Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳовани шарафлаш учун «нурингиз... порлаб турсин»

Яҳовани шарафлаш учун «нурингиз... порлаб турсин»

Нурингиз... инсонлар олдида порлаб турсин, токи улар... осмондаги Отангизни шарафлашсин. МАТ. 5:16

ҚЎШИҚЛАР: 47, 9

1. Хурсанд бўлишимиз учун қандай ўзгача сабаб бор?

ЯҲОВА ШОҲИДЛАРИНИНГ сони ўсаётгани ҳақида эшитиш нақадар ажойибдир! Ўтган йили биз 10 000 000 дан ошиқ Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказдик. Бундан Худонинг хизматчилари нури порлашига йўл қўяётгани аниқ кўринмоқда. Қолаверса, Қутлуғ Кечликка ташриф буюрган миллионлаб қизиқувчилар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Улар Аллоҳ тўловни тақдим этиб, Ўз севгисини намоён этгани тўғрисида билиб олишди. (1 Юҳан. 4:9)

2, 3. а) Қайси тўсқинлик «ёриткичлар сингари порлашимизга» халақит қилмайди? б) Исонинг Матто 5:14–16 даги сўзларига биноан нимани кўриб чиқамиз?

2 Дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари турли тилларда гапиради. Аммо бу якдиллик ила самовий Отамиз Яҳовани шарафлашимизга тўсқинлик қилмайди. (Ваҳ. 7:9) Она тилимиз қандай бўлишидан ва қаерда яшашимиздан қатъи назар, «бу дунёда ёриткичлар сингари» порлашимиз мумкин. (Филип. 2:15)

3 Шу тарзда ўсишимиз, якдилликдан завқ олишимиз ва хушёрликни сақлашга интилишимиз — буларнинг бари Яҳовага шараф келтиради. Ушбу мақолада булар қай йўсин амалга ошаётгани ҳақида гап юритилади. (Матто 5:14–16 ни ўқинг.)

БОШҚАЛАРГА ЯҲОВАГА ТОПИНИШГА КЎМАКЛАШИНГ

4, 5. а) Хизматдан ташқари яна қай йўсин нуримиз порлашига йўл қўямиз? б) Яхши хулқимиз қандай натижа бериши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

4 «Ҳеч бир одам нури порлашига йўл қўймаса, ушбу охирги кунларда Худога садоқатли бўлиб қола олмайди». Мазкур сўзлар «Қўриқчи минораси»нинг 1925 йил 1 июнь сонида (ингл.) чоп этилган «Зулматдаги нур» номли мақоладан олинган. У ерда шунингдек: «Агар одам бошқаларга хушхабарни айтиб нури порлашига йўл қўйса, буни уддалай олади»,— деб ёзилган. Чиндан ҳам, нуримиз порлашига йўл қўйишимизнинг усулларидан бири одамларга хушхабарни етказиб, шогирд тайёрлашдир. (Мат. 28:19, 20) Бундан ташқари, юриш-туришимиз билан ҳам Яҳовага шарафлар келтира оламиз. Кўпгина одамлар ваъз қилаётганимизни кузатади. Дўстона табассумимиз ва илиқ саломлашишимиз ким эканимиз ва қандай Худога топинаётганимиз ҳақида кўп нарсани очиб беради.

5 Исо шогирдларига: «Бирор уйга кирганингизда, хонадон аҳлига салом беринглар»,— деб айтган. (Мат. 10:12) Исо ва ҳаворийлар одатда ваъз қилган ҳудудда бегоналарни уйга таклиф қилиш оддий ҳол эди. Аммо бугунги кунда баъзи жойларда уйга таклиф қилишмайди. Бироқ ижобий ва дўстона муносабатингиз уй эгасининг хавотирларини тарқатиши ёки кўнглини юмшатиши мумкин. Кўпинча ёқимли табассум энг яхши кириш сўзларидир. Имондошларимиз адабиёт ташийдиган аравача билан хизмат қилишганда ҳам бунга амин бўлишган. Сиз ҳам ушбу хизмат турида қатнашаётган бўлсангиз, самимий табассум қилганингизда ва саломлашганингизда одамлар кўпинча ижобий муносабат билдирганини пайқагандирсиз. Бу туфайли улар бизга мурожаат қилиб, адабиётларимиздан бирини олиши ҳам мумкин. Яхши хулқингиз ёрдамида суҳбат бошлай олишингиз ҳеч гап эмас.

6. Қай йўсин кекса бир жуфтлик хизматини кенгайтирди?

6 Англиядаги кекса бир жуфтлик соғлиги билан бўлган муаммолар туфайли уйма-уй хизматда иштирок эта олмас эди. Улар уйининг ёнида нури порлашига қарор қилди. Ота-оналар яқин атрофдаги мактабдан болаларини олиб кетишга келганда бу жуфтлик баъзи адабиётларимизни стол устига қўйиб қўярди. Кўплар қизиқиш билдириб, «Ёшларнинг саволлари. Амалий маслаҳатлар» китобининг 1- ва 2- жилдини ҳамда рисолаларни олди. Жамоатидаги кашшоф имондошимиз бу хизматда уларга қўшилди. Унинг ва жуфтликнинг сидқидилдан қилган ҳаракатлари туфайли ота-оналардан бири Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади.

7. Қочоқларга ёрдам бериш учун нима қилсангиз бўлади?

7 Сўнгги йилларда кўпгина мамлакатларда қочоқлар сони ошиб бормоқда. Бундай инсонларга Яҳова ҳамда Унинг нияти ҳақида билиб олиши учун қандай ёрдам бера оласиз? Бошида уларнинг тилида саломлашишни ўрганишингиз мумкин. JW Language иловаси бунда сизга ёрдамчидир. Қолаверса, уларни қизиқтириши мумкин бўлган бир нечта ибораларни ўрганишингиз мумкин. Шунда уларнинг эътиборини jw.org сайтига қаратишингиз, уларнинг тилида мавжуд бўлган турли видеоларимизни ва адабиётларимизни кўрсатишингиз мумкин. (Қонун. 10:19)

8, 9. а) Йиғилишларда қандай амалий йўл-йўриқ оламиз? б) Қай йўсин ота-оналар фарзандларига жамоат учрашувларида қатнашишларига ёрдам бера олади?

8 Ваъзгўйлик хизматида янада самарали бўлишимиз учун Яҳова севги ила «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувини тақдим этди. Ушбу учрашувда оладиган амалий йўл-йўриқлар кўпларга такрорий ташрифлар қилишда ва Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлашда янада дадил бўлишга ёрдамлашмоқда.

9 Жамоат учрашувларимизга янги келганлар болаларнинг иштирокини кузатади. Ота-оналар, фарзандларингизга ўз сўзлари билан шарҳ беришни ўргатиб, нурлари порлашига ёрдам беринг. Уларнинг оддийгина самимий шарҳлари янги келганларни баъзида ҳақиқатга жалб қилган. (1 Кор. 14:25)

БИРЛИК ПАЙИДАН БЎЛИНГ

10. Бирликни сақлашда оилавий топиниш қандай аҳамиятга эга?

10 Нурингиз порлашига йўл қўйишнинг яна бир усули оилангизда ва жамоатингизда бирлик бўлишига интилишдир. Масалан, ота-оналар оилавий топиниш мунтазам ўтказилишига ғамхўрлик қилиб, буни уддалай олади. Кўплар JW Интернет-телевидениесидаги ойлик кўрсатувни томоша қилади. Мазкур кўрсатувни томоша қилгач, қайси фикрлар сизга асқатишини муҳокама қилсангиз яхши бўларди. Оилавий топиниш пайтида ота-она шуни унутмаслиги керакки, ёш болаларга ва ўсмирларга бериладиган йўл-йўриқлар турлича бўлиши мумкин. Оиланинг ҳар бир аъзоси фойда олишига қўл келадиган маълумот тайёрланг. (Заб. 148:12, 13)

Кекса имондошларимизга қизиқиш кўрсатиш далда бахш этади (11- хатбошига қаранг.)

11–13. Қай йўсин барча жамоатда бирлик бўлишига ва бошқаларга нурини таратишга ҳисса қўша олади?

11 Қандай қилиб ёшлар жамоатда бирлик бўлишига ҳисса қўшишлари ва шу йўсин уларнинг нури порлашига йўл қўйиши мумкин? Борди-ю, ёш бўлсангиз, кекса имондошларингизга қизиқиш кўрсатишни мақсад қила оласизми? Улардан хизмат йилларидаги воқеалар ҳақида айтиб беришини ҳурмат ила сўрашингиз мумкин. Бу сиз учун жуда далдали бўлади. Қолаверса, сизни ҳам, уларни ҳам ҳақиқат нурини янада кўпроқ таратишга ундайди. Бундан ташқари, барчамиз Йиғилиш залига келганларни кутиб олишга интилсак бўлади. Шундай қилиб сиз бирлик пайидан бўласиз ва ташриф буюрганларни нур таратишга ундайсиз. Залга келганларни илиқ табассум ила кутиб олишга ва ҳатто янгиларга жой топишга кўмаклашишга ҳаракат қилишингиз мумкин. Янги келганларни бошқалар билан таништиринг, шунда улар ўзларини уйидагидек ҳис қила олади.

12 Ваъзгўйлик хизмати учрашувини олиб бориш учун тайинланган бўлсангиз, ёши катталарга хизматда қатнашишга ёрдам беришингиз мумкин. Уларга мос келадиган ҳудуд борми? Баъзи ҳолларда уларга жисмонан ёрдам бера оладиган ёшроқ ҳамкорни тайинлашингиз мумкин. Шунингдек, соғлиги ва шароити туфайли имконияти чегараланган имондошларга нисбатан ақл-идрокни намоён этсангиз бўлади. Дарҳақиқат, мулоҳазакор ва фаҳм-фаросатли бўлиб ёш ҳамда кексаларга, тажрибали ва тажрибаси камроқ бўлганларга хушхабарни ғайрат ила ваъз қилишига кўмаклаша оласиз. (Лев. 19:32)

13 Сано бастакори қуйидагича ёзган: «Нақадар яхши ва ёқимлидир биродарларнинг бирликда аҳил яшаши!» (Забур 133:1, 2 ни ўқинг.) Исроилликлар бирга йиғилганда Яҳовага топинадиганлардан катта фойда олишган. Бу бошга қуйиладиган ёқимли мой каби бўлган. Биродару опа-сингиллар орасида бирлик бўлишига ҳисса қўшиб, ижобий таъсир кўрсатишга бел боғлай оласизми? Шундай йўл тутаётган бўлсангиз, бу мақтовларга сазовордир. Буни янада кенгроқ кўламда ва мунтазам қилиш учун «бағрингизни кенг оча» оласизми? (2 Кор. 6:11–13)

14. Яшаётган ҳудудингизда нурингиз порлаши учун нима қила оласиз?

14 Яшаётган ҳудудингизда Муқаддас Китобдаги ҳақиқат нури порлаши учун яна нималар қила оласиз? Меҳр ила айтган сўзларингиз ва ҳаракатларингиз қўшниларингизнинг эътиборини ҳақиқатга жалб қилиши мумкин. Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Қўшниларим мен ҳақимда қандай фикрда? Уй-жойим ва теварак-атрофини озода сақлаб, қўшниларимга яхши таъсир қиляпманми? Бошқаларга ёрдам беришда ташаббускорманми?» Имондошларингиз билан суҳбат қурганда уларнинг меҳрибонлиги ва яхши хулқи қариндош, қўшни, ҳамкорию мактабдошларига қандай таъсир қилгани ҳақида сўранг. Шунда улар қизиқарли воқеалари билан бўлишишлари мумкин. (Эфес. 5:9)

ҲУШЁР ТУРИНГ

15. Нега ҳушёр туриш муҳим?

15 Нуримиз янада кўпроқ порлашига жон куйдирсак, муносабатимиз ҳам ўзгаради. Исо шогирдларини: «Ҳушёр туринг»,— деб қайта-қайта ундаган. (Мат. 24:42, 25:13; 26:41) Албаттаки, «буюк мусибат» ҳали-бери келмайди, яъни мен ҳаётлигимда бўлмайди деб ўйласак, ваъзгўйлик иши шошилинч эканини ҳис этмаймиз. (Мат. 24:21) Агар бундай йўл тутсак, яшайдиган ҳудудимизда олмос каби порлашнинг ўрнига, нуримиз сўниб, охири йўқ бўлиб кетади.

16, 17. Ҳушёр туриш учун нима қила оласиз?

16 Аҳвол оғирлашаётган экан, янада ҳушёр туришимиз зарур. Яҳова маъқул пайтда барчасини амалга оширади. Бунга ҳеч шубҳа йўқ. (Мат. 24:42–44) Шу билан бирга, сабрни ривожлантириб, ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр туринг. Худонинг Каломини кунда ўқиб, ибодат қилишга нисбатан сергак туринг. (1 Бутр. 4:7) Ҳушёрликни йўқотмай қувонаётган ва нурини таратаётган биродару опа-сингилларимизнинг ажойиб мисолларига диққат қаратинг. Бундай мисоллардан бири «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 15 апрель сонининг 18–21- саҳифаларида «Етмиш йил яҳудийнинг кийимидан маҳкам тутиб юрибман» номли мақолада келтирилган.

17 Ҳаётингизни далда бахш этувчи ишларга ва мулоқотга тўлдиринг. Бу сизга улкан қувонч келтиради ҳамда вақт тез ўтиб кетгандай туюлади. (Эфес. 5:16) Бир аср олдин имондошларимиз анчагина ишни бажарди. Аммо бугун Яҳованинг йўл-йўриғига биноан, янада кўпроқ ишни амалга оширяпмиз. Ҳозир нуримиз илгари тасаввур қила олмаган даражада порлаяпти.

Далдали ташрифлар ёрдамида Аллоҳнинг Каломидаги доноликка эриша оламиз (18-, 19- хатбошиларига қаранг.)

18, 19. Қандай қилиб оқсоқоллар саботли ва фаол бўлишимизга ёрдамлаша олади? Мисол келтиринг.

18 Номукаммаллигимиз Яҳовага муносиб тарзда хизмат қилишимизга тўсқинлик қилмаслиги имонимизни мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, Яҳова «ҳадя сифатида» тақдим этган жамоат оқсоқолларини қадрланг. (Эфесликларга 4:8, 11, 12 ни ўқинг.) Оқсоқоллар ташриф буюрганда, уларнинг донолигию маслаҳатидан фойда олишга ҳаракат қилинг.

19 Англиядаги бир жуфтлик муаммолари ҳақида бўлишиш учун иккита оқсоқолга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Хотини эрини етарлича маънавий деб ҳисобламаган эди. Эри ҳам оилавий топинишни мунтазам ўтказмаганини ва яхши таълим бермаганини тан олди. Оқсоқоллар жуфтликнинг эътиборини Исонинг мисолига қаратди. У шогирдлари ва уларнинг эҳтиёжлари ҳақида қайғурган эди. Оқсоқоллар эрини Исога тақлид қилишга, хотинини эса сабрли бўлишга ундади. Қолаверса, улар жуфтликка иккита фарзанди билан мунтазам оилавий топиниш ўтказиш борасида баъзи амалий маслаҳатлар беришди. (Эфес. 5:21–29) Вақт ўтиб оқсоқоллар ўша биродарни қилаётган ҳаракатлари учун мақташди. Улар уни саботли бўлишга ва оиласининг маънавий боши бўлиш учун муқаддас руҳнинг ёрдамига таянишга ундашди. Бу оқсоқолларнинг севги ила кўрсатган қизиқиши ва қўллаб-қувватлагани ўша оилага нурини таратишга кўмаклашди.

20. Нурингизни таратсангиз, бу қандай натижа беради?

20 Сано бастакори: «Яҳовадан қўрқадиган, Унинг йўлларидан юрадиган одам бахтлидир»,— деб куйлаган. (Заб. 128:1) Бошқаларни Худога хизмат қилишга таклиф қилиб, бирлик пайидан бўлиб ва хушёрликни сақлашга интилиб нурингиз порлашига йўл қўйсангиз, катта қувонч топасиз. Бошқалар ҳам ажойиб ишингизни кўриб, самовий Отамизга шарафлар айтади. (Мат. 5:16)