Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

26- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳованинг кунига тайёр туринг

Яҳованинг кунига тайёр туринг

Яҳованинг куни ўғри тунда келгандек келади. (1 САЛОН. 5:2)

143- ҚЎШИҚ Хизмат-ла банд бўл ва умид-ла Яҳовага боқ

БУ МАҚОЛАДА a

1. Яҳованинг кунида омон қолиш учун нима қилишимиз керак?

 МУҚАДДАС КИТОБДА «Яҳованинг куни» деб айтилганда, бу Яҳова душманларини ҳукм қилиб, халқига нажот келтирадиган пайтни англатади. Ўтмишда У баъзи халқларни жазолаган. (Ишаё 13:1, 6; Ҳиз. 13:5; Заф. 1:8) Бизнинг давримизда «Яҳованинг куни» Буюк Бобилга ҳужум қилиниш билан бошланиб, Армагеддон жанги билан якун топади. Ўшанда омон қолиш учун ҳозирдан тайёргарлик кўришимиз керак. Исо биз буюк мусибатга нафақат ҳозирлик кўришимизни, балки унга «тайёр туришимиз» кераклигини ҳам айтган. (Мат. 24:21; Луқо 12:40)

2. Нега Салоникаликларга йўлланган биринчи мактуб биз учун фойдали бўлиши мумкин?

2 Ҳаворий Павлус Салоникаликларга йўллаган биринчи мактубида масиҳийларга Яҳованинг улуғ ҳукм кунига тайёр туришга ёрдам бериш учун бир нечта мисол келтирган. У Яҳованинг куни ўша пайтда келмаслигини билган. (2 Салон. 2:1–3) Лекин шунга қарамай, Павлус биродарларини ўша кун эртага келадигандай унга тайёргарлик кўришга ундаган. Биз ҳам унинг маслаҳатига амал қилсак бўлади. Келинг, қуйидагилар борасида Павлус нималар деганини кўриб чиқайлик: 1) Яҳованинг куни қандай келади? 2) Ўша кунда кимлар омон қолмайди? 3) Омон қолиш учун қай йўсин ҳозирлик кўришимиз лозим?

ЯҲОВАНИНГ КУНИ ҚАНДАЙ КЕЛАДИ?

Ҳаворий Павлус Салоникаликларга йўллаган биринчи мактубда тилга олган мисоллар биз учун фойдали бўлиши мумкин (3- хатбошига қаранг.)

3. Қандай қилиб Яҳованинг куни ўғри тунда келгандай келади? (Расмга ҳам қаранг.)

3 «Яҳованинг куни ўғри тунда келгандай келади». (1 Салон. 5:2) Бу Яҳованинг куни келишини тасвирлайдиган биринчи мисол. Одатда ўғрилар уй эгалари кутмаган пайтда, тунда ўғрилик қилишга тушиб тезда ҳаракат қилишади. Яҳованинг куни ҳам ногаҳон, кўпчилик кутмаганда келади. Ҳатто ҳақиқий масиҳийлар ҳам воқеалар қанчалик тез юз бераётганидан ҳайрон қолишлари мумкин. Лекин ёвуз инсонлардан фарқли равишда, биз омон қоламиз.

4. Қанақасига Яҳованинг куни тўлғоқ тутиб қолишига ўхшайди?

4 «Ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутиб қолганидек». (1 Салон. 5:3) Ҳомиладор аёл тўлғоқ қачон бошланишини аниқ айта олмайди. Лекин бу содир бўлишидан у шубҳаланмайди. Ҳойнаҳой, тўлғоқ тўсатдан бошланиб, оғриқли ва бетўхтов бўлади. Шунга ўхшаб, Яҳованинг куни қайси кун ва соатда бошланишини билмаймиз. Бунга қарамай, у келишига ва Худонинг ҳукми ёвуз инсонлар учун тўсатдан бўлишига ҳамда улар бундан қутула олмаслигига аминмиз.

5. Қай йўсин буюк мусибат тонг ёришишига ўхшайди?

5 Тонг ёришганидай. Павлуснинг учинчи мисоли ҳам тунда ўғриликка тушганлар билан боғлиқ. Лекин бу сафар у Яҳованинг кунини тонг ёришиши билан солиштирган. (1 Салон. 5:4) Тунда ўғриликка тушганлар вақт қанчалик тез ўтганини сезмай қолишлари мумкин. Янги кун ёриша бошлагани туфайли эса улар қўққисдан қўлга тушиб қолишлари ва фош бўлишлари ҳеч гап эмас. Буюк мусибат ҳам Худо ёқтирмайдиган ишларни қилишда давом этиб, қоронғиликда қолаётган ўғриларга ўхшаш инсонларни фош этади. Улардан фарқли равишда, биз Худо ёқтирмайдиган хулқ-атвордан узоқлашишда давом этишимиз ва «ҳар қандай ҳиммат, адолат ва ҳақиқат» пайида бўлишимиз лозим. (Эфес. 5:8–12) Шунингдек, Павлус омон қолмайдиган инсонларни тасвирлайдиган иккита мисолни келтирган.

ЯҲОВАНИНГ КУНИДА КИМЛАР ОМОН ҚОЛМАЙДИ?

6. Қайси маънода кўплар ухлаяпти? (1 Салоникаликларга 5:6, 7)

6 «Ухлаётганлар». (1 Салоникаликларга 5:6, 7 ни ўқинг.) Павлус Яҳованинг кунида омон қолмайдиган кишиларни ухлаётган инсонлар билан солиштирган. Ухлаётган инсон атрофида нима бўлаётганини ёки вақт қандай ўтиб кетаётганини билмайди. Шунинг учун у муҳим воқеа юз берганидан бехабар қолиб, нима қилишни билмайди. Бугунги кунда ҳам кўплар маънавий уйқуда. (Рим. 11:8) Улар биз «охирги кунларда» яшаётганимизнинг ва буюк мусибат жуда яқин эканининг далилларига ишонишмаяпти. Бу дунёдаги асосий ҳодисалар туфайли баъзилар маънан уйғоняпти ва Шоҳлик хабарига оз-моз қизиқиш билдиряпти. Шундай бўлса ҳам кўплар ҳушёр туришнинг ўрнига, яна ухлаб қоляпти. Ҳатто ҳукм куни бўлишига ишонадиган баъзилар у ҳали бери келмайди, деб ўйлаяпти. (2 Бутр. 3:3, 4) Бироқ ҳушёр туриш маслаҳати кундан-кунга долзарб бўлаётганини тушуняпмиз.

7. Худонинг қаҳрига учрайдиганлар қайси маънода маст инсонларга ўхшайди?

7 «Маст бўлганлар». Ҳаворий Павлус Худонинг қаҳрига учрайдиганларни маст одамларга ўхшатган. Ичиб олган киши атрофида нима бўлаётганини тез англаб етолмайди ва ёмон қарорлар чиқаради. Шу каби, ёвуз одамлар Худонинг огоҳлантиришларига эътиборсиз бўляпти. Улар ҳаётини барбод қиладиган йўлни танлаяпти. Лекин масиҳийлар сергак туриб, аниқ-равшан фикрлашлари лозим. (1 Салон. 5:6) Бир илоҳиётшуноснинг айтишича, ичмаган инсон «хотиржам бўлиб, тиниқ фикрлайди ва атрофидаги нарсаларга тўғри баҳо бериб, доно қарорлар чиқаради». Нега хотиржам бўлиб, сергак туришимиз лозим? Бу бизни ҳозирги сиёсий ёки ижтимоий масалаларга аралашишдан асрайди. Яҳованинг куни яқинлашгани сайин кимнингдир тарафини эгаллаш босими кучайиб бораверади. Аммо бунга қандай муносабатда бўлишимиз ҳақида ҳаддан ташқари ташвишланмаслигимиз лозим. Худонинг руҳи хотиржамликни сақлаб, сергак туришимизга ва доно қарорлар чиқаришимизга ёрдам бера олади. (Луқо 12:11, 12)

ЯҲОВАНИНГ КУНИГА ҲОЗИРЛИК КЎРИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШИМИЗ ЛОЗИМ?

Кўпчилик бепарво бўлиб қолаётган бир пайтда биз имон ва муҳаббат совутини ҳамда умид дубулғасини кийиб олиш орқали Яҳованинг кунига тайёр турибмиз (8-, 12- хатбошиларига қаранг.)

8. 1 Салоникаликларга 5:8 га кўра, ҳушёр ва сергак туришимизга нима ёрдам беради? (Расмга ҳам қаранг.)

8 Совут ва дубулғани кийиб олинг. Павлус бизни урушга тайёр турган ва қуролланган аскарга ўхшатган. (1 Салоникаликларга 5:8 ни ўқинг.) Уруш бўлаётган пайтда аскардан жанг қилишга доим тайёр туриш кутилади. Буни бизнинг вазиятга ҳам ўхшатса бўлади. Биз ҳам имон ва муҳаббат совутини ҳамда умид дубулғасини кийиб, Яҳованинг кунига тайёр эканимизни кўрсатамиз. Бу хислатлар бизга жуда кўп фойда келтириши мумкин.

9. Имон бизни қандай ҳимоялайди?

9 Совут аскарнинг юрагини ҳимоялайди. Имон ва севги эса мажозий юрагимизни ҳимоя қилади. Улар Худога хизмат қилиб, Исонинг изидан юришимизга кўмаклашади. Имон бизни Яҳова Уни чин юракдан излаётган кишиларни мукофотлашига ишонтиради. (Иброн. 11:6) У бизни Йўлбошчимиз Исога содиқ қолишга, ҳатто қийинчиликларга дуч келганимизда ҳам бундай қилишга ундайди. Ҳозирги кунда таъқибларга ёки иқтисодий қийинчиликларга қарамай, бенуқсон бўлиб қолаётган инсонлардан сабоқ олиш орқали имонимизни мустаҳкамлашимиз мумкин. Бу ўз навбатида, қийинчиликларимизни енгишга кўмаклашади. Шунингдек, Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш учун ҳаётини соддалаштирган инсонларга тақлид қилиб, пулпарастлик тузоғидан қочишимиз мумкин b.

10. Қай йўсин Худога ва яқинимизга бўлган севги ваъз қилишда давом этишимизга ёрдам беради?

10 Севги ҳушёр туришимиз ва сергакликни сақлашимиз учун ҳам ўта муҳим. (Мат. 22:37–39) Худога бўлган севги қийинчиликларга қарамай, ваъз қилишда давом этишимизга ёрдам беради. (2 Тим. 1:7, 8) Яқинимизга бўлган севги бизни ўз ҳудудимизда ваъз қилишга, ҳатто телефон ёки хатлар орқали шоҳидлик беришга ундайди. Бир кун келиб улар ўзгариб, тўғри ишлар қилишидан умидимизни узмаймиз. (Ҳиз. 18:27, 28)

11. Имондошларимизга бўлган севги бизга қай йўсин ёрдам беради? (1 Салоникаликларга 5:11)

11 Яқинимиздан ташқари имондошларимизни ҳам севамиз. Уларга бўлган севгини «бир-бирингизга далда бериб, бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар» деган сўзларга амал қилиб кўрсата оламиз. (1 Салоникаликларга 5:11 ни ўқинг.) Елкама-елка хизмат қилаётган аскарлар каби биз ҳам бир-биримизга далда берамиз. Албатта, аскар уруш кечаётган пайтда ёнидаги аскарга тасодифан жароҳат етказиши мумкин. Лекин у буни ҳеч қачон атайлаб қилмайди. Шу каби биз ҳеч қачон била туриб имондошимизга зарар етказмаймиз ёки ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармаймиз. (1 Салон. 5:13, 15) Қолаверса, жамоатда бошчиликни зиммасига олган биродарларни ҳурмат қилиб севгимизни кўрсата оламиз. (1 Салон. 5:12) Павлус ушбу мактубини ёзганида Салоникадаги жамоат ташкил бўлганига бир йил ҳам бўлмаганди. У ердаги тайинланган биродарлар, эҳтимол, тажрибасиз бўлишган ва хатоларга йўл қўйишган. Аммо улар ҳурматга лойиқ бўлишган. Буюк мусибат яқинлашгани сайин маҳаллий оқсоқолларнинг йўл-йўриғига ҳозиргига қараганда кўпроқ муҳтож бўлишимиз ҳеч гап эмас. Халқаро бош идора ва филиал билан алоқамиз узилиши мумкин. Шунинг учун ҳозир оқсоқолларимизга севги ва ҳурмат кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Нима бўлишидан қатъи назар, келинг, сергак туриб, эътиборимизни уларнинг камчиликларига эмас, балки Яҳова Масиҳ орқали ушбу садоқатли эркакларни йўналтираётганига қаратайлик.

12. Қандай қилиб умидимиз ўй-фикрларимизни ҳимоялайди?

12 Дубулға аскарнинг бошини ҳимоялаганидай, нажот умидимиз ҳам ўй-фикрларимизни ҳимоя қилади. Умидимиз мустаҳкам бўлса, бу дунё тақдим этаётган нарсаларни арзимас, деб биламиз. (Филип. 3:8) Умидимиз хотиржамликни сақлашимизга ва барқарор қолишимизга кўмаклашади. Африкада хизмат қилаётган Уоллас ва Лауринда бунга амин бўлишган. Уч ҳафта ичида Уолласнинг отаси ва Лауринданинг онаси ҳаётдан кўз юмган. COVID-19 пандемияси дастидан улар оила аъзоларининг ёнига бора олишмаган. Уоллас шундай деб ёзди: «Тирилишга бўлган умид ҳаётдан кўз юмган яқинларимни ўлимидан олдинги ҳолатида эмас, янги дунёда бўладиган ҳолатида тасаввур қилишимга кўмаклашади. Бу умид қайғурганимда ёки жудолик азоби билан курашганимда мени тинчлантиради».

13. Муқаддас руҳга эга бўлишни хоҳласак нима қилишимиз лозим?

13 «Руҳнинг алангасини ўчирманглар». (1 Салон. 5:19, изоҳ) Павлус муқаддас руҳни ичимиздаги олов билан солиштирган. Худонинг руҳи бизга таъсир қилганида тўғри йўл тутиш мақсадида ғайрат ва иштиёққа ҳамда Яҳовага хизмат қилиш учун кучга тўламиз. (Рим. 12:11) Муқаддас руҳга эга бўлиш учун нима қилишимиз керак? Бунинг учун ибодат қилишимиз, Худонинг илҳомлантирилган Каломини тадқиқ қилишимиз ва Унинг ташкилоти билан ҳамкорлик қилишимиз лозим. Бундай қилиш орқали биз «муқаддас руҳ самараси»ни ривожлантирамиз. (Галат. 5:22, 23)

Ўзингизга шундай савол беринг: «Ишларим билан Худонинг руҳига эга бўлмоқчи эканимни кўрсатяпманми?» (14- хатбошига қаранг.)

14. Худонинг руҳига эга бўлиш учун нима қилмаслигимиз лозим? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Худонинг муқаддас руҳига эга бўлганимиздан сўнг, «руҳнинг алангасини» ўчирмаслик учун жон куйдиришимиз лозим. Яҳова муқаддас руҳини фақат фикрлари ва хулқ-атвори пок бўлишига интилаётган инсонларга беради. Агар нопок фикрлар онгимизда ин қуришига ва ҳаракатларимизга таъсир қилишига йўл қўйсак, Худо бизга Ўз руҳини бермайди. (1 Салон. 4:7, 8) Муқаддас руҳни олишда давом этиш учун «башоратларга бепарво» бўлмаслигимиз ҳам даркор. (1 Салон. 5:20) Бу ердаги «башоратлар» сўзи Худо муқаддас руҳи орқали берадиган хабарларни англатади. Бунга Яҳованинг куни ва жуда қизғин даврда яшаётганимиз ҳақидаги хабарлар киради. Яҳованинг куни ёки Армагеддон биз яшаётган даврда келмайди, деб ўйламаймиз. Аксинча, ҳар куни «художўй бўлиш» ва хулқ-атворимизни пок сақлаш орқали бу кун тез орада келишига ишонаётганимизни ва ёдимизда эканини кўрсатамиз. (2 Бутр. 3:11, 12)

ҲАР НАРСАНИ ТЕКШИРИБ КЎРИНГ

15. Нотўғри маълумот ва жинларнинг тарғиботидан ўзимизни қандай ҳимоя қила оламиз? (1 Салоникаликларга 5:21)

15 Яқин келажакда Худонинг душманлари «тинчлик ва хавфсизлик»ка эришганини таъкидлайди. (1 Салон. 5:3) Ер юзи жинларнинг тарғиботига тўлиб-тошади ва бу туфайли кўплар йўлдан озади. (Ваҳ. 16:13, 14) Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Агар «ҳар нарсани текшириб» кўрсак алданмаймиз. (1 Салоникаликларга 5:21 ни ўқинг.) Текшириб кўриш деб таржима қилинган юнонча ибора қимматбаҳо металларни текшириш соҳасида қўлланиларди. Демак, эшитаётган ёки ўқиётган нарсаларимиз чин эканини текшириб кўришимиз керак. Салоникаликлар бундай қилиши зарур эди. Буюк мусибат яқин экан, биз учун бундай йўл тутиш ундан ҳам муҳимроқ. Бошқаларнинг гапига соддаларча ишониб кетмаймиз. Аксинча, фикр юритиш қобилиятимизни ишга солиб, ўқиган ёки эшитган нарсаларни Муқаддас Китобда ёзилганлар ҳамда ташкилотимиз тақдим этаётган нарсалар билан солиштирамиз. Шундай қилсак, жинларнинг тарғиботига ёки ҳийласига лаққа тушмаймиз. (Ҳик. 14:15; 1 Тим. 4:1)

16. Қандай умидга эгамиз ва нима қилиш қароримиз қатъий?

16 Яҳованинг халқи гуруҳ сифатида буюк мусибатда омон қолишини биламиз. Аммо шахсан ҳар биримиз билан эртага нима бўлишини билмаймиз. (Ёқб. 4:14) Буюк мусибатда омон қоламизми ёки ундан олдин вафот этамизми, агар садоқатли қолсак абадий ҳаёт билан тақдирланамиз. Мойланганлар Масиҳ билан осмонда бўлса, бошқа қўйлар эса ер юзидаги жаннатда бўлади. Илойим, ажойиб умидимизга кўз тикиб, Яҳованинг кунига тайёр турайлик!

150- ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг

a Салоникаликларга биринчи мактуб 5- бобда Яҳованинг куни борасида турли мисоллар ва ўхшатмалар тилга олинган. Хўш, бу қандай «кун»? У қандай қилиб келади? Ўшанда кимлар омон қолади? Кимлар эса йўқ? Унга қай йўсин тайёргарлик кўра оламиз? Ҳаворий Павлуснинг сўзларини кўриб чиқиб, бу саволларга жавоб топамиз.