ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Барча қийинчиликларда таскин топдим
Қадимий Суккур шаҳри, ҳозир Покистон деб номланган мамлакатдаги Ҳинд дарёсининг ғарбий қирғоғида 1929 йили 9 ноябрда дунёга келдим. Ўша пайтларда ота-онамга инглиз забон тўла вақтли махсус ваъзгўй ранг-баранг китоблар берди. Муқаддас Ёзувларга асосланган бу китоблар Яҳованинг Шоҳиди бўлишимга катта ҳисса қўшди.
УШБУ китоблар бамисоли камалак эди. Уларни тадқиқ қилганим сайин улардаги ёрқин суратлар тасаввуримни жунбишга келтирди. Натижада, ўша китобларда ёзилган Муқаддас Ёзувлардаги билимларга нисбатан кичиклигимдан чанқоғим ортди.
Иккинчи жаҳон уруши Ҳиндистонга раҳна солганда, ҳаётим барбод бўлгандай эди. Ота-онам алоҳида яшаб, охири ажрашди. Мен севган икки киши нега бир-бирини тарк этганини ҳеч тушуна олмас эдим. Ўзимни ҳиссан ожиз ва ташлаб кетилгандай ҳис қилардим. Ёлғиз фарзанд бўлганим учун мен жуда ҳам хоҳлаган тасалли ва ёрдамни қаердан топиш мумкинлигини билмас эдим.
Онам билан провинциянинг пойтахти Карочида (Карачи) яшар эдик. Бир куни Фред Хардакер исмли кекса шифокор уйимизга келди у Яҳованинг Шоҳиди эди. Юқорида айтиб ўтилган китобларни берган тўла вақтли махсус ваъзгўй ҳам Яҳованинг Шоҳиди эди. Ўша шифокор онамга Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилди. Онам хоҳламади, лекин менга қизиқ бўлиши мумкинлигини унга айтди. Келаси ҳафта эса биродар Хардакер билан тадқиқ бошладик.
Бир неча ҳафта ўтгач, биродар Хардакернинг шифохонасида ўтган жамоат учрашувларига қатнай бошладим. У ерда Яҳованинг тахминан 12 та ёши улуғ хизматчиси йиғиларди. Улар менга далда бериб, ўғлидай кўришарди. Бу имондошларим бўйим билан тенг бўлиш учун тиззасига ўтиришарди ва яқин дўстидай мен билан суҳбатлашишарди. Ўшанда айнан шунга муҳтож эдим.
Вақт ўтиб, биродар Хардакер мени ваъз қилишга таклиф қилди. У мени фоногрофдан фойдаланишга ўргатди ва биз уни қўллаб Муқаддас Китоб асосидаги қисқа нутқларни қўйиб берардик. Бир нечта нутқ дангал айтилгани учун, хабаримиз уй эгаларининг айримларига ёқмас эди. Лекин одамларга шоҳидлик бераётганимдан завқ олардим. Муқаддас Китобдаги ҳақиқат туфайли ғайратга тўла эдим ва уни бошқаларга айтишни яхши кўрардим.
Япония ҳарбийлари Ҳиндистонга ҳужум қилишга тайёргарлик кўрганда, Буюк Британия ҳукумати Яҳованинг Шоҳидларига янада кучли босим ўтказа бошлади. 1943 йили июлда эса ўзим ҳам таъқибларга дуч келдим. Англикан черковининг руҳонийси бўлган мактаб директори мени «ёмон хулқим» учун мактабдан ҳайдади. У онамга мен Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилаётганим туфайли бошқа ўқувчиларга ёмон ўрнак эканимни айтди. Онам қўрқиб кетиб, Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилишимни тақиқлаб қўйди. Кейин мени кемага ўтқазиб, шимолда жойлашган тахминан 1 370 км узоқликдаги Пешовар шаҳрига, отамнинг олдига юборди. Маънавий озуқа ва мулоқотдан маҳрум бўлганим боис, маънан сусайиб қолдим.
МАЪНАН ТИКЛАНИШ
Мен 1947 йили иш излаб Карочига қайтдим. Ўшанда Хардакер биродарнинг шифохонасига бордим. У мени хурсандчилик ва самимият ила қарши олди.
Мени соғлик масаласи билан келди деб: «Хўш, сизни нима безовта қиляпти?» — дея сўради.
Мен: «Жисмонан касал эмасман, маънан касалман. Менга Муқаддас Китоб тадқиқи керак»,— деб айтдим.
«Қачон бошлашни хоҳлайсиз?» — деди.
«Имкон бўлса, ҳозироқ»,— деб жавоб бердим.
Шундай қилиб, ўша кеча Муқаддас Китоб тадқиқини ажойиб тарзда ўтказдик. Маънавий уйга қайтгандай бўлдим. Онам мен Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилмаслигим учун роса ҳаракат қилди, аммо бу сафар ҳақиқат томонда қолишга қарор қилган эдим. 1947 йили 31 августда ҳаётимни Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмдим. Кўп ўтмай, 17 ёшда доимий кашшоф бўлиб хизмат қила бошладим.
ҚУВОНЧ КЕЛТИРГАН КАШШОФЛИК ХИЗМАТИ
Илк бор мен илгари Буюк Британиянинг ҳарбийлари жойлашган Кветтага тайинландим. 1947 йили мамлакат Ҳиндистон ва Покистонга * бўлинди. Бу туфайли одамлар орасида диний тўқнашувлар авжига чиқди, натижада эса, тарихдаги энг катта кўчиб ўтишлардан бири юз берди. Деярли 14 миллион киши бошқа жойга кўчиб кетди. Ҳиндистондаги мусулмонлар Покистонга, у ердаги ҳинд ва сикҳлар эса Ҳиндистонга кўчиб ўтди. Шундай ўта тартибсизлик бўлган пайтда мен Карочида одам зич бўлган поездга ўтирдим ва Кветтага кетаётган йўлнинг кўп қисмини вагон ташқарисида ўтказишга тўғри келди.
Кветтада, ёши 20 лардан ошган Жорж Сингх исмли махсус кашшоф билан танишдим. У менга эски велосипед берди ва мен уни тепаликлар бор ҳудудларда миниб (ёки итариб) юрардим. Асосан бир ўзим ваъз қилардим. Олти ой мобайнида 17 та тадқиқ ўтказдим ва тадқиқ ўтган одамларнинг айримлари ҳақиқатни қабул қилди. Уларнинг бири Садиқ Меси исмли офицер эди ва у Жорж билан менга Муқаддас Китоб асосидаги баъзи адабиётларни Покистоннинг давлат тили, урду тилига ўгиришга кўмаклашди. Вақт ўтиб, Садиқ биродар хушхабарни ғайрат ила ваъз қиларди.
Кейинчалик Карочига қайтиб, Гилад мактабини битирган ва эндигина у ерга тайинланган Генри Финч ва Гарри Форрест исмли тўла вақтли махсус ваъзгўйлар билан хизмат қилдим. Улар менга хизмат борасида кўпгина ажойиб нарсаларни ўргатди. Бир сафар биродар Финч билан Покистон шимолига бориб ваъз қилдим. Тоғ ёнбағрида жойлашган қишлоқларда урду тилида гапирадиган, ҳақиқатга ташна бўлган кўпгина камтар кишиларни учратдик. Икки йил ўтгач, мени Гилад мактабига таклиф
қилишди. Кейин эса Покистонга тайинландим, у ерда баъзида туман нозири сифатида жамоатларга ташриф буюрардим. Мен Лоҳурда тўла вақтли махсус ваъзгўйлар яшайдиган уйда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган учта биродар билан яшар эдим.ИНҚИРОЗ ВА ТИКЛАНИШ
Минг афсуски, 1954 йили Лоҳурдаги тўла вақтли махсус ваъзгўйлар орасида келишмовчилик юз бергани учун, филиал томонидан бошқа-бошқа жойларга тайинландик. Ўша баҳс-мунозарада тарафкашлик қилганим боис менга маслаҳат берилди. Натижада, руҳим тушди ва ҳатто маънан сусайиб қолдим. Сўнг Карочига қайтдим, кейин эса маънан тикланиш умидида Лондонга (Англия) кўчиб кетдим.
У ердаги жамоатимда Лондондаги Байтилда хизмат қилаётган кўп байтилчилар бор эди. Филиал нозири Прайс Хьюз исмли меҳрибон биродаримиз мени ўз қаноти остига олди. Бир куни у билан суҳбатлашаётганда, дунё бўйлаб ваъзгўйлик ишини назорат қилган биродар Жозеф Рутерфорд унга жиддий маслаҳат берганини айтиб берди. Хьюз акамиз ўзини оқламоқчи бўлганда, биродар Рутерфорд унга қаттиқ танбеҳ берган экан. У буларни табассум ила айтаётганидан ҳайрон эдим. Айтишича, бошида унинг кўнгли тушган экан. Лекин кейинчалик ўша жиддий маслаҳат керак бўлганини ва бу Яҳованинг севгисидан далолат эканини тушунган. (Иброн. 12:6) Айтганлари қалбимга таъсир қилди ва маънан тикланишимга кўмаклашди.
Тахминан ўша пайтда онам Лондонга кўчиб келди ва кейинчалик Етакчи кенгашда хизмат қилган Жон Барр унга Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилганда у рози бўлди. Онам тезда маънан ўсди ва 1957 йили сувга чўмди. Вақт ўтгач, отам ҳам ҳаётдан кўз юмишидан олдин Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ ўтганини билдим.
1958 йили Лондонда яшаган даниялик Лин исмли имондошимизга уйландим. Бир йил ўтиб, барака кўрдик, бешта фарзандимизнинг тўнғичи қизимиз Жейин дунёга келди. Қолаверса, Фулем жамоатида хизмат қилиш шарафига эга бўлдим. Вақт ўтгач, Линнинг заиф соғлиги туфайли иссиқроқ ўлкага кўчишимиз керак эди. Шундай қилиб, 1967 йили биз Аделаидага (Австралия) кўчиб кетдик.
ҚАЛБНИ ТИЛКА-ПОРА ҚИЛГАН ФОЖИА
Аделаидадаги жамоатимизда 12 та ёши улуғ мойланган масиҳий бор эди. Улар ғайрат ила ваъз қиларди. Биз маънавий ишларни тезда ўз йўлига қўйдик.
1979 йили бешинчи фарзандимиз Дениэл дунёга келди. У Даун синдроми * билан туғилди ва бизга у кўп яшамайди деб айтишди. Ҳатто ҳозир ҳам ўшанда ҳис этган оғриқни сўз билан ифодалаш қийин. Дениэлнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун жон куйдирсак-да, бошқа фарзандларимизни ҳам эътибордан четда қолдирмас эдик. Дениэлнинг юрагида иккита тешик бўлгани учун баъзида кислород етишмаганидан кўкариб кетар эди. Шунда уни зудлик билан шифохонага олиб борардик. Бироқ соғлиги заиф бўлишига қарамай, у жуда эсли ва меҳрибон бола эди. Бундан ташқари, у роса маънан чанқоқ эди. Овқат ейишдан олдин оиламиз билан ибодат қилганимизда, у миттигина қўлчаларини бир-бирига қўйиб, бошини эгарди-да, самимият ила «омин» дерди. Шундан кейингина овқат ейишни бошларди.
Дениэл тўрт ёш бўлганида унда ўткир лейкоз (лейкемия, оқ қон) касаллиги ривожланди. Лин иккимиз жисмонан ва ҳиссан эзилиб кетган эдик. Асабларим таранглашиб, ҳиссан жуда ҳам чарчаган эдим. Бир сафар айни сиқилган пайтимизда туман нозири Невилл Бромвич эшигимизни тақиллатди. Ўша тунда у кўз ёшлар ила бизни қучоқлаб олган эди. Барчамиз йиғлаган эдик. Севги ва ҳамдардлик ила айтган сўзлари бизга роса тасалли бахш этди. У бизникидан кечаси соат бирларда кетди. Кўп ўтмай, ўғлимиз Дениэл ҳаётдан кўз юмди. Уни йўқотиш юрагимизни тилка-пора қилган ҳаётимиздаги энг қайғули фожиа эди. Қайғуни ҳам енгдик, лекин ҳеч нарса ҳатто ўлим Дениэлни Яҳованинг севгисидан жудо қила олмайди. (Рим. 8:38, 39) Худонинг янги дунёсида болажонимиз тирилганда у билан бирга бўлишни интиқиб кутяпмиз! (Юҳан. 5:28, 29)
БОШҚАЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШДАН БАХТИЁРМАН
Икки марта оғир фалаж (паралич) бўлдим ва уларни енгиб ўтдим. Бугунги кунда жамоат оқсоқоли сифатида хизмат қилиб келяпман. Ҳаётимда бўлиб ўтган воқеалар туфайли бошқаларга, айниқса муаммолари бор инсонларга нисбатан ҳамдард ва раҳмдил бўлишга ўргандим. Мен уларни ҳукм қилмасликка ҳаракат қиламан. Ўзимдан шундай деб сўрайман: «Ўтмиш уларнинг ҳис-туйғуларию фикрлаш тарзига қандай таъсир қилган? Улар ҳақида қайғураётганимни қандай кўрсата оламан? Қандай қилиб уларни Яҳованинг йўлларидан юришга ундай оламан?» Далдали ташриф қилиш жону дилим! Аслида, бошқаларга тасалли ва маънан далда бериб, ўзим ҳам таскин ва далда оламан.
Сано бастакорининг қуйидаги сўзлари менинг ҳис-туйғуларимни акс эттиради: «Ташвишлар гирдобида қолганимда, [Яҳова] менга тасалли бериб, кўнглимни кўтардинг». (Заб. 94:19) Ҳа, Яҳова мени оилавий қийинчиликларда, диний қаршиликларда, умидларим пучга чиққанида ва руҳан эзилганимда қўллаб-қувватлади. Чиндан ҳам, Яҳова мен учун ҳақиқий Ота бўлди!