Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

25- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Оқсоқоллар, Гидўндан ўрнак олинг

Оқсоқоллар, Гидўндан ўрнак олинг

Гидўн... тўғрисида айтиб беришга вақтим етмайди. (ИБРОН. 11:32)

124- ҚЎШИҚ Вафодормиз

БУ МАҚОЛАДА a

1. 1 Бутрус 5:2 га биноан, оқсоқоллар қандай шарафга эга?

 ОҚСОҚОЛЛАРГА Яҳованинг қадрли қўзичоқларига ғамхўрлик қилиш вазифаси ишониб топширилган. Бу художўй кишилар биродару опа-сингилларга хизмат қилиш шарафини қадрлашади ва «чиндан ҳам ғамхўрлик қиладиган» чўпонлар бўлиш учун жон куйдиришади. (Ерм. 23:4; 1 Бутрус 5:2 ни ўқинг.) Ҳа, жамоатларимизда шу каби кишилар борлигидан миннатдормиз!

2. Баъзи оқсоқоллар қандай қийинчиликларга дуч келиши мумкин?

2 Оқсоқоллар масъулиятли вазифаларини бажараётиб, кўп қийинчиликларга дуч келишади. Улар жамоатга ғамхўрлик қилиш учун кўп тер тўкишади. АҚШда яшовчи Тони исмли оқсоқол зиммасига олаётган масъулиятлар борасида ўз ҳаддини билишни ўрганиши лозим эди. У шундай деб бўлишди: «COVID-19 пандемияси бошланганида йиғилишларни ва хизматни ташкиллаштириш учун жуда кўп иш қилишга ҳаракат қилардим. Лекин қанча кўп иш бажармайин улар ҳеч қачон тугамасди. Охир-оқибат, жуда банд бўлганим учун Муқаддас Китоб ўқишга, шахсий тадқиқ ўтказишга ва ибодат қилишга етарлича вақт ажрата олмасдим». Косоводаги Илир исмли оқсоқол бошқа қийинчиликка дуч келган. У уруш бўлаётган ҳудудда бўлганида ташкилотнинг кўрсатмасига бўйсунишга қийналган. У қуйидагича деди: «Филиал менга хавфли ҳудудда яшовчи имондошларга ёрдам беришни таклиф қилганида жасоратим синалган эди. Мен жуда қўрққандим ва бу йўл-йўриқ амалий эмасдай туюлганди». Осиёдаги Тим исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй ҳар куни қилиши керак бўлган ишларни бажаришга улгуришга қийналарди. У: «Баъзида ақлан ва ҳиссан роса чарчардим»,— деб айтди. Бу каби қийинчиликларга дуч келаётган оқсоқолларга нима ёрдам бериши мумкин?

3. Ҳакам Гидўннинг мисолини кўриб чиқиш ҳар биримизга қандай фойда келтириши мумкин?

3 Оқсоқоллар ҳакам Гидўндан ўрнак олишлари мумкин. (Иброн. 6:12; 11:32) У Худонинг халқи учун ҳам ҳимоячи, ҳам чўпон бўлган. (Ҳак. 2:16; 1 Сол. 17:6) Гидўн каби оқсоқоллар ҳам Худонинг халқига қийинчиликлар пайтида ғамхўрлик қилиш учун тайинланган. (Ҳавор. 20:28; 2 Тим. 3:1) Биз ундан ўз ҳаддини билишни, камтаринликни ва итоаткорликни ўрганишимиз мумкин. Вазифаларини бажарган пайтда унинг бардоши синалган. Оқсоқол бўлиб хизмат қиламизми ёки йўқми ҳар биримиз уларга бўлган миннатдорчилигимизни оширишимиз мумкин. Жон-жаҳди билан хизмат қилаётган бу биродарларни қўллаб-қувватлай оламиз. (Иброн. 13:17)

ЎЗ ҲАДДИНИ БИЛИШ ВА КАМТАРЛИК СИНАЛГАНДА

4. Гидўн ўз ҳаддини билганини ва камтарин бўлганини қандай кўрсатган?

4 Гидўн ўз ҳаддини билган ва камтарин бўлган b. Яҳованинг фариштаси Гидўн Исроил халқини қудратли мидиёнликлардан қутқариш учун тайинланганини айтганида, у камтарлик ила: «Ахир Манаше қабиласи ичида менинг хонадоним кичик бўлса, отамнинг уйида ҳам энг кичигиман»,— деган. (Ҳак. 6:15) Гидўн ўзини бу вазифа учун лаёқатсиз ҳис қилган. Аммо Яҳова у нималарга қодир эканини билган. Унинг кўмаги билан Гидўн вазифасини муваффақият ила ўз якунига етказган.

5. Оқсоқолларнинг ўз ҳаддини билиши ва камтарлиги қандай синалиши мумкин?

5 Оқсоқоллар барча нарсада ўз ҳаддини билиш ва камтарликни намоён этиш учун қўлидан келганини қилишади. (Михо 6:8; Ҳавор. 20:18, 19) Улар қобилиятлари ёки бажарган вазифалари билан мақтанишмайди. Шунингдек, улар йўл қўйган баъзи хатолари учун ўзларини арзимас деб ҳисоблашмайди. Лекин айрим пайтларда оқсоқолларнинг камтарлиги ва ўз ҳаддини билиши синалиши ҳеч гап эмас. Масалан, улар зиммасига кўп вазифаларни олишар ва кейин уларни бажаришга қийналишар. Ёки баъзилар бажарган бирон вазифаси учун уларни танқид қилар ё бажарган бошқа вазифаси учун мақтар. Оқсоқолларга бу каби вазиятларда Гидўннинг ўрнаги қай йўсин ёрдам бериши мумкин?

Ўз ҳаддини билган оқсоқол Гидўнга тақлид қилиб, масалан, адабиёт аравачаси билан ваъз қилишни ташкиллаштиришда бошқалардан ёрдам сўрашдан тортинмайди (6- хатбошига қаранг.)

6. Оқсоқоллар ўз ҳаддини билиш борасида Гидўндан нимани ўрганишлари мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

6 Ёрдам сўранг. Гидўн ўз ҳаддини билган ва бошқалардан ёрдам сўрашдан тортинмаган. (Ҳак. 6:27, 35; 7:24) Доно оқсоқоллар ҳам худди шундай йўл тутишади. Юқорида тилга олинган Тони шундай деди: «Олган тарбиям туфайли кучимдан ортиқ вазифаларни бажаришга рози бўлардим. Шунинг учун оилавий топинишда ўз ҳаддини билиш фазилатини кўриб чиқишга қарор қилдим ва хотинимдан фикрлари билан бўлишишини сўрадим. Шунингдек, jw.org сайтидаги “Исо каби бошқаларга таълим беринг, ишонинг ва масъулиятни баҳам кўринг” номли видеони бошқатдан томоша қилдим». Тони бошқалардан ёрдам сўрай бошлади. Бунинг натижаси қандай бўлди? У қуйидагича деди: «Ҳозир жамоатдаги ишлар яхши кетяпти ва Яҳова билан бўлган муносабатларимни яхшилаш учун кўпроқ вақтга эгаман».

7. Танқидга дуч келганда оқсоқоллар Гидўндан қандай сабоқ олишлари мумкин? (Ёқуб 3:13)

7 Сизни танқид қилишганда мулойимлик билан жавоб беринг. Оқсоқоллар танқидга учрашганда яна бир қийинчиликка дуч келишади. Келинг, яна Гидўннинг мисолини эслайлик. Шубҳасизки, у номукаммал эканини билган. Шунинг учун эфрайимликлар уни танқид қилишганида у хотиржамликни сақлаган. (Ҳак. 8:1–3) Гидўн уларга ғазаб ўтида жавоб бермаган. Уларнинг ташвишларини тинглаб, у камтарликни намоён этган ва таранг вазиятни хушмуомалалик билан юмшатган. Доно оқсоқоллар танқидга дуч келишганида, Гидўнга тақлид қилиб диққат ила тинглашади ва мулойимлик ила жавоб беришади. (Ёқуб 3:13 ни ўқинг.) Шу йўсин, улар жамоатда тинчлик бўлишига ҳисса қўшишади.

8. Тайинланган биродарларни мақташганда улар қандай йўл тутишлари лозим? Мисол келтиринг.

8 Барча шарафни Яҳовага қаратинг. Одамлар мидиёнликлар устидан эришилган ғалаба учун Гидўнни улуғлашганида, у уларнинг эътиборини Яҳовага қаратган. (Ҳак. 8:22, 23) Тайинланган биродарлар қай йўсин унга тақлид қилишлари мумкин? Улар қилган барча ишлари учун шарафни Яҳовага қаратишлари лозим. (1 Кор. 4:6, 7) Масалан, кимдир оқсоқолни таълим бериш қобилияти учун мақтаса, у унинг эътиборини йўл-йўриқларнинг манбаи бўлмиш Худонинг Каломига ёки ташкилотимиз барчамизга тақдим этаётган фикрларга қаратса бўлади. Оқсоқоллар «Таълим бераётганда ўзимга керагидан ортиқ диққат қаратмаяпманми?» деган савол устида вақти-вақти билан мулоҳаза юритишлари мумкин. Келинг, Тимоти исмли оқсоқолнинг мисолини кўриб чиқайлик. У оқсоқол этиб тайинлаганида оммавий нутқлар билан чиқишни жуда яхши кўрарди. У шундай бўлишди: «Мен узун ва мураккаб кириш сўзлари ҳамда мисоллардан фойдаланардим. Кўпинча бу учун мени мақташарди. Афсуски, тингловчиларнинг эътибори Каломга ёки Яҳовага эмас, менга қаратиларди». Вақт ўтиб, Тимоти ўзига ҳаддан ортиқ эътибор қаратмаслик учун таълим бериш усулига ўзгариш киритиши кераклигини тушунди. (Ҳик. 27:21) Бу қандай натижа келтирди? Тимоти қуйидагича деди: «Турли биродару опа-сингилларимиз нутқим қай йўсин уларга муаммони енгишга, синовларда бардошли бўлишга ёки Яҳовага яқинлашишга ёрдам берганини айтишади. Бу каби фикрлар йиллар олдин эшитган мақтовларга қараганда кўпроқ қувонч келтиряпти».

ИТОАТКОРЛИК ВА ЖАСОРАТ СИНАЛГАНДА

Гидўн итоаткорлик ила аскарларининг сонини камайтириб, ҳушёр турган 300 та аскарни танлади (9- хатбошига қаранг.)

9. Гидўннинг итоаткорлиги ва жасорати қай йўсин синалган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

9 Гидўн ҳакам этиб тайинлаганидан кейин унинг итоаткорлиги ва жасорати синалган. Унга отасига тегишли Баалнинг қурбонгоҳини синдиришдек хавфли вазифа топширилган. (Ҳак. 6:25, 26) Кейинчалик унга қўшин йиғиб, уларнинг сонини камайтириш икки марта айтилган. (Ҳак. 7:2–7) Сўнг Яҳова унга ярим кечаси душманларнинг қароргоҳига ҳужум қилишни айтган. (Ҳак. 7:9–11)

10. Оқсоқолларнинг итоаткорлиги қай йўсин синалиши мумкин?

10 Оқсоқоллар «бўйсунувчан» бўлишлари лозим. (Ёқб. 3:17) Итоаткор оқсоқол Муқаддас Ёзувлардаги ва ташкилотимиз томонидан берилаётган йўл-йўриқларга бажонидил бўйсунади. Шундай қилиб, у бошқаларга яхши ўрнак кўрсатади. Бунга қарамай, унинг итоаткорлиги синалиши ҳеч гап эмас. Масалан, бундай оқсоқол учун олган йўл-йўриққа амал қилиш қийин бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда у бирон йўл-йўриқ ростдан ҳам амалийми ёки оқилонами, деб ташвишланар. Ё бўлмаса, ундан эркинлигини хавф остига қўйиши мумкин бўлган вазифани бажаришни сўрашар. Хўш, оқсоқоллар бу каби вазиятларда Гидўннинг итоаткорлигига қандай тақлид қилишлари мумкин?

11. Оқсоқолларга итоатли бўлишга нима ёрдам бериши мумкин?

11 Йўл-йўриқни диққат ила тингланг ва унга амал қилинг. Яҳова Гидўнга отасига тегишли қурбонгоҳни қандай синдиришни, Унга аталган янги қурбонгоҳни қаерда қуришни ва қайси ҳайвонларни қурбонликка келтиришни айтган эди. У ортиқча савол бермай Худонинг кўрсатмасига дарров амал қилган. Бугунги кунда оқсоқоллар Яҳованинг ташкилотидан хатлар ва эълонлар орқали кўрсатмалар олишади. Шунингдек, уларга маънавий ва жисмоний соғлигимизга оид қўшимча йўл-йўриқлар тақдим этилади. Ташкилотимизнинг йўл-йўриқларига садоқат ила бўйсунаётган оқсоқолларимизни жуда яхши кўрамиз! Бу бутун жамоатга фойда келтиради. (Заб. 119:112)

12. Ташкилотимизда ўзгаришлар бўлганида оқсоқоллар Ибронийларга 13:17 даги сўзларга қай йўсин амал қила олишади?

12 Мослашишга тайёр бўлинг. Ёдингизда бўлса, Яҳова Гидўнга аскарларнинг деярли ҳаммасини уйга жўнатиб юборишни айтган. (Ҳак. 7:8) Эҳтимол, Гидўн шундай ўйлагандир: «Бундай қилиш шунчалик муҳимми? Бунинг фойдаси бўладими?» Лекин бунга қарамай у бўйсунган. Бугунги кунда ҳам оқсоқоллар Гидўнга тақлид қилиб, ташкилотимиз қандайдир ишларни бошқача қилишни айтганида бўйсунишади. (Ибронийларга 13:17 ни ўқинг.) Мисол учун, 2014 йили Етакчи кенгаш Йиғилиш ва Анжуман залларини қуриш лойиҳаларини моддий жиҳатдан таъминлашга ўзгариш киритди. (2 Кор. 8:12–14) Авваллари ташкилотимиз қурилиш учун жамоатларга қарз берарди, кейин эса улар бу пулни қайтаришарди. Аммо ҳозирда ташкилотимиз дунё бўйлаб барча жамоатларнинг хайр-эҳсонларидан, ҳатто маҳаллий жамоат унча кўп хайр-эҳсон қила олмаса-да, эҳтиёж бор бўлган ерларда Йиғилиш ва Анжуман залларини қуриш учун фойдаланади. Хосе бу ўзгариш ҳақида эшитганида бу қандайдир иш беришидан шубҳаланган ва шундай ўйлаган: «Битта ҳам Йиғилиш зали қурилмайди. Бу бизнинг ҳудудимизда имконсиз». Йўл-йўриққа риоя қилишга Хосега нима ёрдам берган? У шундай деди: «Ҳикматлар 3:5, 6 даги сўзлар Яҳовага ишонишим кераклигини эслатди. Бунинг натижаси ажойиб бўлди. Биз нафақат Йиғилиш залларини қуришни, балки етишмовчиликни тўлдириш учун турли йўллар орқали хайр-эҳсон қилишни ҳам ўргандик».

Фаолиятимиз тақиқланган жойда яшаётган бўлсак ҳам жасорат ила самарали шоҳидлик бера оламиз (13- хатбошига қаранг.)

13. а) Гидўн нимада амин бўлган? б) Оқсоқоллар унга қандай тақлид қилишлари мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

13 Яҳованинг иродасини жасорат ила бажаринг. Гидўн қўрқувларига ҳамда вазифаси хавфли бўлишига қарамай Яҳовага бўйсунган. (Ҳак. 9:17) Яҳова уни қўллаб-қувватлашига ишонтирганидан кейин у Унинг халқини ҳимоя қила олишига тўлиқ амин бўлган. Фаолиятимиз тақиқланган ҳудудлардаги оқсоқоллар Гидўнга тақлид қилишяпти. Улар ҳибсга олиниш, тергов қилиниш, ишдан бўшатилиш ёки бошқа зўравонликларга қарамай йиғилишларни ўтказиш ҳамда ваъзгўйлик хизматини ташкиллаштиришда ғайрат кўрсатишяпти c. Буюк мусибатда оқсоқоллар — қанчалик хавфли бўлмасин олган йўл-йўриқларга бўйсуниш учун жасоратли бўлиши кутилади. Бундай йўл-йўриқлар ҳукм хабарини қандай ваъз қилиш ҳамда Магўг юртидаги Гўгнинг ҳужумидан омон қолиш учун нима қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. (Ҳиз. 38:18; Ваҳ. 16:21)

САБР-БАРДОШ СИНАЛГАНДА

14. Гидўннинг сабр-бардоши қандай синалган?

14 Гидўн ҳакам сифатида жуда кўп ишларни қилиши лозим эди. Кечаси билан давом этган урушдан кейин мидиёнликлар қочганида, Гидўн Йизрил водийсидан то Иордан дарёсигача уларни таъқиб қилган. Эҳтимол, у ер чакалакзор бўлган. (Ҳак. 7:22) Иордан дарёси Гидўнни тўхтатганми? Йўқ. Чарчаганига қарамай, у ҳамда 300 та аскари дарёни кечиб ўтишган ва уларни қувишда давом этишган. Охири улар мидиёнликларни қўлга тушириб, қириб ташлашган. (Ҳак. 8:4–12)

15. Оқсоқолларнинг сабр-бардоши нима туфайли синалиши мумкин?

15 Оқсоқоллар ҳам жамоатга, ҳам оиласига ғамхўрлик қилишгани учун баъзан жисмонан, ақлан ёки ҳиссан чарчашлари мумкин. Бундай пайтларда улар Гидўнга қандай тақлид қила олишади?

Меҳрибон оқсоқоллар ёрдамга муҳтож бўлган кўп имондошларимизни қўллаб-қувватлашади (16-, 17- хатбошиларига қаранг.)

16, 17. Гидўнга сабр-бардошли бўлишга нима ёрдам берган ва оқсоқоллар нимада амин бўлишлари мумкин? (Ишаё 40:28–31) (Расмга ҳам қаранг.)

16 Яҳова сизни мустаҳкамлашига ишонинг. Гидўн Яҳова унга куч беришига ишонган ва умиди пучга чиқмаган. (Ҳак. 6:14, 34) Бир сафар Гидўн ва унинг одамлари, ҳойнаҳой, туяларда қочиб кетаётган мидиёнликларнинг иккита шоҳини таъқиб этишган. (Ҳак. 8:12, 21) Исроилликлар Худонинг ёрдами билан уларни ушлаб олишган ва жангда ғалаба қозонишган. Оқсоқоллар ҳам Яҳовага таянишлари мумкин, чунки «У асло чарчамайди, ҳолдан ҳам тоймайди». У муҳтож бўлганларида уларга куч ато этади. (Ишаё 40:28–31 ни ўқинг.)

17 Келинг, Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмитасида хизмат қилаётган Мэтью исмли биродаримизнинг вазиятини кўриб чиқайлик. Унга сабр-бардошли бўлишга нима ёрдам беряпти? Мэтью қуйидагича бўлишди: «Филиппиликларга 4:13 даги сўзлар чин эканига амин бўлдим. Кўпинча чарчаб, мадорим қуриганида Худога илтижо қилиб, имондошларимни қўллаб-қувватлаш учун менга жисмоний ва ҳиссий куч беришини сўрайман. Бундай пайтларда Яҳованинг муқаддас руҳи менга таъсир қилиб, бардошли бўлишимга ёрдам бераётганини ҳис қиламан». Гидўн каби садоқатли оқсоқолларимиз Худонинг сурувига фидойилик ила чўпонлик қилаётиб, турли тўсиқларга дуч келишлари мумкин. Албатта, улар жисмоний ҳамда ҳиссий имкониятлари чегараланганини тан олишлари ва улар асосида йўл тутишлари керак. Лекин шу билан бирга, улар ёрдам сўраб қилган ибодатларини Яҳова эшитишига ва сабр-бардошли бўлишлари учун куч беришига амин бўлишлари мумкин. (Заб. 116:1; Филип. 2:13)

18. Оқсоқоллар Гидўнга қандай тақлид қилишлари мумкин?

18 Оқсоқоллар Гидўндан кўп нарсани ўрганишлари мумкин. Улар зиммасига қанча кўп вазифа олиш борасида ва бошқалар уларни танқид қилганда ёки мақтаганда ўз ҳаддини билишлари ҳамда камтар бўлишлари керак. Оқсоқоллар ҳозир, айниқса, ушбу замонанинг охири яқинлашиб қолган пайтда итоаткор ва жасоратли бўлишлари лозим. Шунингдек, улар қандай тўсиққа дуч келишидан қатъи назар Яҳова уларни қўллаб-қувватлашига ишонишлари керак. Албатта, биз жон-жаҳди билан меҳнат қилаётган чўпонлардан миннатдормиз ва бундай кишиларни қадрлаймиз. (Филип. 2:29)

120- ҚЎШИҚ Исонинг мулойимлигига тақлид қилинг

a Яҳова Гидўнни Исроил халқи тарихининг қийин дамларида хизматчиларига чўпонлик қилиш ва уларни ҳимоялаш учун тайинлаган. У деярли 40 йил садоқат ила вазифасини бажарган. Аммо Гидўн кўпгина қийинчиликларни бошдан кечирган. Бу мақолада бугунги кунда оқсоқоллар қийинчиликларга дуч келишганда ундан қандай ўрнак олишлари мумкинлигини муҳокама қиламиз.

b Ўз ҳаддини билиш ва камтарлик ўзаро жуда ўхшаш. Ўзимизга тўғри муносабатда бўлиб, қўлимиздан келмайдиган ишлар борлигини тушунганимизда ўз ҳаддимизни билганимизни кўрсатамиз. Бошқаларни ҳурмат қилиб, уларни ўзимиздан муҳимроқ деб билганимизда эса камтарин эканимизни намоён этамиз. (Филип. 2:3) Умуман олганда, ўз ҳаддини билган кишини камтарин деб ҳам айтса бўлади.

c «Қўриқчи минораси» журналининг 2019 йил июль сонида келтирилган «Тақиқ остида ҳам Яҳовага топинишда давом этинг» номли мақоладаги 10-, 11- саҳифаларидаги 10–13- хатбошиларига қаранг.