Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

25- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Ушбу кичикларни» ранжитманг

«Ушбу кичикларни» ранжитманг

Ушбу кичикларнинг бирортасини ҳам камситманглар. МАТ. 18:10

113- ҚЎШИҚ Тинчлик — Аллоҳ берган неъмат

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳова ҳар биримиз учун нима қилди?

ХУДОВАНД ЯҲОВА ҳар биримизни Ўзига жалб қилди. (Юҳан. 6:44) Бу нимани англатиши борасида ўйлаб кўринг. Яҳова дунё бўйлаб миллиардлаб одамларни диққат ила кўздан кечирар экан, У сизда қадрли бир нарсани — Уни севишга тайёр бўлган самимий қалбни кўрди. (1 Сол. 28:9) Ҳа, Яҳова сизни билади, тушунади ва севади. Бу жуда далдали!

2. Яҳова ҳар биримизга ғамхўрлик қилаётганини тушунишимиз учун Исо қандай мисол келтирган?

2 Яҳова сизга ғамхўрлик қилади ва барча биродару опа-сингилларингизга ҳам ғамхўрлик қилади. Буни тушунишимиз учун Исо Яҳовани чўпон билан қиёслаган. Агар подадаги 100 та қўйдан биттаси йўқолиб қолса, чўпон нима қилади? «У 99 тасини тоғда қолдириб, йўқолганини излагани» боради. Қўйи топилганида эса, ундан аччиқланмайди, аксинча, севинади. Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Яҳова учун ҳар бир қўзичоғи муҳимдир. Исо шундай деган: «Самовий Отам ҳам, ўша кичикларнинг бирортаси йўқолишини истамайди». (Мат. 18:12–14)

3. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Албатта, ҳеч қайси биродару опа-синглимиз биз туфайли тушкунликка тушишини истамаймиз. Хўш, бошқаларни ранжитишдан қай йўсин қоча оламиз? Борди-ю, кимдир кўнглимизни оғритса, нима қилсак бўлади? Мазкур мақолада ушбу саволларнинг жавобини топамиз. Аввалига, келинг, Матто 18- бобда «ушбу кичиклар» деганда, кимлар назарда тутилгани ҳақида кўпроқ билиб олайлик.

«УШБУ КИЧИКЛАР» КИМЛАР?

4. «Ушбу кичиклар» кимлар?

4 «Ушбу кичиклар» Исонинг барча ёшдаги шогирдларидир. Ёши нечада бўлишидан қатъи назар, улар «жажжи болалардай». Сабаби, улар Исодан таълим олишга тайёр. (Мат. 18:3) Уларнинг келиб чиқиши, маданияти, нуқтаи назари ва шахсияти турлича. Барчаси Исо Масиҳга ишонади. Ўз навбатида, Исо уларни жуда яхши кўради. (Юҳан. 1:12)

5. Яҳова кимдир Унинг хизматчиларидан бирини ранжитса ёки кўнглини оғритса, нималарни ҳис қилади?

5 «Ушбу кичикларнинг» барчаси Яҳова учун қадрлидир. Унинг туйғуларини тушуниш учун бизнинг болаларга бўлган туйғуларимиз ҳақида ўйлаб кўринг. Улар биз учун азиздир ва уларни ҳимоя қилишни истаймиз. Сабаби, болалар катталар каби кучли, тажрибали ва доно эмас. Дарвоқе, бирон ким азоб чекканини кўришни ёқтирмаймиз. Лекин айниқса кимдир болага азоб берса, ранжиймиз, ҳатто жаҳлимиз чиқади. Шунга ўхшаб, Яҳова бизни ҳимояламоқчи ва бирон ким Унинг хизматчиларидан бирини ранжитса ёки кўнглини оғритса, бу Унга ёқмайди, ҳатто жаҳлини чиқаради. (Ишаё 63:9)

6. Бу дунёдаги одамлар Исонинг шогирдларига қандай қарайди? (1 Коринфликларга 1:26–29)

6 Исонинг шогирдларини яна қайси маънода «кичиклар» деб айтса бўлади? Сизнингча, бу дунёда қандай инсонлар муҳим аҳамиятга эга? Бадавлат, машҳур ва ҳокимиятга эга инсонлар. Исонинг шогирдлари эса одатда улардай эмас. Шунинг учун, бу дунёдаги одамлар уларни «кичиклардай» қабул қилади. (1 Коринфликларга 1:26–29 ни ўқинг.) Лекин Яҳова уларга бундай қарамайди.

7. Яҳова биродару опа-сингилларимиз ҳақида қандай фикрда бўлишимизни истайди?

7 Яҳова ҳам Унга кўп йиллардан бери хизмат қилаётган, ҳам ҳақиқатга яқинда келган хизматчиларининг ҳаммасини севади. Биродару опа-сингилларимизнинг барчаси Яҳова учун муҳим экан, улар биз учун ҳам муҳим бўлиши керак. Айримларини эмас, барча «имондошларимизни» севишни истаймиз. (1 Бутр. 2:17) Улар ўзини севимли ҳис этиши учун ҳаракат қилишимиз ва уларни хафа қилишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бирон кимни хафа қилганимиздан ёки ранжитганимиздан хабар топсак, ўша одам ҳамма нарсани кўнглига яқин олар экан, у нуқтаи назарини ўзгартириши керак, деб бунга шунчаки кўз юммаслигимиз даркор. Нега баъзилар хафа бўлиши мумкин? Эҳтимол, бунга уларнинг келиб чиқиши сабабдир ёки айрим биродару опа-сингилларимиз ўзлари ҳақида жуда паст нуқтаи назарда бўлади. Айримлар эса ҳақиқатга яқинда келган ва одамларнинг номукаммаллигига тўғри муносабатда бўлишга ҳали ўрганмаган. Хуллас, сабаби қандай бўлмасин, тинчликни ўрнатиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак. Қолаверса, киши тез-тез хафа бўлишга мойил бўлса, у шахсиятининг ёқимсиз қирраси устида ишлаши кераклигини тушуниши лозим. У буни ўз хотиржамлиги ва бошқаларнинг манфаатини кўзлаб қилиши даркор.

БОШҚАЛАРНИ ЎЗИНГИЗДАН УСТУН ҚЎЙИНГ

8. Исонинг шогирдларига қайси кенг тарқалган нуқтаи назар таъсир қилган?

8 Нима учун Исо «ушбу кичиклар» ҳақида гапирган? Унинг шогирдлари ундан: «Осмон Шоҳлигида ким энг буюк бўлади?» — деб сўраган. (Мат. 18:1) Ўша пайтдаги кўпгина яҳудийлар муайян мавқега ва мансабга эга бўлишни муҳим деб билган. «Одамлар шараф, обрў-эътибор, машҳурлик, иззат-ҳурмат пайида бўлиб яшарди ва ўларди»,— деди бир илоҳиётшунос.

9. Исонинг шогирдлари нима қилиши керак эди?

9 Исо шуни билардики, яҳудийларнинг маданиятига сингиб кетган рақобат руҳини шогирдлари таг-томири билан суғуриб ташлаш учун қаттиқ меҳнат қилиши керак эди. У шогирдларига қуйидагича деди: «Орангизда ким буюк бўлишни истаса, ўзини паст олсин ва бошқарувчи бўлишни хоҳласа, хизматкор бўлсин». (Луқо 22:26) «Бошқаларни ўзимиздан устун қўйсак», ўзимизни «паст олган» бўламиз. (Филип. 2:3) Бундай нуқтаи назарни қанча кўп ривожлантирсак, бошқаларни шунча камроқ ранжитишимиз мумкин.

10. Ҳаворий Павлуснинг қайси маслаҳатини қалбимизга тугиб қўйишимиз керак?

10 Барча биродару опа-сингилларимиз қайсидир жиҳатдан биздан устунроқдир. Уларнинг ёқимли фазилатларига диққат қаратсак, буни тушуниш қийин бўлмайди. Ҳаворий Павлус коринфликларга берган қуйидаги маслаҳатни қалбимизга тугиб қўйишимиз керак: «Ким сизни бошқадан устун қилиб қўйди? Ҳамма нарсани Худодан олмаганмисиз? Агар олган бўлсангиз, унда нега олмаганга ўхшаб мақтаняпсиз?» (1 Кор. 4:7) Бошқаларнинг эътиборини ўзимизга қаратиш ёки ўзимизни бошқалардан устун деб ўйлаш васвасасига доим қарши туришимиз керак. Агар биродар далдали нутқлар сўзласа ёки опамиз кўпгина Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказса, улар барча шарафни Яҳовага қаратиши даркор.

«ЧИН ЮРАКДАН» КЕЧИРИНГ

11. Шоҳ ва қул ҳақидаги Исонинг масалидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

11 Исо бошқаларни ранжитмаслик борасида издошларини огоҳлантирганидан кўп ўтмай, шоҳ ва қул ҳақида масал келтирган. Ўша шоҳ қули ҳеч қачон тўлай олмайдиган пулидан кечган. Кейинроқ ўша қул шеригига берган озгина қарзидан воз кечишни истамаган. Охирида эса шоҳ бераҳм қулни қамоқхонага ташлаган. Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Исо шундай деган: «Сизлар ҳам чин юракдан биродарингизни кечирмасангиз, самовий Отам ҳам сизлар билан худди шундай муомала қилади». (Мат. 18:21–35)

12. Кимнидир кечиришдан бош тортсак, бу бошқаларга қандай таъсир қилади?

12 Қулнинг ҳаракатлари нафақат ўзига, балки бошқаларга ҳам зарар келтирди. Биринчидан, ўша қул шеригига меҳрибонлик ва раҳм-шафқат кўрсатмай, «қарзини тўламагунча уни қамоққа ташлади». Иккинчидан, унинг ишини кўрган бошқа қулларга бу қаттиқ ботди. «Қуллар буни кўриб жуда ранжиди». Шу сингари, бизнинг ишларимиз бошқаларга таъсир қилади. Кимдир бизга ёмон муомала қилаётган бўлса ва биз уни кечиришдан бош тортаётган бўлсак, нима юз бериши мумкин? Биринчидан, биз ўша кишини кечирмасак, назарга илмасак, севгини намоён этмасак, уни ранжитган бўламиз. Иккинчидан, жамоатдагилар ўша киши билан муносабатларимиз нотинч эканини пайқаса, улар ҳам ўзини ноқулай ҳис қилишига сабабчи бўламиз.

Гина-кудурат сақлайсизми ёки чин дилдан кечирасизми? (13- , 14- хатбошиларига қаранг.) *

13. Бир кашшофнинг мисолидан қандай сабоқлар олдингиз?

13 Биродару опа-сингилларимизни кечирганимизда, бундан ўзимиз ҳам, бошқалар ҳам фойда олади. Бир кашшоф шундай вазиятга дуч келди. Келинг, уни Кристл деб атаймиз. Жамоатдаги бир опамиз уни хафа қилиб қўйган эди. Кристл қуйидагича бўлишди: «Баъзида унинг айтган қаттиқ сўзлари кўнглимга пичоқ каби санчилгандай бўларди. Гуруҳ сифатида хизмат қилганимизда, у билан ҳатто битта машинага ўтиришни истамасдим. Ваъзгўйликдаги ғайратим ва қувончим сўна бошлади». Кристл хафа бўлиш учун етарлича асосим бор, деб ўйларди. Лекин у қалбида гина-кудурат сақламади ёки ўзига ачиниб юрмади. У камтарин эди ва «Қўриқчи минораси»нинг 1999 йил 15 октябрь сонидаги «Чин юракдан кечиринг» номли мақоладаги Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатга амал қилди. У ўша имондошини кечирди. Кристл қуйидагича бўлишди: «Шуни англаб етяпманки, барчамиз янги ўзликни кийишга интиляпмиз ва Яҳова бизни чин кўнгилдан ҳар куни кечиряпти. Елкамдан гўёки тоғ ағдарилгандай бўлди. Қолаверса, яна қувончни ҳис этяпман».

14. Матто 18:21, 22 га кўра, Бутрус нима билан курашганга ўхшайди ва Исонинг жавобидан қандай сабоқ олдингиз?

14 Кечиришимиз кераклигини биламиз. Бундай қилиш тўғри, бироқ осон бўлмаслиги мумкин. Ҳаворий Бутрус ҳам баъзида шуни ҳис этгандир. (Матто 18:21, 22 ни ўқинг.) Хўш, бунда нима ёрдам бериши мумкин? Биринчидан, Яҳова сизни қанчалар кўп кечираётгани устида фикр юритинг. (Мат. 18:32, 33) Биз Унинг кечиримига нолойиқмиз, бироқ У бизни чин дилдан кечиряпти. (Заб. 103:8–10) Бундан ташқари, «бир-биримизни севишга бурчлимиз». Шу боис, кечириш ихтиёрий масала эмас. Биродару опа-сингилларимизни кечиришга бурчлимиз. (1 Юҳан. 4:11) Иккинчидан, кечирганимизда нима бўлиши ҳақида мулоҳаза юритинг. Масалан, бизни хафа қилган инсонга ёрдам беришимиз, жамоатда бирлик бўлишига ҳисса қўшишимиз, Яҳова билан дўстлигимизни ҳимоялашимиз ва елкамиздаги юкдан қутулишимиз мумкин. (2 Кор. 2:7; Колос. 3:14) Учинчидан, бизни кечиримли бўлишга ундаётган Шахсга ибодат қилинг. Шайтон биродару опа-сингилларингиз билан бўлган яхши муносабатларингизга путур етказишига йўл қўйманг. (Эфес. 4:26, 27) Шайтоннинг тузоғига тушишни истамасак, Яҳованинг ёрдамига муҳтожмиз.

ХАФА БЎЛМАНГ

15. Имондошимизнинг хатти-ҳаракати кўнглимизни оғритган бўлса, нима қилишимиз керак? (Колосаликларга 3:13)

15 Айтайлик, имондошингизнинг хатти-ҳаракати кўнглингизни оғритди. Хўш, қандай йўл тутишингиз керак? У билан тинчликни ўрнатиш учун қўлингиздан келганича жон куйдиринг. Яҳовага сидқидилдан ибодат қилинг. У ўша кишига барака беришини ва унинг ижобий тарафларини — Яҳова яхши кўрадиган фазилатларини кўришингизга ёрдам беришини сўранг. (Луқо 6:28) Биродарингиз сизга нима қилганини унута олмасангиз, у билан гаплашиб олишнинг энг яхши йўли тўғрисида ўйлаб кўринг. Биродарингиз ҳеч қачон сизни атайин хафа қилмаслиги ҳақида ўйлаш доим яхшидир. (Мат. 5:23, 24; 1 Кор. 13:7) У билан гаплашганда, ниятлари яхши эканини унутманг. Агар у тинчлик ўрнатишни истамаса-чи, унда нима қиласиз? Унга нисбатан «чидамли бўлинг». Биродарингиздан умидингизни узманг. (Колосаликларга 3:13 ни ўқинг.) Энг муҳими, ҳеч қачон ундан ғазабланиб юрманг, чунки бу Яҳова билан бўлган дўстона муносабатларингизга зарар келтириши мумкин. Бирон нима сизни ранжитишига сабаб бўлишига йўл қўйманг. Шу йўсин, Яҳовани ҳар нарсадан кўра кўпроқ севишингизни кўрсатасиз. (Заб. 119:165)

16. Ҳар биримизда қандай масъулият бор?

16 «Бир чўпон» бошқарувидаги «бир сурув» сифатида Яҳовага биродару опа-сингилларимиз билан якдилликда хизмат қилиш шарафини қадрлаймиз. (Юҳан. 10:16) «Яҳованинг иродасини бажараётган ташкилот» китобининг 165- саҳифасида шундай дейилган: «Бу якдилликни сақлашга масъулсиз». Шу боис, «имондошларимизга Яҳованинг нуқтаи назари билан қарашга» интилишимиз керак. Яҳова учун барчамиз қадрли «кичиклармиз». Сиз ҳам биродару опа-сингилларингизга шундай нуқтаи назардамисиз? Яҳова сиз уларга ёрдам бериш ва уларга ғамхўрлик қилиш учун қўлингиздан келганини қилаётганингизни кўряпти ва буни қадрлайди. (Мат. 10:42)

17. Нима қилишга қароримиз қатъий?

17 Имондошларимизни севамиз. Шу боис, уларни ранжитмаслик қароримиз қатъийдир. (Рим. 14:13) Биродару опа-сингилларимизни ўзимиздан устун қўямиз ва чин юракдан кечирамиз. Бошқаларнинг хатти-ҳаракати бизни ранжитишига йўл қўймайлик. Аксинча, келинг, «тинчлик келтирадиган ва бир-биримизни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нарсалар пайида бўлишга» бел боғлайлик. (Рим. 14:19)

130- ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик

^ абз. 5 Номукаммал бўлганимиз учун гапимиз ёки ишимиз билан биродару опа-сингилларимизни ранжитиб қўйишимиз мумкин. Хўш, бундай вазиятда нима қилишимиз керак? Имондошимиз билан тинчликни ўрнатишга жон куйдирамизми? Ундан кечирим сўраймизми? Ёки имондошимиз хафа бўлиб қолган бўлса: «Бу менинг эмас, унинг муаммоси»,— деб ўйлаймизми? Ёхуд бошқаларнинг сўзи ёки иши дастидан ҳадеб хафа бўлиб қоламизми? Ўзимизни оқлаб: «Борим шу»,— деб айтамизми? Ёки ўзгаришимиз кераклигини тушунамизми?

^ абз. 53 РАСМГА ШАРҲ. Бир опамиз жамоатдаги имондошидан ранжиган. Масалани алоҳида гаплашиб олгач, бўлган воқеани унутиб, улар қувонч ила хизмат қилишда давом этяпти.