«Ақлингга балли, барака топ!»
ЮҚОРИДАГИ сўзлар қадимги Исроилнинг шоҳи Довуд томонидан унинг йўлида учраган бир аёлга мақтов сифатида айтилганди. Бу аёлнинг исми Обигайл эди. Қизиқ, уни мақташга Довудни нима ундаган ва унинг мисолидан биз қандай сабоқ олишимиз мумкин?
Турмушга чиққан ушбу аёлни Довуд шоҳ Шоулдан қочиб кетаётганида учратади. Обигайл Яҳудонинг жанубидаги тоғли ҳудудда катта подаларини ўтлатган бой киши — Наволга турмушга чиққанди. Довуд ва унинг одамлари Наволнинг чўпонлари ва подаларини «ҳимоя қилишарди». Кейинчалик Довуд хабарчиларни Наволнинг олдига жўнатиб, ундан озиқ-овқат масаласида «қўлидан келганча марҳамат қилиб, ёрдам кўрсатишини» сўрайди. (1 Шоҳ. 25:8, 15, 16) Довуднинг бу илтимоси асосли эди, ахир бундай олиб қарасак, Довуд ва унинг одамлари Наволнинг манфаатларини қанча ҳимоя қилишган!
Наволнинг исми «ақлсиз» деган маънони билдиради ва у ўз исмига яраша ҳаёт кечирган. У Довудга қўпол ва ранжитадиган тарзда жавоб қайтариб, унинг илтимосини рад этади. Шу боис, Довуд Наволга дилни оғритадиган ва бемаъни жавоби учун жазо беришга шайланади. Ҳа, Навол ва унинг хонадони унинг ақлсизлиги учун жазоланишади. (1 Шоҳ. 25:2–13, 21, 22)
Ўйламасдан қилинмоқчи бўлган ҳаракат жиддий оқибатларга олиб келмаслиги учун, Обигайл жасорат ила бу ишга аралашади. У Довудга ҳурмат ила мурожаат қилади ва уни Яҳова билан бўлган муносабатлари ҳақида ўйлашга ундайди. Шунда Обигайл кейинги шоҳ бўлиши керак бўлган Довудга ва унинг одамларига мўл-кўл озуқа тақдим этади. Довуд эса, ўз навбатида, Яҳова уни гуноҳли ишдан асраш учун Обигайлдан фойдаланганини тушунади. Шу сабабли, у Обигайлга қуйидагича дейди: «Ақлингга балли, барака топ! Бугун мени қон тўкишдан... сақлаб қолдинг, бунинг учун сени Худо ёрлақасин». (1 Шоҳ. 25:18, 19, 23–35)
Тўғри, биз ҳеч қачон Навол каби бизга қилинган яхшиликларни унутиб, нонкўр бўлмоқчи эмасмиз. Боз устига, агар вазият таранглашаётганини сезиб, қўлимиздан келганча уни юмшатишга ҳаракат қилсак, оқилона йўл тутган бўламиз. Ҳа, биз ҳам сано бастакори каби Худодан: «Менга донолик, зукколик бергин»,— деб сўрашимиз мумкин. (Заб. 118:66)
Бошқалар хатти-ҳаракатларимизда донолик ёки ақл-идрок намоён бўлганини пайқаб, буни сўзда ифода этмасликлари ҳам мумкин. Лекин ичида Довуд каби: «Ақлингга балли, барака топ!» — деб ўйлашлари ҳеч гап эмас.