Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳова барча қийинчиликларда бизга тасалли беради

Яҳова барча қийинчиликларда бизга тасалли беради

Ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ... барча қайғуларимизда бизга тасалли беради. 2 КОР. 1:3, 4

ҚЎШИҚЛАР: 38, 6

1, 2. Қай йўсин Яҳова бизга қийинчиликларда тасалли бермоқда ва Унинг Каломи бизни нимага ишонтиряпти?

ЁШ бўйдоқ биродаримиз, дейлик унинг исми Эдуардо, ундан каттароқ бўлган уйланган оқсоқол Стивен билан ўз ташвишларини бўлишди. Эдуардо 1 Коринфликларга 7:28 даги «уларнинг [турмуш қурганларнинг] ҳаётида янги қийинчиликлар пайдо бўлади», деган сўзлар устида кўп мулоҳаза юритди ва унда шундай савол туғилибди: «Бу оятда қайси “қийинчиликлар” назарда тутиляпти ва агар уйлансам, уларни қандай енгишим мумкин?» Ушбу саволга жавоб беришдан олдин Стивен Эдуардога ҳаворий Павлуснинг бошқа сўзларини, чунончи, Яҳова «ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ» эканини кўриб чиқишни таклиф қилади. (2 Кор. 1:3, 4)

2 Дарҳақиқат, Яҳова — меҳрибон Отадир ва У қийинчиликларга дуч келганимизда бизга тасалли беради. Эҳтимол, сизга ҳам Аллоҳ Ўз Каломи орқали ёрдам ва йўл-йўриқ бергандир. Яҳова қадимги хизматчилари қатори бизга ҳам фақат яхшилик тилашига ишонсак бўлади. (Еремиё 29:11, 12 ни ўқинг.)

3. Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 Маълумки, агар биз муаммоларимизнинг ёки қийинчиликларимизнинг сабабини аниқласак, уларни енгиш осонроқ кечади. Бу, ўз навбатида, турмуш қуриш ёки оилавий ҳаётга алоқадор қийинчиликларга ҳам тааллуқлидир. Ундай бўлса, қайси вазиятлар ҳаворий Павлус айтиб ўтган «қийинчиликлар»ни пайдо қилиши мумкин? Кераклича тасалли топишда Муқаддас Китобдаги ва бугунги кундаги қайси мисоллар бизга ёрдам бера олади? Мазкур саволларга жавоблар қийинчиликларга қарши курашишимизда кўмаклашади.

ТУРМУШДАГИ ҚИЙИНЧИЛИКЛАР

4, 5. Эр-хотин қандай қийинчиликларга дуч келиши мумкин?

4 Одамзод тарихининг тонгида Аллоҳ шундай сўзларни айтганди: «Эркак киши ота-­онасидан бўлак чиқиб, хотинига боғланиб ­қолади, иккаласи бир тан бўладилар». (Ибт. 2:24) Яҳова буни илк турмушни барпо қилганида айтганди. Лекин барча одамлар номукаммал бўлгани учун, турмуш қуриш ва янги оилани бунёд этиш оиладаги муносабатларни таранглаштириши мумкин. (Рим. 3:23) Масалан, турмушга чиқишдан аввал қиз ота-онасига бўйсуниб яшайди. Аммо турмуш қургандан кейин, Муқаддас Китобга биноан, аёлнинг боши эркак бўлади. (1 Кор. 11:3) Янги турмуш қурганларнинг айримлари учун бунга амал қилиш қийин кечади. Бироқ Худонинг Каломида баён этилганидек, қиз турмушга чиққандан сўнг ота-онасининг эмас, эрининг бошчилигига бўйсуниб яшаши кераклигини тушуниши лозим. Қолаверса, янги келин-куёвнинг иккала томон қариндошлари билан ҳам муносабатлари таранг аҳволга келиб қолиши мумкин ва бу уларга қийинчилик туғдириши эҳтимолдан йироқ эмас.

5 Одатда хотин эрига: «Фарзандли бўла­миз»,— деб айтганидан кейин, оилада ­янги ташвишлар пайдо бўлади. Шунда жуфтлик фарзанд туғилишидан қувониш билан бирга, ҳомиладорлик ёки ундан кейин юзага чиқиши мумкин бўлган соғлиқ муаммоларидан бироз хавотирни ҳам ҳис қилади. Бундан ташқари, эр-хотин ҳозирги ва келажакдаги сарф-харажатларни кўриб чиқиши керак бўлади. Бола дунёга келгач эса, кўпроқ ўзгариш қилишга эҳтиёж туғилади. Бундан буён онанинг вақти ва эътибори янги туғилган чақалоғига ғамхўрлик қилишга қаратилган бўлиши мумкин. Аксарият эрлар рафиқалари фарзанд парвариши билан машғул бўлишгани учун ўзларини ташлаб кетилгандек ҳис қилишади. Бошқа томондан, ота бўлган кишининг зиммасига янги масъулиятлар юкланади. Энди эр оиласининг янги аъзосига ғамхўрлик қилиши ва уни таъминлаши керак бўлгани сабабли, унинг масъулияти ошади.

6–8. Қай тариқа фарзанд кўриш истаги амалга ошмаганидан турмуш ўртоқлар изтироб чекиши мумкин?

6 Айрим оила қурган жуфтликлар бошқа турдаги қийинчиликка дуч келишмоқда: фарзандли бўлишни жудаям исташса ҳам, уларда бола бўлмаяпти. Бундай ҳолда аёл ҳомиладор бўла олмаётганидан кўп изтироб чекиши мумкин. Лекин гап шундаки, на турмуш қуриш, на фарзанд кўриш инсонни ғам-ташвишлардан халос қилмайди. Бироқ болали бўлиш истаги амалга ошмаётгани ҳам ўзгача бир «қийинчиликка» айланиши мумкин. (Ҳик. 13:12) Мисол учун, қадимда бепуштлик кўпинча шармандалик ҳисобланган. Шу боис, Ёқубнинг хотини Роҳила опаси бола туққанини кўриб, эзиларди. (Ибт. 30:1, 2) Катта оилалар одатий бўлган ҳудудларда хизмат қилаётган тўла вақтли махсус ваъзгўйлардан нима учун уларнинг болалари йўқлигини сўраб туришади. Улар бунинг сабабини мантиқан ва хушмуомалалик ила тушунтириб беришларига қарамай, бу одамлар: «Вой, унда сизлар учун дуо қиламиз»,— деб айтишади.

7 Мана бошқа бир мисол. Англиядаги бир опамиз бола кўришни жудаям истаган, аммо бу борада унинг орзу-умидлари рўёбга чиқмаган. Кейинчалик опамизнинг ҳаётида катта ёшга ўтиш даври бошланганида, у унинг орзу-истаги бу дунёда ушалмаслигини тушунган ва бу унга қаттиқ зарба бўлган. Ўшанда опамиз ва унинг турмуш ўртоғи бола асраб олишга қарор қилишган. Шундай бўлса-да, опамиз: «Фарзанд кўриш мен учун ҳалигача армон бўлиб қолмоқда. Чунки ўз фарзандингизни дунёга келтириш ва болани асраб олиш бир хил нарса эмас».

8 Муқаддас Китобда қай йўсин масиҳий ­аёлларни «она бўлиш... ҳимоялаши» ҳақида айтилган. (1 Тим. 2:15) Аммо бу сўзлар ­бола ­туғиш ёки фарзандли бўлиш ўз-ўзидан абадий ҳаётга эриштиришини англатмайди. Қизиқ, унда бу сўзлар остида нима назарда тутилади? Гап шундаки, фарзанд кўрган аёлнинг боласига ва уйдагиларига ғамхўрлик қилиши билан банд бўлиши уни ғийбат қилишдан ва бошқаларнинг ишига бурун суқишдан асрайди. (1 Тим. 5:13) Лекин шунда ҳам аёл киши турмушида ва оиласида қийинчиликларга рўбарў бўлиши мумкин.

Қай йўсин яқин кишининг ўлимига бардош берса бўлади? (9-, 12- хатбошиларига қаранг.)

9. Нима учун турмуш ўртоқнинг вафоти ўзига хос синовдир?

9 Турмуш қуриш билан боғлиқ бўлган, аммо ҳаёлга дарров ҳам келавермайдиган қийинчиликлардан бири — севикли инсонингизнинг вафотидир. Ҳа, умр йўлдошни йўқотиш — кўпларнинг бошига тушган ўзига хос бир синовдир. Бундай бахтсизликни бошдан кечираётган турмуш ўртоқ ушбу замонада шу каби синовга дуч келиш борасида ўйламаган бўлиши мумкин. Масиҳийлар Исонинг келажакда тирилиш бўлиши тўғрисидаги ваъдасига қаттиқ ишонишади. (Юҳан. 5:28, 29) Ҳаёт бўлган турмуш ўртоққа бундай умиднинг нима фойдаси бор? Бу умид унга анча тасалли бахш этади. Зеро, бу — севикли Отамиз синовларга дуч келаётган кишиларга Ўзининг Каломи орқали кўмак ва тасалли беришининг яна бир йўлидир. Келинг, энди Худонинг айрим хизматчилари Яҳова уларга тасалли берганини ўзларида қандай ҳис этишганини ва бундан қандай фойда топишганини кўриб чиқайлик.

СИНОВЛАРГА ДУЧ КЕЛГАНИМИЗДА ТАСАЛЛИ ТОПИШ

10. Қандай қилиб Ханна таскин топди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

10 Элқананинг суюкли хотини Ханна ўзгача бир синовга йўлиқди. Элқананинг бошқа хотини — Панинна унга фарзандлар туғиб берганди, Ханна эса бепушт эди. (1 Шоҳлар 1:4–7 ни ўқинг.) Панинна Ханнани йилдан-йилга мазах қиларди. Бундан Ханнанинг юрак-бағри қон бўларди. Шунда у таскин излаб, Яҳовага ибодатда дилидагини тўкиб соларди. Дарҳақиқат, «Ханна Эгамиз ҳузурида узоқ вақт ибодат қилди». Ханна Яҳова унинг илтимосини бажо келтиради, деб ўйлаганми? Ҳа, у бунга умид қилганди. Қандай бўлмасин, «энди [Ханнанинг] чеҳраси ғамгин эмас эди». (1 Шоҳ. 1:12, 17, 18) Ханна Яҳова унга ўғил беришига ёки бошқача бир тарзда тасалли бахш этишига ишонганди.

11. Қай тариқа ибодат бизга тасалли бахш этади?

11 Осий банда бўлиб, Шайтоннинг назорати остидаги ушбу дунёда яшаяпмиз экан, синовлар ва қийинчиликларга дуч келишимиз тайин. (1 Юҳан. 5:19) Лекин Яҳова «ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ» эканини билиш нақадар ажойибдир! Шахсий қийинчиликлару синовларни енгишда биз, масалан, ибодат орқали ёрдам топишимиз мумкин. Ханна бунга яхши мисолдир, зеро у бор ҳасратини Яҳовага тўкиб солган. Шунга ўхшаб, қийинчиликларга юз тутганимизда, Яҳовага шунчаки туйғуларимизни айтиб ўтиш билан кифояланмай, Унга илтижо қилишимиз керак. Ҳа, биз Яҳовага ички кечинмаларимизни баён этиб, тинмай ва астойдил ибодат қилишимиз даркор. (Филип. 4:6, 7)

12. Бева қолган Аннага қувонч топишга нима ёрдам берган?

12 Қалбимиз бепуштликдан ёки севикли инсонимизнинг ўлимидан яраланган бўладими, биз барибир тасалли топа оламиз. Масалан, Исонинг даврида яшаган Анна исмли пайғамбар аёлнинг мисолини олайлик. У эри билан атиги етти йил яшагандан сўнг бева қолган эди. Муқаддас Китобдаги баёнотда уларнинг фарзандлари бор бўлган-бўлмагани тўғрисида ҳеч нарса ёзилмаган. Лекин Анна 84 ёшга кирган бўлса ҳам, нима билан банд бўлган? Луқо 2:37 да бу борада қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Анна маъбадни ҳеч тарк этмай, рўза тутиб ва тоат-ибодатлар қилиб, туну кун муқаддас хизматни адо этарди». Ҳақиқатдан ҳам, Анна ­Яҳовага топиниб ҳам тасалли, ҳам қувонч топган.

13. Қай йўсин яқин қариндошларимиз бизни ранжитишганида, чин дўстлар бизга тасалли беришлари мумкин?

13 Биродару опа-сингилларимиз билан яқиндан мулоқот қилиб, ўзимиз учун чин дўстлар ва яхши суҳбатдошлар орттирамиз. (Ҳик. 18:24) Мана бир мисол. Паула исмли имондошимиз атиги 5 ёшда бўлганида, онаси ҳақиқатдан кетиб қолди. Паула учун бу синовга дош бериш осон бўлмади. Аммо Пауланинг жамоатидаги Ан исмли опамиз унинг маънавийлиги тўғрисида қайғуриб, унга шахсий қизиқиш кўрсатганида, у анча далда олганди. «Гарчи Ан менга қариндош бўлмаса-да, у менга ғамхўрлик қилиб, ёрдам қўлини чўзди. Бу менга Яҳовага хизмат қилишни давом эттиришга кўмаклашди»,— деб бўлишди Паула. Ҳозир у Яҳовага садоқат ила хизмат қилмоқда. Паула ойиси билан яна елкама-елка битта жамоатда хизмат қилаётганидан ўзини жуда бахтиёр ҳис этмоқда. Ан ҳам хурсанд, чунки у Паула учун маънавий она каби бўлди.

14. Тасалли бераётган кишилар қандай баракаларга эга бўлишлари мумкин?

14 Қизиғи шундаки, бошқаларга севги ила шахсий қизиқиш кўрсатганимизда, айрим салбий ҳис-туйғуларимиздан халос бўлишимиз мумкин. Турмушга чиққан ёки турмушга чиқмаган — ҳамма опа-сингилларимиз Тангрининг хизматдошлари сифатида хушхабарни баҳам кўришдан кўп хурсандчилик топишмоқда. Уларнинг мақсади — Худонинг ­иродасини бажариб, Уни шарафлашдир. Баъзилар ҳатто хизматда қатнашишаётганини шифобахш малҳам деб билишади. Аниқки, ҳар биримиз бошқаларга: хоҳ атрофимиздагиларга, хоҳ жамоатдагиларга ғамхўрлик қилганимизда, жамоатда якдиллик ҳукм суришига ҳисса қўшамиз. (Филип. 2:4) Ҳаворий Павлус бунда яхши ўрнак кўрсатган. У Салоникадаги имондошлари учун «болаларини паҳпаҳлаб боқадиган она» ва маънавий ота каби бўлган. (1 Салоникаликларга 2:7, 11, 12 ни ўқинг.)

ОИЛАГА ТАСАЛЛИ БЕРИШ

15. Ёшларга ҳақиқатни ўргатишга биринчи навбатда ким масъул?

15 Диққатимизга сазовор бўлган бошқа бир соҳа — оилаларга бераётган тасалли ва ёрдамимиздир. Гоҳида янгилар маънан етук ваъзгўйлардан уларнинг фарзандларига Яҳова тўғрисида таълим беришда кўмаклашишларини ёки ҳатто болалари билан тадқиқ ўтказишларини илтимос қилишади. Аллоҳнинг Каломига кўра, ёшларга таълим бериб, уларни тарбиялаш, биринчи навбатда, ота-онанинг масъулиятидир. (Ҳик. 23:22; Эфес. 6:1–4) Тўғри, баъзи ҳолларда бошқалардан ёрдам керак бўлади ва бундай ёрдам юқори қадрланади. Лекин бу туфайли ота-она ўз масъулиятидан озод қилинмайди. Зеро, ота-оналар болалари билан мунтазам мулоқот қилиб туришлари зарур.

16. Бошқаларнинг фарзандларига ёрдам бераётиб, нимани эсда тутиш керак?

16 Агар ота ёки она қайсидир ваъзгўйдан фарзандлари билан тадқиқ ўтишини илтимос қилса, бу ваъзгўй ота-онанинг ўрнини эгаллашдан эҳтиёт бўлиши керак. Баъзида Яҳованинг Шоҳидидан ота-онаси ҳақиқатда бўлмаган болалар билан тадқиқ ўтишни сўрашлари мумкин. Аммо бундай вазиятларда масиҳий шуни ёдда тутиши керакки, маънан ёрдам бераётиб, у фарзанднинг ота-онасидек бўлиб қолмаслиги лозим. Борди-ю, шундай тадқиқ олиб борилаётган бўлса, масиҳий бу тадқиқни фарзандлар яшайдиган уйда ота-онаси ёки бошқа маънан етук масиҳий билан бирга ёки бирон-бир муносиб оммавий жойда ўтказиши оқилонадир. Шунда ҳеч ким нималар бўлаётгани борасида хато фикрга бормайди. Вақт ўтиб, бундай ота-оналардан Худо томонидан уларга берилган масъулиятни бажаришлари, яъни болаларига ўзлари маънан ғамхўрлик қилишлари кутилади.

17. Қай тарзда фарзандлар тасалли манбаи бўла олишади?

17 Ҳақ Худони севишни ва Унинг маслаҳатларига амал қилишни ўрганган ёшлар оиласи учун тасалли манбаи бўла олишади. Қанақасига? Масалан, улар ота-онасига ҳурмат кўрсатишлари ва уларга амалий ёрдам беришлари мумкин. Бундан ташқари, фарзандлар Яҳовага садоқатли қолаётгани ҳам бутун оилага далда бахш этади. Тўфондан олдин Шиснинг авлодидан бўлган Ламех Яҳовага топинган. У ўз ўғли Нуҳ ҳақида қуйидагича айтган: «Эгамиз бу ерни лаънатлаган, энди ерга ишлов берганимизда, оғир ишларимизни шу бола енгиллаштирсин». Ушбу башорат Тўфондан кейин, ердан лаънат олиб ташланганида, амалга ошди. (Ибт. 5:29; 8:21) Бугунги кунда ҳам ҳақ топиниш томонда турган фарзандлар ўз оила аъзоларига ҳозирги синовларга дош беришга ва кейинчалик Тўфондан анча каттароқ миқёсда юз берадиган воқеа пайтида омон қолишга ёрдам бериб, улар учун тасалли манбаи бўла олишади.

18. Синовлар ё қийинчиликларга дуч келишимизга қарамай, жасорат ила бардош қилишимизга нима ёрдам беради?

18 Ибодат, Муқаддас Ёзувлардаги мисоллар устида мулоҳаза юритиш ва Яҳованинг халқи билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳозирнинг ўзида миллионлаб одамларга барча синовларида тасалли топишга кўмаклашмоқда. (Забур 144:18, 19 ни ўқинг.) Шак-шубҳасизки, Яҳова чексиз тасалли манбаи эканини билиш, ҳозир ва келажакда қандай қийинчиликларга дуч келишимиздан қатъи назар, жасорат ила бардош қилишга ёрдам беради.