Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Исонинг даврида одамлар қандай солиқлар тўлаши керак эди?

ИСРОИЛЛИКЛАР кўп йиллар давомида ҳақ топинишни қўллаб-қувватлаш учун пул тўлаган. Исонинг даврида яҳудийлар кўплаб солиқларни тўлаши керак эди ва бу уларнинг ҳаётини анча қийинлаштирган.

Муқаддас чодирни ва кейинчалик маъбадни қўллаб-қувватлаш учун вояга етган яҳудий эркак кишиларнинг бари ярим шекел (дидрахма) тўларди. Исонинг даврида ўша солиқ шоҳ Ҳирод қурган маъбад яхши ҳолатда сақланиши ва у ерга қурбонликлар келтирилиши учун ишлатиларди. Баъзи яҳудийлар Бутрусдан: «Исо ҳам бу каби солиқни тўлаяптими?» — деб сўраган ва Исо солиқ тўлаш нотўғри эмаслигини айтган. Дарҳақиқат, у Бутрусга солиқ тўлаш учун тангани қаердан олиш мумкинлигини ҳам айтиб ўтган. (Мат. 17:24–27)

Ўшанда Худонинг халқи ушр ҳам, яъни ҳосил ёки даромадининг ўндан бир қисмини бериши керак эди. (Лев. 27:30–32; Саҳ. 18:26–28) Дин раҳбарлари ҳар бир сабзавот, ҳатто «ялпиз, укроп ва зирадан ушр беришни» талаб қилган. Исо ушр беришни танқид қилмаган, балки уламою фарзийларнинг иккиюзламачилигини қоралаган. (Мат. 23:23)

Ўша пайтда римликлар ҳукм сурарди ва яҳудийлар уларга ҳам анчагина солиқлар тўлаши керак эди. Масалан, ерга эга бўлганлар солиқ сифатида маҳсулотлар бериши ёки пул тўлаши керак эди. Одамлар ҳосилининг бешдан бир қисмини берарди. Ҳар бир яҳудий жон солиғини ҳам тўлаши талаб этиларди. Айнан шу солиқ масаласида фарзийлар Исога савол беришган эди. Солиқ тўлашга қандай нуқтаи назарда бўлишимиз кераклигини кўрсатиб, Исо шундай деган: «Подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар». (Мат. 22:15–22)

Шунингдек, пулли ҳудудга кирадиган ёки ундан чиқадиган маҳсулотларга ҳам бож тўланиши керак эди. Ушбу солиқ шаҳар ё бозорларнинг кираверишида, бандаргоҳ, кўприк ёки чорраҳаларда йиғиларди.

Рим бошқаруви остидаги одамлар учун умумий солиқ тўлаш юки жуда оғир бўлган. Рим тарихчиси Тацитнинг айтишича, Исо ер юзида бўлганида император Тиберийнинг ҳукмронлиги даврида «Сурия ва Яҳудия солиқ тўлашдан чарчаган ва уларни камайтиришни ёлворган».

Солиқларни йиғиб олиш йўли ҳам одамларнинг ҳаётини мураккаблаштирган. Энг кўп пул тўлаган киши солиқчининг ўрнини эгалларди. Кейин у солиқларни йиғиш учун бошқа ишчиларни ёлларди ва уларнинг ҳаммаси ўзи учун фойда олиш илинжида бўларди. Заккай исмли кишининг қўл остида ҳам шу каби солиқчилар ишларди. (Луқо 19:1, 2) Одамлар бундан аччиқлангани ва улардан солиқлар йиққан инсонлардан нафратлангани ажабланарли эмас.