоларга ўқишимни истарди. Ҳа, онам имтиҳонларимни хатосиз топширишимни хоҳларди, аммо бу имконсиз эди. Мактабни битирганимга кўп йиллар бўлган бўлса-да, гоҳида Яҳовага қўлимдан келган энг яхшисини беряпманмикин, деб ўйланиб қоламан».

6. Ота-оналар Забур 131:1, 2 дан қандай сабоқ олиши мумкин?

6 Ота-оналар Забур 131:1, 2 дан (ўқинг) қимматбаҳо сабоқ олиши мумкин. Шоҳ Довуд «буюк нарсаларга интилмагани» ёки эришиш у учун жуда қийин нарсалар пайида бўлмагани тўғрисида айтиб ўтган. Унинг камтарлиги ва ўз ҳаддини билиши уни «тинчлантириб, юпатди». Ота-оналар Довуднинг сўзларидан нималарни ўрганиши мумкин? Улар нафақат ўзига нисбатан камтарин ёки имкониятлари чегараланганини тушуниши лозим, балки фарзандига келганда ҳам шундай нуқтаи назарда бўлиши керак. Ота-она фарзандига эришиб бўладиган мақсадлар қўйишга ёрдам бериш орқали кучли ва заиф томонларини инобатга олган ҳолда уни мустаҳкамлай олади. Марина исмли имондошимиз шундай деди: «Онам ҳеч қачон мени акам, иккита укам ёки бошқа болалар билан солиштирмаган. У барчанинг қобилиятлари турлича эканини ва Яҳова ҳар биримизни қадрлашини айтарди. Онамдан миннатдорман. Ўзимни бошқалар билан деярли солиштирмайман».

7, 8. Қай йўсин эр рафиқасини эъзозлашини кўрсата олади?

7 Масиҳий эр хотинини эъзозлаши лозим. (1 Бутр. 3:7) Эъзозлаш бошқаларга ўзгача эътибор қаратишни ва ҳурмат қилишни ўз ичига олади. Масалан, эр рафиқасидан кучидан ортиғини талаб қилмайди. Қолаверса, уни бошқа аёллар билан солиштирмайди. Эр бундай қилса, бу хотинига қандай таъсир қилиши мумкин? Роза исмли опамизнинг эри Яҳованинг Шоҳиди эмас ва у кўпинча опамизни бошқа аёллар билан солиштиради. Унинг бемеҳр сўзлари дастидан Роза нафақат ўзини ёмон ҳис қиларди, балки кимдир уни яхши кўришига деярли ишонмай қўйди. У қуйидагича деди: «Яҳова мени қадрлашини билишга тез-тез муҳтож бўлардим». Бундан фарқли равишда, масиҳий эрдан хотинини эъзозлаш кутилади. Эр бундай йўл тутиш хотини ва Яҳова билан бўлган муносабатларига таъсир қилишини билади *.

8 Хотинини эъзозлайдиган эр унга бўлган севгисини изҳор қилади ва уни мақтайди. (Ҳик. 31:28) Ўтган мақолада тилга олинган Катеринанинг эри шундай йўл тутиб, унга ўзига бўлган паст нуқтаи назар билан курашишга кўмаклашди. Катеринанинг болалигида онаси уни танқид қиларди ва бошқа қизлар, жумладан, дўстлари билан тез-тез солиштирарди. Оқибатда у ҳақиқатга келганидан кейин ҳам ўзини бошқалар билан солиштириш орқали ўзига баҳо бера бошлади. Унинг эри унга бу мойиллигига қарши курашишга ҳамда ўзига нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлишга кўмаклашди. У шундай деди: «Эрим мени севади, яхши ишларим учун мақтайди ва мен учун ибодат қилади. Шунингдек, у менга Яҳованинг ажойиб фазилатларини эслатиб туради ва салбий фикрлаш тарзимни тўғрилашга кўмаклашади».

МЕҲРИБОН ОҚСОҚОЛЛАР ВА БОШҚАЛАР НИМА ҚИЛА ОЛАДИ?

9, 10. Ғамхўр оқсоқоллар бир опамизга ўзини бошқалар билан солиштириш мойиллигини енгишга қандай ёрдам берди?

9 Оқсоқоллар ўзини бошқалар билан солиштиришга мойил бўлганларга қай йўсин кўмаклаша олади? Болалигида деярли мақтов эшитмаган Хануни исмли опамизнинг мисолига диққат қаратайлик. У қуйидагича эслайди: «Мен тортинчоқ эдим ва бошқа болалар мендан яхшироқ, деб ўйлардим. Эсимни таниганимдан бери ўзимни бошқалар билан солиштирардим». Ҳақиқатга келганидан кейин ҳам Хануни ўзини бошқалар билан солиштирарди. Оқибатда у ўзини жамоатда кераксиздай ҳис қилган. Ҳозир эса у қувонч ила кашшофлик қиляпти. Хўш, нуқтаи назарини ўзгартиришга унга нима ёрдам берди?

10 Ханунининг айтишича, меҳрибон оқсоқоллар унга кўмаклашди. Улар уни жамоатда қадрли эканига ишонтириб, садоқатли бўлиб қолаётгани учун мақтади. У қуйидагича ёзди: «Бир неча марта оқсоқоллар ёрдамга муҳтож опаларга далда беришимни сўради. Бу менга ўзимни керакли ҳис қилишимга ёрдам берди. Меҳрибон оқсоқолларимиз бир нечта синглимизга далда берганим учун миннатдорчилик билдирди. Улар менга 1 Салоникаликларга 1:2, 3 ни ўқиб берди. Бундан роса хурсанд бўлдим. Ғамхўр оқсоқолларимиздан миннатдорман. Яҳованинг ташкилотидаги ўрнимни жуда қадрлайман».

11. Ишаё 57:15 га биноан, «мазлум ва бечорага» қай йўсин кўмаклаша оламиз?

11 Ишаё 57:15 ни ўқинг. Яҳова «мазлум ва бечорага» ғамхўрлик қилади. Нафақат оқсоқоллар, балки барчамиз бу азиз биродару опа-сингилларимизга далда беришга кўмаклаша оламиз. Бунинг бир йўли уларга самимий қизиқиш кўрсатишдир. Яҳова биз уларни У қадрли қўзичоқларини севишига ишонтиришимизни истайди. (Ҳик. 19:17) Қолаверса, камтарликни йўқотмай, қобилиятларимиз билан мақтанмай биродару опа-сингилларимизга ёрдам бера оламиз. Бошқаларда ҳасад туйғуси пайдо бўлишини хоҳламаганимиз учун ўзимизга эътибор жалб қилмаймиз. Аксинча, қобилияту билимимиздан фойдаланиб, бир-биримизга далда беришни истаймиз. (1 Бутр. 4:10, 11)

Исо ҳеч қачон ўзини бошқалардан устун қўймагани туфайли шогирдлари унинг олдига интилган. У дўстлари билан мулоқот қилишдан завқ олган. (12- хатбошига қаранг.)

12. Нега соддадил одамлар Исонинг ёнига интилган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

12 Исо издошларига қандай муносабат кўрсатганини билиб олиш орқали кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин. У ер юзида яшаган энг улуғ инсон бўлган. Шу билан бирга «мулойим ва соддадил» бўлган. (Мат. 11:28–30) Исо юксак ақл соҳиби ва билимдон экани билан мақтанмаган. У таълим берганида, оддий қилиб гапирарди ва соддадил инсонларнинг қалбини забт этадиган, тушуниш осон бўлган мисолларни қўлларди. (Луқо 10:21) Мағрур дин раҳбарларидан фарқли равишда, Исо бошқалар ўзини Худонинг олдида аҳамиятга эга эмасдай ҳис қилишига сабабчи бўлмаган. (Юҳан. 6:37) Аксинча, у оддий одамларга ҳурмат ила муносабат қилган.

13. Қандай қилиб Исо шогирдларига меҳрибонлиги ва севгисини кўрсатган?

13 Исо шогирдларига қилган муомаласида унинг меҳрибонлиги ва севгиси акс этган. У уларнинг қобилиятию вазияти турлича бўлганини билган. Шу боис, улар бир хил вазифаларни бажара олмасди ёки хизматда бир хил самара келтириш қўлидан келмасди. Лекин Исо ҳар бирининг чин дилдан қилган ҳаракатини қадрлаган. Исонинг бу борадаги нуқтаи назарини талантлар ҳақидаги масал очиб беряпти. Ушбу масалда хўжайин ҳар бир қулига уларнинг «қобилиятига яраша» иш тайинлаган. Иккита тиришқоқ қулнинг биттаси бошқасига қараганда кўпроқ фойда кўрган. Бироқ хўжайин иккала қулни ҳам: «Баракалла, сен яхши, ишончли қул экансан»,— деб мақтаган. (Мат. 25:14–23)

14. Бошқаларга қилган муомаламизда қай йўсин Исога тақлид қила оламиз?

14 Исо биз билан меҳр ва севги ила муомала қилади. У қобилиятларимизу вазиятимиз турлича эканини билади ва энг яхшисини қилганимизда биздан мамнун бўлади. Бошқалар билан муомала қилганда, Исо каби йўл тутсак яхши бўларди. Имондошларимиз бошқалар каби кўп қила олмагани туфайли ўзини нолойиқ ҳис қилишига ёки уялишига сабабчи бўлишни асло истамаймиз. Аксинча, келинг, Яҳованинг хизматида жон куйдираётган биродару опа-сингилларимизни мақташ учун имкон излайлик.

ЭРИША ОЛАДИГАН МАҚСАДЛАР ҚЎЙИНГ

Эришиш мумкин бўлган мақсадлар қўйиб ва уларга эришиб, қувончни ҳис қилинг (15-, 16- хатбошиларига қаранг.) *

15, 16. Синглимиз эриша оладиган мақсадлар қўйиб, қандай фойда олди?

15 Яҳовага хизмат қилиш йўлида мақсадлар қўйсак, ҳаётимиз қизиқарли ва мазмунли бўлади. Бироқ биз эриша оладиган мақсадлар қўйишимиз даркор. Улар бошқаларники билан бир хил бўлиши шарт эмас. Агар бундай қилсак, тушкунликка тушиб, руҳимиз сусайиши ҳеч гап эмас. (Луқо 14:28) Мидори исмли кашшоф синглимизнинг мисолига диққат қаратайлик.

16 Мидорининг отаси Яҳованинг Шоҳиди эмас. У Мидорини болалигида укалари ва синфдошлари билан солиштириб, камситарди. «Ўзимни арзимасдай ҳис қилганман»,— деди Мидори. Аммо ёши улғайгач, ўзига бўлган ишончи ортди. «Қалбимда тинчлик бўлиши ва Яҳованинг севгисини ҳис қила олишим учун Муқаддас Китобни ҳар куни ўқийман»,— деб айтди у. Бундан ташқари, у эришиб бўладиган мақсадлар қўйди ва уларга эришиш учун керак бўладиган аниқ нарсаларни ибодатда сўради. Натижада Мидори маънавий ютуқларидан суюнадиган бўлди.

ЯҲОВАГА ЎЗИНГИЗДАГИ ЭНГ ЯХШИСИНИ БЕРИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

17. Фикрлаш тарзимизни ўзгартиришимизга нима ёрдам беради ва натижаси қандай бўлади?

17 Салбий туйғулару фикр-хаёллар бир кечанинг ўзида ғойиб бўлиши амримаҳол. Шунинг учун, Яҳова бизни қуйидагича ундаяпти: «Бундан буён фикрлаш тарзингизни ва муносабатингизни ўзгартиринглар». (Эфес. 4:23, 24) Бунинг учун албатта ибодат қилишимиз, Худонинг Каломини тадқиқ қилишимиз ва мулоҳаза юритишимиз даркор. Уларга амал қилинг ва Яҳовадан куч беришини сўранг. Унинг муқаддас руҳи ўзингизни бошқалар билан солиштириш мойиллигини енгишингизга кўмаклашади. Қолаверса, ҳасад ёки мағрурлик каби салбий хислатлар қалбингизда илдиз отган бўлса, Яҳова уларни аниқлашингизга ва улардан қутулишингизга кўмаклашади.

18. Қай йўсин 2 Солномалар 6:29, 30 даги сўзлардан тасалли олишингиз мумкин?

18 Иккинчи Солномалар 6:29, 30 ни ўқинг. Яҳова қалбимизда нималар кечаётганини билади. У, шунингдек, қийинчиликларимиздан — бу дунёнинг руҳи ва номукаммаллигимиз билан курашаётганимиздан хабардор. Яҳова бу каби салбий таъсирга қарши туриш учун жон-жаҳдимиз билан курашаётганимизни кўрар экан, Унинг бизга бўлган севгиси кучаяди.

19. Яҳова бизга нисбатан ҳис-туйғуларини ифодалаш учун қандай мисол келтирган?

19 Бизга нисбатан нималарни ҳис қилишини тасвирлаш мақсадида Яҳова она ва унинг чақалоғи орасидаги ришталарни мисол қилиб келтирган. (Ишаё 49:15) Рейчел исмли онанинг мисолига диққат қаратайлик. У қуйидагича ёзди: «Қизалоғим Стефани муддатидан олдин туғилган. Уни илк марта кўрганимда у митти ва нимжон эди. Аммо ҳаётининг биринчи ойи давомида у касалхонада ётди ва шифокор ҳар куни уни қўлимга олишга рухсат берди. Бу ёқимли дамлар ёрдамида ўртамизда яқин ришталар ривожланди. Ҳозирда у олти ёшда ва тенгдошларига қараганда кичикроқ. Мен уни жудаям яхши кўраман, чунки у яшаш учун роса курашди ва ҳаётимга кўпдан-кўп қувонч келтирди». Яҳова Унга бутун қалбимиз билан хизмат қилиш учун курашганимизни кўрганда, бизга нисбатан шундай кучли севгини ҳис қилишини билиш нақадар далдали.

20. Яҳованинг хизматчиси сифатида суюнишингизга қандай сабаб бор?

20 Яҳовага хизмат қилар экансиз, оиласининг қадрдон аъзосисиз ва сизга ўхшаши йўқ. Яҳова бошқалардан яхшироқ бўлганингиз учун сизни Ўзига жалб қилмаган. У камтаринлигингизни, Ундан ўрганишга тайёр эканингизни ва ўзгаришлар киритишингизни билгани учун сизни Ўзига жалб қилган. (Заб. 25:9) Ишонаверинг, Яҳова Унга хизмат қилиш учун энг аълосини қилаётганингизни қадрлайди. Сабр-бардошингиз ва садоқатингиз «қалби тоза, яхши инсон» эканингиздан далолатдир. (Луқо 8:15) Шундай экан, ўзингиздаги энг яхшисини Яҳовага беришда давом этинг. Шунда ўзингизга қарабгина «суюнишга сабаб топасиз».

38- ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди

^ абз. 5 Тангри Яҳова бизни бошқалар билан солиштирмайди. Бироқ баъзиларимиз осонликча бундай қилишга мойилмиз ва ўзимиз ҳақимизда салбий фикрга борамиз. Ушбу мақолада нега ўзимизни бошқалар билан солиштириш зиён келтириши мумкинлигини муҳокама қиламиз. Қолаверса, оила аъзоларимизу жамоатдагиларга ўзига Яҳова каби нуқтаи назарда бўлишига ёрдамлашиш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

^ абз. 5 Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 7 Гарчи бу ерда эрлар ҳақида гап кетаётган бўлса-да, кўпгина принциплар хотинларга ҳам тегишли.

[Изоҳлар]

^ абз. 58 РАСМГА ШАРҲ. Оилавий топинишда ота-она Нуҳнинг кемасини ясашда ҳар бир фарзанди қилган ҳаракатдан хурсанд.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Кичкина фарзандини ёлғиз тарбиялайдиган она кўмакчи кашшоф бўлиш учун жадвалига ўзгаришлар киритяпти. Мақсадига эришгач, у хурсанд.