Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

29- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бошимиз Исони қўллаб-қувватланг

Бошимиз Исони қўллаб-қувватланг

Аллоҳ менга еру осмондаги бутун ҳокимиятни топширди. МАТ. 28:18

13- ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир

БУ МАҚОЛАДА a

1. Бугунги кунда Худонинг иродаси нимадан иборат?

 БУГУНГИ КУНДА Самовий Шоҳлик ҳақидаги хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилиниши Худонинг иродасидир. (Марк 13:10; 1 Тим. 2:3, 4) Бу Яҳованинг иши бўлиб, жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун, У Ўзининг севикли Ўғли Исони бу ишга бош-қош этиб тайинлаган. Охират келишидан аввал Исонинг назорати остида бўлаётган ваъзгўйлик фаолиятига Яҳова ўз вақтида якун ясашига аминмиз. (Мат. 24:14)

2. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Ушбу мақолада Исо «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали қай йўсин маънавий озуқани етказаётганини ҳамда издошлари тарихдаги энг катта ваъзгўйлик кампаниясида иштирок этишига ғамхўрлик қилаётганини кўриб чиқамиз. (Мат. 24:45) Шунингдек, Исони ҳамда ишончли ва ақлли хизматкорни қўллаб-қувватлаш учун ҳар биримиз нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

ИСО ВАЪЗГЎЙЛИК ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРЯПТИ

3. Исога қандай вазифа топширилган?

3 Исо ваъзгўйлик ишига бош-қош. Нега бунга аминмиз? У осмонга кўтарилишидан сал олдин Жалиладаги тоғда содиқ издошлари билан учрашиб, уларга шундай деган: «Аллоҳ менга еру осмондаги бутун ҳокимиятни топширди». Кейин у айтган қуйидаги сўзларга эътибор беринг: «Шунинг учун боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар». (Мат. 28:18, 19) Демак, Исога ваъзгўйлик ишини бошқариш ҳам топширилган.

4. Нега ҳозир ҳам Исо ваъзгўйлик фаолиятини бошқараётганига аминмиз?

4 Исо хушхабар «барча халқларга» ваъз қилинишини, шогирд тайёрлаш иши амалга оширилишини ва издошлари билан «замонанинг охиригача» доимо бирга бўлишини айтган. (Мат. 28:20) Бу Исо ҳозиргача ваъзгўйлик фаолиятига бош-қош бўлиб келаётганини кўрсатяпти.

5. Забур 110:3 даги башорат амалга ошишида ҳар биримиз қандай ҳисса қўша оламиз?

5 Исо замонанинг охирига келиб ишчилар етмай қолишидан хавотирланмаган. У Забурдаги ушбу башорат амалга ошишига ишонган: «Қўшинингни тўплайдиган кунинг, халқинг ўзини тайёрлик ила тақдим этади». (Заб. 110:3) Агар хушхабарни ваъз қилиш ишида қатнашаётган бўлсангиз, демак сиз ҳам Исони ва ишончли хизматкорни қўллаб-қувватлаяпсиз. Шунингдек, ушбу башорат амалга ошишида ўз ҳиссангизни қўшяпсиз. Бу иш ўз якунига етяпти, лекин унинг ўзига яраша қийинчиликлари бор.

6. Шоҳлик ваъзгўйлари дуч келаётган қийинчиликлардан бири қандай?

6 Шоҳлик хабарчилари дуч келаётган қийинчиликлардан бири қувғунлардир. Муртадлар, дин раҳбарлари ва сиёсатчилар фаолиятимиз ҳақида ёлғон хабарларни тарқатяпти. Қариндошларимиз, танишларимиз ва ҳамкасбларимиз бу маълумотга алданиб қоляпти. Улар бизга босим ўтказиб, Яҳовага хизмат қилмаслигимизни ҳамда ваъзгўйлик ишини тўхтатишимизни хоҳлайди. Баъзи мамлакатларда эса душманларимиз имондошларимизга таҳдид қиляпти, уларни ҳибсга оляпти, уларга қарши ҳужум уюштириб, ҳатто қамоққа ташлаяпти. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки Исо: «Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади»,— деб башорат қилган. (Мат. 24:9) Бу Яҳова биздан рози эканининг исботидир. (Мат. 5:11, 12) Барча таъқиблар ортида Иблис турибди. Лекин Исо ундан анча қудратлироқ. Унинг кўмаги билан хушхабар ҳамма халқларга ваъз қилиняпти. Келинг, бунинг бир исботига эътибор қаратайлик.

7. Ваҳий 14:6, 7 даги сўзлар амалга ошаётганининг қандай исботини кўряпсиз?

7 Шунингдек, Шоҳлик ваъзгўйлари сифатида тил билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келяпмиз. Исо ҳаворий Юҳаннога берган ваҳийда бу қийинчиликни енгишимизни башорат қилган. (Ваҳий 14:6, 7 ни ўқинг.) Бу қандай амалга ошяпти? Иложи борича кўп одамлар Шоҳлик ҳақидаги хабарга нисбатан ўз муносабатини кўрсатиш имконини беряпмиз. Бугунги кунда ер юзи бўйлаб инсонлар jw.org сайтидан Муқаддас Китобга асосланган маълумотларни 1 000 дан зиёд тилларда ўқий олишади. Етакчи кенгаш «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китоби шогирд тайёрлаш ишида асосий адабиёт бўлиб, 700 дан ортиқ тилларда таржима қилинишини маъқуллади. Маънавий озуқа қулоғи эшитмайдиганларга видеолар, кўзи кўрмайдиганларга эса Брайль шрифтидаги адабиётлар орқали тақдим этиляпти. Ҳа, Муқаддас Китобдаги башоратлар амалга ошаётганининг гувоҳи бўляпмиз. «Барча халқлардан бўлган, турли тилларда гапирадиган» инсонлар Муқаддас Китобдаги ҳақиқат бўлмиш «соф тил»да гаплашишни ўрганишяпти. (Закр. 8:23; Заф. 3:9) Буларнинг бари Исо Масиҳ бошчилигида амалга ошяпти.

8. Ваъзгўйлик фаолияти ҳозиргача давом этаётгани қандай натижалар келтиряпти?

8 Ҳозирги кунда 240 та мамлакат ва ҳудуддан бўлган 8 000 000 дан ошиқ одамлар Яҳованинг ташкилоти билан ҳамкорлик қиляпти. Ҳар йили ўн минглаб инсонлар сувга чўмяпти. Аммо ҳақиқатга эндигина келганлар илоҳий фазилатларни ривожлантириб, «янги ўзликни» кийиб олаётгани сонлардан муҳимроқдир. (Колос. 3:8–10) Кўплар ахлоқсизлик, зўравонлик, одам ажратиш ҳамда миллатчилик қилишни тўхтатди. Ишаё 2:4 да айтилган ушбу сўзлар амалга ошди: «Улар жанг қилишни бошқа ўрганмайди». Агар янги ўзликни кийиб олишга сидқидилдан ҳаракат қилсак, бошқаларга Яҳованинг ташкилотига яқинлашишга ёрдам берамиз ва бошимиз бўлмиш Исо Масиҳга эргашаётганимизни кўрсатамиз. (Юҳан. 13:35; 1 Бутр. 2:12) Буларнинг ҳеч бири тасодиф эмас. Чунки Исо бизга керакли бўлган ёрдамни беряпти.

ИСО ХИЗМАТКОРНИ ТАЙИНЛАДИ

9. Исо охирзамонга оид қандай башорат айтган? (Матто 24:45–47)

9 Матто 24:45–47 ни ўқинг. Исо охирзамонда маънавий ризқ-рўзни етказиш учун «ишончли ва ақлли хизматкорни» тайинлашини башорат қилган. Ушбу хизматкор бизнинг кунларимизда енг шимариб меҳнат қилаётгани ажабланарли эмас. Бу аниқ-равшан кўриняпти. Исо Худонинг халқига ва қизиқиш билдирган инсонларга маънавий «ризқ-рўзни ўз вақтида бериш» учун мойланганларнинг кичик гуруҳидан фойдаланяпти. Бу кишилар ўзгаларнинг имони устидан хўжайинлик қилмаяпти. (2 Кор. 1:24) Аксинча, улар айнан Исо Масиҳ «етакчи, бошчи» эканини тан оляпти. (Ишаё 55:4)

10. Расмда кўрсатилган қайси китоб Худонинг хизматчиси бўлишингизга кўмаклашган?

10 Ишончли хизматкор 1919 йилдан бери қизиқиш билдирган янги инсонлар учун тўйимли ризқ-рўзни турли адабиётлар орқали тақдим этиб келмоқда. 1921 йили эса Муқаддас Китобдаги асосий таълимотларни ўрганишга мўлжалланган «Илоҳий арфа» китобини тайёрлаб берди. Вақт ўтгани сайин бошқа адабиётлар ҳам чоп этилди. Қайси адабиёт сизга осмондаги Отамиз ҳақида билишга ва Уни севишга кўмаклашган? Масалан, «Аллоҳ ҳақдир», «Абадий ҳаётга етаклайдиган ҳақиқат», «Ер юзидаги жаннатда абадий яшай оласиз», «Абадий ҳаётга олиб борувчи билим», «Муқаддас Китоб таълимотлари», «Муқаддас Китоб ҳақиқатлари» ёки яқинда чиққан «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобими? Бу барча адабиётлар чоп этилган замонга жуда мос.

11. Нега ҳар биримиз маънан озиқланишимиз ниҳоятда муҳим?

11 Қаттиқ озуқага нафақат ҳақиқатга яқинда келганлар, балки ҳаммамиз муҳтожмиз. Ҳаворий Павлус бу ҳақида шундай ёзган: «Қаттиқ озуқа... етук кишилар учундир». У шунингдек, агар Муқаддас Китобдан ўрганганларимизни амалда қўлласак, бу бизга «яхшини ёмондан ажратишга» ёрдам беришини айтган. (Иброн. 5:14) Ҳозирги кунда одамлар ниҳоятда ахлоқсиз бўлиб кетгани Яҳованинг меъёрларига амал қилишимизга қийинчилик туғдириши мумкин. Лекин Исо имонимиз кучли бўлиши учун бизни доим маънавий томондан таъминлаб келяпти. Ушбу кўрсатмаларни Худонинг Каломи асосида оляпмиз. Исонинг бошқаруви остида ишончли хизматкор маънавий озуқани тайёрлаб, бизга етказиб беряпти.

12. Қай йўсин Исо каби Худонинг исмини шарафга лойиқ деб биляпмиз?

12 Исо каби биз ҳам Худонинг исмини шарафга лойиқ деб биламиз. (Юҳан. 17:6, 26) Мисол учун, 1931 йили биз Муқаддас Китоб асосида Яҳованинг Шоҳидлари деб номландик. Шу йўсин, Аллоҳнинг исми биз учун жуда муҳимлигини ва Унинг исми билан аталишни хоҳлаётганимизни кўрсатдик. (Ишаё 43:10–12) Ўша йилнинг октябрь ойидан бери «Қўриқчи минораси» журналининг ҳар бир сонининг муқовасида ушбу илоҳий исм ёзиладиган бўлди. Қолаверса, «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да Худонинг исми ўз ўрнида тикланди. Бундан фарқли равишда, христиан оламининг черковлари уни Муқаддас Китобнинг кўплаб таржималаридан олиб ташлашган.

ИСО МАСИҲ ВА ТАШКИЛОТ

13. Исо ҳозирги кунда «ишончли ва ақлли хизматкор»дан фойдаланаётганига сизни нима ишонтиряпти? (Юҳанно 6:68)

13 «Ишончли ва ақлли хизматкор» орқали Исо ер юзида пок топинишни олға суриш учун ажойиб ташкилотни барпо этди. Бу ташкилот ҳақида сиз қандай фикрдасиз? Балки ўзингизни Исога қуйидагиларни айтган ҳаворий Бутрус каби ҳис қилаётгандирсиз: «Биз кимга ҳам борайлик? Ахир сизда абадий ҳаётнинг сўзлари бор-ку». (Юҳан. 6:68) Бир ўйлаб кўринг, Яҳованинг ташкилоти билан танишмаганимизда, ҳозир қаерда бўлардик? Исо Масиҳ маънан тўқ бўлишимиз учун бизга у орқали ҳамма нарсани тақдим этяпти. Хизматимизни муваффақият ила бажаришимиз учун у бизга таълим беряпти. Қолаверса, «янги ўзликни» кийишимизга ҳам кўмаклашяпти. Шу йўсин, биз Яҳовани мамнун эта оляпмиз. (Эфес. 4:24)

14. COVID-19 пандемияси пайтида Яҳованинг ташкилотида эканингиздан қандай фойда олдингиз?

14 Қийин вақтларда Исо бизга доно йўл-йўриқлар беряпти. COVID-19 пандемияси бошланганда уларнинг фойдаси яққол намоён бўлди. Дунёда кўпчилик қандай йўл тутишни билмаган бир вақтда, ўзимизни хавфдан сақлашимиз учун Исо бизга аниқ йўл-йўриқлар берилишига ғамхўрлик қилди. Улар оммавий жойларда ниқоб тақиш ва масофани сақлашни ўз ичига олади. Шунингдек, оқсоқоллар жамоатдагилар билан доим алоқада бўлиб, уларнинг жисмоний ва маънавий эҳтиёжларидан хабардор бўлиб турди. (Ишаё 32:1, 2) Етакчи кенгашдан янгиликлар эса қўшимча кўрсатмалар ва далда манбаи бўлди.

15. Пандемия давомида йиғилишлар ҳамда ваъзгўйлик хизмати борасида қайси кўрсатмаларни олдик ва бунинг натижаси қандай бўлди?

15 Пандемия давомида йиғилишлар ҳамда ваъзгўйлик хизмати борасида аниқ йўл-йўриқлар олдик. Видео-конференц-алоқа орқали йиғилишлар ва анжуманларда қатнаша олдик. Шунингдек, бутун дунё бўйлаб хатлар ҳамда телефон орқали хизмат қилишни бошладик. Яҳова ҳаракатларимизга барака берди. Кўплаб филиаллардан ваъзгўйлар сони ошгани ҳақида ҳисоботлар келди. Бу вақт давомида кўплар далдали воқеаларга дуч келишди. (« Яҳова ваъзгўйлик фаолиятимизга барака беряпти» номли рамкага қаранг.)

16. Нимада амин бўлишимиз мумкин?

16 Баъзилар ташкилот пандемия пайтида керагидан ортиқ эҳтиёткорлик намоён этди, деб ўйлаши мумкин. Лекин берилган кўрсатмалар оқилона бўлганининг қайта-қайта гувоҳи бўляпмиз. (Мат. 11:19) Исо Масиҳ бизга севги ила йўлбошчилик қилаётгани ҳақида фикр юритсак, эртага қандай кун келишидан қатъи назар у ҳамда Яҳова биз билан бўлишига амин бўламиз. (Ибронийларга 13:5, 6 ни ўқинг.)

17. Исонинг назорати остида меҳнат қилаётганингиздан нималарни ҳис қиляпсиз?

17 Исонинг назорати остида меҳнат қилишдан бошимиз кўкка етяпти. Маданиятимиз, миллатимиз ва тилимиз турлича бўлса-да, умумжаҳон ташкилотга тегишлимиз. Шунингдек, маънан тўқмиз ва ваъзгўйлик фаолиятини бажариш учун ҳамма нарсамиз бор. Ҳар биримиз янги ўзликни қай йўсин кийиб олишимиз мумкинлигини билиб оляпмиз. Бир-биримизни севишга ўрганяпмиз. Йўлбошчимиз Исо Масиҳ билан фахрланишга сабабларимиз бисёр.

16- ҚЎШИҚ Яҳни улуғланг Шоҳаншоҳ-чун

a Миллионлаб эркагу аёллар ва болалар хушхабарни ғайрат ила ваъз қиляпти. Сиз ҳам улар қаторидамисиз? Агар шундай бўлса, Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг бошчилиги остида меҳнат қиляпсиз. Мазкур мақолада Исо ҳозирги кунда ваъзгўйлик фаолиятига бош-қош эканининг исботини кўриб чиқамиз. Бу ҳақда фикр юритсак, Масиҳнинг бошқаруви остида Яҳовага хизмат қилиш қароримиз мустаҳкамланади.