Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бошқаларнинг хатолари сизни қоқинтиришига йўл қўйманг

Бошқаларнинг хатолари сизни қоқинтиришига йўл қўйманг

Кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин. КОЛОС. 3:13

ҚЎШИҚЛАР: 53, 28

1, 2. Худонинг халқи ўсиши борасида Муқаддас Китобда нималар каромат қилинган?

ТАНГРИ ЯҲОВАНИНГ ердаги содиқ хизматчилари, яъни Шоҳидлари туфайли ўзгача бир ташкилот юзага келди. Гарчи бу ташкилот номукаммал ва хато қилиб турадиган одамлардан иборат бўлса-да, муқаддас руҳ ёрдамида Худонинг умумжаҳон жамоати ўсиб, гуллаб-яшнамоқда. Келинг, Яҳова Ўзининг номукаммал, лекин шу билан бирга тиришқоқ бўлган халқига қандай баракалар ёғдирганининг бир нечта мисолини кўриб чиқайлик.

2 Охирзамон 1914 йилда бошланганида, ер юзида Аллоҳнинг хизматчилари саноқли эди. Аммо Яҳова ваъзгўйлик фаолиятига барака берди. Натижада, миллионлаб кишилар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билиб олиб, Яҳованинг Шоҳидлари бўлишди. Аслида, бундай мисли кўрилмаган ўсиш ҳақида Яҳова қуйидагича башорат қилганди: «Энг кичик одамингдан мингта одам чиқади, энг заиф одамингдан кучли халқ пайдо бўлади». (Ишаё 60:22) Мазкур башорат ушбу охирги кунларда амалга ошяпти. Шу сабабли, Худонинг ер юзидаги халқининг сони дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг аҳолисидан анча юқорироқдир.

3. Қай йўсин Яҳованинг хизматчилари севгини намоён этишган?

3 Шунингдек, ушбу пайт давомида Яҳова халқига Ўзининг асосий фазилати саналмиш севгини юксакроқ даражада ривожлантиришга кўмаклашган. (1 Юҳан. 4:8) Аллоҳнинг севгисига тақлид қилган Исо алайҳиссалом издошларига шундай деб айтганди: «Мен сизларга янги амр беряпман: бир-бирингизни севинглар. [...] Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади». (Юҳан. 13:34, 35) Ҳатто жаҳон миқёсидаги аёвсиз урушлар халқларни ўз домига тортганида ҳам, Худонинг халқи бир-бирига бундай севгини кўрсатган. Масалан, Иккинчи жаҳон урушида 55 миллионга яқин одам ҳалок бўлган. Бироқ Яҳованинг Шоҳидлари бу оммавий қирғинда қатнашишмаган. (Михо 4:1, 3 ни ўқинг.) Шу туфайли улар ўзларини «бирон-бир инсоннинг қони тўкилишида айбдор» бўлишдан асрашган. (Ҳавор. 20:26)

4. Нималарга қарамай, Яҳова Шоҳидларининг сони ўсиб боряпти?

4 Гарчи Худонинг халқига «ушбу замонанинг худоси» Шайтон душманлик қилаётган бўлса-да, уларнинг сони барибир ўсиб боряпти. (2 Кор. 4:4) Шайтон оммавий ахборот воситаларини ҳам, бу дунёнинг сиёсий кучларини ҳам ўз назорати остига олган. Лекин хушхабарнинг ёйилишини у ҳечам тўхтата олмаяпти. Шайтон вақти оз қолганини билиб, одамларни ҳақ топинишдан қайтаришга уриняпти ва бу учун турли усуллардан фойдаланяпти. (Ваҳ. 12:12)

САДОҚАТНИНГ СИНАЛИШИ

5. Нега бошқалар гоҳида дилимизни оғритиб қўйишлари мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

5 Масиҳийлар жамоатида Аллоҳни ва бошқа одамларни севиш муҳим эканига алоҳида эътибор қаратилади. Исо бундай севгини намоён этиш кераклиги ҳақида айтганди. Қайси амр энг муҳим экани тўғрисидаги саволга жавобан у: «“Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев”. Бу биринчи ва энг муҳим амрдир. Иккинчиси эса унга ўхшаш: “Яқинингни ўзингни севгандай сев”»,— деганди. (Мат. 22:35–39) Лекин шу билан бирга, Муқаддас Китобда Одамато гуноҳ қилгани дастидан ҳаммамиз номукаммал бўлиб туғилганимиз борасида ҳам айтилган. (Римликларга 5:12, 19 ни ўқинг.) Шундай экан, баъзида имондошларимиз гаплари ё хатти-ҳаракатлари билан дилимизни оғритиб қўйишлари мумкин. Ўшанда Яҳовага ва Унинг халқига бўлган севгимиз синалади. Хўш, бундай вазиятларда ўзимизни қандай тутамиз? Ўтмишда ҳам Худонинг садоқатли хизматчилари сўзлари ёки ишлари билан бошқаларнинг кўнглини оғритишган. Келинг, бу ҳақда Муқаддас Китобда нима дейилганини кўриб чиқайлик.

Элахнинг даврида яшаб, ўғилларининг қилмишларини ўз кўзингиз билан кўриш сизга қандай таъсир қиларди? (6- хатбошига қ.)

6. Қайси вазиятда Элах сусткашлик қилди?

6 Мисол учун, олий руҳоний Элахнинг иккала ўғли ҳам Яҳованинг қонунларига бўйсунмаган. Аллоҳнинг Каломида: «Элахнинг ўғиллари ярамас йигитлар эдилар. Улар Эгамизни ҳурмат қилмасдилар»,— деган сўзларни ўқиймиз. (1 Шоҳ. 2:12) Гарчанд отаси ҳақ топинишни олға суришда муҳим ўрин эгаллаган бўлса-да, ўғиллари ниҳоятда оғир гуноҳлар содир этишган. Элах бу ҳақда биларди ва ўғилларини жазолаши керак эди, аммо у сусткашлик қилди. Охир-оқибатда, Худо Элахнинг хонадонини жазолади. (1 Шоҳ. 3:10–14) Кейинчалик Аллоҳ унинг авлодларини олий руҳоний бўлиб хизмат қилиш шарафидан маҳрум этди. Агар сиз Элахнинг даврида яшаганингизда, у ўғилларининг гуноҳларига бефарқ бўлганини кўриш сизга қандай таъсир қиларди? Бу сизни қоқинтириб, Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатишига йўл қўярмидингиз?

7. Довуд қандай жиддий гуноҳ қилган ва Яҳова бунга қандай муносабат билдирган?

7 Яҳова Довудни яхши кўрарди ва у ҳақда: «Мен кўнглимдагидек бир одамни... топдим»,— деб айтганди. (1 Шоҳ. 13:13, 14; Ҳавор. 13:22) Лекин кейинчалик Довуд Ботшева билан зино қилди ва оқибатда у ҳомиладор бўлиб қолди. Бу, Ботшеванинг эри Уриё жангда бўлганида юз берди. Уриё бироз вақтга жангдан қайтганида эса, Довуд уни Ботшева билан бирга бўлиши учун уйига жўнатди. Чунки Довуднинг фикрича, шу ҳолдагина бошқалар Уриёни боланинг отаси деб ҳисоблашлари мумкин эди. Бироқ Уриё шоҳнинг айтганларини қилмади ва Довуд уни жангда ўлдиришларини режалаштирди. Бу қилмишлари дастидан Довуднинг ва хонадонининг бошига кулфатлар ёғилди. Ҳа, Довуднинг гуноҳи унга қимматга тушди! (2 Шоҳ. 12:9–12) Аммо шунга қарамай, Яҳова Довудга раҳм-шафқат қилиб, уни кечирди. Сабаби, Довуд умуман олганда ҳаёти давомида Аллоҳнинг олдида «софдиллик» ила юрарди. (3 Шоҳ. 9:4) Борди-ю, ўша пайтда яшаганингизда, Довуднинг гуноҳига нисбатан қандай муносабатда бўлардингиз? Унинг бундай хатти-ҳаракати сизни қоқинтирармиди?

8. а) Қандай қилиб ҳаворий Бутрус айтган гапида тура олмади? б) Нега Бутрус хато қилганидан кейин ҳам Яҳова ундан фойдаланишда давом этган?

8 Келинг, энди ҳаворий Бутруснинг мисолига эътибор қаратайлик. Исо уни ҳаворийларидан бири сифатида танлаган. Лекин шунга қарамай, Бутрус гоҳида ножўя сўзлар айтиб, нотўғри ишлар қилган ва кейинчалик ўзи бундан пушаймон бўлган. Мисол учун, Исога қийин бўлган дамларда ҳаворийлар уни ташлаб кетишган. Бундан олдин эса Бутрус, бошқалар Исодан юз ўгирса ҳам, у бундай қилмаслигини айтган. (Марк 14:27–31, 50) Ҳолбуки, Исони ҳибсга олишганида, ҳамма ҳаворийлар, жумладан Бутрус ҳам, уни тарк этишган. Бутрус ҳатто Исони танимайман, деб ундан қайта-қайта тонган. (Марк 14:53, 54, 66–72) Бироқ Бутрус бундан қаттиқ афсуслангани учун, Яҳова уни кечириб, ундан фойдаланишда давом этган. Мабодо ўшанда Исонинг шогирди бўлганингизда, Бутрус бундай йўл тутгани Яҳовага бўлган садоқатингизга таъсир қилармиди?

9. Нега Аллоҳ доим адолатли эканига ишончингиз комил?

9 Юқорида бошқаларнинг кўнглини оғритганларнинг фақат бир нечта мисолини кўриб чиқдик. Бунга ўтмишдаги ва бугунги кундаги бошқа мисолларни ҳам келтирса бўлади. Улардан айримлари Яҳовага хизмат қила туриб, гуноҳ содир этишган ва бу билан бошқаларнинг дилига озор етказишган. Бундай вазиятга дуч келсангиз, ўзингизни қандай тутасиз? Бошқаларнинг хатолари сизни қоқинтиришига йўл қўйиб, Яҳова ҳамда унинг халқидан, чунончи, жамоатингиздаги имондошлардан юз ўгирасизми? Ёхуд гуноҳкорлар тавба қилиши учун Яҳова уларга вақт беришига ва охир-оқибат ёвузликни йўқ қилиб, адолат ўрнатишига ишонасизми? Бошқа томондан, жиддий гуноҳ қилганларнинг баъзилари Яҳованинг иноятини инкор этишади ва тавба қилишмайди. Шу каби вазиятларда ҳам Яҳова гуноҳкорларни ўз вақтида жазолашига ва ҳатто уларни жамоатдан четлатишига аминмисиз?

САДОҚАТЛИ ҚОЛИНГ

10. Яҳудо Ишқариёт ва Бутруснинг хатолари борасида Исо қандай хулосага келган?

10 Муқаддас Китобда, атрофдагиларнинг жиддий хатоларига қарамай, Яҳовага ҳамда Унинг халқига садоқатни сақлаган талайгина одамларнинг ўрнаги ҳақида ўқишимиз мумкин. Масалан, Исо кечаси билан Отасига ибодат қилгандан сўнг, 12 та ҳаворийсини танлаган. Яҳудо Ишқариёт улардан бири бўлган. Исо на Яҳудонинг хиёнат қилиши, на Бутруснинг ундан тониши Отаси Яҳова билан бўлган муносабатларига путур етказишига йўл қўймаган. (Луқо 6:12–16; 22:2–6, 31, 32) Бундай хатти-ҳаракатларда Яҳовани ёки Унинг хизматчиларини айблаш нотўғри эканини Исо билган. Шунинг учун, баъзи издошлари уни ранжитишганига қарамай, Исо ўзининг ажойиб ишини давом эттирган. Натижада, Яҳова уни тирилтириб мукофотлаган ва шу йўсин унга самовий Шоҳликнинг Подшоҳи бўлишга йўл очиб берган. (Мат. 28:7, 18–20)

11. Яҳованинг бугунги хизматчилари тўғрисида Муқаддас Китобда нималар дейилган?

11 Исонинг ўрнаги бизни Яҳовага ҳамда Унинг халқига содиқ бўлишга ўргатяпти ва бундай қилишга бизда кўпгина сабаблар бор. Дарҳақиқат, шу охирзамонда Яҳова хизматчилари орқали амалга ошираётган ишларни кўриб, ҳайратда қоласан киши! Яҳова якдил халқига йўл-йўриқ бериб, уларга жаҳон бўйлаб ҳақиқатни ваъз қилишга кўмаклашяпти ва бугунги кунда бу ишни фақат улар бажаришяпти. Ишаё 65:14 да Худонинг халқи орасида бўладиган хурсандчилик ҳақида шундай дейилганди: «Мана, қалблари шодликка тўлиб, Менинг қулларим қўшиқлар куйлайди».

12. Имондошларимизнинг хатоларига қандай нуқтаи назарда бўлишимиз даркор?

12 Яҳованинг Ўзи хизматчиларини йўналтираётгани учун, улар яхшилик қилишдан қувонишяпти. Шайтоннинг ҳукми остидаги одамлар эса, дунёдаги аҳвол ёмонлашгани сайин қайғуга ботяпти. Айрим имондошларимизнинг хатоси туфайли Яҳовани ёки Унинг жамоатини қоралаш нодонлик бўларди. Бунинг ўрнига, Яҳовага садоқатли қолишимиз ва Унинг йўл-йўриқларига амал қилишимиз керак. Шунингдек, бошқаларнинг хатоларига тўғри нуқтаи назарда бўлишни ҳам ўрганишимиз лозим.

ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТАСИЗ?

13, 14. а) Нега бир-биримизга сабрли бўлишимиз керак? б) Қайси ваъдани доимо ёдда сақлашимиз лозим?

13 Худонинг хизматчиларидан кимдир сўзлари ёки ишлари билан дилимизни оғритса, қандай йўл тутишимиз лозим? Бу борада Муқаддас Китобда ажойиб маслаҳат бор: «Жаҳлдор [Аразчи, ЯДТ] бўлмагин, чунки жаҳл нодонларнинг юрагида уй қуради». (Воиз 7:9) Шуни ёдда тутишимиз керакки, Адан боғида одамзод мукаммалликни йўқотганига деярли 6000 йил бўлди. Номукаммал одамлар эса хато қилишга мойил. Шунинг учун, имондошларимиздан бекаму кўстликни кутиш ва уларнинг хатолари бизни Худонинг халқи бўлиш бахтидан маҳрум қилишига йўл қўйиш нотўғридир. Энг ёмони эса, бошқаларнинг хатолари дастидан қоқиниш ва Яҳованинг ташкилотидан кетишдир. Агар бунга йўл қўйсак, нафақат Худонинг иродасини бажариш шарафидан, балки янги дунёда яшаш умидидан ҳам айриламиз.

14 Қувонч ва умидни йўқотмаслик учун, Тангри Яҳованинг мана бу сўзларини қалбларимизга муҳрлайлик: «Қаранг! Янги осмон, янги ер яратяпман. Илгари бўлганлар энди эсланмайди, улар ҳеч қачон ёдга олинмайди». (Ишаё 65:17; 2 Бутр. 3:13) Илоё, ўзгаларнинг хатолари сизни бундай баракалардан айирмасин!

15. Исонинг гапларига кўра, бошқалар хато қилганда ўзимизни қандай тутишимиз керак?

15 Ҳали янги дунёда яшамаётган эканмиз, бошқалар сўзлари ёки ишлари билан кўнглимизни оғритганда, Яҳова биздан нима кутаётгани ҳақида мулоҳаза юритайлик. Келинг, Исонинг қуйидаги сўзларини эсда тутайлик: «Сиз бошқаларнинг хатоларини кечирсангиз, самовий Отангиз ҳам сизларни кечиради. Агар кечирмасангиз, унда Отангиз ҳам хатоларингизни кечирмайди». Масалан, Бутрус: «Биродаримни неча марта кечиришим керак? Етти мартами?» — деб сўраганида, Исо шундай жавоб берган: «Сенга етти марта эмас, етмиш етти марта деяпман». Бу гаплари билан Исо доимо кечиришга тайёр бўлишимиз кераклигини ва буни қилиш жуда муҳим эканини кўрсатган. (Мат. 6:14, 15; 18:21, 22)

16. Юсуф қандай ўрнак қолдирган?

16 Хўш, кимдир бизни ранжитганда, қандай йўл тутишимиз керак? Келинг, Ёқубнинг Роҳиладан туғилган тўнғич ўғли Юсуфнинг ўрнагига эътибор қаратайлик. Отаси Юсуфни кўпроқ яхши кўрарди. Шу боис, ўгай акалари Юсуфни ёмон кўриб, ҳатто қулликка сотиб юборишди. Кўп йиллар ўтгач, Юсуф Мисрда фиръавннинг тушларини таъбир этгани учун фиръавндан кейинги одам бўлди. Очарчилик бўлганида эса, Юсуфнинг акалари озиқ-овқат сотиб олиш мақсадида Мисрга боришади, лекин укасини танишмайди. Юсуф мавқесидан фойдаланиб, акалари унга қилган ёмон муносабати учун, улардан қасос олиши мумкин эди. Лекин у акаларининг муносабати ўзгарган-ўзгармаганини билиш ниятида уларни синайди. Акалари ростдан ҳам ўзгарганини кўриб, Юсуф кимлигини уларга билдиради ва кейинчалик: «Ҳеч хавотирланманглар. Мен сизларни ҳам, бола-чақангизни ҳам озиқ-овқат билан таъминлайман»,— деб айтади. Қолаверса, Муқаддас Китобда: «Шу тариқа, у акаларига тасалли бериб, уларнинг кўнглини кўтарди»,— деб ёзилган жойи ҳам бор. (Ибт. 50:21)

17. Бошқалар хато қилганда, қандай йўл тутасиз?

17 Ҳаммамиз вақти-вақти билан хато қилиб турганимиз боис, бошқаларни ранжитиб қўйишимиз мумкинлигини ёдда тутсак, оқилона бўларди. Агар кимдирни хафа қилганимизни пайқасак, Муқаддас Китобдаги йўл-йўриққа биноан, ўша инсоннинг олдига бориб, у билан ярашиб олишга ҳаракат қилишимиз керак. (Матто 5:23, 24 ни ўқинг.) Бошқалар хатоларимизни кечирганда, улардан миннатдор бўламиз. Шунинг учун, биз ҳам уларни кечиришимиз даркор. Зеро, Колосаликларга 3:13 да шундай ундов бор: «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин. Яҳова сизларни чин дилдан кечирганидек, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар». Устига-устак, 1 Коринфликларга 13:5 да масиҳийлар орасидаги севги «хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмаслиги» ҳақида ёзилган. Агар бошқаларни кечирсак, Яҳова ҳам бизни кечиради. Дарҳақиқат, бошқаларнинг хатоларини кечиришга келганда, раҳмдил Отамиз Яҳовага тақлид қилишимиз зарур! (Забур 102:12–14 ни ўқинг.)