28- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Худодан қўрқиб фойда олишда давом этинг
Тўғри йўлдан юрган Яҳовадан қўрқади. (ҲИК. 14:2)
122- ҚЎШИҚ Мард ва маҳкам туринг!
БУ МАҚОЛАДА a
1, 2. Лутнинг вазиятида бўлганидай, бугунги кундаги масиҳийлар қандай қийинчиликка дуч келишяпти?
БУ ДУНЁ олға сураётган ахлоқий меъёрлар борасида ўзимизни одил киши Лут каби ҳис қиляпмиз. У «қонундан юз ўгирган одамларнинг ахлоқсиз хулқидан эзилган». Чунки самовий Отамиз ёмон хулқ-атвордан нафратланишини у билган. (2 Бутр. 2:7, 8) Худога бўлган қўрқув ва севги уни атрофидаги юқори ахлоқий меъёрларни рад этган инсонлардан узоқроқ юришга ундаган. Биз ҳам Яҳованинг ахлоқий меъёрларини озроқ ҳурмат қиладиган ёки умуман ҳурмат қилмайдиган одамлар орасида яшаяпмиз. Бунга қарамай Худога бўлган севгимизни кучайтириб, Ундан ўринли тарзда қўрқишни ўргансак ахлоқан пок қолишимиз мумкин. (Ҳик. 14:2)
2 Буни қила олишимиз учун Яҳова бизга далда берадиган Ҳикматлар китобини ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган. Барча масиҳийлар — эркагу аёллар, ёшу кексалар у ердаги доно маслаҳатдан фойда олиши мумкин.
ХУДОДАН ҚЎРҚИШ БИЗНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ
3. Ҳикматлар 17:3 га кўра, мажозий юрагимизни ҳимоя қилишнинг асосий сабаби қандай? (Расмга ҳам қаранг.)
3 Мажозий юрагимизни ҳимоя қилишнинг муҳим сабаби Яҳова уни текширишидадир. Бу Яҳова одамлардан фарқли равишда нафақат ташқи, балки ички дунёмизни кўра олишини англатади. (Ҳикматлар 17:3 ни ўқинг.) Агар онгимизни Унинг ҳаётбахш донолиги билан тўлдирсак, У бизга севгисини намоён этади. (Юҳан. 4:14) Шу йўсин, онгимизда Шайтоннинг ва унга тегишли дунёнинг ахлоқий ҳамда маънавий заҳари учун ҳеч қандай жой қолдирмаймиз. (1 Юҳан. 5:18, 19) Яҳовага яқинлашганимизда, Унга бўлган севгимиз ва ҳурматимиз ошади. Отажонимизни ранжитишни истамаганимиз учун ҳатто гуноҳ қилиш фикридан нафратланамиз. Нотўғри иш қилиш васвасасига дуч келганимизда, ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Менга шунча севги кўрсатаётган Шахсни қанақасига била туриб ранжитаман?» (1 Юҳан. 4:9, 10)
4. Яҳовадан қўрқиш бир опамизни ахлоқсизликка қўл уришдан қандай ҳимоя қилган?
4 Хорватиядаги Марта исмли опамиз ахлоқсизликка қўл уриш васвасасига дуч келган. У шундай деб ёзган: «Аниқ-равшан фикрлаш ва гуноҳнинг вақтинчалик ҳузур-ҳаловатидан завқ олиш хоҳиши билан курашиш мен учун қийин бўлган. Лекин Яҳовадан қўрқиш мени ҳимоя қилган» b. Қандай қилиб бу қўрқув унга ёрдам берган? Марта ёмон қарорнинг оқибатлари устида фикр юритганини айтган. Биз ҳам шундай қила оламиз. Яҳовани ранжитишни ва Унга абадий топина олмасликни энг ёмон оқибат деса бўлади. (Ибт. 6:5, 6)
5. Леонинг мисолидан нимани ўргансак бўлади?
5 Яҳовадан қўрқиш бизни ёмон хулқ-атворли инсонлар билан дўстлашмасликка ундайди. Конгода яшайдиган Лео биродаримиз бу борада сабоқ олган. Сувга чўмганидан тўрт йил ўтгач, у ёмон одамлар тўдасига қўшилиб қолган. Лео токи шахсан ёмон ишга қўл урмагунича Яҳовага қарши гуноҳ қилмаяпман, деб ўйлаган. Лекин кўп ўтмай, ёмон оғайнилари уни спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишга ва ахлоқсизликка қўл уришга ундашган. Бундан кейин у масиҳий ота-онаси унга айтган гаплари ва Яҳовага хизмат қилган пайтларда қанчалик бахтли бўлгани ҳақида фикр юритган. Бу қандай натижа келтирган? У яна тўғри йўл тутишни бошлаган. Оқсоқолларнинг ёрдами билан Лео Яҳовага қайтган. Бугунги кунда у оқсоқол ва махсус кашшоф сифатида бахтиёр бўлиб хизмат қиляпти.
6. Қайси иккита мажозий аёл ҳақида сўз юритамиз?
6 Келинг, Ҳикматлар 9- бобдаги донолик ва аҳмоқликни тасвирловчи иккита аёлга эътибор қаратайлик. (Римликларга 5:14; Галатияликларга 4:24 ни солиштиринг.) Бундай қилар эканмиз, Шайтоннинг дунёси жинсий ахлоқсизлик ва порнографияга берилиб кетганини ёдда тутайлик. (Эфес. 4:19) Шунинг учун Худодан ўринли тарзда қўрқишни ўрганишда ва ёмонликдан юз ўгиришда давом этишимиз муҳим. (Ҳик. 16:6) Ушбу бобдаги маслаҳатлардан ҳам эркаклар, ҳам аёллар фойда олиши мумкин. Иккала аёл тажрибасизларни, яъни ақлсизларни таклиф қилаётгани тасвирланган. Улар гўё шундай дейишган: «Уйимга кириб, овқатланиб олинг». (Ҳик. 9:1, 5, 6, 13, 16, 17) Лекин таклифларни қабул қилишнинг оқибати бир-биридан кескин фарқ қилади.
АҲМОҚ АЁЛНИНГ ТАКЛИФИНИ РАД ЭТИНГ
7. Аҳмоқ аёлнинг таклифига рози бўлганларни нима кутяпти? (Ҳикматлар 9:13–18) (Расмга ҳам қаранг.)
7 «Аҳмоқ аёл»нинг таклифига эътибор қаратайлик. (Ҳикматлар 9:13–18 ни ўқинг.) У ақлсизларни бор овози билан: «Бу ёққа кел[инглар]»,— деб меҳмонга таклиф қиляпти. Хўш, уларни нима кутяпти? «У ерда ўликлар бор». Ҳикматлар китобининг олдинги бобларидан билиб олганимиздай, баъзи нарсалар мажозий маънода ифодаланган. У ерда бузуқ ва ахлоқсиз аёл борлигини билиб олдик. Унинг уйи ўлим қаърига етаклаши ҳақида ёзилган. (Ҳик. 2:11–19) Ҳикматлар 5:3–10 да эса «оёқлари ўлимга олиб борадиган» бошқа «бузуқ аёл» борлигидан огоҳлантирилдик.
8. Қандай танлов олдида турибмиз?
8 «Аҳмоқ аёл»нинг овозини эшитаётганлар танлов олдида турибди. Улар унинг таклифини қабул қилишадими ёки рад этишадими? Биз ҳам шу каби танлов олдида туришимиз мумкин. Кимдир бизни жинсий ахлоқсизликка ундаса ёки Интернетда бехосдан порнографияга кўзимиз тушиб қолса, қандай йўл тутишни танлаймиз?
9, 10. Жинсий ахлоқсизликдан қочишимиз кераклигининг баъзи сабаблари қандай?
9 Жинсий ахлоқсизликдан қочишимиз кераклигининг бир қанча сабаби бор. Аҳмоқ аёл «ўғирланган сув ширин» деб айтаётгани тасвирланган. «Ўғирланган сув» бу нима? Муқаддас Китобда оила қурган эркак ва аёл ўртасидаги жинсий яқинлик оромбахш сув билан солиштирилган. (Ҳик. 5:15–18) Фақатгина қонуний никоҳдан ўтган эр ва хотин муносиб равишда жинсий яқинликда бўлиб, ундан завқ олиши мумкин. Чиндан ҳам у «ўғирланган сув»дан фарқ қилади. Чунки «ўғирланган сув», ҳойнаҳой, ноқонуний жинсий алоқани билдиради. Ўғри одамлардан яшириб нарса ўғирлаганидек, бундай ишлар ҳам пинҳона қилинади. Бу ёлғон! Сабаби, Яҳова ҳамма нарсани кўриб туради. Унинг марҳаматини йўқотишдан аянчли нарса бўлмаса керак. Бу йўқотишни «ширин» деб бўлмайди. (1 Кор. 6:9, 10) Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.
10 Жинсий ахлоқсизлик дастидан инсон ўзини шарманда бўлгандай, арзимасдай ҳис қилиши ва бу уни исталмаган ҳомиладорликка ҳамда оила барбод бўлишига олиб келиши ҳеч гап эмас. Шуниси аниқки, аҳмоқ аёлнинг уйига киришдан ва таомларини ейишдан бош тортиш оқилонадир. Маънан ўлишдан ташқари кўп ахлоқсиз кишилар том маънодаги ўлимга етаклайдиган касалликка йўлиқади. (Ҳик. 7:23, 26) Ҳикматлар 9:18 да: «Аёлнинг меҳмонлари гўр қаърида эканини билишмайди»,— деб хулоса ясаляпти. Унда нега кўплар ҳалокатга етаклайдиган унинг алдамчи таклифига рози бўляпти? (Ҳик. 9:13–18)
11. Нега порнография томоша қилиш ниҳоятда зарарли?
11 Гап шундаки, порнография кенг тарқалган тузоқлардан бири. Баъзилар порнография томоша қилишни зарарсиз деб ҳисоблайди. Лекин аслида порнография зарарли бўлиб, қарам қилиб қўяди ва инсоннинг ўзига ҳамда бошқаларга нисбатан ҳурмати йўқолишига сабаб бўлади. Беҳаё суратлар онгимизда ўрнашиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун уларни унутиш жуда қийин бўлади. Аҳамиятлиси шундаки, порнография ёмон истакларни ўлдирмайди, аксинча кучайтиради. (Колос. 3:5; Ёқб. 1:14, 15) Порнография томоша қиладиганларнинг кўпчилиги жинсий ахлоқсизликка қўл уради.
12. Жинсий истакларни уйғотувчи расмлардан қочаётганимизни қандай кўрсата оламиз?
12 Агар электрон қурилмамизда порнографик расм чиқиб қолса, масиҳийлар сифатида нима қилишимиз керак? Ундан дарҳол кўзимизни олиб қочишимиз муҳим. Агар Яҳова билан муносабатимиз бизда бор бўлган энг қимматбаҳо нарса эканини ёдда тутсак, бундай қилиш осон бўлади. Аслида порнографик ҳисобланмайдиган расмлар инсонда жинсий истакларни уйғотиши мумкин. Нега улардан қочиш жуда муҳим? Сабаби, кўнглимизда бизни зинога етаклайдиган ҳатто кичик қадамни ҳам қўйишни истамаймиз. (Мат. 5:28, 29) Таиландда яшовчи Дейвид исмли оқсоқол шундай деди: «Мен ўзимдан қуйидагича сўрайман: “Ҳатто расмлар порнографик бўлмаса-да, уларни томоша қилишим Яҳовага маъқул бўладими?” Бундай мулоҳаза юритиш донолик билан йўл тутишимга ёрдам беради».
13. Доно йўл тутишимизга нима ёрдам беради?
13 Яҳовани ранжитадиган бирон ишга қўл уришдан қўрқиш доно йўл тутишимизга кўмаклашади. Худодан қўрқиш «доноликнинг боши» ёки пойдеворидир. (Ҳик. 9:10) Ҳикматлар 9- бобнинг бошида бу ажойиб тарзда тасвирланган. У ерда мажозий маънода «ҳақиқий донолик» деб тасвирланган бошқа аёл ҳақида ёзилган.
ДОНО АЁЛНИНГ ТАКЛИФИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГ
14. Ҳикматлар 9:1–6 да қайси таклиф ҳақида айтилган?
14 Ҳикматлар 9:1–6 ни ўқинг. Бу оятларда барча доноликнинг Манбаи бўлмиш Парвардигоримиз Яҳовадан келаётган таклиф ҳақида ўқияпмиз. (Ҳик. 2:6; Рим. 16:27) Шунингдек, бу ерда еттита устуни бор катта уй ҳақида билиб оляпмиз. Бу Яҳова сахий эканини ва Унинг донолигига қулоқ солишни истаган барчани илиқ қарши олишини тасвирлаяпти.
15. Худо бизни нима қилишга таклиф қиляпти?
15 Яҳова сахий бўлиб, ҳамма нарсани мўл-кўл тақдим этяпти. Ҳикматлар 9- бобда «ҳақиқий донолик»ни тасвирловчи аёлда ушбу фазилатлар мужассам. Баёнотга кўра, мажозий аёл мол сўяди, шароб тайёрлаб, ўз уйида дастурхон ёзади. (Ҳик. 9:2) 4-, 5- оятларга кўра, у ақлсизга шундай дейди: «Келиб, нонимдан егин». Нима учун ҳақиқий доноликнинг уйига кириб, у тайёрлаган овқатдан ейишимиз муҳим? Яҳова биз Унинг болалари сифатида доно бўлишимизни ва ўзимизни хавфсиз ҳис қилишимизни истайди. У аччиқ тажриба ва оғриқли афсуслар билан ҳаётий сабоқлар олишимизни хоҳламайди. Шунинг учун «У доноликни тўғри одам учун сақлайди». (Ҳик. 2:7) Яҳовадан ўринли тарзда қўрқсак, Уни мамнун қилишни хоҳлаймиз. Биз Отажонимизнинг доно маслаҳатига қулоқ соламиз ва унга амал қилишдан қувонч топамиз. (Ёқб. 1:25)
16. Қандай қилиб Худодан қўрқиш Аланга доно қарор чиқаришга кўмаклашди ва бу қандай натижа келтирди?
16 Худодан қўрқиш Алан исмли оқсоқолга доно қарор чиқаришга қандай кўмаклашганига эътибор қаратайлик. У мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Алан шундай деб бўлишди: «Кўп ҳамкасбларим порнографик фильмларни жинсий тарбиянинг бир усули деб биларди». Лекин бу нотўғри эканига у амин эди. У яна шундай деди: «Яҳовани яхши кўрганим ва Ундан қўрққаним учун бундай фильмларни томоша қилишни қатъиян рад этдим. Ҳамкасбларимга эса бунинг сабабини тушунтирдим». Алан «ҳақиқий донолик»нинг «фаҳм-фаросат йўли бўйлаб қадам бос» деган маслаҳатига амал қилди. (Ҳик. 9:6) Унинг қатъийлигидан лол қолган баъзи ҳамкасблари ҳозир Муқаддас Китобни тадқиқ қиляпти ва йиғилишларга қатнаяпти.
17, 18. «Ҳақиқий донолик»нинг таклифини қабул қилганлар қандай баракалардан баҳраманд бўляпти ва улар нимага умид қилиши мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)
17 Яҳова иккита мажозий аёлнинг мисолидан фойдаланиб, бизни бахтли келажак кутаётганини кўрсатяпти. «Аҳмоқ аёл»нинг таклифини қабул қилаётганлар эътиборини «ширин» ва яширин нарсалардан завқ олишга қаратяпти. Улар бир лаҳза билан яшаб, келажаги ҳақида ўйлашмаяпти. Бу ишлари уларни «гўр қаъри»га олиб боради. (Ҳик. 9:13, 17, 18)
18 «Ҳақиқий донолик»нинг таклифини қабул қилганларни эса умуман бошқача келажак кутяпти. Унинг меҳмонлари яхши ташкиллаштирилган ва соғлик учун фойдали бўлган маънавий озуқаларга бой зиёфатдан баҳраманд бўляпти. (Ишаё 65:13) Яҳова Ишаё пайғамбар орқали шундай деган: «Мени диққат билан тингланг, мазали овқат енг. Шунда чиндан ҳам тансиқ таомлар еб лаззатланасиз». (Ишаё 55:1, 2) Биз Яҳова яхши кўрган нарсаларни яхши кўришга ва У нафратланган нарсалардан нафратланишга ўрганяпмиз. (Заб. 97:10) Шунингдек, бошқаларга ҳам «ҳақиқий донолик»нинг таклифидан фойда олишга кўмаклашишдан мамнуният топяпмиз. Биз гўё шаҳар тепаликларида шундай дея жар соляпмиз: «Ким тажрибасиз бўлса, бу ёққа келсин». Биз ҳамда бу таклифни қабул қилганлар нафақат ҳозир фойда оламиз. Унинг фойдаси мангу бўлиб, «фаҳм-фаросат йўли бўйлаб қадам» босар эканмиз, бизга абадий яшаш имконини беради. (Ҳик. 9:3, 4, 6)
19. Воиз 12:13, 14 га биноан, нима қилиш қароримиз қатъий бўлиши лозим? (« Худодан қўрқиш бизга фойда келтиради» номли рамкага ҳам қаранг.)
19 Воиз 12:13, 14 ни ўқинг. Илойим, бу ёмон охирги кунларда Худодан қўрқиш қалбимизни асраб, ахлоқан пок ва маънан ҳушёр бўлишимизга ёрдам беришда давом этсин. Бундай ўринли қўрқув бизни иложи борича кўп инсонларни «ҳақиқий донолик»ни излашга ва ундан фойда олишга таклиф қилишга ундайди.
127- ҚЎШИҚ Қай инсон бўлай мен?
a Масиҳийлар Худодан ўринли тарзда қўрқишни ўрганишни исташади. Бундай қўрқув қалбимизни ҳимоялайди ва бизни жинсий ахлоқсизлик ҳамда порнографиядан асрайди. Ушбу мақолада Ҳикматлар 9- бобни муҳокама қиламиз. У ердан донолик ва аҳмоқликни тасвирлайдиган мажозий иккита аёл орасидаги фарқни билиб оламиз. Бу бобдаги маслаҳатлар бизга ҳозир ва келажакда фойда келтиради.
b Баъзи исмлар ўзгартирилган.