Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

28- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда!

Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда!

Энди дунё устидан шоҳлик қилиш Раббимиз ва Унинг Масиҳига тегишлидир. ВАҲ. 11:15

22- ҚЎШИҚ Шоҳлик ерга ҳам келсин!

БУ МАҚОЛАДА a

1. Нимага аминмиз ва нега?

 ДУНЁДАГИ аҳволни кузатиб ижобий нуқтаи назарни сақлаш қийин бўляптими? Оила аъзоларнинг бир-бирига бўлган севгиси совияпти. Одамлар кундан-кунга зўравон ва худбин бўлиб кетяпти. Кўпчиликнинг ҳокимиятга бўлган ишончи камайяпти. Лекин бу воқеалар сизга ишонч бахш этиши мумкин. Нега? Чунки Муқаддас Китобда башорат қилинганидек «охирзамонда» одамлар шундай бўлади. (2 Тим. 3:1–5) Мазкур башорат амалга ошаётганини ҳеч бир инсон инкор эта олмайди. Бу Худонинг Шоҳлигида Исо ҳукм суришни бошлаганининг далилидир. Аммо бу, Шоҳлик ҳақидаги башоратлардан биргинаси, холос. Сўнгги йилларда амалга ошган бошқа башоратларга диққат қаратиш имонимизни мустаҳкамлайди.

Дониёр ҳамда Ваҳий китобларидаги башоратлар мозаика бўлаклари каби бир-бирига мос бўлиб, битта расмни ҳосил қилади ва ҳозир қайси башорат амалга ошаётган даврда яшаётганимизни аниқлашга ёрдам беради (2- хатбошига қаранг.)

2. Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз ва нега? (Муқовадаги расмга шарҳ беринг.)

2 Бу мақолада 1) Шоҳлик қачон ўрнатилганини билишга кўмаклашадиган башоратни, 2) Исо Шоҳ сифатида ҳозир бўлганини аниқлашга ёрдам берадиган ва 3) Худо Шоҳлигининг душманлари йўқ бўлиши ҳақидаги башоратларни муҳокама қиламиз. Ушбу башоратлар мозаика бўлаклари каби бир-бирига мос бўлиб, битта расмни ҳосил қилишини кўриб чиқамиз. Бу расм ҳозир қайси башорат амалга ошаётган даврда яшаётганимизни аниқлашга ёрдам беради.

ХУДО ШОҲЛИГИНИНГ ЎРНАТИЛИШИ

3. Дониёр 7:13, 14 бизни нимага ишонтиряпти?

3 Дониёр 7:13, 14 даги башорат Исо Масиҳ Худонинг Шоҳлигида энг яхши Шоҳ бўлишига бизни ишонтиряпти. Барча халқлардан бўлган инсонлар унга қувонч ила «хизмат қилади» ва унинг ўрнига ҳеч қачон бошқа шоҳ тайинланмайди. Дониёр китобининг бошқа бир оятида етти давр деб номланган пайтнинг охирида Исо Шоҳ сифатида бошқаришни бошлаши башорат қилинган. Бу ҳодиса айнан қачон содир бўлганини аниқлашнинг иложи борми?

4. Қандай қилиб Дониёр 4:10–17 Исо айнан қайси йили Шоҳ этиб тайинланганини аниқлашимизга кўмаклашади? (Изоҳга ҳам қаранг.)

4 Дониёр 4:10–17 ни ўқинг. «Етти давр» 2 520 йилдан иборат пайтни англатади. У мил. авв. 607 йили бошланган. Ўшанда бобилликлар Яҳова Қуддусда тайинлаган охирги шоҳни тахтдан туширишган. Мил. 1914 йилнинг охирида эса Яҳова «қонуний ҳуқуқи бор» Исо Масиҳни Самовий Шоҳликда Шоҳ этиб тайинлаган b. (Ҳиз. 21:25–27)

5. «Етти давр» ҳақидаги башоратдан қандай фойда олишимиз мумкин?

5 Бу башоратнинг фойдаси. «Етти давр» ҳақидаги башоратни яхши тушуниш Яҳованинг барча ваъдалари ўз вақтида амалга ошишига бизни ишонтиради. У Шоҳлигини аниқ вақтда ўрнатгани каби бошқа башоратларни ҳам Ўзи белгилаган вақтда амалга оширади. Ҳа, Яҳованинг куни «кечикмайди!» (Хаб. 2:3)

ИСО МАСИҲНИНГ ШОҲ СИФАТИДА ҲОЗИР БЎЛИШИ

6. а) Исо осмонда бошқараётганини кўрсатувчи қандай далил мавжуд? б) Ушбу далилни Ваҳий 6:2–8 даги башорат қандай тасдиқламоқда?

6 Ердаги хизматининг охирги кунларида Исо дунёда содир бўладиган ҳодисаларни башорат қилган. Улар издошларига у осмонда бошқаришни бошлаганини билишга ёрдам берарди. Масалан, Исо урушлар, озиқ-овқат етишмовчилиги ва зилзилалар ҳақида айтган. Қолаверса, «бир жойда, кейин бошқа жойда» ўлатлар ёки касалликлар бўлишини ҳам башорат қилган. COVID-19 пандемияси бунинг яққол исботидир. Муқаддас Китобга кўра, ушбу ҳодисалар Масиҳ ҳозир бўлишининг «белгисига» киради. (Мат. 24:3, 7; Луқо 21:7, 10, 11) Исо ўлганидан ва осмонга қайтганидан 60 йилдан кўпроқ вақт ўтгач, ҳаворий Юҳаннога ушбу воқеалар содир бўлиши борасида қўшимча далиллар берган. (Ваҳий 6:2–8 ни ўқинг.) Ушбу барча ҳодисалар Исо осмонда 1914 йили Шоҳ этиб тайинланганидан бери содир бўляпти.

7. Нега Исо Шоҳ бўлганидан бери ер юзидаги аҳвол оғирлашди?

7 Нега дунёдаги аҳвол Исо Шоҳ бўлганидан кейин оғирлашди? Ваҳий 6:2 да муҳим бир тафсилот келтирилган, яъни Исо Худонинг Шоҳлигида ҳукм суришни бошлагач, биринчи навбатда жанг қилди. Қизиқ, ким билан? Иблис ва унинг жинлари билан. Ваҳий 12- бобга кўра, Шайтон мағлуб бўлди ва жинлари билан ер юзига отилди. Бунинг дастидан ернинг «ҳолига вой» бўлди. Сабаби Шайтон қаҳр-ғазабга миниб, одамларга ҳужум қиляпти. (Ваҳий 12:7–12)

Ҳозирги ёмон аҳволни кўриб сиқиляпмиз, лекин Муқаддас Китобдаги башоратлар амалга ошаётганини кўрганимизда, Худонинг Шоҳлиги бошқараётганига амин бўляпмиз (8- хатбошига қаранг.)

8. Шоҳлик ҳақидаги башоратлар амалга ошаётганини кўриш бизга қандай фойда келтиради?

8 Бу башоратнинг фойдаси. Дунёдаги аҳвол ва одамларнинг хулқи сезиларли даражада ўзгариши Исо Шоҳ бўлганини тушунишга кўмаклашяпти. Одамларнинг худбин ва қўпол хатти-ҳаракатларини кўрганимизда сиқилишнинг ўрнига, буларнинг бари Муқаддас Китобдаги башорат тўлиқ амалга ошаётганининг исботи эканини ёдда тутамиз. Ҳа, Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда! (Заб. 37:1) Армагеддон яқинлашгани сари дунёдаги аҳвол тобора оғирлашади. (Марк 13:8; 2 Тим. 3:13) Меҳрибон самовий Отамиз дунёда содир бўлаётган воқеаларнинг сабабини тушунишимизга ёрдам бераётгани учун миннатдормиз!

ДУШМАНЛАРНИНГ ЙЎҚ ҚИЛИНИШИ

9. Дониёр китобидаги башоратда сўнгги жаҳон империяси қандай тасвирланган ва у қачон ҳукмронлик қила бошлаган? (Дониёр 2:28, 31–35)

9 Дониёр 2:28, 31–35 ни ўқинг. Ушбу башорат бугунги кунда амалга ошаётганини кўряпмиз. Навуходоносорнинг тушида Масиҳ ҳукмронлик қилишни бошлаганидан сўнг «охирги кунларда» нима юз бериши очиб берилган. Исонинг ердаги душманларига Муқаддас Китобда айтилган охирги жаҳон империяси ҳам киради. У «темир ва лойдан бўлган оёқ панжалари» сифатида тасвирланган. Ушбу жаҳон империяси аллақачон мавжуд. Биринчи жаҳон уруши пайтида Буюк Британия ва Қўшма Штатлар ўзгача бирлашма, яъни Англия-Америка иттифоқини тузганда, у ҳукмронлик қила бошлаган. Шунингдек, Навуходоносорнинг ҳайкал ҳақидаги тушида бу жаҳон империясининг олдингиларидан қандай иккита фарқли томони борлиги кўрсатилган.

10. а) Дониёрнинг башоратидан Англия-Америка иттифоқи ҳақида нимани билиб оляпмиз? б) Нимадан эҳтиёт бўлишимиз лозим? (« Лойдан огоҳ бўлинг!» номли рамкага қаранг.)

10 Биринчидан, бошқа жаҳон империяларидан фарқли равишда Англия-Америка иттифоқи олтин ёки кумуш каби металл эмас, балки темир ва лой қоришмаси сифатида тасвирланган. Лой «одамзод»ни, яъни оддий халқни билдиради. (Дон. 2:43, изоҳ) Бугунги кунда одамлар сайловларда иштирок этиши, фуқаролик ҳуқуқлари учун курашиши, қўзғолонлар кўтариши ва иш жойларида ўз ҳуқуқларини талаб қилиши туфайли ушбу жаҳон империяси ўзи хоҳлаган нарсани амалга оширишга қийналяпти.

11. Англия-Америка жаҳон империясининг бошқараётгани охирзамонда яшаётганимизга бизни қай йўсин ишонтиряпти?

11 Иккинчидан, баҳайбат ҳайкалнинг оёқ панжалари сифатида тасвирланган Англия-Америка жаҳон империяси Муқаддас Китобда башорат қилинган сўнгги империя. Ундан кейин бошқа империя бўлмайди. Армагеддонда эса Худонинг Шоҳлиги уни ва бошқа барча ҳукуматларни йўқ қилади c. (Ваҳ. 16:13, 14, 16; 19:19, 20)

12. Дониёрнинг баҳайбат ҳайкал ҳақидаги башоратидан қандай фойда олишимиз мумкин?

12 Бу башоратнинг фойдаси. Дониёрнинг башоратидан охирзамонда яшаётганимизнинг исботини кўришимиз мумкин. 2 500 йилдан зиёд вақт олдин Дониёр Бобилдан кейин тўртта жаҳон империяси Худо халқи устидан бошқаришини башорат қилган. Шунингдек, у Англия-Америка жаҳон империяси охиргиси бўлишини аён қилган. Худонинг Шоҳлиги ер юзидаги барча ҳокимиятларни яқинда йўқ қилиб, бутун ер юзи устидан ҳукмронлик қилишини билиш бизга тасалли ва умид бахш этяпти. (Дон. 2:44)

13. «Саккизинчи подшоҳ» ва «ўнта подшоҳ» ниманинг рамзи ва уларга тегишли башорат қандай амалга ошди? (Ваҳий 17:9–12)

13 Ваҳий 17:9–12 ни ўқинг. Биринчи жаҳон уруши келтирган вайронагарчиликлар Муқаддас Китобдаги охирзамон ҳақидаги бошқа башорат амалга ошишига туртки бўлди. Бошлиқлар дунёга тинчлик келтирмоқчи бўлишди. Шунинг учун, 1920 йили январда улар Миллатлар Иттифоқи (Миллатлар Лигаси)ни ташкил қилишди. Кейинчалик, унинг ўрнига 1945 йили октябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барпо қилинди. Ушбу ташкилот «саккизинчи подшоҳ» деб номланади. Лекин у жаҳон империяси эмас. Ҳукуматлар бу иттифоқни қўллаб-қувватлагани учунгина у кучга эга. Муқаддас Китобда бу ҳукуматлар мажозий маънода «ўнта подшоҳ» деб аталган.

14, 15. а) Ваҳий 17:3–5 дан Буюк Бобил ҳақида нимани билиб оляпмиз? б) Сохта динни қўллаб-қувватлаётганлар билан нима содир бўляпти?

14 Ваҳий 17:3–5 ни ўқинг. Илоҳий илҳом остида ҳаворий Юҳанно фоҳиша, яъни «Буюк Бобил» ҳақида ваҳий кўрган. У сохта дин империясини билдиради. Ушбу башорат қандай амалга ошган? Сохта дин ташкилотлари узоқ вақт давомида сиёсий кучлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, уларни қўллаб-қувватлаган. Лекин тез орада сиёсий кучлар Яҳова уларнинг «дилига солган фикрни амалга оширишади». Натижаси қандай бўлади? Ушбу сиёсий кучлар, яъни «ўнта подшоҳ» сохта дин ташкилотларига ҳужум қилиб, уларни қириб ташлайди. (Ваҳ. 17:1, 2, 16, 17)

15 Қай йўсин Буюк Бобилнинг охири яқин эканини билсак бўлади? Бу саволга жавоб топиш учун қадимги Бобил шаҳри Фурот дарёси билан қисман ҳимояланганини эсласак бўлади. Ваҳий китобида Буюк Бобилни қўллаб-қувватлаётган миллионлаб инсонлар ҳимоя қиладиган «сувлар» билан солиштирилган. (Ваҳ. 17:15) Аммо у ерда ўша сувлар қуриб қолиши ҳақида ҳам ёзилган. (Ваҳ. 16:12) Бу сохта дин империяси уни қўллаб-қувватлаётган кўпгина тарафдорларини йўқотишини англатади. Мазкур башорат ҳозир амалга ошяпти. Чунки анчагина одамлар сохта динни тарк этиб, муаммоларининг ечимини бошқа жойдан қидиряпти.

16. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мавжудлиги ва Буюк Бобилнинг қулаши ҳақидаги башоратдан қандай фойда олишимиз мумкин?

16 Бу башоратнинг фойдаси. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мавжудлиги ва кўп инсонлар сохта динни қўллаб-қувватлашдан бош тортаётгани охирги кунларда яшаётганимизнинг яна бир исботи. Буюк Бобилнинг рамзий сувлари қуриб боряпти, лекин сохта дин ташкилотлари бунинг натижасида йўқ бўлмайди. Юқорида тилга олинганидай, «ўнта подшоҳ», яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилотини қўллаб-қувватлаётган сиёсий кучлар Яҳова уларнинг «дилига солган фикрни амалга оширишади». Улар тўсатдан сохта динни вайрон қилгани дунёни ҳайратга солади d. (Ваҳ. 18:8–10) Буюк Бобилнинг қулаши дунёни ларзага солиб, кўп қийинчиликлар олиб келиши мумкин. Худонинг хизматчилари қувониши учун камида иккита сабаб бўлади. Анча вақтдан бери Худонинг душмани бўлмиш сохта дин йўқ қилинади ва уларнинг бу ёвуз дунёдан халос бўлиш вақти яқин. (Луқо 21:28)

КЕЛАЖАККА ИШОНЧ БИЛАН КЎЗ ТИКИНГ

17, 18. а) Қай йўсин имонимизни мустаҳкамлашда давом этсак бўлади? б) Кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

17 Дониёр башорат қилганидай, «аниқ билим мўл-кўл бўлади». Бу ростдан ҳам шундай! Замонамизга оид башоратлар ҳақида аниқ тушунчага эга бўлдик. (Дон. 12:4, 9, 10) Ушбу башоратларнинг аниқлиги Яҳовага ҳамда Унинг Каломига нисбатан чуқур эҳтиром ҳиссини уйғотади. (Ишаё 46:10; 55:11) Шунинг учун, Худонинг Каломини қунт билан тадқиқ қилиш ҳамда бошқаларга У билан яқин муносабатларга эга бўлишга ёрдам бериш орқали имонингизни мустаҳкамлашда давом этинг. Яҳова Унга таянганларни ҳимоя қилади ва уларга «битмас-туганмас тинчлик» беради. (Ишаё 26:3)

18 Кейинги мақолада охирзамондаги имонлилар жамоатига тегишли башоратларни кўриб чиқамиз. Ушбу башоратлар биз охирзамонда яшаётганимизнинг қўшимча исботи бўлади. Қолаверса, ҳозир бошқараётган Шоҳимиз Исо садоқатли издошларини йўналтираётганининг яна бир далилига диққат қаратамиз.

61- ҚЎШИҚ Шоҳидлар, жасур бўлинг!

a Тарихдаги энг қизиқарли даврда яшаяпмиз! Ҳозир Худонинг Шоҳлиги бошқаряпти. Бу Муқаддас Китобда кўп марта башорат қилинган. Ушбу мақолада ўша башоратларнинг айримларини кўриб чиқиб, Яҳовага бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз. Қолаверса, бу ҳозир ва яқин келажакда хотиржам бўлишимизга ҳамда Унга таянишимизга кўмаклашади.

b «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг 32- дарси, 4- параграфига қаранг ва jw.org сайтида «Худонинг Шоҳлиги 1914 йили бошқаришни бошлади» номли видеони томоша қилинг.

c Дониёрнинг башорати ҳақида кўпроқ билиб олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 15 июнь сонидаги 14–19- саҳифаларга қаранг.

d Яқин келажакда нима юз бериши ҳақида батафсил маълумот олиш учун «Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда» китобининг (рус) 21- бобига қаранг.