Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Яҳованинг Шоҳидлари учрашиш ниятида танишув иловалари ва веб-сайтларидан фойдаланадими?

Тангри Яҳова турмуш қурмоқчи бўлган эркак ва аёл бахтли бўлишини ҳамда муносабатлари абадий ва яқин бўлишини истайди. (Мат. 19:4–6) Агар оила қурмоқчи бўлсангиз, яхши турмуш ўртоқни қандай топа оласиз? Яҳова Яратувчимиз сифатида никоҳда бахтли бўлишимиз учун нима қилишимиз кераклигини яхши билади. Шу боис, У бизга берган принципларга амал қилсангиз, энг яхши натижага эришасиз. Келинг, улардан айримларини кўриб чиқамиз.

Аввало ўзимиз ҳақимизда қуйидагини тушунишимиз керак: «Қалб ўта алдамчи ва бетайиндир». (Ерм. 17:9) Никоҳ қурмоқчи бўлган йигит ва қиз танишгач, учрашишни бошлайди. Улар бир-бирига нисбатан кучли туйғуларни ҳис эта бошлаши мумкин. Шунда, улар учун доно қарорлар чиқариш мураккаб бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Одамлар турмуш қуриш қарорини биринчи навбатда ҳис-туйғуларга асосласа, кўпинча ҳафсаласи пир бўлади. (Ҳик. 28:26) Шу боис, йигит ва қиз учрашишни бошлаганидаёқ, бир-бирига чуқур ҳис-туйғуларини ифода этиши ёки бир-бирини яхши таниб-билмасдан ваъдалар бериши нодонлик бўларди.

Ҳикматлар 22:3 да шундай ёзилган: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади, тажрибасиз эса олға қадам босиб жазосини тортади». Хўш, танишув иловалари ва веб-сайтларидан фойдаланишнинг қандай зарарли томонлари бор? Афсуски, баъзилар бегоналар билан онлайн танишган, учрашишни бошлаган, кейин эса ўша инсон уларни алдаётганини тушунган. Қолаверса, ёлғончилар содда одамларнинг пулини шилиш мақсадида сохта аккаунтлар яратади. Гоҳида бундай ёлғончилар ўзини Яҳованинг Шоҳиди сифатида таништиради.

Яна бир хавф тўғрисида ўйлаб кўринг. Айрим танишув сайтларида ким кимга мос келишини аниқлаш мақсадида математик алгоритмдан ёки ҳисоб-китобдан фойдаланилади. Бироқ бундай усуллар иш бериши ўз исботини топмаган. Умр йўлдош танлаш каби жуда муҳим қарорни чиқаришда компьютер дастурларига умид боғлаш нодонликдир. Ахир математик формулалар Муқаддас Китоб принципларига тенг кела олармиди? (Ҳик. 1:7; 3:5–7)

Ҳикматлар 14:15 да шундай дейилган: «Содда ҳар бир сўзга ишонади, заковатли эса ҳар бир қадамини ўйлаб босади». Қайси инсон сиз учун яхши умр йўлдош бўлишини ҳал қилишдан аввал шахсан яқиндан танишишингиз керак. Аммо танишув сайтлари ёки иловалари ёрдамида бунга эришиш қийин. Бир-бирингизнинг маълумотингизни кўра олсангиз ҳамда кўп вақтингизни онлайн мулоқот қилиш билан ўтказсангиз-да, ўша инсоннинг шахсиятини чиндан ҳам биламан, деб айта оласизми? Ўз севгимни топдим, деб ўйлаганларнинг айримлари кейинчалик ўша инсон қандай эканини билиб ҳайрон қолган.

Сано бастакори шундай деган: «Ёлғончи одамларга қўшилмайман, иккиюзламачилардан йироқда юраман». (Заб. 26:4) Кўплар ўзини яхшироқ кўрсатиш мақсадида танишув веб-сайтидаги саҳифасида ёлғон маълумотларни келтиришни оддий ҳол деб билади. Улар ўзининг ёмон хислатларини яшириши ёки бошқаларга хабарлар юбораётганда ёқимсиз томонлари яққол намоён бўлмаслиги мумкин. Қуйидаги саволлар ҳақида ўйлаш муҳимдир: ўзини Яҳованинг Шоҳиди сифатида таништирадиганлар чиндан ҳам сувга чўмган масиҳийларми? Маънан етукми? Яҳова билан шахсий муносабатларга эгами? Жамоатидагилар у ҳақида ижобий фикрдами? Ёки улар билан дўстлашиш «ёмон одамлар билан мулоқот қилиш»га тенгми? (1 Кор. 15:33; 2 Тим. 2:20, 21) Муқаддас Китобдаги принципларга кўра, никоҳ қуришга асоси борми? Мазкур саволларга жавоб топиш муҳим. Лекин ўша инсонни шахсан биладиган Яҳованинг Шоҳидлари билан гаплашмай туриб, бундай қилиш қийин. (Ҳик. 15:22) Албатта, Яҳованинг садоқатли хизматчиси «имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа қўшилиш» ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмайди. (2 Кор. 6:14; 1 Кор. 7:39)

Танишув иловалари ҳамда сайтларидан фойдаланиш хавфли экан, сиз учун яхши умр йўлдош бўла оладиган инсонни топиш ва у билан яқиндан танишиш учун яхшироқ усуллар мавжуд. Хўш, сизга муносиб бўладиган турмуш ўртоқни қаердан топа оласиз? Одатда Яҳованинг Шоҳидлари бир-бири билан анжуманларда, йиғилишларда ва бошқа ўтиришларда шахсан танишишлари мумкин.

Бирга вақт ўтказиб, мақсад ва қадриятларингиз ўзаро мос келиш-келмаслигини кўриш эҳтимоли кўпроқ

Масалан, COVID-19 пандемияси каби пайтларда бундай оммавий йиғилишларга боришнинг имкони йўқ. Шунинг учун, электрон қурилмаларидан фойдаланиб, жамоат йиғилишларида қатнашяпмиз. У ерда турмуш қурмаган имондошларимиз билан яқиндан таниша оламиз. Йиғилишларда улар қандай иштирок этаётганини кузатишингиз ва имонини акс эттирувчи шарҳларини тинглашингиз мумкин. (1 Тим. 6:11, 12) Қолаверса, йиғилишлардан кейин ташкиллаштирилган алоҳида виртуал хонада ўзаро суҳбатлаша оласиз. Яҳованинг Шоҳидлари ўтказадиган виртуал ўтиришларда сиз қизиқиш кўрсатаётган инсон бошқаларга қандай муомала қилаётганини кузата оласиз. Шу йўсин, у қандай фазилатлар соҳиби экани аён бўлади. (1 Бутр. 3:4) Вақт ўтиб, яқинроқ танишганингиз сайин мақсадларингизу қадриятларингиз ўхшаш ё ўхшамаслигини ва жуфтлик сифатида бир-бирингизга мос келиш ё келмаслигингизни аниқлай оласиз.

Турмуш қурмаганлар муносиб умр йўлдошни Муқаддас Китоб принциплари асосида изласа, Ҳикматлар 18:22 да келтирилган қуйидаги сўзлар нечоғлик ҳақиқат эканига гувоҳ бўлади: «Яхши хотин [эр] топган — бахтга эришади, у Яҳованинг илтифотига сазовор бўлади».