Ўқувчиларнинг саволлари
Исо туғилганидан кейин нега Юсуф билан Марям Носирага, уйига қайтишнинг ўрнига Байтлаҳмда қолишган?
Муқаддас Китобда бунинг жавоби йўқ. Лекин у ерда уларнинг қарорига эҳтимол, таъсир қилган қизиқарли тафсилотлар келтирилган.
Фаришта Марям ҳомиладор бўлиб, фарзандни дунёга келтиришини айтган. Ўшанда Марям билан Юсуф Жалиладаги Носирада яшашган. (Луқо 1:26–31; 2:4) Кейинчалик Мисрдан қайтгач, улар Носирага келишган. Исо у ерда ўсиб улғайган ва носиралик бўлиб қолган. (Мат. 2:19–23) Шунинг учун ҳам Исо, Юсуф ва Марям ҳақида гап кетганида хаёлимизга Носира шаҳри келади.
Марямнинг Яҳудода яшаган Элисабет исмли қариндоши бўлган. У руҳоний Закариёнинг рафиқаси ва Яҳё пайғамбарнинг онаси эди. (Луқо 1:5, 9, 13, 36) Марям Элисабетникига бориб, у ерда уч ой яшаган. Бундан кейин Марям Носирага қайтган. (Луқо 1:39, 40, 56) Шу сабабли у Яҳудо ҳудудини озмунча билган.
Вақт ўтгач, Юсуф «рўйхатдан ўтказиш» фармонига бўйсунган. У Носирадан «Довуд пайғамбарнинг шаҳри» бўлган ва Масиҳ туғилиши башорат қилинган Байтлаҳмга борган. (Луқо 2:3, 4; 1 Шоҳ. 17:15; 20:6; Михо 5:2) Марям у ерда Исони туққандан кейин Юсуф янги чақалоқ билан узоқ сафарга чиқмасликка қарор қилган. Улар Қуддусдан тахминан 9 километр узоқликда жойлашган Байтлаҳмда қолишган. Бу туфайли улар чақалоғини олиб маъбадга бора олишарди ва қонун бўйича талаб этилган қурбонликни келтира олишарди. (Лев. 12:2, 6–8; Луқо 2:22–24)
Аввалроқ Худонинг фариштаси Марямга унинг ўғли «Довуднинг тахти»га ўтириши ва «шоҳлик» қилишини айтганди. Шунинг учун Юсуф ва Марям Исо Довуднинг шаҳрида туғилиши керак, деб ҳисоблашганми? (Луқо 1:32, 33; 2:11, 17) Балки улар ўша ерда қолиб, Худонинг кейинги топшириғини кутиш доноликдан бўларди, деб ҳисоблашгандир.
Мунажжимлар келгунига қадар улар Байтлаҳмда қанча вақт бўлишганини билмаймиз. Лекин улар ўз уйида яшашган ва уларнинг ўғли чақалоқлик давридан ўтганди. (Мат. 2:11) Ҳойнаҳой, улар Носирага қайтишнинг ўрнига Байтлаҳмда қолиб, у ерда анча вақт яшашган.
Ҳирод Байтлаҳмдаги «икки ёш ва ундан кичик бўлган ҳамма ўғил болаларни» ўлдириш буйруғини берганди. (Мат. 2:16) Лекин фаришта бу ҳақда Юсуфни огоҳлантирган. Шунинг учун у Марям билан Исони олиб, Мисрга қочиб кетган ва Ҳирод ўлмагунига қадар у ерда қолган. Кейинчалик эса у оиласи билан бирга Носирага борган. Нега улар Байтлаҳмга боришмаган? Сабаби, Ҳироднинг шафқатсиз ўғли Архелай Яҳудода бошқараётганди. Қолаверса, фаришта ҳам Юсуфга у ерга бориш хавфли эканини айтганди. У Исони Худонинг ҳақиқий хизматчиси сифатида катта қилиши учун Носира хавфсиз жой эди. (Мат. 2:19–22; 13:55; Луқо 2:39, 52)
Афтидан, Юсуф Исонинг ўлимидан ва осмонда яшаш имконияти пайдо бўлишидан аввал ҳаётдан кўз юмган. Шундай экан, у ер юзида тирилади. Кўплар у билан танишиб, нега у ва Марям Исо туғилганидан кейин Байтлаҳмда қолишганининг кўпроқ сабабини билиб олади.